Инсоният тарихи бамисоли ойна, Унга тикилсак, қарама-қарши манфаатлар тўқнашуви туфайли юз берган беҳисоб вайроналару хунрезликлар билан бир қаторда ўзаро умуминсоний манфаатлар уйғунлигининг самараси ила бунёд бўлган боғу роғлар ва буюк маданий ёдгорликлар гувоҳи бўламиз. Мана биргина мисол. Мусулмонлар билан насронийлар ўртасида қадим-қадимдан буён ўзаро муросаи мадора қилиш, ўзаро бағрикенглик ва ҳурмат-эҳтиромда яшаш анъанага айланган. Бунда динлараро тенглик, мусулмон дунёсида эса насронийлар учун черковлар, насроний дунёсида мусулмонлар учун масжидлар қурилиши ва уларнинг эмин-эркин ибодатлар қилиниши ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб келмоқда.
Бизнингча, мана шу муқаддас ибодатхоналарни биринчи бўлиб кимлар қаерда қургани, буларга ташаббускор бўлган ва маблағ сарфлаганларни аниқлаш тарихий аҳамиятга молик иш. Биз Бухоро амирлигининг олтин хазинаси ҳақида тадқиқот олиб бориш баробарида амир Саййид Абдулаҳадхон катта миқдорда маблағ сарфлаб, ташаббускорликни кўрсатиб, мусулмон ва насронийларнинг тинч-тотувлигини ҳозирда ҳам Санкт-Петербургда фаолият юритиб турган катта Жомеъ масжидини қурдирганлигининг гувоҳи бўлдик.
Амир Саййид Олимхон ҳам отаси бош-қош бўлиб қурдирган шу масжиднинг ишга тушишига катта ҳисса қўшган экан. Бу масжид бутун Европада илк бор қурилган энг катта масжид бўлиб, бир вақтда унда беш мингга яқин мусулмонлар намоз ўқиши мумкин бўлган. Масжид биносининг узунлиги 45 метр, эни эса 32 метр, бош гумбазининг баландлиги 39 метрни ташкил этади. Масжид олдида 48 метрлик иккита гўзал минора кўкка бўй чўзиб турибди. У буюк Пётр I бунёд этган Россия империяси пойтахтининг марказидаги жуда ҳам гўзал жойда уч қаватли қилиб, беҳад кўркам кўринишда қурилган.
Биз бу масжид ҳақидаги ҳозирги ва бундан кейинги маълумотларни З.А.Витязеванинг илмий ҳамда Аббос Аҳмад ва М.Тўхтасиновларнинг қизиқарли мақолаларидан олдик.
Шуни ҳам айтиш керакки, охирги икки муаллиф масжид қурилишини фақат амир Саййид Олимхон билан боғлаб, бироз хатоликка йўл қўйганлар. Дарҳақиқат, Санкт-Петербургда масжид қуриш учун эҳтиёж Пётр I 1703 йилда бу шаҳарни қуришга фармони олий бергандан сўнг тезда пайдо бўлган. Бу улкан қурилишда дастлабки кунлардан бошлабоқ Қозон, Нижний Новгород, Аштархон татарлари ва бошқа мусулмонлар ҳам фаол қатнашганлар. Шу сабабдан, бу ерда мусулмонларнинг сони тез кўпайиб боради. Бу шаҳарда Туркистон, умуман Ўрта Осиёдан келувчи мусулмон савдогарлар сони ҳам аста-секин ўсиб боради. Шу масканда расман мусулмонлар 1788 йилдан жамоа бўлиб, намоз ўқийдиган дастлабк хонадонлар пайдо бўла бошлайди. Мусулмонларнинг Санкт-Петербург ва умуман Россияга оқими Ўрта Осиё босиб олинганидан сўнг янада жадаллашади.
Петербургдаги мусулмонларнинг масжид қуриш ҳақидаги орзу-умидларининг рўёбга чиқишида Бухоро амири Саййид Абудлаҳадхоннинг хизмати ва ташаббуси катта бўлди. У Петербургда ўқиб юрган ёшлик пайтларидаёқ, валиаҳд Николай II билан дўстона муносабатда бўлган экан. Мана шу сабабдан бўлса керакки, уларнинг ҳар иккиси ўртасидаги муносабат, улар тахтга ўтирганларидан кейин ҳам яхши бўлса-бўлдики, ёмон бўлмади. Амир Саййид Абдулаҳадхон 1904 йилда Санкт-Петербургда бўлган пайтда, уни рус подшоси Николай II ўз саройида бўладиган оилавий нонуштага таклиф этади. Мана шу олий мақомдаги зиёфат пайтида амин ундан масжид учун ер ажратиши ва уни сотиб олишга рухсат беришини сўрайди.
