loader
Foto

Тарихда Рамазон (6-кун)

Амориянинг қамал қилиниши ва қўлга олиниши (давоми)

223-ҳижрий йил Рамазон ойининг 6-куни (838 йил 1 август) Аморияни қамал қилиш бошланди, бунга мусулмонлар жуда жиддий тайёргарлик кўргандилар. Шаҳар аҳолиси, ўз навбатида, охиригача жанг қилишга қарор қилдилар ва халифа қўшинларига кучли қаршилик кўрсатдилар. Ҳар икки томон ҳам сезиларли зарар кўрди. Мусулмонлар шаҳар қамалини бекор қилиб, қайтиб кетмоқчи бўлган вақт ҳам бўлди. Бироқ, Аллоҳ буни хоҳламади, чунки Запетра мусулмонларининг азоблари – бегуноҳ ўлдирилган чоллар, асирликда қийноққа солинган эркаклар, мажбуран насронийга айлантирилган болалар ва номуси топталган аёллар – византияликлар учун бу дунёдаёқ изсиз ўтмаслиги керак эди.

Қамалнинг муҳим палласида аморияликлар орасида Феофил қўрғонини қўлга киритишда халифа қўшинларига ёрдам берган бир киши топилди. У византияликлар томонидан қўлга олинганидан кейин христианликка айлантирилган мусулмон эди. Қамал пайтида у яширинча шаҳарни тарк этиб, халифанинг олдига келиб, унга осонгина ёриб ўтиш мумкин бўлган девордаги жойни кўрсатди. Гап шундаки, қамалдан сал олдин ёмғир туфайли кўтарилган сув майдонни ювиб, деворнинг бир қисмини вайрон қилган эди. Феофил буни билиб олгач, Амория ҳокимига уни дарҳол қайта қуришни буюрди. Лекин у императорнинг буйруқларига риоя қилмади ва Феофил Константинополдан чиққанини билгач, унинг ғазабидан қўрқиб, бузилишларни бир амаллаб таъмирлади ва девор тепасида аввалгидек, данданалар ўрнатди.

Олинган маълумотлар бебаҳо эди. Дарҳақиқат, Мутасим баллисталарни кўрсатилган йўналишда жўнатиши биланоқ деворнинг бир қисми қулаб тушди. Бўшлиқни кўриб, византияликлар бир муддат уни ёғочлар билан бекитдилар ва баллистанинг таъсир кучини камайтириш учун ёғочларни намат билан қопладилар. Лекин узлуксиз отишни ўрганиш ёғочларни парчаларди ва бу нуқтада девор яна қуларди.

Амория ҳокими Аэций ва Феофил томонидан бу ерга юборилган византиялик ғулом девор вайрон қилингани, византияликлар мушкул вазиятга тушиб қолгани ва шаҳар атрофидаги араб қўшинлари сони кўп эканлиги ҳақида императорга мактуб юборишга қарор қилади. Аэций тунда чиқиб, душман сафларини ёриб ўтиш ва импертор ҳузурига йўл олишга қарор қилади.

Мактубни Феофилга етказиш учун икки шахсга – юнон қули ва араб тилини жуда яхши биландиган бир одамга топширилади. Улар шаҳардан чиқиб кетишди, лекин ҳандақдан ўтишга ҳам улгурмасдан Амр ал-Фарғонийнинг разведкачиларига рўпара келади. Улардан: «Қаердансизлар?», деган саволига «Биз сенинг дўстларингмиз», деб жавоб берди улар. Лекин араб раҳбарларидан бирортасининг исмини билмай, иккинчи саволга жавоб бера олмадилар: улар жосусликда гумон қилиниб, дарҳол Мутасимга олиб кетилди, уларни тинтув қилиб, Аэцийнинг императорга ёзган мактубини топишди.

