loader
Foto

Минглар

Минглар – ўрта асрлар қабиласи – дастлаб ҳарбий бирлик сифатида ташкил қилинган, XVI асрдан бошлаб Мовароуннаҳр ҳудудида ўзбек қабилаларидан бири сифатида қайд қилиб келинади. 1709-1876 йилларда – Қўқон хонлигиа ҳукмрон ўзбек сулоласи.

Мовароуннаҳрда минглар ҳақидаги илк қайдлар XV асрга тегишли. Уларнинг келиб чиқишига оид турли фаразлар мавжуд.

Ривоятларга кўра, ўзбеклар-мингларнинг тарихи қирқ ва юз каби қабилалар билан боғлиқ бўлиб, бу уларнинг келиб чиқиши туркий асосга эга эканлигидан далолат бериши мумкин. Тадқиқотчи Ч.Валихонов 96 та ўзбек қабилалари ҳақидаги афсоналарни қайд этган бўлиб, улар орасида минг, юз ва қирқлар ҳам бор эди. Унинг фикрига кўра, бу қабилалар қадимги туркларнинг авлодлари эди.

Темурийлар даврида ўзбеклар-мингларнинг алоҳида гуруҳлари Мовароуннаҳрда яшаган. XVI аср бошида мингларниг айрим гуруҳлари Дашти-Қипчоқдан Мовароуннаҳрга юриш пайти Шайбонийхон қўшинлари таркибига кирган. Кўп сонли ёзма манбалар XVI асрда Фарғона ва Зарафшон водийларида, Жиззах, Ўратепада кўплаб ўзбеклар-минглар бўлганлигини кўрсатади. Ўратепа ва Ургут беклари минглар уруғидан бўлган. Зарафшон ҳавзасида ҳам ўзбеклар-минглар кўп сонли бўлган.

XVI асрнинг кейинги ярми уларнинг бир қисми Балх томон кўчиб ўтди, қолган қисми эса воҳанинг жануби-шарқий ҳудудларини, Зарафшон тоғ тизмасининг тоғолди ҳудудларини ва Қозонриқнинг юқори оқими ҳудудларини эгалладилар.

Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида, XVI асрнинг иккинчи ярмида, мингларнинг зодагон ва бадавлат бир қисми, ҳукуматнинг сиқуви оқибатида Зарафшон соҳилларини тарк этиб, Амударё ортига, Балх томонга кўчиб ўтди. Бу ҳукмдор даврида Зарафшон ҳавзасида қолган, асосан камбағаллардан иборат бўлган минглар Ургут туманини эгалладилар.

XVIII асрда ўзбекларнинг минг уруғи Қўқон хонлигида ҳукмрон сулолага айланди.

Ўзбеклар-минглар Зарафшон округининг жанубий-шарқий қисмида ва Амударё ҳавзасида Ҳисор, Бойсун, Шеробод, Денов, Балх ва Қундузда, шунингдек, Хива хонлигида яшаган.

1920 йилга аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, минглар Самарқанд уездида сони бўйича ўзбекларнинг иккинчи ўринда турадиган уруғ-қабила гуруҳи бўлган, уларнинг сони 38 минг киши атрофида бўлган.

Зарафшон водийси ўзбеклари-минглари 3 та катта уруғга бўлинган бўлиб, улар, ўз навбатида, кичикроқ уруғларга бўлинган: 1. тугали (ахмат, чагир, туйи намоз, окшик ва б.), 2. боғлон (чибли, қора, мирза ва б.), 3. увок тамғали (алгол, чаут, жайли, урамас, тўқнамоз, киюхужа, ярат). Тугали уруғи беклардан бўлган.

Минглар уруғига мансуб ўзбеклар шимолий Афғонистонниг айрим ҳудудларида: Балх, Мозори-Шариф, Маймана ва Тошқўрғонда ҳам яшайди.

Абу Муслим таржимаси