Азоб-уқубатларга тўла тарих инсон ҳаётига нисбатан 20-30 йилларда амалга оширилган репрессия давридагидек очиқча нафратни кўрмаган. Бошдан оёғигача шармандаликка бурканган сталин ўтмиши ҳаддан ташқари шуҳратпарастлик инсонни қонли жиноятларга бошлашини ҳаёт кўрсатади ва келажак учун бизга қаттиқ дарс беради.
Виждон овозига қулоқ солган ҳолда ўша машъум йилларда содир бўлган воқеаларни шунчаки айтиб бўлмайди, чунки ўтмишсиз келажак йўқ ва келгусида бу каби фожиаларнинг вужудга келишидан қочиш учун биз тарихий ҳақиқат ва Аллоҳ таолонинг қонунлари билан ҳамжиҳатликда яшамоғимиз даркор. Ўзини энг мукаммал даҳо деб санаган Иосиф Сталин ўлимига қадар ҳам давлатни фақат зўравонлик билан бошқариб бўлмаслигини тушуниб етмади. СССРнинг ҳеч бир раҳбари ўтакетган адолатсизлик учун жавобгарлик юкини у каби ташимайди. Унинг тасдиқланган дунёқараши тарихига юзаки қарайдиганлар ёки содда инсонларгина унинг қўл остидагилар шунчалар жирканч қонунбузарликларни содир этганлигини Сталин билмаган деб ҳисоблашлари мумкин. Аслида, у нафақат буларнинг барчасини билган, балки уларни синфий душманларга нисбатан шафқатсиз бўлишга мажбур қилган ва ўша “душманлар” рўйхатига нафақат турли хил сабабларга кўра ўзига ёқмаганларни, балки уларнинг қари ота-оналари, хотинлари, ёш болалари, барча яқин ва узоқ қариндошларини ҳам киритган. Гуноҳкор ва маккор ҳукмдор тарихни ҳеч қачон алдай олмаслигини, кўплаб қон тўкилишига сабабчи бўлган қаҳри қаттиқ инсонларни дунёнинг бутун халқлари, барча динлари тўхтовсиз лаънатлашини унутиб қўйган. Уларнинг омонат дунёвий шуҳрати мана шундай тарзда ўтади, олдинда эса уларни ўзлари содир этган даҳшатлардан анчагина оғирроқ бўлган жаҳаннам азоби кутмоқда. 30 йиллардаги қайғули воқеаларни эслаш, албатта, инсонни азобга солади, лекин бу азобли фикрлар инсонни ёвузлик ҳақида мулоҳаза қилишга ва эзгуликка қадам босишга ундайди. Бу ёвузликдан фақатгина руҳий азоб чекиб фориғ бўлиш мумкин. Ушбу фожеани ўйлаб ўтказилган қайғули тун ва кунлар – виждон учун имтиҳондир. Бу жуда оғриқли, лекин аянчли ҳақиқатдир. Ҳақиқатдан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайсан. Ўша пайтда содир бўлганлар инсоният дунёси тозаланишга ва ўз руҳий ибтидосига мурожаат этишга муҳтож эканлигидан далолат беради. Ушбу кескин эҳтиёжни англаш шундоқ ҳам инсон ҳаётини ахлоқий жиҳатдан тушуниш йўқолиб кетган деб фараз қилинадиган замонавий жамият учун катта аҳамият касб этади. Лекин диний қадриятларни асос деб билган инсонлар томонидан эзгуликни танлашларига умид қилиш сақланиб қолган. Шундай қилиб, Совет ҳукумати томонидан дастлабки йилларда эълон қилинган виждон эркинлиги ва бошқа ҳуқуқлар марказда ҳам, жойларда ҳам бузиларди. СССРнинг ибодат қилувчи ва ибодат қилмайдиган фуқаролари ўртасида тенглик таъминланмаганди, конституцияда белгиланган динга тааллуқли кўрсатмалар умуман ижро этилмасди, Ислом ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Ўртоқ Сталинни жосуслик хасталиги эгаллаб олгач эса 20-йилларнинг иккинчи ярми ва, айниқса, фожиали ўттизинчи йилларда, диний ташкилотлар суриштириб ўтирмасдан империализм ва фашизмнинг гумаштаси ва ҳамкори деб эълон қилинарди. Сталиннинг қўл остидагилар чарчамасдан имомлар ва руҳонийларга қарши даҳшатли айбловлар ўйлаб топишардики, уларнинг