Аморияга юриш
223-ҳижрий йил Рамазон ойининг 5-санасида (838 йил 31 июль) аббосийлар халифаси Мутасимнинг қўшини Византиянинг энг йирик шаҳри – Аморияга яқинлашди. Византия императори Феофилнинг жонажон шаҳрига юришни шахсан халифанинг ўзи бошқарди. Бу ҳарбий кампания Запетра ва бошқа араб қалъалари қўлга олинганидан кейин 100 минг кишилик Византия армияси томонидан 837 йилда содир этилган мусулмонлар қирғинига жавобан амалга оширилди. Халифа Мутасим қўшинлари қамал қилинган диндошларига вақтида ёрдамга кела олмадилар, чунки уларнинг барча кучлари маздакий-хуррамийлар мазҳабининг етакчиси, мусулмонларга қарши оташпарастлик қўзғолонига бошчилик қилган Бабекга қарши жанг қилиш билан банд бўлган. Бабекнинг иттифоқчиси – Феофилнинг ёрдамга келишга уринишларига қарамай, аббосийлар қўмондони Афшин Бабек ва унинг издошларини тоғлардан ағдариб, худосизни қўлга олиб, халифага етказишга муваффақ бўлди. Бабекни узил-кесил тинчлантиргандан сўнг Халифа Мутасим барча кучларини ўзининг золимлиги билан халифалик аҳолисини ларзага солган аввалги йилги қирғиндан қасос олиш учун Византия императорига қарши йўналтиришга қарор қилган эди.
Аморияга юриш тарихи
Араб солномаларида айтилишича, Бабек устидан қозонилган ғалабадан кейин Мутасим «Византия қалъаларининг қайси бири мустаҳкам ва энг яхши?» деб савол беради. Унга: «Амория. Ислом пайдо бўлганидан бери у ерда ҳали биронта мусулмон бўлмаган; у насронийларнинг кўзлари ва негизидир; византиялик орасида у ҳатто Константинополдан ҳам қадрланади» деб жавоб беришади. Шунда Мутасим 838 йил апрел ойининг бошларида 80 минг кишилик қўшин билан ўз пойтахти Самаррадан юришга чиқади. Авангард бошида турк Ашнас Муҳаммад ибн Мусъаба билан бўлган; ўнг қанотга турк Итах, чап қанотга эса – Жафар ал-Ҳаёт қўмондонлик қилган; марказдан Ужайф ибн Анбас ўрин олган. Византиялик император Феофил ҳам ўз қўшинлари билан Константинополдан чиқади. Араб қўшинлари кўп сонли эканлиги ҳақида хабар топгач, Феофил Аморияни мустаҳкамлаш ва уни тажрибали саркардаларга ишониб топширишга қарор қилади.
Византияга бир неча томондан бостириб кириш истагида бўлган Халиф Мутасим Афшин Ҳайдар ибн Каусни қўшиннинг бир қисми билан Серуж шаҳрига, Ашнасни эса – Сафсафуа шаҳрига жўнатади, ўзи эса бу пайтда Анкирага йўл олиб, уни забт этади ва Аморияга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Ашнас қўшини таркибида бўлган Амр ал-Фарғонийнинг отлиқ гуруҳи душманни асир олиб, улардан Феофил мана бир ойдан ортиқ вақтдан бери мусулмонлар ўтишини кутаётгани ва араблар катта қўшини Серуж томонидан (бу Афшин қўшини эди) юнонлар ҳудудига киргани ҳақида хабар олиши билан Афшинга қарши чиққани ҳақида қимматли маълумотлар олди. Мутасим Византия императорининг ҳаракатлари ҳақида, биринчи навбатда, Афшиннинг ўзини хабардор этишга қарор қилди, бироқ мусулмон айғоқчилари маълумотни етказишга улгурмади, чунки Афшин византияликлар ерига анча кириб кетганди.
Бир ойдан ортиқ вақт мобайнида мусулмонлар Афшин отрядининг тақдири ҳақида маълумотга эга бўлмадилар. Фақат июл охирида, Анкира қўлга олинганидан кейин Мутасим унга нима бўлганини билиб олди. Маълум бўлишича, Афшин билан Феофил жангида кўплаб анкирияликлар иштирок этган экан. Асирларнинг хабар беришича, Афшин қўмондонлигидаги мусулмонлар Никеяга чекинган император қўшинларини мағлубиятга учратганлар. Тез орада Афшиндан хабар келиб, у мўминлар амири ҳузурига йўл олаётгани хабар қилинди. Дарҳақиқат, эртаси кун Бабек ва Феофил ғолиби Анкирада халифа Мутасим билан бирлашди.
Византия армияси учун аянчли оқибатларга олиб келган Афшиннинг ғалабаси Феофилда кучли таассурот қолдирди. У руҳан чўкди. Ўтган йилги ғолибона кампаниясини унутиб, император Мутасимга изоҳлар ва ваъдалар билан элчиларни юборди. Феофил Запетрани қўлга олишда унинг қўл остидагилари унинг буйруғидан ташқари ҳаракат қилганини маълум қилди; у вайрон бўлган шаҳарни ўз маблағи билан қайта қуришга, нафақат Запетранинг асир олинган аҳолисини, балки асирликда қолган барча арабларни ва ҳатто патрицийларнинг айби билан шаҳарни босиб олишда бебошлик қилган ўз одамларини ҳам халифага топширишга ваъда берди. Мутасим императорнинг илтимосларига эътибор бермади, элчилар устидан кулиб, византияликларга қўрқоқликлари учун танбеҳ бергач, қамалнинг гувоҳи бўлишлари учун Аморияни қўлга олишгача элчиларни ўзи билан бирга ушлаб турди.
Халифа ўз кучларини Аморияга қараб юргазди. Унинг қўшини уч устунга бўлинган: марказда Мутасимнинг ўзи бўлган; чап устунни Ашнас, ўнг устунни - Афшин бошқарган.
Бу пайтда Амория ўзининг энг гуллаб яшнаган даврини бошидан кечираётган эди. Византияда келиб чиқиши Амориядан бўлган сулола ҳукмронлик қиларди. Олдинги император Михаил II ўз она шаҳрини Пессинунта, Синнада ва Антиохия провинциялари қисмлари унга бўйсундирилган метрополияга айлантирди. Бундан ташқари, Амория кучли қалъа бўлиб, деворларда қирқ тўртта ҳарбий минора бор эди.
Орадан етти кун ўтиб, қўшин Аморияга етиб келди. Ашнас биринчи бўлиб келиб, шаҳардан икки чақирим нарига жойлашди; Мутасим унинг ортидан келди; учинчи куни эса Афшин етиб келди. Мусулмон саркардаларининг ҳар бирига қамал учун шаҳарнинг маълум бир қисми тайинланган: бир раҳбар иккитадан йигирматагача минорадан тўғри келган.
Абу Муслим таржимаси