loader
Foto

ШАХСГА СИҒИНИШ: ЛЕНИН

Россия тарихининг совет даврида Владимир Ильич Ленин номи билан боғлиқ жуда кенг кўламли шахсга сиғиниш юз берди. СССРда унинг номи ва ғоялари Октябрь инқилоби билан, кейинроқ эса И.В.Сталиннинг (КПСС ХХ съездигача) номи билан баравар улуғланди.

Ленин вафот этгач, 1924 йил 26 январда собиқ пойтахт Петроград шаҳрининг номи Ленинград деб ўзгартирилди. Лениннинг номи шаҳарлар, қишлоқлар ва энг муҳим кўчаларга қўйилди. Ҳар бир шаҳарда Ленин ҳайкали турарди. Публицистикада, гуманитар йўналишлардаги илмий асарларда айтилган фикрлар Лениндан олинган иқтибослар билан тасдиқланарди. Болалар учун «Ленин бобо» ҳақида жуда кўп ҳикоялар ёзиларди. Мамлакатда яшовчи 7-9 ёшли ҳар бир бола октябрятлар сафига қабул қилиниб, кўксига Ленин сурати туширилган юлдузча қадаб қўйиларди. Лениннинг портретлари заводларда, мактабларда, болалар боғчаларида, олий ўқув юртларида осилиб турарди.

Ленин шахсига сиғиниш учун шарт-шароитлар ВКП(б) ташкил топгандан сўнг яратилган бўлиб, 1923-24 йилларда узил-кесил шаклланди. Сталин шахсига сиғиниш барҳам топгач, СССР ҳукумати уни Ленин шахсига сиғиниш билан алмаштирмоқчи бўлди. Бироқ, ҳукуматнинг улкан уринишларига қарамай, 1970-йилларга келиб Ленин шахсига сиғиниш СССР аҳолисининг катта қисми томонидан бироз кинояли тарзда қабул қилина бошлади.

СССР парчаланиб кетгач, Ленин шахсига сиғинишни тугатиш жараёни бошланди.

1918 йилга қадар

Ленин шахсига сиғинишнинг пойдевори инқилобдан анча аввал, 1903 йилда большевиклар партияси ташкил топган пайтларда қўйилган эди. Ричард Пайпснинг таъкидлашича, Ленин асос солган партия унинг шахси билан ажралмас эди. Партия ташкил қилинган пайтдан бошлаб Ленин большевиклар орасида РСДРП(б)нинг асосчиси ҳамда унинг асосий раҳнамоси сифатида катта ҳурмат-эътибор қозонган эди.

Америкалик тарихчи Нина Тумаркин «Ленин барҳаёт! Совет Россиясида Ленин шахсига сиғиниш» номли асарида таъкидлашича, большевиклар 1903 йилларданоқ Лениннинг «гипнотик таъсири» остига туша бошлашган; Ричард Пайпснинг айтишича, Ленин шубҳасиз иқтидорли раҳбар бўлган.

Николай Валентинов-«Самсонов» 1904 йилдаёқ Женевада Ленин атрофида унга нисбатан «муҳаббат» муҳити пайдо бўлганлигини аниқлади. Николай Суханов 1917 йилнинг баҳорида большевикларни таърифлар экан, уларни Ленин раҳбарлигидаги ўзининг мафкуравий марказига Муқаддас Қадаҳга сиғингандек сиғинадиган одамлар деб, Лениннинг ўзини эса «орденнинг мумтоз буюк магистри» деб билувчи одамлар деб атаган. Луначарский ва Потресов ўз хотираларида большевикларнинг Ленинни бу қадар эъзозлашини тавсифлашар экан, буни унинг юксак иқтидори туфайли муқаррар деб сифатлашган.

Аммо узоқ пайтгача Лениннинг партиядаги мавқеи совет даврининг охирги пайтидаги маддоҳликдан мутлақо узоқ эди; боз устига, Лениннинг РСДРП(б)даги ҳукмронлиги ҳам асло мутлақ эмас эди. 1917 йилдаги бир қатор ҳал қилувчи қарорлар МҚнинг оддий кўпчилик овозлари томонидан, баъзан эса ҳатто Лениннинг ошкора истак-хоҳишига мутлақо қарши ҳолда қабул қилинган. Масалан, МҚ Октябрь инқилобини тайёрлашга қарши чиққан Зиновьев ва Каменевларни партиядан чиқаришдан бош тортган, Брест-Литва тинчлик сулҳини эса Ленин истеъфога чиқаман деб таҳдид қилганидан кейингина маъқуллаган эди.

Ленин шахсига сиғиниш 1917 йилнинг кузидаёқ аста-секин шакллана бошлаган. Бу биографияда Ленин «биргина ташвиши партиядан иборат бўлган» камтар зоҳид сифатида тасвирланган.

Тахминан худди шу пайтда «Солдатская правда» газетасида Лениннинг яна бир таржимаи ҳоли чоп қилинган бўлиб, уни Крупская Лениннинг ўз таҳрири остида ёзган эди. Нина Тумаркиннинг айтишича, бу таржимаи ҳол «фактларининг аниқлиги ва камтарона услуби билан ажралиб туради», аммо айнан шу таржимаи ҳолда ёш Лениннинг народоволецлар билан алоқаси бўлгани айтмай кетилган эди. 1917 йилнинг ёзида инқилобчи солдатларнинг илтимосига биноан бошдан-оёқ Лениннинг ўзи томонидан ёзилган яна бир таржимаи ҳол эса янада камтарона бўлиб, унда Александр Ульяновнинг қатл қилиниши, ёш Лениннинг университетдан ҳайдалиши ва 1895 йилда ҳибсга олиниши ҳақидагина ёзилган эди, холос.

Ленинга аталган илк шеърий мадҳия 1917 йил 29 октябрдаёқ «Правда» газетасида, уч ҳафтадан кейин эса «Солдатская правда»да пайдо бўлди. 1918 йил 1 майда Демьян Бедныйнинг «Доҳийга» деб аталган тумтароқ шеъри чоп қилинган бўлиб, унда Лениннинг асарлари «меҳнатнинг муқаддас Инжили» деб, большевизм душманлари эса «иудалар» деб аталган эди. 1918 йилда Талдом шаҳрининг номи Ленинск деб ўзгартирилди (бироқ Талдом шаҳрининг Ленинга ҳеч қандай алоқаси йўқ. 1929 йилда шаҳарнинг ўз номи тикланган). 1918 йил августда биринчи большевистик агитпоезд тузилган бўлиб, у «Ленин поезди» деб аталган.

1918 ЙИЛНИНГ КУЗИ

Ричард Пайпснинг айтишича, Ленинга бағишланган биринчи ҳақиқий маддоҳлик тўлқини 1918 йилнинг кузида, унга Фанни Каплан суиқасдидан кейин бошланган. Бунинг оқибатларидан бири – матбуотдаги ҳамда партия раҳбарларининг, жумладан, Свердлов, Зиновьев ва Троцкийларнинг нутқларидаги узундан-узоқ мадҳлар бўлди.