Халифа мактубни ўқигач, ислом динини қабул қилишга рози бўлган юнон элчиларини пул билан тақдирлаб, эртаси куни эрталаб уларни бой кийимларга кийдириб, Амория деворининг айнан Аэций турган минораси ёнидан олиб ўтишни буюрди. Икки киши уларнинг олдида пул кўтариб борар, элчиларнинг қўлида эса Аэций ёзган хат бор эди. Бундай кутилмаган манзарани кўрган Аэций ва бошқа византияликлар деворлардан туриб, "хоинлар"деб бақира бошладилар. Бу воқеадан сўнг Мутасим қамал қилинганларни шаҳардан элчи юборишга ҳар қандай имкониятдан маҳрум қилиш учун кескин чоралар кўришга қўл урди. Араб армиясида доимий ўрнатилган пикетлар ташкил этилган; қуролли аскарлар ҳатто отдан тушмасдан ухларди.

Аморияга яқинлашиб келаётган Мутасим ҳандақ кенглиги ва деворларнинг баландлиги ўрганилгач, қуйидаги йўл билан шаҳарни эгаллашга уриниб кўрди. У ҳар бири тўрт кишини сиғдирадиган деворларнинг баландлигига мутаносиб равишда баллисталар қуришни буюрди. Бу баллисталар аравалар жойлаштирилган майдончаларга жойлаштирилди. Баллистадан ташқари, ҳар бири ўн кишини ушлаб турадиган баланд кўчма миноралар кўтарилди. Кейин ҳандақни йўқ қилиш чоралари кўрилди. Бунинг учун аскарларга биттадан қўй тарқатилиб, унинг гўшти ейиш, тупроқ билан тўлдирилган терисини эса ҳандаққа ташлаш буюрилди. Ҳандақ шундай терилар билан тўлдирилгандан кейин кўчма миноралар деворнинг ўзига келтирилиши мумкинлиги сабабли шундай буйруқ берилганди. Аммо, юнон тошларидан эҳтиёт бўлиб, жангчилар териларни тўғри келганича ташларди ва уларни текислаш учун ҳеч қандай йўл йўқ эди. Шунда Мутасим терилар устидан тупроқ ташлашни буюрди. Бир минора деворга қараб сурилди, лекин ҳандақнинг ўртасига илиниб қолиб, ундан нарига ўта олмади, шунда ундаги одамлар деярли ҳалок бўлишди. Мутасимнинг Аморияни қўлга киритишга бўлган илк уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди.

Эртасига Халифа ҳужумга ўтишни буюрди. Ашнас ва унинг жамоаси жангга биринчи бўлиб киришди, аммо жанг учун жуда кам жой бўлгани учун муваффақитга эришмади. Мутасим кейинроқ йирик баллисталарни олиб келишни буюриб, деворни бомбардимон қила бошлади. Сўнгра қалъанинг ҳужуми Афшин қўшинига топширилди. У фаол жангга кирди ва олға ҳаракатланди.

Учинчи куни жангнинг асосий юки Мутасим жангчиларга тушди. Улар орасида мағрибликлар ва турклар ҳам бор эди. Туркларнинг қўмондони Итоҳ эди. Мутасим қўшини ўзининг энг яхши томонини кўрсатди.

Бу орада деворнинг катталашиб бораётган тешиги олдида курашаётган византияликлар оғир талафот кўрдилар. Шунинг учун деворнинг бу жойидаги Венду исмли қўмондони қолган кучлар билан мусулмонларнинг босимига дош беролмай, Аэций ва бошқа раҳбарлардан ёрдам кўролмай, уларга мадад сўраб мурожаат қилди. Унинг таажжубига кўра, бунинг жавоби қўпол рад жавоби олди: «Девор биз томонимизда бузилмаган», - деб жавоб берди раҳбарлар – «биз сендан ёрдам беришингни сўрамаяпмиз. Бу сенинг ишинг ва мудофаа қисмингдир. Биз сенга ёрдам бера олмаймиз».

Венду бу жавобдан кейин бошқа йўл кўрмай, ўртоқлари билан келишиб, Мутасим ҳузурига боришга ва болалар учун ундан раҳм-шафқат сўраб, қалъани барча қурол-яроғ, мол-мулк ва бошқа нарсалар билан унга топширишга қарор қилди.

Эрталаб у аскарларига қайтиб келгунига қадар жангга киришмасликларини олдиндан буйруқ бериб, ҳақиқатда халифа ҳузурига боради. Венду ва Мутасим ўртасидаги музокаралар чоғида араб қўшини деворга яқинроқ яқинлаша бошлади ва бузилишнинг ўзига келди, византияликлар эса ўз бошлиқларининг буйруқларига амал қилиб, уларга қаршилик кўрсатмадилар ва фақат белгилар билан уларни бундан нарига ўтмасликка чақирдилар.