орасида ўз Ватанини арзон гаровга сотиш ҳам бор эди. Натижада уларнинг аксарияти нима сабабдан ёмонликка дучор бўлаётганини билмасдан ўлиб кетди. Ахир мусулмон халқлари истиқомат қиладиган ҳудудларда дин хизматчиларининг бир қисми уларни қўллаб-қувватламаса, биринчи социалистик ўзгартиришларни амалга ошириш имконсиз бўларди. Масалан, бойларнинг ерларини қайта тақсимлашда эътиқоддаги деҳқонлар уларга бўлиб берилган ерларни олишдан бош тортадилар, уларнинг фикрига кўра, бу ерлар уларга тегишли эмас эди. Имомлар эса бу ҳолда истисно қилиш мумкинлигини уларга тушунтирар эдилар. Дин хизматчиларининг ўша даврдаги мурожаатномаларидан бирини мисол тариқасида келтириб ўтаман. Унда шундай дейилганди: “Кўп ери бўлган бойларнинг ўзи ерларини ерсиз деҳқонларга тақсимлаб беришлари лозим. Агарда улар ҳийла ва ёлғон йўллар билан тўплаган ортиқча ерларини ўзлари тарқатиб бермас эканлар, ерларнинг ҳукумат томонидан тақсимланиши ва деҳқонларнинг улардан фойдаланиши ҳаром ҳисобланмайди”. Улар нима сабабдан совет ҳукуматини қўллаб-қувватлашди? Имомлар асрлардан бери давом этиб келаётган ижтимоий тенгсизликни енгиб ўтишда, шу билан ўша даврдаги жамиятни андозадаги мусулмон адолатига яқинлаштиришда халққа ёрдам берадилар, деб умид қилишган. Лекин уларни инсофсизларча алдашди. Мусулмонларнинг қалбидаги ишончни абадий ўлдирди. Озиқ-овқат тайёрлашда маҳаллий вакиллар ислом дини хизматчиларига чўчқа гўшти ва жунини топшириш талабини қўярдилар, қурби етмайдиган солиқлар белгилардилар, уларни тўлай олмаган имомларни судга топшириб, жаримага тортардилар ва маъмурий тартибда мол-мулкларини олиб қўярдилар. Сталиннинг жонкуяр хизматкорлари оғир меҳнатга ҳаттоки касаллар ва майиб-мажруҳ кексаларни ҳам жўнатишарди, соғайиш учун муҳлат ҳам беришмасди, буни айнан навбатдаги намоз бошланишидан олдин қилишарди. Кўпчилик жойларда қишлоқ хўжалиги кенгашлари томонидан имомлар ва уларнинг оила аъзоларини уйларига киргизиш қатъиян ман қилинганди. Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, репрессияга учраган дин хизматчиларининг фарзандлари Беҳудага бошпана қидириб, қорда тунаб, оёқларини совуққа олдирардилар. Имомлар ва ибодат қилувчилардан Қуръон ва бошқа диний китоблар олиб қўйилар, оммавий тарзда масжидлар ёпиларди. Уларнинг кўпчилиги, ҳаттоки архитектура ёдгорлиги деб тан олинганлари ҳам, аёвсиз яксон қилинарди. Бир қисмидан эса хўжалик эҳтиёжлари учун омбор, пичанхона сифатида фойдаланила бошланган, ва табиийки, буларнинг бари “кенг ишчи оммасининг истаги”га кўра амалга оширилганди. Айнан мана шу вақтда туркий тилдаги халқларнинг алифбосини лотинлаштириш ўтказилганди. Бу Сталиннинг вилоят ҳокимлари томонидан саводсизликни тугатишни “тезлаштириш” шиори остида амалга оширилган эди. Аҳмоқлар! Мусулмон минтақаларида минг йиллар давомида фойдаланиб келинган араб ҳарфлари билан саводсизликни яна ҳам тезроқ йўқ қилиш мумкин эди. Бир неча йилдан сўнг улар кирилл алифбосига ўтишга қарор қиладилар, лотин алифбосига ўтиш учун сарфланган ҳаракат ва ҳаражатлар, ҳавога улоқтирилган бўлди. Йирик маънавий, маданий ва тарихий қимматга эга бўлган диний китоблар барча жойларда йўқ қилиб ташланди. Диндорларнинг ҳуқуқлари мунтазам поймол этилди, болаларга ислом динини ўргатишга тўсқинлик кўрсатилди, масжиднинг даромадлари мислсиз солиқларга тортилди. Юқорида санаб ўтилганларнинг барчаси Ислом олимларининг қўлида бўлган материаллар билан тасдиқланади. Архивларда ўша пайтларда мусулмонларга нисбатан амалга оширилган чидаб бўлмас даражадаги ҳуқуқбузарликларга гувоҳлик берувчи катта миқдордаги ҳужжатлар сақланиб қолган. Улар бугунги кунда бизнинг томонимиздан қоралаш учун аниқ манба сифатида фойдаланилмоқда. 