Амир Абдулаҳадхон зиёфат пайтида рус подшосига расман қуйидагича мурожаат қилган экан: «бугун, 5 декабр куни, Парвадигор бизни Сиз император жаноби олийларининг оилавий йиғинида қатнашиш шарафига муяссар этди. Сиздек адолатли ва мурувватли подшоҳи олий эътиборларига ушбу илтимосимизни етказишга журъатланаман: Маълумингизким, бундан 23 йил муқаддам марҳум падари бузрукворимиз элчиси сифатида камина император Александр III нинг тахтга ўтириши муносабати билан Петербург ва Москвага келган эдим. Бу пайтда петербурглик мусулмонлар ўзларига масжид қуриш ташвишида эдилар. Ҳозирга қадар… улар ўз мақсадларини амалга оширишга ожизлик қиладилар… Сиздан жаноби олийлари, бизга бир парча ерни сотиб олиш… ва уни бу ерлик мусулмонларга инъом этиш учун изн сўрайман…»
Мана шундай сўнг 1905 йил 5 ноябрда 20 кишидан иборат масжид қуриш ва унга хайрия йиғиш Қўмитаси сайланди. Унинг таркибига йирик мусулмон бойу баёнлар, давлат, ҳарбий ва жамоат арбоблари киради. Бунинг ташаббускори Россиядаги биринчи мусулмон газетаси «Нур»нинг муҳаррири ва ношири, таниқли ёзувчи Охун Отауллоҳ Боязитов (1871-1911) бўлди. Қўмита раиси этиб эса полковник Абдулазиз Давлетшин сайланади. Мана шу таркибда Қўмита 1906 йил январида Россия Ички ишлар министри П.Г.Столыпин томонидан тасдиқланади. Қўмита масжид қуриш учун 750000 сўм пул йиғиш, ер сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда расман фаолият бошлайди.
Николай II Санкт-Петербургнинг Кронверк ўтар кўчаси (ҳозирги Кронверк проспекти, 7) ва Конний кўчалари туташган жойдан 250 саржин (1 саржин – 2,1 метр) ер ажратади. Буни Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон 312000 сўмга сотиб олиб масжид қуриш учун назр этади. Дастлаб амир Абдулаҳадхон тасарруфи остида Жомеъ масжиди биночи лойиҳаси учун меъморий танлов эълон қилинади. Танлов шартларини Охун Боязитов ишлаб чиқади. Россия меъморлари жамияти томнидан махсус танлов комиссияси тузилади. Унга академик меъморлардан А.Н.Померанцев, Л.Н.Бенуа, А.И.фон Геген, меъморлардан Ф.И.Лидвала ва А.И.Дмитриевлар киради. Танловга йирик мутахассис, рассом ва меъморлардан 45 та лойиҳа тушади.
Лойиҳалар танлови 1908 йил мартида якунланади. Биринчи ўринни петербурглик меъморлардан Н.В.Васильев, М.С.Лялевич, М.М.Перетяковичлар эгаллайди. Улар тақдим этган лойиҳалар Самарқанддаги мусулмон меъморчилигининг ўрта асрлардаги ёдгорликларидан «Гўри Амир», «Шоҳи Зинда»лардаги ўзига хослик усулларини акс эттирилганлиги учун ҳам эътироф қозонади. Бу лойиҳалардаги энг яхши жиҳатлар умумлаштирилган ҳолда масжид биносининг сўнгги кўриниши 1909 йл июлида ҳамма тегишли юқори идоралар тасдиғидан ўтади ва ниҳоят, шу йил 27 июнда Николай II томонидан ҳам маъқуллангач, масжид учун ер қазиш ишлари бошланади. Масжид пойдеворига биринчи тош қўйиш маросими амир Абдулаҳадхон тахтга ўтирганининг 25 йиллигига бағишлаб, 1910 йил февралида ўтказилади. Масжид пойдеворига биринчи тошни амир Саййид Абдулаҳадхон қўяди. Шундан сўнг шу куни бу ерда мусулмонлар биринчи бор намоз ўқийдилар. Москва, Кронштадт, Кавказ ва бошқа мусулмонлар марказларидан келган вакилларни қабул қилиш маросими бўлади. Шулардан сўнг қатнашчиларга катта зиёфат берилади.