Бу маънода Нина Тумаркин Зиновьевнинг 1918 йил 6 сентябрдаги, 200 минг нусхада чоп қилинган нутқига эътибор қаратади. Зиновьев бу нутқда Лениннинг анчагина тузатишлар киритилган, ошкора диний тус берилган таржимаи ҳолини баён қилган. У Лениннинг дворян эканини «унутиб», уни «камбағал оиладан келиб чиққан» деб атайди.

Бу нутқда Лениннинг шахсияти муқаддаслаштирилган насроний авлиёнинг васфига ўхшаб кетади, унинг «Нима қилмоқ керак?» асари эса «искрачиларнинг Инжили» деб аталади.

Большевикларнинг «Беднота» газетаси муҳаррир Л.Сосновский бундан ҳам ўтиб тушиб, Ленинга шаҳидлик мартабасини беради, уни Исо Масиҳга ўхшатиб, шундай дейди: «Ленинни ўлдириб бўлмайди. Ленин бош кўтарган ва курашаётган пролетариат билан шу қадар жипслашиб кетганки, уни ўлдириш учун дунёдаги барча ишчиларни қириб ташлаш керак. Пролетариат тирик экан, Ленин тирикдир». Ана шу даврга оид яна бир мақолада эса Лениннинг «мўъжиза туфайлигина», «пролетариат иродаси» аралашуви туфайлигина тирик қолгани айтилган.

1918-19 йилларда кўчаларга Лениннинг номини бериш бошланди, унинг дастлабки бюстлари пайдо бўла бошлади.

Ричард Пайпснинг айтишича, бунақанги ёппасига маддоҳликка Лениннинг ўзи чек қўйди. Бонч-Бруевичнинг хотираларига кўра, Ленин суиқасддан кейин соғайиб кетгач, газеталарда ўзи ҳақида ёзилаётган мақолаларни ўқиб, «даҳшатга тушган», дарҳол Ольминский билан Лепешинскийни чақиртириб, уларни «Правда» ва «Известия» таҳририятларига юбориб, «ҳаммаси тўхтатилсин» деб буюрган.

Ўша даврдаги маддоҳлик шаклларидан бири большевиклар доҳийларининг, биринчи навбатда Ленин ва Троцкийнинг турли-туман съездларнинг (ҳатто шахмат-шашка съездларининг ҳам) фахрий раислиги ва фахрий президиумларига мунтазам равишда сайланиши ва уларга шу каби фахрий унвонлар берилиши эди. Масалан, Ленин вафот этган пайтда жами йигирмата ҳарбий қисмнинг «фахрий қизил аскари» эди.

Биргина 1923 йилнинг июнь-июль ойларида сиёсатдан кетган, ўлим тўшагида ётган Ленин Коминтертнинг фахрий раиси, Бутунроссия металлист ишчилар иттифоқининг VI съезди, Россиянинг фахрий кооператори, август ойида Бутунроссия қишлоқ хўжалик ва чакана-саноат кўргазмасининг фахрий раиси, октябрда Петросоветнинг фахрий аъзоси ҳамда шу ташкилотнинг беш йиллик юбилейига бағишланган тантанали комсомол мажлиси президиумининг фахрий аъзоси этиб сайланган эди. Ноябр ойида Ленин Центросоюз вакиллари йиғилишининг фахрий раиси, Бутунроссия қоғоз саноати ишчиларининг VI съездининг фахрий раиси, илмий ходимларнинг Бутунроссия I съезди ҳамда халқ маорифининг губерния бўлим мудирларининг Бутунроссия IV съездларининг фахрий раиси этиб сайланган.

ЛЕНИННИНГ 50 ЙИЛЛИГИ (1920 ЙИЛ)

1920 йилда Лениннинг 50 йиллик юбилейи шарафига ҳамду саноларнинг кучли янги тўлқини бошланиб кетди. Ушбу санага бағишлаб Демьян Бедный ва Маяковскийнинг янги шеърлари пайдо бўлди, В.И.Невский Лениннинг романтиклаштирилган, мақтову мадҳиялар билан тўлиб-тошган ва 200 минг нусхада босилган таржимаи ҳолини ёзди.

Зиновьев, Сталин, Бухарин ва Сосновскийлар ўзлари алоҳида мадҳиялар ёзиб чоп этишди; Троцкий «Ленинда миллийлик» деб аталган кутилмаган мақола ёзиб, унда большевиклар раҳнамосини рус халқининг асл миллий пешвоси ва сал қолса славянофил сифатида тасвирлади.

Максим Горькийнинг юбилей шарафига ёзган «Владимир Ильич Ленин» деб номланган эссеси янада кутилмаган воқеа бўлди. Горький мақтову хушомадлар ниқоби остида деярли ҳақоратларга ўтиб кетган бўлиб, шу муносабат билан Ленин бу мақоланинг «Коммунистик Интернационал» журналида чоп қилинганидан ғаши келганини изҳор қилди. У Политбюрога юборган хатида «унда нафақат ҳеч қандай коммунистик руҳ йўқ, балки анчагина аксилкоммунистик руҳ бор» деб ёзди. Аслида эса Горький бу эсседа Ленинни «фикрловчи гильотина» деб атаган, шунингдек, «мен яна мардларнинг муқаддас жунунига ҳамд айтаман. Улар ичидан Владимир Ленин эса – биринчиси ва энг мажнунидир. …диний кайфиятлар устувор бўлган даврда Ленинни авлиё санаган бўлишарди. Мен биламан: бу нарса мешчанларнинг ғазабини келтиради, кўпгина ўртоқлар мийиғида кулиб қўядилар, Лениннинг ўзи ҳам қаҳқаҳ отиб кулиб юборади… Қаттиққўл реалист, айёр сиёсатчи бўлган Ленин аста-секин афсонавий шахсга айланиб бормоқда. Бу – яхши».

1920 йил 22 апрелда Қозон губернияси ижроия қўмитасида Лениннинг 50-йиллигига бағишланган тантанали мажлисда Олий даволаш-ўқув муассасаси – В.И.Ленин номли Қозон клиника институти таъсис этилди (1923-95 йилларда В.И.Ленин номидаги шифокорларнинг малакасини ошириш Давлат институти).

1923 ЙИЛДАН БОШЛАБ КЕНГ КЎЛАМЛИ ШАХСГА СИҒИНИШНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

1923 йил 10 мартда, учинчи инсультдан кейин ўлим тўшагида ётган Ленин сиёсий фаолиятдан батамом кетди. Ричард Пайпснинг айтишича, бу инсультдан кейин у фақатгина бир бўғинлик сўзларнигина айта оладиган бўлиб қолди. Лениннинг энг яқин сафдошлари ўртасида ҳокимият учун аёвсиз кураш бошланди. Уларнинг ҳар бири Лениннинг большевиклар ўртасидаги анъанавий нуфузидан фойдаланишга уринарди. Шу пайтдан бошлаб Лениннинг шахсига сиғинишни тўхтатиб бўлмай қолди; Нина Тумаркиннинг айтишича, унинг шахсига сиғинишни мутлақо онгли равишда кучайтиришда 1923-24 йилларда ўша пайтда ҳукмрон бўлган Зиновьев-Каменев-Сталин «учлиги» ҳам, уларга қарши турган Троцкий ҳам бевосита иштирок этишди. Лениннинг ўринбосари бўлишга даъвогарларнинг барчаси у ҳақда кўплаб тумтароқ мадҳиялар ёзишди. Улар орасида ўзини Ленинга тенг шахс деб кўрсатишга зўр бериб уринаётган Троцкийнинг мақолалари алоҳида ажралиб турарди (яна қаранг: Троцкий ва Ленин). Масалан, Троцкий ўзининг мақолаларидан бирида қуйидаги кулгили воқеани айтиб берган эди: бир куни Троцкийнинг туфлиси оёғини сиққан экан, Ленин унга ўзиникини бериб турибди. Лекин Троцкийга унинг туфлиси ҳам тор келибди.

