Қуйидаги сўзларни марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара, 183).
Қадрли диндош ака-ука ва опа-сингиллар! Ҳар биримиз ўн бир ойдан бери орзиқиб кутган муборак Рамазон ойи етиб келди. Ушбу қисқа мақолада, аввало, менга, сўнгра диндошларимга эслатма бўлиб хизмат қиладиган бир мавзуга тўхталиб ўтмоқчиман. Кўпчилик мусулмонлар бугун, афсуски, рўзадорнинг нима қилиши кераклиги ҳақида нотўғри тушунчаларга эга. Улар пассив бўлиб, сўзнинг том маъносида ва мажозий маъносида уйқуга кетади. Аёллар куннинг асосий қисмини овқат пишириш ёки сериал томоша қилишга сарфлашади, эркаклар эса ёки ухлайди, ёки вақтини интернетда ўтказади.
Лекин бизнинг тақводор аждодларимиз вақтини бундай ўтказмасди. Аксинча, Рамазон уларнинг ижодий фаолиятини юксалтирарди, чунки овқатланиш ва ичишга сарфланиши керак бўлмаган бўш вақтнинг пайдо бўлиши ва руҳий кўтаринкилик уларнинг Аллоҳ йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишларига ҳисса қўшган.
Ушбу муҳим хулосани аниқ фактлар билан тасдиқлаш мақсадида сизларни муқаддас ойда бўлиб ўтган муҳим тарихий воқеалар билан яқиндан танишишга таклиф етаман. Рамазон ойи давомида веб-сайтимизда жаҳон тарихининг янада ривожланишига таъсир кўрсатган ушбу ойнинг бир воқеасига бағишланган материаллар бериб борилади. Биз шавкатли мусулмон қаҳрамонлар - Мусо ибн Нусайр, Тариқ ибн Зияд, Тариф ибн Малик, Салаҳуддин ал-Айюбий, Сайфуддин Қутуз, Бейбарс, Носир Муҳаммад ибн Қалавун, Сулаймон Қонуний ва Аллоҳ Таолонинг ёрдами билан Рамазон ойида ғолиб бўлган бошқаларнинг ажойиб ғалабаларига гувоҳ бўламиз. Солиҳ аждодларимиз орасида Рамазон руҳи мана шундай эди: атрофимиздаги дунёга - ички ёки ташқи душман билан кураш бўладими, пассив эмас, фаол муносабат.
Мусулмон дунёси ҳар томондан тажовузга учраб, оғир дамларни бошидан кечираётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шунинг учун бизнинг сайтимизда ҳикоя қилинадиган Ислом умматининг қаҳрамонлари ва ғурури фақат ўтмиш мулкига айланмаслиги керак. Рўзамиз фақат озиқ-овқат ва ичимликдан оддий сақланишдан иборат бўлиб қолмаслигини истаганимиз каби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари изидан борадиган янги авлодни тарбиялаш учун қўлдан келган барча ишни қилишимиз керак.
Шунинг учун ҳар сафар Рамазон ойида бўлиб ўтган яна бир воқеа ҳақида ўқиганингизда, ҳар бирингиз Ислом буюклиги учун жонини ҳам аямаган ҳикояларимиз қаҳрамонларини дуо қилинг, ҳозирги мусулмонлар учун ҳам Аллоҳга юзланинг, чунки саҳиҳ ҳадисдан биламизки, рўзадорнинг дуоси Аллоҳ томонидан рад этилмайди. Ҳар биримиз мулоҳаза қилайлик: ер юзида Аллоҳ динининг зафари учун нима қилмоқдамиз?!