Сиракузнинг забт этилиши
264-ҳижрий йил Рамазон ойининг 14-санасида (878 йил 20 май) тўққиз ойлик қамалдан сўнг мусулмонлар Сицилиянинг буюк шаҳарларидан бири ва насронийларнинг оролдаги сўнгги таянчини эгаллаб олдилар. Бунгача мусулмонлар ушбу мустаҳкам истеҳком саналган қалъани забт этишга бир неча бор ҳаракат қилган, лекин бу ҳаракатлар ижобий натижа бермаганди. Гап шундаки, қалъани қулга киритиш катта қийинчиликлар билан боғлиқ бўлиб, ҳар тарафлама тайёргарлик талаб қиларди. Бироқ Сицилиядаги ички ихтилофлар ва Шимолий Африкадаги мусулмон ҳукмдорлари заифлиги туфайли жиддий ҳужум қилишнинг имкони бўлмасди. Вазият Африканинг янги ҳукмдори Иброҳим ибн Аҳмад пайдо бўлганидан кейин ўзгарди. У Сиракуза масаласини узил-кесил ҳал қилишга қарор қилади. Сицилияга араб флотини жўнатиш ҳақида қарор қабул қилинади, у ерда сицилиялик мусулмонлар қўшини билан ҳаракат қилиш кузда тутилади.
Ибн ал-Асирнинг гувоҳлик беришича, Сицилия мусулмонларининг ҳарбий ҳаракатларини Орол ҳукмдори Жаъфар ибн Муҳаммад бошқарган. У ҳарбий юришни Сиракуза, Катания, Таормина, Раметта ва бошқа қалъалар яқинидаги экинларни йўқ қилишдан бошлади. Шундан сўнг 877 йилнинг августида мусулмонлар шаҳар четидаги айрим жойларни эгаллаб, Сиракузани денгиздан ва қуруқликдан ўраб олишди.
Византияликлар ҳимояга яхши тайёргарлик кўришганди. Бироқ мусулмонлар ўша давр учун қамал қилиш машиналарининг энг хилма-хил ва илғор турларига ҳам эга эдилар. Уларнинг ҳаракати шу қадар ҳалокатли эдики, насронийлар уларни кўриши билан даҳшатга тушарди. Кеча-кундуз қалъа катапульта томонидан ўққа тутиларди, унга яқинлашиш бўйича шиддатли жанглар олиб борилди. Бир оздан сўнг қамал қилинган Сиракузада кучли очарчилик сезила бошлади. Озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилди, ҳолдан тойган аҳоли ўликларнинг жасадлари ва болаларни ейдиган даражага бориб етди. Натижада юзага келган эпидемия ўчоғи минглаб аҳоли қирилиб кетишига сабабчи бўлди.
Сицилиядаги сўнгги йирик Византия марказининг аҳволи император Михаилни ёрдам чораларини кўришга ундаши керак эди. Бироқ, у ўз саройи яқинида янги черков қуриш билан шу қадар машғул эдики, Сиракузани ҳимоя қилиш учун кучли флот юборишни зарур, деб ҳисобламади. Флотнинг шаҳарни қутқариш учун юборилган қисми ҳеч нарса қилмади: денгиз қўмондони Адриан Пелопоннеснинг Монемвасиа шаҳрига сузиб борди ва унинг портига тўхтади, Сицилия учун қулай шамолни шунчалик узоқ кутдики, мусулмонлар томонидан Сиракуза қўлга киритилгани ҳақида янгиликлар у ҳали Грецияда эканлигида етиб боради. Бундан ташқари, империянинг Шарқий чегарасида, Кичик Осиёда кутилмаганда юзага келган асоратлар Константинополнинг диққат-эътиборини Сиракузадан чалғитди.
Айни пайтда, мусулмонлар, аллақачон денгизга ҳукмронлик килган ҳолда, ҳар икки Сиракуза портлари кириш ҳимояланган истеҳкомларини вайрон қилдилар. Мунтазам равишда тошлар билан ўққа тутиш оқибатида катта портдаги денгиз бўйидаги миноралардан бири ёрилиб, қулаб тушди ва орадан беш кун ўтиб, Рамазон ойининг 10-санасида деворнинг туташ қисми қулаб тушди, шунда жуда катта бўшлиқ пайдо бўлди. Мусулмонлар айнан шу ерга зарба бердилар. Бироқ византияликлар ўз патрицийи раҳбарлиги остида жон-жаҳд билан ҳимояландилар, жанг майдони ўликларга тўлиб кетганди. Рамазон ойи келиши билан тўққиз ойдан бери давом этаётган қамалнинг ҳал қилувчи босқичи бошланди.