1923 йилдан бошлаб Ленин шахсига сиғинишни бирдан кучайтириб юборган большевик доҳийларининг самимийлиги бироз шубҳали кўринади. Масалан, 1924 йил январдаги партконференцияда Сталин XI съезднинг (1924) расмий баённомаларидан олиб ташланган бир нутқдан иқтибосни ошкор қилди. Бу «децист» Тимофей Сапроновнинг чиқиши бўлиб, Сапронов унда Лениннинг «жоҳил» ва «олигарх» деб атаган эди. Орадан бир йил ўтгач эса худди ўша Сапронов Лениннинг «даҳолиги» ҳақида ошкора сўзлайди. Сталиннинг ўзи эса 1922 йилда Лениннинг касали жиддийлигига ишонч ҳосил қилгач, ҳатто тиббий адабиёт опкелтириб, уни ўрганиб чиққан ва ўз сафдошлари орасида «Ленин тамом бўпти», деган. Сталиннинг бу гап Лениннинг ўзига ҳам етиб борган ва у бу жумлани ҳақорат деб атаган. Борис Бажановнинг хотираларига ишонадиган бўлсак, Сталин Лениннинг ўлимидан сўнг, мени ҳеч ким кўрмаяпти деб ўйлаб, ҳокимият томон йўл очилди деб очиқчасига қувонган.

Марксизмни ғоявий ривожлантирувчи яхлит таълимот шаклидаги ленинизм тушунчаси илк бор 1923 йилда пайдо бўлди. Шундай қилиб совет ҳукумати Ленинни узил-кесил Карл Маркс ва Фридрих Энгельслар билан бир даражага олиб чиқди. Ленин меросининг ниҳоятда эклектик (қарама-қарши, зиддиятли) бўлгани учун Лениннинг сўзлари ёки ҳаётидаги фактларни бир-бирига қарши далил қилиб келтираётган томонлар ўртасида «иқтибослар уруши» бошланиб кетди.

1923 йилда РКП(б) МҚ В.И.Ленин Институтини ташкил қилиб, ленин меросини ўрганиш ниқоби остида у билан боғлиқ барча материалларга яккаҳоким бўлишга уринди. Институтни ўз назорати остига олиш партиядаги ҳокимият учун ички курашнинг муҳим воситасига айланди, чунки бу ердаги материаллар ёрдамида рақибларга қарши уларнинг Ленин билан зиддиятга боргани ҳақидаги «компромат» топиш мумкин эди.

Бу институт 1932 йилда К.Маркс ва Ф.Энгельс Институти билан бирлаштирилиб, ВКП(б) ҳузуридаги Маркс-Энгельс-Ленин Институти ташкил қилинди (кейинчалик КПСС МҚ ҳузуридаги марксизм-ленинизм Институти). Ушбу институтнинг Марказий партия архивида Ленин қаламига мансуб 30 мингдан ортиқ ҳужжат сақланади.

Лениннинг расман чоп қилинаётган таржимаи ҳолларининг услуби 1923 йилдан бошлаб воқеликдан янада узоқлашаверди. Бу таржимаи ҳолларда Лениннинг ота томонидан бобоси «камбағаллардан» бўлгани ҳадеб такрорланаверар, бироқ Лениннинг отаси ҳам ва, табиийки, ўзи ҳам аслзода дворянлардан бўлгани ҳақида индамай кетиларди. Энди ёш Ульяновни ҳам акаси Александрга қўшилиб Маркснинг «Капитал»ини ўқиганга чиқара бошлашди, ҳолбуки аслида Ленин «Капитал» билан биринчи бор анча кейин танишган. Ричард Пайпснинг фикрича, ака-укаларнинг ораси яхши бўлмаган, шунинг учун уларнинг бирон нарсани биргаликда ўқиб-ўргангани ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Ленин аҳолисининг бешдан тўрт қисми деҳқонлардан ташкил топган мамлакатга раҳбарлик қилган. ХХ асрнинг бошларида рус деҳқонлари энг кўп ўқиган нарса эса, анъанага кўра, авлиёлар ҳаёти бўлган. Лениннинг ва бошқа инқилобчиларнинг романтиклаштирилган таржимаи ҳолларини чоп этишдан мақсад эса ана шу китобларга тақлид қилиб бўлиб, бу нарса деҳқонлар орасида жуда илиқ кутиб олинган.

1923 йилда яна бир тарғибот янгилиги – «Ленин бурчаги» пайдо бўлди (яна қаранг: Ленин кабинети). Бу эса рус кулбаларидаги иконалар турадиган «қизил бурчак»ка бевосита тақлид қилиш эди. Ленин бурчаги илк бор 1923 йил 19 августда Бутунроссия қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик-саноат кўргазмасида намойиш қилинди. Нина Тумаркиннинг айтишича, кўргазмага қўйилган Ленин бурчаги айнан деҳқонлар учун мўлжалланган бўлиб, улар орасида шу даражада машҳур бўлиб кетдики, заллардан «чарм, бўз, махорка тутуни ва пичан» ҳиди тутиб кетди.

Қозон давлат университети 1924 йилдан В.И. Ульянов-Ленин номли Қозон давлат университети деб атала бошлади. Университетнинг бундай номланиши 1925 йилда ВЦИК томонидан тасдиқланди.

1930-йилларда шаҳар-қишлоқларнинг кўчалари, майдонлари, ўқув муассасаларининг, заводларнинг мажлислар зали Лениннинг ўн минглаб бюст ва ҳайкаллари билан тўлиб-тошди. Уларнинг орасида санъат асарлари билан бир қаторда ҳеч қандай бадиий қиймати бўлмаган «шахсга сиғиниш» ашёлари ҳам бор эди. Лениннинг асарлари улкан тиражлар билан чоп қилина бошлади: 1940-50 йилларда Лениннинг 35 жилдлик асарлар тўпламининг 4-нашри 800 минг нусхада босилди.[1]

Турли объектларни қайта номлаш ва уларга Н.Крупскаянинг истагига қарши ўлароқ, Ленин номини бериш бўйича ёппасига кампаниялар бўлиб ўтди. Энг олий давлат мукофоти Ленин ордени бўлди. Баъзан бундай ишлар Сталин шахсига сиғиниш шаклланаётган шароитларда Сталин раҳбарлиги остида мувофиқлаштирилган, бундан мақсад ҳокимиятни эгаллаб олиш ва Сталинни Лениннинг вориси ва муносиб шогирди деб эълон қилиш бўлган, деган фикр билдирилади.[2]

1920-йилларда болаларга Лениннинг исм-фамилиясидан қисқартма қилинган исмлар қўйиш жуда оммалашиб кетди. Масалан, Владлен, Владилен, Вилен ёки Вил – Владимир Ильич Ленин; Марлен – Маркс ва Ленин; Вилор, Виленор, Вилеор, Вилорий – Владимир Ильич Ленин Организатор Революции, Нинель ва бошқа исмлар шулар жумласидандир.

