loader
Foto

Тарихда Рамазон (7-кун)

Турғут-раис

960-ҳижрий йил Рамазон ойининг 7-санасида (1553 йил 15 август) Усмонийлар салтанати адмирали ва турк флоти қўмондони Турғут-раис (Ғарбда Драгут номи билан машҳур) 60 та галера бошчилигида Катания шаҳрига (Сицилия), шунингдек, Бастия қалъасига (Корсика) рейд уюштирди. Натижада у стратегик аҳамиятга эга бўлган иккала портни эгаллаб олди ва етти мингдан ортиқ мусулмонни асирликдан озод қилди. Сицилия Қироллиги ва Генуя Республикасига қарши бу денгиз юриши Франция-Туркия иттифоқи тузилганидан кейин амалга оширилган Эгей денгизига экспедициянинг бир қисми эди. Турғут-раис ёрдам учун мукофот сифатида қўлга киритилган ўлжалар ҳисобидан француз қиролидан 30 минг олтин дукат олади. Вазифани бажариб, Корсикани тўлиқ қўлга киритгач, турк адмирали ўша йилнинг декабрида эсон-омон Истанбулга қайтади.

Турғут-раиснинг қисқача таржимаи ҳоли

Усмонийлар салтанатининг келажакдаги денгиз қўмондони 1485 йил атрофида исломга кирган юнон деҳқони оиласида туғилган. Илк болалик чоғларида турк корсарлари қўлига тушади. 12 ёшида найза отиш ва камондан ўқ узиш бўйича ажойиб қобилиятлари Усмонийлар армиясининг қўмондони эътиборини тортди ва у йигитни денгиз флотига юборди. Тез орада Турғут тажрибали денгизчи, қамал артиллериясининг ажойиб тўпчисига айланди, бу адмиралнинг келажакдаги муваффақиятида катта рол ўйнади.

Бир қанча вақтдан сўнг Турғут Искандарияга бориб, у ерда машҳур корсар Синан Пошонинг хизматига кирган. Кема юритишни ўрганиб олгач, Турғут бригантина капитани этиб тайинланди. Бир неча муваффақиятли кампаниялардан сўнг Турғут бутун кемани сотиб олди ва кейинчалик замонасининг энг илғор қуроллари билан жиҳозланган ва қуроллантилган галлиотни бошқарди. 1520 йилда Турғут атоқли турк ҳарбий денгиз қўмондони Хайриддин Барбаросса қўмондонлиги остига келди, дарвоқе, унинг ҳам отаси исломни қабул қилган юнон бўлган. Ўз истеъдоди ва Барбаросса билан яқин дўстлик туфайли, Турғут тез орада бош лейтенант лавозимга кўтарилди ва 12 галиотдан иборат флотни ўз қўмондонлиги остига олди. Кейинги йиллар давомида Турғут-раис галиотлари Марказий ва Ғарбий Ўрта ер денгизидаги христианларга қарши кўплаб юришлар амалга оширди.

1538 йилнинг сентябрида «Муқаддас Лига» христиан флотининг Бирлашган кучлари (Испания, Папа вилояти, Венеция ва Генуя Республикалари, Мальта рицарлари ордени) ва Барбаросса эскадронлари ўртасида Превеза кўрфази яқинида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Турғутнинг 20 та галераси ва 10 та галиотидан иборат таркиби иккинчи линия марказида бўлди. Икки галлиоти билан у рицар Жамбаттиста Довизи қўмондонлигидаги папа галераларини қўлга олди. Ўша куни фақат кун ботишигина Бирлашган христиан кучларини батамом йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолди.

Кейин Аллоҳ Турғутнинг бошига жиддий синов солди. 1539 йил бошқа денгиз кампаниясидан сўнг, унинг кичик флотилияси Корсикадаги таъмирлаш учун тўхтади, у ерда италияликларнинг Бирлашган кучлари томонидан қўққисдан ҳужумга учради. Жангдан сўнг Турғутнинг фақат битта кемаси қочишга муваффақ бўлди, қолганлари қўлга олинди, унинг ўзи асир қилинди ва Генуя қамоқхонасига тушмагунча, тахминан тўрт йил (!) Генуя адмирали Андреа Дориянинг укаси галерасига қул бўлди.

Хайриддин Барбаросса Турғутни озод қилиш учун бир неча бор товон пули таклиф қилади, лекин унинг барча таклифлари рад этилади. Бироқ турк адмирали яқин дўстини бир дақиқага ҳам ёддан чиқармайди ва уни озод этиш учун имконият қидиради. Ва ниҳоят, тўрт йилдан сўнг Аллоҳ унга бундай имкониятни тақдим этади! 1544 йил Барбаросса 210 та кема бошчилигида, Франция-Туркия ўртасидаги битимга кўра, Испанияга қарши урушда француз қироли Франциск I га ёрдам кўрсатганидан кейин Франциядан қайтиб келаётганида Генуя яқинида тўхташга ва атиги бир кишини озод қилиш учун Ўрта ер денгизидаги етакчи насронийлар давлати пойтахтини қамал қилишга жазм этади. Натижада Турғут-раисни озод қилиш ҳақида музокаралар бошланади. Барбаросса Андреа Дорианинг қароргоҳига таклиф қилинади, бу ерда икки адмирал 3500 олтин дукатга Турғутни озод қилиш ҳақида келишувга келадилар.

