loader
Foto

Тарихда Рамазон (11-кун)

Шамах жанги

986-ҳижрий йил Рамазон ойининг 11-куни (1578 йил 11 ноябрь) Усмонийлар империяси ва Сафавийлар давлати (Эрон) қўшинлари ўртасида Шамах (Озарбайжон) жанг бўлди. Туркларнинг келиб чиқиши босниялик бўлган бош қўмондони Лала Қора Мустафо-пошо жанг майдонида 15 минг аскарни йўқотган форс қўшинини мағлубиятга учратди. Бу жанг ўн икки йил давом этган Эрон-Туркия уруши бошида бўлиб ўтди. 1590 йилнинг мартида Усмонийлар империяси ва Сафавийлар империяси ўртасида Истанбул шартномаси имзоланди, унга кўра Форс Кавказортини йўқотди. Бу зиддият икки ҳокимиятнинг одатий тўқнашувидан кўра кўпроқ маънони англатган: кураш Ислом дунёсида сиёсий ва мафкуравий ҳукмронлик учун эди, чунки ҳар икки империя XVI аср охирига келиб ўз қудратининг чўққисига етганди.

Уруш бошидаёқ мағлубиятга учраган шиа Сафавийлар сулоласи Усмоний турклар бошчилигида суннийларга қарши чиқиш учун ҳар қандай восита ишлатишдан бўйин товламади. Бу бежиз эмас, чунки улар ҳокимият тепасига келгач, Сафавийлар миллий тамойилни эмас, балки шиаликни илгари суриб, уни давлат дини деб эълон қилдилар. Сафавийлар даврида шиалик Эронда ҳукмрон тенденция сифатида вужудга келган. Шу муносабат билан, бу ҳарбий можаро давомида содир бўлган икки ажойиб факт ўзига эътибор қаратади:

1. 1569 йил Парцхиси (Алгети дараси) жангида чекинаётган форсларни қувишда грузин шоҳи Картли Симон I асир олинади. У тўққиз йил форслар қўлида тутқинликда ўтказади. Эронликлар турклардан дастлабки мағлубиятларни қабул қила бошлагач, шоҳ Симонни қамоқдан озод қилади ва усмоийлар томонидан эгаллаб бўлинган Картлига шоҳ қилиб тайинлайди. Қайтиб келиши билан Симон дарҳол партизанлар урушини бошлайди. Тез орада у Лоре, Гори ва бошқа грузин қалъаларини турклардан озод қилади. 1579 йил Симон қўшинлари бундан бир йил олдин турклар томонидан ишғол қилинган Тбилисини қуршаб олади ва ёрдамга келаётган гуруҳларни мағлуб этади. 1582 йил Симон Манучар II Жакели билан Туркияга қарши иттифоқ тузади. Худди шу йили Мухрани жангида улар султон қўшинларини тор-мор қилади. Орадан беш йил ўтиб усмонийлар Грузиянинг бир қисми устидан назоратни қайтара олади. Шу билан бирга, Симон I нинг ўзи ҳам қуруқ қолмайди: ўлпон эвазига турк султони уни Картли подшоси деб тан олди. Шундай қилиб, Усмонийлар империяси Кавказда икки фронтда ҳаракат қилиш керак эди: Симон I бошчилигидаги грузинларга ва уларни қўллаб-қувватлаган Сафавийларга қарши.



2. Кавказ кампаниясининг муваффақиятидан сўнг Истанбулдаги энг олий амалдорлар Ўзбек хонининг Россияга қарши юриш килиш таклифини жиддий кўриб чиқдилар. Режалаштирилган тадбирнинг мақсади: 1556 йилда Иван Грознийнинг қўшинлари томонидан Астрахан босиб олинганидан сўнг Россияга қўшиб олинган Астрахан хонлигини қайтариб олиш эди. Шиа Эроннинг режалари эса бунинг тамомила акси эди. 1587 йил тахтга чиққан Эрон шоҳи Аббос I ўша пайтлар форслар қўлида бўлган Дербент ва Ширвонни Москвага бериш эвазига Россия билан туркларга қарши иттифоқ тузиш ҳақида музокаралар бошлайди. Бироқ Россия билан музокаралар муваффақиятсиз якун топади ва Аббос 1590 йил тузилган Усмонийлар империяси билан ўта муваффақиятсиз сулҳ имзолашга мажбур бўлади. Қўлга киритилган фурсатдан шоҳ Аббос ўз империяси учун самарали фойдаланади: у ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаган, туркларга қарши курашиш учун ҳарбий ислоҳот киритган ва кўчманчи ўзбекларни шимоли-шарқий Эрондан ҳайдаб чиқарган.

Абу Муслим таржимаси