СССР ТАЪСИРИНИНГ КУЧАЙИШИ ВА МУСТАМЛАКАДАН ЧИҚАРИШ

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Ленин шахсига сиғиниш янада кучая бошлади. Бу эса СССРнинг нуфузи ортиб, унинг таъсири Шарқий Европа ва Шарқий Осиёга тарқала бошлагани билан боғлиқ эди. Шарқий блок мамлакатларида Ленин дунё халқларини озодликка чиқаришни бошлаб берган Буюк Доҳий сифатида тараннум этила бошлади. Социалистик мамлакатларда унинг асарлари ўрганила бошланди, унга ҳайкаллар қўйила бошланди, шаҳарларга унинг номи берила бошланди. БСЭ (Катта совет энциклопедияси) да айтилишича, ЮНЕСКО маълумотларига қараганда Ленин асарлари барча муаллифларнинг таржима қилинган асарлари орасида дунёда биринчи ўринни эгаллаган.[3] 1920-йилларнинг ўрталаридан 1950-йилларнинг охири ва 1960-йилларнинг бошларида СССР (1940-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ленин ва Сталин шахсига сиғиниш Шарқий Европа ва Шарқий Осиёга тарқалди) ва социалистик мамлакатларда Ленин шахсига сиғиниш Сталин шахсига сиғиниш билан бирга олиб борилди, аммо кейинроқ бу ерларда Сталиндан узоқлаштириш ўтказила бошланди, аммо Хитой ва Албания бундан бош тортишди. Бу мамлакатларда Ленин сиймоси энг мўътабар сиймолардан бири бўлиб қолаверди. Ленин шахсига сиғиниш уруш тугагандан кейин бир неча йилгача давом этди. 1959 йил 1 январдаги Куба инқилобидан кейин Ленин шахсига сиғиниш Кубага, Вьетнам урушидан кейин эса Жанубий Вьетнамга ҳам тарқалди.

Ленинни кўпинча мустамлакачиликка барҳам бериш билан боғлашади. Бир қатор мамлакатлар (Маврикий, Зимбабве, Ҳиндистон) мустамлака қарамлигидан халос бўлгач, бу ерларда Ленин хотираси абадийлаштирилди, унга ҳайкаллар қўйилди, унинг халқлар озодлигида тутган ўрни алоҳида таъкидланди. 2010 йилда Монпельеда мустамлакачиликни йўқ қилишда илк қадам қўйган инсон сифатида Ленинга ҳайкал қўйилди.

ЛЕНИННИНГ 100 ЙИЛЛИК ЮБИЛЕЙИ (1970)

Америкалик тарихчи Нина Тумаркиннинг фикрича, Совет Россиясида 1920-йилларда Ленин шахсига салкам диний тарзда сиғиниш шубҳасиз муваффақият қозонган. Унинг айтишича, бунинг сабаби шуки, ўша даврда мамлакат аҳолисининг аксар қисми деҳқонлардан иборат бўлиб, улар азалдан диндор бўлишган, рус халқида эса «яхши подшоҳ»га нисбатан кўп асрлик ишонч ўрнашган эди.

1762 йилдаги Петр III вафот этгач, у деҳқонларни «озод қилмоқчи» эди, шунинг учун дворянлар уни ўлдиришди деган афсоналар пайдо бўлди. Павел I нинг ўлдирилиши ҳам худди шундай афсоналарга сабаб бўлди. 1920-йилларнинг бошида кўпчилик деҳқонлар Ленинни ҳарбий коммунизмнинг вайронкор тажрибаларига барҳам бериб, мамлакатда НЭП (янги иқтисодий сиёсат) ўрнатган сиёсатчи деб билишарди. У 1924 йилда вафот этгач, «Энди нима бўлади? Лениннинг вориси ким бўлади? Большевик доҳийлар аввалги одамхўр сиёсатини яна бошламайдими?» деган ташвишлар пайдо бўлди.

Умуман, шахсга сиғиниш 1923-24 йилларда Лениннинг вориси бўлишга асосий даъвогарлар – Зиновьев, Каменев, Сталин ва Троцкийлар томонидан шакллантирилди. Ленинга сиғиниш Россиядаги кўп асрлик анъанага бевосита боғлиқ эди: портретларни (иконаларни) илиб қўйиш, портретлар кўтариб, намойишлар қилиш ва кўчаларни тўлдириб юриш (хоч юришлари), илоҳийлаштирилган таржимаи ҳолларни чоп қилиш (авлиёлар ҳаёти), «Ленин бурчаклари» (рус кулбаларидаги икона турадиган «қизил бурчаклар») ва албатта, мавзолейдаги Ленин жасади (чиримас танлар). Тадқиқотчи шахсга сиғинишнинг бевосита меъморлари қаторига, жумладан, Бонч-Бруевич ва маориф халқ комиссари Луначарскийларни қўшади. Луначарский ёшлигида илоҳийлаштириш ҳаракатига аъзо бўлгани айниқса эътиборга лойиқдир.

Аммо 1970-йилларнинг бошига келиб, ёппасига урбанизация ва индустриализация натижасида Россиядаги вазият кескин ўзгарди. Мамлакат аҳолисининг катта қисмини шаҳарликлар ташкил қила бошлади. Нина Тумаркиннинг фикрича, шаҳарликлардан иборат кўпчилик Ленин шахсига сиғинишнинг воқеликдан кескин ажралиб қолганини ёппасига англаб ета бошлади.

Шунга қарамай, ҳукумат Лениннинг нуфузини анъанавий равишда ўз қонунийлигининг асосий манбаи деб билишда давом этди. Шунинг учун 1970 йилда юбилей тантаналари мисли кўрилмаган кенг кўламда ташкил қилинди. Барча совет журналларининг апрель (1970) сони (шу жумладан, ҳажвий, мусиқий журналлар ҳам, муҳандис-қурувчиларнинг журналлари ҳам, ҳатто йилқишунослик ва эпидемиология журналлари ҳам) тўлиқ ёки қисман «буюк доҳий»га бағишланди, уларнинг барчасида бу мавзу апрель ойининг муқовасига чиқарилди (баъзиларида бошқа ойларда ҳам). Юбилей медали[4] ҳам, «пролетариат доҳийси»га бағишланган бир рубл қийматлик танга ҳам зарб қилинди.[5] Аммо, тадқиқотчининг ибораси билан айтсак, халқ «ҳуштак чалса, чамбаракдан сакраб ўтаверадиган ўргатилган от эмаслигини» кўрсатди. Ленин мавзусининг ҳаддан ташқари шишириб юборилишидан халқнинг ошкора норози эканини ифода этувчи латифаларнинг ёппасига тарқалиб кетиши «ҳукумат учун ёмон сигнал» бўлди.