Масжид учун қурилиш материаллари Финландия, Карелия ва Петербург вилоятларидан келтирилади. Умуман қурилиш ишлари жуда катта миқёсда ва жадал суръатларда олиб борилади. Ёз фаслларида ҳатто кечаси ҳам иш тўхтамайди. 1913 йилга келиб, таҳоратхона ва иссиқхоналарнинг қурилиши якун топади. Бино қурилиши охиригача етмаса-да, у иситила бошланади. Бу эса вақтинча намоз ўқиш имконини беради. 1913 йил 21 февралда Романовлар сулоласининг уч юз йиллигига бағишлаб оммавий намоз ўқилади. Бу тантанали намоз ўқиш кунига Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон ва Хива хони ҳам ташриф буюради.
Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан масжид қурилиши анча сустлашади. Умуман, унинг қурилиши 1920 йилга келиб тўла якунланади ва шу йил 30 апрелдан бошлаб доимий равишда оммавий намоз ўқила бошланади. Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, амир Абдулаҳадхондан сўнг масжид қурилиши ва уни жиҳозлар билан таъминлашда амир Саййид Олимхоннинг хизматлари катта бўлган.
Архив ҳужжатлари асосида ёзилган В.А.Витязеванинг юқорида биз тилга олган мақоласида кўрсатилишича, амир Олимхон масжиднинг 400 квадрат метрлик марказий намозхонаси учун шунча катта майдонни яхлит тўлдирган, муқаддаслаштирилган эроний гиламни қўлда тўқитиб нарз қилган. 1924 йилда Жомеъ масжидининг мулки советлар ҳукумати томонидан мусодара қилиниб, антиқа мўътабар катта гилам, тўрттта бронзадан ясалган фонус (фонар), учта қандил ва мебеллар, антиквариат бойлик сифатида сақланиши учун музейга топширилади.
1940 йил июн ойидан масжидда намоз ўқиш ва Рамазон байрамларини ўтказиш бутунлай ман этилади. Унинг биноси эса тиббиёт жиҳозлари омборхонасига айлантирилади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг 15 минглик Ленинград мусулмонлари номидан ўша даврдаги халқаро озодлик ҳаракатларининг йирик намояндалари Индонезия Президенти доктор Сукарно ва Ҳиндистоннинг премьер-вазири Жавахарлал Неруларга мурожаат қилиниб ёрдам сўралади. Уларнинг таъсирида Санкт-Петербург Жомеъ масжиди 1955 йилда Мусулмонлар диний жамияти ихтиёрига қайтарилади. Мана шундан бери масжид Санкт-петербург мусулмонларига диний-маърифий марказ сифатида хизмат қилиб келмоқда. Бу Худонинг муқаддас уйи – масжидда ҳар куни беш вақт намоз ўқилади, Қуръони карим ўрганилади, муборак исломий байрамлар ўтказилади, араб ва татар тиллари ўқитилади.
Маълум бўлдики, масжид қурилиши қарийб ўн йил давомида якун топган. Албатта, унга ер сотиб олинишидан ташқари жуда катта миқдорда маблағ сарфланган. Унга юқорида кўрсатиб ўтилганидек 750000 пул йиғиш ҳуқуқи олдиндан белгиланган бўлсада унга бундан ҳам кўпроқ маблағ хайр-эҳсон йўли билан йиғилган. Биз фойдаланган манбалардан бирида шундай дейилади: «Қурилиш қўмитасининг 1905-1914 йиллардаги тўққиз йиллик фаолияти якунига кўра, Жомеъ масжидининг ҳисоб-рақамига жами 700000 сўм тушган. Шундан қурилиш ва жиҳозлар учун 600000 сарфланган. Қурилиш якунланиши учун яна 110000 керак бўлмоқда.