1930 йил 8 майда ВЦИК ҳайъатининг аъзоси, ўртоқ П. Смидович М.И. Калининга шундай деб ёзади: “Мусулмон динига доир ҳолат, бошқа динларга нисбатан ёмонроқ, лекин умуман олганда, барча динлар учун хос бўлган манзарада. Коллективлаштириш бўйича букишларни партия ғайрат билан амалга оширмоқда, диний фронтдаги букишлар ҳам давом этмоқда”. Ўша пайтда Турар Рисқулов ёзади: “Очликдан ўлган мусулмонлар сони жуда кўпчиликни ташкил этади”. Динга нисбатан бунчалар ваҳшиёна муносабатга мақбул изоҳни топиш мумкинми?! Социализмни қуришда дин нимаси билан халақит берган экан? Мен бу саволни бугунги кунда ўтмишни қўллаб-қувватлашга уринишларини ҳали ҳам қўймаётганларнинг барчасига бераяпман. XX асрнинг бошларига қадар Ўрта Осиёлик Ислом олимлари бутун мусулмон оламининг маънавий ҳаётида илғор бўлишган ва дунёнинг барча бурчакларида юксак ҳурматга сазовор бўлишган, лекин 20 йилларнинг охири 30 йилларда ушбу кенг минтақанинг маънавий марказлари яксон қилинди. Шунга қарамасдан, 2-жаҳон уруши бошланганда, тобора заифлашиб бораётган мусулмон маънавияти нацизмга қатъият билан қаршилик кўрсатиб, бу даҳшатлар ва қўрқинчли адолатсизликдан чиқа олди.
Ҳатто Сталин ҳам совет руҳонийларининг ватанпарварлиги ва мардлигидан бир мунча таъсирланади. Чунончи, у бундан олдин ўз лагерларида қанчадан-қанча ибодат қилувчи ва уларнинг имомлари отиб ташланганини жуда ҳам яхши биларди. 1943 йилда келган илиқлик узоқ давом этмади. 50 йилларнинг охирларида дин 1980 йилга қадар коммунизмни қуриш дастури билан боғлиқ яна бир қатор маъмурий таъқиқларга дуч келди. Жиддий илоҳиёт ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди, омон қолган Бухоро мадрасасида таълим дастури ҳукумат томонидан қатъий чекланган, талабаларни қабул қилиш чегараланган эди. Кўпчилик Ислом илмлари ўқитилмасди, кўпинча, ўқишга кирувчилар қўрқитилиб, дўқ-пўписа қилинарди ва у ерга ўқишга кириш ҳуқуқи эвазига КГБ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш талаб этиларди. Шунинг учун ҳам бу мадраса битирувчилари замонавий мусулмон олами ютуқлари билан яхши таниш эмаслиги, бор йўғи расм-русум масалаларини билишлари ва доимий моддий қийинчиликларни ҳис қилишлари унчалик ҳам ажабланарли эмас. Давлатимизнинг мустақиллиги эълон қилингандан кейингина мусулмонлар ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар носоғлом тушунчадан келиб чиқадиган таъқиб қилинишдан ва турли хил маъмурий чекловлардан озод бўлдилар. Охирги йилларда биз янгиланишларнинг, биринчи навбатда, сифатли янгиланишларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бизнинг халқимиз дунёвий фикрлаш ва ҳаёт тарзини танлаган бўлсада, бу бизнинг эътиқодимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаяпти, энг асосийси, бизнинг давлатчилигимизга яққол ифодаланган мақсадга қаратилган инсонпарварлик хосдир.
Абу Муслим, Қора кунлар" китобидан