ЛЕНИННИНГ ҚАРИНДОШЛАРИ ШАХСИГА СИҒИНИШ

Турли объектларга Лениннинг ўзидан ташқари, унинг қариндошларининг номи ҳам қўйиларди. Бунинг энг ёрқин мисолларидан бири унинг хотини Надежда Крупская бўлиб, унинг номи ҳам кўчаларга, олий ўқув юртларига, мактабларга қўйилар, унга ҳам ҳайкаллар ўрнатиларди. 1957-91 йилларда Москва давлат вилоят университети ҳам Крупская номи остида бўлган. Ҳозирги кунда ҳам бир қандолат фабрикаси унинг номи билан аталади. Надежда Константиновнанинг ўзи Кремль девори остига дафн қилинган.

1970 йилда Лениннинг 100 йиллик юбилейи шарафига бир қатор шаҳарларда унинг ота-онасига ҳам ёдгорликлар ўрнатилди. Пенза шаҳридаги В.Г.Белинский номли 1-ўрта мактаб биносида Илья Николаевич ва Мария Александровна Ульяновларга ҳайкал ўрнатилди. Ленин хотираси айниқса кенг кўламда абадийлаштирган Ульяновск шаҳрида «Мария Ульяновна ўғли Володя билан» деб номланган ёдгорлик ўрнатилди. Ульяновск ва Астрахань шаҳарларида Илья Николаевич Ульяновга ҳайкаллар қўйилди. Унинг Ульяновскдаги қабри 1960 йилда минтақавий аҳамиятга молик ёдгорликлар қаторига киритилди. Ульяновскдаги давлат педагогика университети ҳамда Чувашия давлат университети И.Н.Ульянов номи билан юритилади.

Лениннинг акаси Александр Ульяновнинг инқилобий фаолиятига ҳам кучли эътибор бериларди. Санкт-Петербургдаги бир кўчага унинг номи қўйилган.

1961 йилдан 1993 йилгача Москвадаги Яков-Апостольский кўчаси Лениннинг опаси Анна Елизарова номида бўлди. Шунингдек, 1964 йилдан 1991 йилгача Ленинграддаги Полозов кўчаси ҳам унинг номида бўлди. Томскда 1979 йилдан буён Елизаровлар кўчаси бор бўлиб, у Анна Ильинична ва унинг эри Марк Елизаров номига қўйилган эди.

Собиқ СССРнинг бир қатор шаҳарларида Дмитрий Ульянов номли кўчалар бор. 1987 йилда суратга олинган «Қримда ҳар доим ҳам ёз бўлавермайди» номли фильм ҳам Дмитрий Ульяновга бағишланган.

Москвадаги кўчалардан бирига Мария Ульянованинг номи қўйилган. Мария Ильинична – Лениннинг Кремль деворлари остига дафн қилинган икки қариндошидан биридир (Крупская билан бир қаторда).

«ИҚТИБОСЛАР УРУШИ»

Ленин меросига хос бўлган жиҳатлардан бири унинг ниҳоятда эклектик (зиддиятли) эканидир. Тадқиқотчи М.С.Восленский Лениннинг «Давлат ва инқилоб» номли фундаментал асарларидан бирига эътибор қаратади. Бу асар Ленин 1917 йилда Финляндияда қувғинда юрган пайтида, большевикларнинг ҳокимият тепасига келишидан бир неча ой аввал ёзилган бўлиб, тадқиқотчининг фикрича, унинг бир неча нуқталари Ленин амалга ошира бошлаган ўзгаришларга мутлақо зид эди. Хусусан, бу асарда доимий армияни «умумхалқ қуролланиш» билан алмаштириш кўзда тутилган эди.

Лениннинг «НЭФ – бу жиддий ва узоқ муддатга мўлжалланган режадир» деган машҳур сўзи бор. Бироқ, РКП(б)нинг 1921 йилги Х съездида у эркин савдони большевиклар учун «Колчак билан Деникиндан кам бўлмаган хатар» деб атаган.

«Иқтибослар уруши» Лениннинг вафотидан кейиноқ дарҳол бошланиб кетди. 1924 йил 17 июнда И.В.Сталин уком котиблари курсларидаги нутқида Лениннинг «НЭП Россиясидан социалистик Россия ташкил топади» деган сўзидан нотўғри иқтибос келтириб, «Нэпманлар Россиясидан социалистик Россия ташкил топади» деб юборган Л.Б.Каменевни кескин танқид остига олди.

ВКП(б)нинг 1925 йил декабрдаги XIV съездида МҚ Сиёсий ҳисоботига Зиновьевнинг қўшма доклади «иқтибослар уруши»га йирик мисол бўла олади. Бу доклад Лениннинг турли пайтларда айтган сўзларидан катта-катта иқтибослардан иборат эди. Бироқ, Зиновьев «иқтибослар уруши» партия аъзоларининг каттагина қисмида ишончсизлик келтириб чиқараётгани тан олишга мажбур эди:

«Ўртоқлар, кейинги пайтда кўпчилик Владимир Ильичдан ҳадеб иқтибос олавермаслик керак, бу руҳонийларнинг иши, бу «кўҳна аҳд»нинг ўзи ва ҳоказо… Баъзан шундай дейишади. Яна: «Лениндан иқтибос келтиришнинг нима кераги бор? Эски атторнинг қутисида ҳар нарса бўлганидек, унда ҳам хоҳлаган нарсани топиш мумкин» дейишади. Менимча, бу мутлақо нотўғри (Овозлар: «Ким шундай дейди?»). Кўпчилик шунақа дейди…»

Зиновьевдан кейин сўзга чиққан ва ўша пайтда унга мухолиф бўлган Бухарин Лениннинг бунга зид сўзларидан иқтибос келтириб, уларни Зиновьев келтирган иқтибосларга мутлақо қарама-қарши маънода талқин қилди:

Менимча, Ленинга бундай муомала қилиш бироз беписандлик бўлади. Иқтибосларни хоҳлаган томонга буриб юбориш мумкин, лекин бу уларга нисбатан номуносиб муомала қилиш керак дегани эмас… Ўртоқ Зиновьевга котиблардан бири иқтибослар топиб берган, лекин уёғига гап қайси томонга кетишига қараб қўймаган. У эса бу иқтибосни шартта олиб… (кулги)».

ШАХСГА СИҒИНИШНИНГ АМАЛДАГИ КЎРИНИШЛАРИ

СССР ГИМНИ

СССР гимнинг 1943 йилги биринчи таҳририда Ленин (Сталин ҳам) бир марта ёдга олинган «…ва буюк Ленин ёритди йўлимизни…». Гимннинг иккинчи ва охирги таҳририда эса Ленин икки марта ёдга олинади: нақоратда «…Ленин партияси – халқ кучидир…» деган жумла қўшилган («Совет байроғи, халқ байроғи» жумласи ўрнига). Бундан ташқари, бу таҳрирда Ленин нафақат «йўлни ёритган», балки «…халқларни ҳақ ишга кўтарди, бизларни меҳнат ва қаҳрамонликка илҳомлантирди» (биринчи таҳрирда Сталин «илҳомлантирган» эди). Лениннинг номи иттифоқдош республикаларнинг гимнларида ҳам ёд этиларди.