Албатта, бунданда кўп маблағлар мусулмонлар ва ҳар хил жамиятларнинг ихтиёрий равишда Аллоҳ йўлида қилган назрлари эвазига тўпланган. Маълумки, назр берувчиларнинг кўплари ўзларининг номларини яширганлар. Мана шунга асосланиб айтиш мумкинки, масжид қурилиши учун Бухоро амирлигининг хазинасидан сарфланган бойликларнинг миқдори биз юқорида қайд этиб ўтганларимиздан янада кўп бўлганлиги табиийдир. Шунингдек, бу масжид қурилишига Хива хонлари ҳамда Бухоро амирлиги, Туркистон генерал-губернаторлиги, Хива хонлигидаги фуқаролар, бой ва савдогарлар ҳам назрлар қилганлиги ҳақиқатдир. Албатта, буларнинг ҳаммасини аниқлашнинг иложи йўқ. Биз шулардан бири, ниҳоятда мурувватли бўлган тошкентлик бир бой ҳақида маълумот топишга муяссар бўлдик. Бу Тожимуҳаммад тужжор Исамуҳаммад ўғлидир. Тақдирни қарангки, биз шу табаррук инсоннинг набираси, катта кимёгар олим Ҳабибулла Тожимуҳаммедов билан Ўзбекистон Миллий Университетида қирқ йилдан ортиқ йил мобайнида бирга меҳнат қилар эканмиз. Бизлар кейинги пайтда тасодифан учрашиб, жуда дўст бўлиб кетдик. У 2007 йилда, бир куни менинг илмий тадқиқот мавзуимдан хабар топгач, Тожимуҳаммад тужжорнинг укаси Убайдуллаҳожи қизи – 96 ёшли Зубайра она олдига бошлаб борди. Суҳбат чоғида мўътабар она менга ўта бир нодир расмни лутфан инъом этиб шундай дедилар: «Бу суръатда мени амаким Тожимуҳаммадбой Бухоро амири Олимхон билан биргаликда рус подшоси Николай II меҳмони сифатида катта зиёфатда ўтирибдилар. Мана шу пайтда улар Петербургдаги катта масжид қурилиши ҳақида мулоқот юритган. Амамким бу вақтда жуда катта бой бўлган экан. Улар ҳам масжид қурилиши учун ўз сармояларини ҳеч аямай сарфлаганлиги ҳақидаги гапларни кўп эшитганман. Бу ҳеч эсимдан чиқмайди».
Дўстим Ҳ.Тожимуҳаммедов ҳам онанинг гапларини маъқуллаб шундай деди: «Бизлар бобомиз Тожимуҳаммад тужжор ва унинг укаси Убайдуллаҳожилар ўз даврларида катта бой бўлганликларини истиқлолдан кейин профессор Ш.Юсуповнинг мақоласидан билдик. Бобом ҳатто 1900 йилда Париж шаҳрида бўлган Халқаро савдо кўргазмасида қатнашган экан. Мана бу расмни у ўша кунлари парижда тушган» деб уни менга тортиқ этдилар.
Дарҳақиқат, юқоридаги мақоладан маълум бўлишича, шу расмдаги Тожимуҳаммад савдогар дунённиг кўпгина қисмида бўлган тараққийпарвар, йирик жадид, савдогар, бой бўлган экан. Буни унниг Тошкент, Авлиёота, Москва, Петроград, Хельсинки, Париж каби катта шаҳарларда ўз дўконлари бўлганлиги исботлаб турибди.
Шуни айтиш керакки, катта обрўга эга бўлган, сахий савдогар бой ўз вақтида Бухоро амири ва рус подшоси билан яқиндан алоқада бўлгани ва Санкт-Петербургда қурилаётган Туркистон ва бутун мусулмон дунёси учун эътиборли бўлган Жомеъ масжидига катта назрлар қилганлиги табиий бир ҳолдир, албатта.
Афсус ва надоматлар билан шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Тожимуҳаммад ва унинг укасининг жамики бойлик мулклари Бухоро амирлигининг олтин хазинаси қаторида Россия большевиклари томонидан талон-торож қилинди. Шундай бўлса-да, Санкт-петербургдаги Жомеъ масжиди амир Саййид Абдулаҳадхон ва унинг ўғли Саййид Олимхон билан боғлиқ эканлиги аниқланди. Демак, бу қутлуғ ишда ҳам амирлик олтин хазинасининг улуши катта бўлган.
Хулоса шуки, Бухоро амирлиги узлуксиз равишда Россияга беҳисоб катта миқдорда сармоя киритиб келган. Бу ҳол айниқса амир Саййид Олимхон даврида янада ривожланиб юксак даражага кўтарилган. Бундан ҳар икки томон ҳам ўз вақтида катта фойда кўрган. Аммо Россияда ҳокимият ленинчи олтинпараст большевиклар томонидан босиб олиниши биланоқ, амирнинг Россиядаги мулки ва сармоялари, рус халқининг барча бойликлари қаторида мусодара қилинди.