Турғут асирликдан озод қилингач, Хайриддин унга флагман ва бир неча кемалар ажратган ва шу йили янги озод қилинган адмирал Корсикадаги Бонифацио қалъасини қўлга олиб, Генуя манфаатларига зарар етказган. Турғут италияликлар ва испанларга қарши кўплаб муваффақиятли денгиз рейдлар қилган. 1546 йил Муқаддас Рим империяси императори Карл V ўзи Турғутни қўлга киритиш учун Андреа Дория бошчилигидаги экспедиция юборди, бироқ у Франция-Туркия шартномаси шартларига кўра, хавфсиз бўлган Франциянинг Тулон портига қочиб кетишга муваффақ бўлди.

1546 йил июлда Хайриддиннинг вафотидан сўнг Турғут Ўрта ер денгизи Усмонийлар ҳарбий денгиз кучларининг бош қўмондони бўлиб, 1551 йилда расман Турк султони Сулаймон I хизматига кирди ва 1556 йилгача капудан-пошо (Усмонийлар империяси флоти қўмондони) унвонида бўлди.

Турғут-раис бир неча бор рақибнинг шундоққина ёнида қочиб қолишга муваффақ бўлади. Масалан, 1549 йилнинг октябрида Жерба оролидаги денгиз базасида Андреа Дория қўмондонлигидаги улкан христиан флоти пайдо бўлди ва Орол кўрфазидан чиқишга тўсқинлик қилди. Турғут-раис чалғитувчи маневр ёрдамида чекинишга мажбур бўлди (мусулмонлар муҳандислик ишларини олиб бориб, душманни мудофаа қилиш ва қўнишга тайёргарлик кўрдилар, аксарияти эса маҳаллий аҳоли кўмагида блокланган кўрфаздан оролнинг бошқа қисмига канал ётқиздилар). Галаларнинг асосий қисмини судраб ўтказгач, Турғут тузоқдан қутулиб қолади, Константинополга сузиб ўтиб, йўлда Дорияга ёрдамга келаётган кемаларга ҳужум қилиб, иккитасини қўлга олди. Истанбулда турк ҳарбий денгиз қўмондони Султон томонидан ажратилган маблағлардан 12 мингта яничарлари бўлган 100 та галераларни ёллаш учун фойдаланди. 1551 йилда эса Турғут ва адмирал Синан-пошонинг Бирлашган қўшини Адриатика денгизига бориб, турк эскадраси Венеция портларини ўққа тутди ва Европанинг насроний давлатлар савдосига жиддий зарар етказди. Май ойида султоннинг флот томонидан қўллаб-қувватланадиган қўшини Сицилияга лангар ташлади. 1551 йилнинг августида Турғут-раис Солиҳ-раис ва Синан-пошо билан биргаликда 1530 йилдан буён Мальта орденига тегишли бўлиб келаётган Триполини қамал қилиб, қўлга олди. Фақат турк ҳарбий раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликлар Мальта устига юриш ва салибчилар Мальта орденини узил-кесил мағлуб қилишдан қутқариб қолди. 1556 йилда Турғут-раис Триполи пошоси (ҳукмдори) этиб тайинланди. Ҳаётининг сўнгги йиллари икки муҳим воқеа: Жерба жанги (1560) ва Мальта қамали (1565) билан эсда қолди.

1560 йилнинг мартида мусулмонлар 90 кемадан иборат испан экспедицияси кучлари томонидан Жерба ҳужумини даф этишга муваффақ бўлдилар. Усмонийлар флоти кучлари насронийлар кемаларининг ярмини чўктиришга муваффақ бўлди ва Турғут-раис бошчилигидаги 5 минг кишилик Ливия армияси испанлар томонидан қўлга олинган Жерба қалъасини қайтариб олди.

Мальтани қамал қилиш машҳур адмиралнинг сўнгги жанги бўлди. Усмоний Султон Сулаймон флоти 1565 йилнинг май ойи ўрталарида оролга яқинлашди. Оролда ионитлар томонидан қурилган учта мустаҳкам базадан бири бўлган Сент-Эьлм форти ўққа тутилди. Бу форт турк флотига тўсқинлик қилиб, иккита тор кўрфазда ҳукмронлик қилгани учун танланган. Орадан бир неча кун ўтгач, ўша пайтда Триполи бейи лавозимини эгаллаб турган 80 ёшли Турғут-раис қамал қилаётган қўшинларга шахсан ўзи қўмондонлик қилган (Турғут форт қамалига қарши бўлган, аммо қамални тўхтата олмаган деган фикр ҳам мавжуд). Бироқ, сон бўйича устунликка қарамай, турклар бир ой давомида фортда қолиб кетади.

Истеҳком 23 июнда қўлга олинди. Ҳужумнинг сўнгги босқичларидан бирида Турғут-раис ҳалок бўлди. Унинг ўлими ҳақида турли тахминлар мавжуд. Баъзи манбаларга кўра, уни замбаракнинг ўқи ўлдирган, бошқа манбаларга кўра, Турғут 18 июнь куни кўзига теккан тош парчасидан яраланиб, Марса касалхонасига яширинча олиб кетилган ва бир неча кундан кейин вафот этган. Турғут-раис Триполининг Баб ал-Баҳр дарвозаси (денгиз дарвозаси) яқинида ўзи қурдирган Драгут масжидида дафн этилган.

Абу Муслим таржимаси