СССРнинг олий давлат мукофоти 1930 йилда таъсис этилган Ленин ордени бўлди. Бу пайтгача мамлакатда умуман ҳеч қандай олий мукофот бўлмаган, энг фахрли мукофот эса Қизил Байроқ ордени ҳисобланарди.

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, Ленин тириклигида бирорта мукофот йўқ эди, унинг дафн маросимида эса унинг кийимига ВЦИК делегати белгисигина тақиб қўйилган эди.

ЛЕНИН ҲАЙКАЛЛАРИ

Ленин шахсига сиғинишнинг асосий кўринишларидан бири унинг ҳайкалларини оммавий равишда ишлаб чиқариш эди. Лениннинг бюстлари у тириклигидаёқ пайдо бўлган. Биринчи бюстлардан бири 1918 йил 7 ноябрда Воронеж губерниясининг Коротояк шаҳрида очилган. 1919 йилнинг охирига келиб Россия ҳудудида доҳийнинг 20 дан ортиқ бюстлари бор эди[6]. 20-йилларнинг бошида, совет ҳокимияти бошқа республикаларда ҳам ўрнатила бошлагач, бюстлар Россиядан ташқарида ҳам қурила бошлади. Ленининг бўй баравар ҳайкали расман унинг вафотининг эртасига, 1924 йил 22 январь куни Богородск шаҳрида пайдо бўлди. Бу ҳайкал Ленин тириклигидаёқ қурила бошлаган эди. СССР парчалана бошлаган пайтгача ўрнатилган жами ҳайкалларнинг сонини аниқлаш ниҳоятда қийин. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирги кунда бутун дунёда Лениннинг 5500-6000 га яқин ҳайкали бор бўлиб, улар 4 мингта аҳоли пунктларида ўрнатилган. Бу ҳайкалларнинг 3 мингдан ортиғи Россияда, мингдан ортиғи Украинада жойлашган.

Ленинга ҳайкаллар қўйиш бўйича унинг номи қўйилган шаҳар – Ленинград азалдан бошқалардан ажралиб турар, бу ерда камида 90 та ҳайкал бор эди. Шунингдек, Москва ва у туғилган Ульяновск шаҳрида ҳам ҳайкаллар жуда кўп эди. Ленин ҳайкаллари бошқа мамлакатларда ҳам, хусусан, Шарқий блок мамлакатларида ҳам ўрнатиларди. Буюк Британия, Франция, Италия ва АҚШда ҳам Ленинга бир неча ҳайкаллар қўйилган.[7] [8]

Жуда кўп шаҳарларда Ленин сурати туширилган лавҳалар ҳам бор. Ленин яшаган ёки тўхтаб ўтган деярли ҳар бир бинода, айниқса, Москва ва Ленинградда, ёдгорлик лавҳалар ўрнатилган. Мосва ва Санкт-Петербургдаги бир неча метро станцияларида ҳам Лениннинг суратлари бор.

ЛЕНИН МАВЗОЛЕЙИ

В.И.Ленин мавзолейи – Москванинг бош майдонида 1924 йилда қад кўтарган ёдгорлик мақбарасидир. Унинг учинчи варианти 1930 йилда қурилган. 1993 йилнинг октябригача Мавзолей ёнида фахрий қоровулнинг 1-рақамли пости бўлган. Асосий давлат байрамларини нишонлаш пайтида мавзолей трибуна вазифасини ўтаган.

Сиёсатшунос Д.Б.Орешкиннинг фикрича, большевиклар бу янги мажусий ибодатгоҳни атайлаб жорий қилишган бўлиб, унда «иймон манбаи ва маъбуд сифатида илоҳийлаштирилган аждодларнинг мўмиёланган жасади, олий коҳин сифатида эса бош котиб» вазифасини бажарарди. Н.И.Бухарин шахсий бир мактубида шундай ёзган эди: «Биз… иконалар ўрнига доҳийларнинг суратини илиб қўйдик. Пахом ва «қуйилар» учун коммунистик қайла остида Ильичнинг қолдиқларини очиб қўйишга ҳаракат қиламиз». Советолог Луис Фишер ўзининг Ленин ҳақидаги машҳур китобини тугатар экан, шундай ёзади: «Иконаларга қарши курашган одам мўмиёланган жасадга айланди, миллионлаб одамлар унинг чиримас жасад мўъжизаси олдида лол қолиш учун мавзолейга навбатда туришибди».[9]

ЛЕНИН ШАРАФИГА НОМЛАНГАН ГЕОГРАФИК ОБЪЕКТЛАР

Ленин шарафига номланган дастлабки объектлар бу номни у тириклигидаёқ олишган. Масалан, 1918 йилдаёқ Россия харитасидаги турли шаҳарларда Ленин кўчалари ва шоҳкўчалари пайдо бўлган. 1918 йилда Талдом шаҳрининг номи Ленинск деб ўзгартирилди. Бир қатор аҳоли пунктлари ҳам Ленин тириклигидаёқ Ленино деб номланди.

1924 йил 21 январда Ленин вафот қилгач, 26 январдаёқ Петроград шаҳрининг номи Ленинград деб ўзгартирилди. Лениннинг она шаҳри Симбирскнинг номи ҳам 1924 йил 9 май куни Ульяновск деб ўзгартирилди. СССР парчаланган пайтга келиб Ленин номи билан аталган аҳоли пунктларининг жами сони бир неча ўн мингга етиб қолган эди, шаҳар топонимларининг сонини аниқлашнинг эса мутлақо имкони йўқ. 1916 йилда кашф қилинган, бироқ 1924 йилгача номланмаган астероид ҳам Владилен астероиди (852) деб номланди.

Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, Лениннинг ўзи турли объектларнинг номини унинг шарафига ўзгартирилишига эътибор қилмаган. 1918 йилда Михельсон заводидаги митингдан сўнг Ленинга Фанни Каплан томонидан суиқасд уюштирилган эди. Ушбу заводнинг ишчилари 1922 йил 9 сентябрь куни заводга Ленин номини қўйишга қарор қилиб, унинг ўзини митингга таклиф қилишган. Бу пайтда оғир касал бўлган Ленин жавоб хати ёзиб, таклифни рад этган. Аммо бу хатда у заводни «Ленин номли завод» эмас, «собиқ Михельсон заводи» деб атаган.

ПУЛЛАР

10 рубл ва ундан юқори қийматли барча совет пулларида Лениннинг сурати бўлган. 1970 йилда доҳийнинг ён томондан чизилган сурати 1 рубллик юбилей тангасига ҳам қўйилган бўлиб, бу сурат ўша пайтда зарб қилинган юбилей медалидаги суратнинг айни ўзи эди.