Шу пайт Мутасим ва Венду музокараларни тугатиб чиқиб келишади. Бирдан халифанинг яқинларидан бири Абдулваҳҳоб ибн Али қўшинларнинг шаҳарга киришига ишорат қилди. Шаҳарга кириб келаётган араб қўшинларини кўриб, Венду соқолини чангаллади. Мутасим сўради: «Сенга нима бўлди?» У жавоб берди: «Мен сенинг сўзингни эшитишни, сен эса меникини эшитишингни истаганим учун келдим! Менга хоинларча муомала қилдинг!» Шунда халифа: «Мендан нима сўрасанг, сенга беришга ваъда бераман. Нима хоҳлашингни айт, ва мен сенинг сўзларингга рози бўламан». Буга Венду жавоб берди: «Қўшинларинг аллақачон шаҳарга кирган бўлса, бу рози бўлишингдан нима наф?!» Аммо Мутасим давом этди: «Истаган нарсангга қўлингни қўй - бу сенга тегишли бўлади». Шундан сўнг Венду Мутасимнинг чодирида қолди.

Мусулмонларни кўриб, мағлубиятга учраётган византияликларнинг баъзилари Амория монастиридаги катта черковга шошилишди, бу ерда қаттиқ қаршиликдан кейин уларнинг ҳаммаси черков билан бирга ёниб кетишди ва баъзилари Аэций бўлган минорада йиғилишди.

Мутасим забт этилган шаҳарга от устида кириб келди, Аэций яшириниб ётган минора олдида тўхтади. Араблар: "Ятис (Аэций)! Мана, мўминларнинг ҳукмдори! Унга айтинг, мўминларнинг ҳукмдори шу ерда эканлигини!», деб қичқиришади. Лекин византияликлар юқоридан ўжарлик билан жавоб беришди: «Бу ерда Ятис йўқ!»

Мутасим жаҳли чикиб, энди узоқлашмоқчи бўлганида византияликлар минорадан: «Мана, Ятис келди! Мана, Ятис келди!» деб қичқира бошлашди. Минорага қайтган Мутасим унга қарши нарвон қўйишни буюрди, у билан бирга келиб чиқиши византиялик бўлган Ҳасан исмли жангчи Аэций билан музокара қилиш учун юқорига кўтарилди. Ҳасан уни ҳеч қандай шартларсиз халифага таслим бўлишга чақирди. Мутасим Аэцийга пастга тушишни буюрди. Кейин, ниҳоят, тепада қилич осиб олган Византия генерали пайдо бўлади. Қиличини ечиб, Ҳасанга топшираркан, Аэций Мутасим олдида ҳозир бўлади, у эса ғазабини жиловлай олмай, уни қамчи билан уради, сўнг чодирига келтиришни буюради.

Амориа қулади. Мусулмонлар жуда кўплаб ҳарбий асирларни ва турли ўлжаларни қўлга киритдилар. Аморияни қўлга киритгач, Афшин қўшинлари византияликларни мағлубиятга учратгандаёқ халифага юборилган Византия элчилари императорга қайтариб юборилди. Амория деворлари ва дарвозалари вайрон қилинган. Лекин шу билан бирга Мутасим Запетрани тиклаш ва мустаҳкамлашни ва унинг атрофида Табаржи, Ал-Ҳусайний, Бани Ал-Мўмин ва Ибн Раҳвон қалъаларини барпо этишни буюрди.

Мутасим Константинополга қарши юриш ҳақида ўйлаб, Византия пойтахтини денгиздан ва қуруқликдан ўраб олиш воситалари ҳақида суриштирган эди, лекин бу пайтда у жияни Аббос томонидан фитна ҳақида билиб олгани учун Шомга шошилинч қайтишига тўғри келади. Шунинг учун халифа ўзининг ҳужумкор режаларидан воз кечиб, пойтахтга қайтишга мажбур бўлди.

Абу Муслим таржимаси