264-ҳижри йил Рамазон ойининг 14-санаси тонги жуда осойишта эди. Шу сабабли патрицийлар қўшиннинг асосий қисми билан дам олиш учун шаҳар деворларидан узоқлашди. Девор ёриғи олдида Иоанн Патрин бошчилигида кичик гуруҳ қолдирилди, холос. Қамалдагилар ҳужум кутишмаганди.
Кутилмаганда мусулмонлар барча тошотар машиналардан бирданига қалъани ўққа тутишни бошлади. Қамалдагилар ярим вайронага айланган минора билан алоқа қилиб турган ёғоч нарвон бузилиб кетди. Шовқинни эшитиб, патрицийлар ўрнидан сакраб турди ва тезда ҳимоя қилиш учун деворларга шошилди. Лекин улар кеч қолганди. Минорани ҳимоя қилаётган отряднинг кам сонли эканлигини кўрган мусулмонлар тезда уни эгаллаб олиб, Иоанн Патрин бошчилигидаги бутун отрядни қириб ташладилар, шундан сўнг ёриқ орқали шаҳарга кириб кетдилар. Византия армиясининг Халоскор ибодатхонаси ёнида уларнинг йўлини тўсишга уринган гуруҳи дарҳол мағлуб бўлди. Етмишта жангчиси билан бир минора ичига беркиниб олган Патриций қаршилик кўрсатиш учун сўнгги умидсиз ҳаракат қилди, лекин эртаси куни асир олинди ва шаҳар қўлга олинган кундан кейин саккизинчи куни у қатл этилди.
Сиракузани қўлга олиш вақтида шаҳарда бўлган роҳиблардан бирининг сўзларига кўра, мусулмонлар қалъага киргач, Сиракузанинг асосий ибодатхонасида ибодат пайти бўлган. Миноранинг қўлга олиниши ҳақидаги хабар черковга келганида, насронийлар қўрқувдан даҳшатга тушиб қолганди. Руҳонийлар тезда ўзларининг диний либосларини ташлаб, оддий кийимларни кийишди, кейин меҳробга яширинишди, бу ерда хавф таҳдидидан олдин гуноҳларини кечириш учун бир-бирларини дуо қила бошладилар. Тез орада мусулмонлар ибодатхонага қиличлар билан кириб келишди ва улардан бири меҳробга кириб, у ерда бошқа руҳонийлар билан епископни кўрди. Араб жангчиси уларга ҳеч қандай зулм қилмаган (акс ҳолда роҳиб Сиракузани босиб олиш ҳақида хат ёзмаган бўларди). Руҳонийлардан қайси бири епископ эканлигини билгач, ундан қимматбаҳо черков ашёлари сақланадиган ризахонанинг жойлашган жойи ҳақида сўради. Епископ мусулмонларни у ерга олиб келишга шошилди. Йўлда ва ризахонада, руҳонийнинг гувоҳлигига кўра, маҳбуслар ҳеч қандай ҳақоратларга дучор қилинмаганлар. Худди шу куни маҳбуслар шаҳардан черковда ўтирган Бош амирнинг олдига олиб чиқиб кетилди. Уларни зиндонга солиш буюрилди. Уларнинг орасида қамал пайтида Сиракуза деворларидан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилганлар шафқатсиз қатл этилди.
Ибн ал-Асирнинг ёзишича: “Улар (яъни мусулмонлар) шаҳар олингандан кейин у ерда икки ой қолиб кетдилар, кейин уни вайрон қилдилар. Шаҳар вайрон қилинганидан кейин Константинополдан флот етиб келди. Мусулмонлар уни ҳам мағлуб этдилар, тўртта кемани қўлга киритиб, у ердаги барчани қатл қилдилар. Мусулмонлар Зул-қаъда ойининг охирида (878 йил 8 июль-3 август) ўз вилоятларига кетдилар”. Шундай қилиб, июлнинг охирида ғолиблар асирлар ва мисли кўрилмаган ҳарбий ўлжалар билан мусулмон Сицилияси пойтахти – Палермога қайтдилар ва у ерда тантана билан кутиб олиндилар.
Сиракузанинг қулаши Византия императори Василийни мусулмон дунёсига қарши кураш режасидан воз кечишга мажбур қилди. Сицилияда етарли миқдорда қуруқликдаги қўшин ва флот билан қатъий чора кўриш мумкин эмасди. Яқинда қўлга киритилган Кипр яна византияликларга топширилди. Сиракузадаги муваффақиятсизлик Византия императорининг режаларини пучга чиқариб, унинг мусулмонларни босиб олиш сиёсатининг қулашини тан олишга мажбур бўлди.
Абу Муслим таржимаси