ОНОМАСТИКА

ХХ асрнинг 20-йилларида доҳийнинг исми ва фамилиясидан сунъий ясалган бир неча исмлар ёш ота-оналарга фарзандларининг метрикасига қўйиш учун (асосан Москва ва Ленинградда) тавсия қилинган «янги совет исмлари» қаторига кирди (ҳар доим, ҳамма жойда ва мажбурий бўлмаса ҳам). Бундай исмлар сифатида қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин: Вил, Виль (В.И.Л. дан олинган), Вилен, Вилена, Лени́на, Нинель ҳамда Владлен ва Владилен (охирги икки исм ҳам оддий славянча исмларга оҳангдош бўлгани, ҳам ота-оналарнинг янги ҳукуматга содиқлигини ифодалагани учун янги исмлар орасида энг кўп тарқалди). Илгари кам учраган (аммо мавжуд бўлган) Ильичёв фамилияси ўша йилларда кенг тарқалган бўлиб, балоғатга етган фуқаролар юқоридаги сабаблардан келиб чиқиб уни қабул қилган бўлиши, шунингдек, ота-онасиз қолган ёки ташлаб кетилган болага давлат амалдорлари томонидан берилган бўлиши мумкин.

Ленинча исмлар баъзи хорижий давлатлардаги ультрасўл ва коммунистик доираларда ҳам бироз тарқалган. Масалан, Францияда қотиллик учун судланган, энг машҳур халқаро террористлардан бири бўлган Шоқол лақабли кимсанинг асл исми Ильич Рамирес Санчес бўлган. Унинг венесуэлалик «прогрессив» отаси уч ўғлига Владимир, Ильич, Ленин деб исм қўйган.

СССР ПАРЧАЛАНГАН КЕЙИН ЛЕНИНГА МУНОСАБАТ

Социалистик режим қулаб, СССР парчаланиб кетгач, 1991 йилнинг август-декабрь ойларида Ленин номини бартараф қилиш жараёни бошлади. Бу жараённинг номи Сталин номини ҳамда коммунизм номини бартараф қилиш каби жараёнлардан олинган бўлиб, Ленин шахсига сиғиниш қолдиқларига барҳам беришни англатади.

Юрий Пивоваровнинг фикрича, ленинлаштиришга барҳам бериш Хрушёв пайтида бошланиб, диссидентлар томонидан давом эттирилган ва 1993 йилда чўққисига етиб, матбуотда Ленин образи мутлақ зулм сиймосига айлантирилган.[10] Бунда «… бу эврилишлар асосан публицистикада, телевидениеда ва радиода юз берди… Лениннинг фош қилиниши фақат сўзда юз берди, мутлақо ёки деярли мутлақо моддийлашмади. Тўғрироғи, номоддийлашмади»[11]. Аммо кейинроқ Ельцин ижтимоий розилик йўлини танлади. Ҳукумат этик ва эстетик жиҳатдан бир-бирига мутлақо қарама-қарши белгилардан бир пайтнинг ўзида фойдаланишга уринди. «Бургутлар ҳам, юлдузлар ҳам, патриарх ҳам, Окуджаванинг қўшиқлари ҳам, Гуччи костюмларини кийиб олган (худди бировнинг елкасидан ечиб олгандек) партия хўжалик активлари ҳам, «поручик Голицын» ҳам, Жуков ҳайкали ҳам… Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам социал тинчлик керак!»[12]

Ленинлаштиришни йўқотиш кўпроқ собиқ иттифоқдош республикалар ҳамда Шарқий Европа мамлакатларида кузатилди. Жумладан, Ленин шахсига сиғинишга қарши кураш Болтиқбўйи ва Ўрта Осиёда деярли оммавий тус олди. Аксилсовет кайфиятлар энг кўп тарқалган минтақаларда (Болтиқбўйи, Ғарбий Украина, Молдавия) бу ҳаракат совет ҳокимияти пайтидаёқ, 80-90-йиллардаёқ бошланган эди. Масалан, СССРда Ленин ҳайкали олиб ташланган биринчи жой УССР Львов вилояти Червоноград шаҳри бўлди (1990 йил апрель). Шарқий Европа мамлакатларида ленинлаштиришни тугатиш жараёнлари бахмал инқилоблар пайтида, 1989 йилдаёқ бошланган. 1990-йилларда ЧРИда Лениннинг деярли барча ҳайкаллари йўқ қилинди, Қорабоғ зиддияти пайтида эса Ленинни иккала томон ҳам фақат салбий баҳолар эди. Янги миллий раҳбарлар Лениннинг босқинчилик ва марказга бўйсундириш рамзи деб қабул қилишар, халқ қаҳрамонлари сифатида эса асосан миллий-озодлик курашчилари, совет диссидентлари ҳамда Фуқаролик уруш йилларидаги миллий давлатчилик муассасаларининг арбоблари илгари суриларди.

2011 йилда Госдума депутати Роберт Шлегель[13], тарихчи Андрей Зубов[14], Рус православ черкови[15] Россияда ленинлаштиришга барҳам беришни ёқлаб чиқишди.

2013-14 йилнинг қишида Украинанинг кўплаб шаҳарларида Ленин ҳайкаллари бузиб ташланди.

Россияда ленинлаштиришга барҳам беришни танқид қилиш асосан Лениннинг жасадини Мавзолейдан олиб чиқиш фикрига жавоб тариқасида юзага келган. Масалан, КПРФ фракцияси депутати Дмитрий Новик шундай деган: «Шуни ёдда тутиш керакки, Лениндек улкан шахслар фақат ўз-ўзига тегишли бўлмайди… Улар кетгач, миннатдор халқ уларга ўнлаб, баъзан юзлаб ёдгорликлар, баъзан эса мавзолейлар ўрнатади…». [16]Ёзувчи ва публицист Дмитрий Быков эса «Ленин билан орани очиқ қилиб олиш»га ҳозирги ҳукуматнинг маънавий ҳаққи йўқ деб ҳисоблайди.[17]

Ленин ғояларининг тарафдорлари ва рақиблари ўртасидаги баҳслар тўхтамаётган бўлса-да, Ленинни оддий тижорий брендга айлантиришни таклиф қилаётганлар ҳам бор (худди ҳозирги Хитойда Мао Цзэдунга ўхшатиб). 2013 йилда В.И.Ленин асарларининг путунхуа тилига таржимони Ван Цюань «Аргументы и факты» газетасининг мухбири билан суҳбатда шундай деган эди: «…Биз мутлақо тушунмаяпмиз: нима учун сизлар ундан пул қилмайсизлар? Ахир Ленин Маодан ҳам зўр бренд-ку! Ёдгорликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйса бўлади… Сизларда кимдир уни илоҳийлаштириб юборар экан, кимдир лаънатлар экан. Лекин бунчалик чуқур кетмаган яхши. Сизлар Лениннинг ғояларини бутун дунёга тарқатиш учун пул тўлар эдингиз, аслида эса шунинг орқасидан пул қилиш керак».[18]

Ленинизмга қайтиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. 1990-йилларда Молдавияда Ленин ҳақида хотиралар аёвсиз йўқ қилинди, аммо ҳокимият тепасига коммунистлар келгач, мамлакатда Ленинг «ижобий образи» тиклана бошлади. Коммунистлар ҳокимиятдан четлаштирилгач, Молдавия ҳукумати мамлакатда совет ёдгорликларини, жумладан, Ленинга бағишланган хотираларни сақлаб қолиш масаласига қайтишга уринди, бироқ тез орада Михай Гимпу ҳам четлаштирилди. Белоруссияда ҳам шундай бўлди, мустақилликка эришилгач, совет рамзларидан воз кечиш бошланди, бироқ совет даврига мойилроқ бўлган президент А.Г.Лукашенко бу жараённи тўхтатди. 2012 йилда КиберЛенинка электрон кутубхонасига Ленин номи қўйилди.

