loader
Foto

Тарихдаги биринчи аёл - адмирал

Жаҳон тарихига охирги мингйилликда дунёни яхши томонга ўзгартирган жуда кўплаб аёллар кирган. Ҳар бир соҳанинг – илм-фан, бошқарув, ҳарбий ҳаракатлардан тортиб, тасвирий санъатгача ўз қаҳрамонлари бўлган. Ва барча соҳанинг биринчиси, пешқадами бўлган гўзал жинс вакиллари бор. Бу мақолада гап Индонезия тарихидаги буюк муслималардан бири ҳақида боради.

XVI асрнинг охири – XVII асрнинг бошлари Ачех султонлиги (замонавий Индонезиянинг Ачех вилояти ҳудуди) учун осон даврлар бўлмаган.

Малахаяти номи билан ҳам маълум бўлган Кюмалахаяти дунёнинг биринчи аёл – адмирали бўлган. Унинг ҳаёти ва ютуқлари инсонни ҳайратда қолдиради. Унинг ҳаракатлари мардонавор, виждонли, муваффаққиятли ва шунчаки ақл бовар қилмас ҳолатда бўлган. У барча учун намуна ва руҳлантирувчидир.

Малахаятининг отаси Маҳмуд Сиях ҳам ҳарбий бўлган ва султон флотини бошқарган, унинг отаси, Малахаятнинг бобоси Салоҳиддин Сиях эса 1530 – 1539 йилларда султонликка ҳукмронлик қилган.

Дастлаб Малахаяти диний мактабда таълим олади, кейин эса Байтул Мақдиснинг Маъҳадига ўқишга киради. У ерда у ҳарбий иш бўйича тахсил олади ва денгиз зобити тайёрлаш бўйича тўлиқ курсдан ўтади. Айнан ўша ерда у ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи билан танишади. Маъҳадни муваффаққият билан тамомлагач, у султон саройи амалдорлари бўлимига раҳбар этиб тайинланади.

Ёш Малахаятига узун, бахтли оилавий ҳаётни яшаш насиб қилмайди. Турмуш қурганидан салгина вақт ўтмай у бева бўлиб қолади, шундан сўнг Малахаяти ҳалок бўлган аскарлар ва денгизчиларнинг бевалари хизмат қиладиган кемалар флотилиясини ташкил этишга изн сўраб султонга мурожаат этади. Султон “Инонг Бале” деб номланган флотилия ташкил этишга рухсат беради, бу таржима қилинганда “Бевалар флотилияси” маъносини англатади. Унда ҳаммаси бўлиб 2000 та аёл хизмат қилган. Суматра оролининг шарқий қирғоқлари, Малак бўғози ва Малаянинг ғарбий қисми аёллар флотилияси назорати остида бўлган.

Индонезиянинг кўплаб университет, касалхона, кўчалар ва аҳоли пунктлари унинг шарафига номланган. Ушбу шижоатли муслиманинг жасорати ҳақида кўплаб ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Абу Муслим тайёрлади