ЛЕНИН ВА УНИНГ ОИЛАСИНИНГ ШАХСГА СИҒИНИШГА МУНОСАБАТИ

Ленин ўзига нисбатан қилинаётган маддоҳликларга салбий қарар эди. М.С.Восленскийнинг фикрича, азбаройи банд бўлганидан унинг бунга эътибор беришга вақти ҳам бўлмаган. Америкалик тарихчи Нина Тумаркиннинг айтишича эса, Ленин ўзининг «безарар икона»га айланиб қолишидан қўрққан ва ўз издошларининг ҳамду саною мадҳларига ишонмай, улардан ижрочиликни талаб қилган. Восленский ўзининг «Номенклатура» асарида таъкидлашича, агар Ленин Хрушёвдан кейин ўзининг шаънига айтилган «уятсиз мадҳиялар»ни эшитса, «ниҳоятда жирканиб кетган бўлар эди».

Ленин ўз шахсининг улуғланишига қатъиян қарши эди.[19] Унинг ёрдамчиси В.Д.Бонч-Бруевич шундай эслайди: «Бир куни мени Лениннинг ҳузурига шошилинч чақириб қолишди. У менга шундай хитоб қилди: «Бу қанақаси? Бунга қандай йўл қўйдингиз? Газеталарда нима ёзишаётганига бир қаранг! Одам ўқишга уялади. Мени ҳали ундай, ҳали бундай деб ёзишяпти, бўрттириб юборишяпти, мени доҳий деб, қандайдир ғайриоддий одам деб аташяпти. Мана бу ерда эса аллақандай ғаройибот… Жамоа бўлиб, менинг соғ бўлишимни исташяпти, талаб қилишяпти, хоҳлашяпти… Бунақада ҳали менинг соғлимни сўраб дуо қилишгаям боришади. Бу даҳшатку ахир! Бу нарсалар қаёқдан келди? Биз бутун умр бир одамнинг шахси улуғланишига қарши ғоявий курашиб келяпмиз, қаҳрамонлар масаласини ҳам аллақачон ҳал қилганмиз, буёқда эса бирданига шахсни улуғлашяпти! Бу ҳеч нарсага ярамайди… Мен ҳамма қатори одамман».

Бундан ташқари, Ленин ўзининг таъзим қилинадиган объект бўлишни истамаслигини омма олдида айтгани ҳам машҳурдир. Бу воқеа унинг туғилган кунини нишонламоқчи бўлишганларида содир бўлган. Ўшанда у ўзини улуғловчи нутқлар тўхтамагунча юбилей йиғилишига кирмай турган эди. У танаффусдан сўнг киргач, гулдурос қарсаклар билан кутиб олишган. Шунда у тўпланганларга мақтовлар учун ҳамда уларни эшитишдан халос қилишгани учун камтарлик билан миннатдорчилик билдирган. Сўнгра Ленин вақти келиб, юбилей саналарини нишонлашнинг бундан ҳам «мақбулроқ усуллари» пайдо бўлса керак, деб умид билдирган ва ўз нутқини кундалик партия муаммоларининг муҳокамаси билан якунлаган.[20]

1924 йил 30 январь куни, Лениннинг вафотидан 9 кун кейин «Правда» газетасида Крупскаянинг мактуби чоп қилинди. Унда қуйидаги илтимослар бор эди: «Менинг сизларга катта илтимосим: Ильич билан боғлиқ қайғуларингиз унинг шахсини сиртдан улуғлашга ўтиб кетмасин. Бунга йўл қўйманг. Унга ҳайкаллар қўйманг, саройларни унинг номи билан атаманг, унинг хотирасига дабдабали тантаналар қилманг ва ҳоказо. У ҳаётида буларнинг барчасига жуда кам аҳамият берар эди, буланинг барчасидан жуда малолланар эди».[21] Бироқ, бу ожиз норозиликка ҳеч ким қулоқ солмади. Биринчи Мавзолей қуриб бўлинган, Лениннинг танасини мўмиёлаш ишлари бошлаб юборилган эди.

Абу Муслим: “ШАХСГА СИҒИНИШ” китобидан



[1] Сочинения В. И. Ленина — статья из Большой советской энциклопедии.

[2] См. Е. Виттенберг, доктор исторических наук. Ленин против культа Ленина. Статья. // Настольный календарь за 1991 год. — М.: Издательство политической литературы, 1990. — ISBN 5-250-00957-3

[3] Сочинения В. И. Ленина — статья из Большой советской энциклопедии.

[4] Юбилейная медаль «За доблестный труд. В ознаменование 100-летия со дня рождения В. И. Ленина»

[5] 1 рубль 1970 «Сто лет со дня рождения В. И. Ленина» — самая массовая юбилейная монета

[6] Первые шаги монументальной ленинианы. Памятники В. И. Ленину в 1918—1925 годах

[7] Five Lenin statues in unexpected places — BBC News

[8] Montpellier unveils statue to 'great man' Lenin — BBC News

[9] Луис Фишер. Жизнь Ленина.

[10] Пивоваров Ю. С. Передельная Россия. № 7, июль. // kinoart.ru (07.2001).

[11] Пивоваров Ю. С. Передельная Россия. № 7, июль. // kinoart.ru (07.2001)

[12] Роберт Шлегель: «Я предлагаю деленинизацию страны»: Голос России.

[13] Роберт Шлегель: «Я предлагаю деленинизацию страны»: Голос России.

[14] Зубов А. Декоммунизация, а не десталинизация.

[15] Потребительское общество — это тупик. Православные священники о необходимости великих целей.

[16] Новиков Д. Г. Нынешняя Россия в долгу у Ленина и Сталина.

[17] Быков, Дмитрий. Марксизм и империокретинизм

[18] Зотов, Георгий. «Превратите Ленина в деньги!». Почему в Китае не отказываются от культа Мао Цзэдуна? // Аргументы и факты. — 2013. — № 45 (1722) за 6 ноября

[19] Такер, Роберт. Сталин. Путь к власти, 1879—1929 : История и личность.. — М.: Прогресс, 1991. — 478 с. — ISBN 5-01-003640-1.

[20] Такер, Роберт. Сталин. Путь к власти, 1879—1929 : История и личность.. — М.: Прогресс, 1991. — 478 с. — ISBN 5-01-003640-1.

[21] Пусть не померкнет её благородный образ. // gazeta-pravda.ru.