414-ҳижрий йил Рамазон ойининг 16-санасида (1023 йил 2 декабрда) Қуртуба Жоме масжидида шахар аҳолиси ал-Мустазхир биллоҳ («Аллоҳ ёрдамида ғалаба қозонувчи») лақабини олган янги халифа Абу Мутарриф Абдурраҳмон V ибн Хишамга қасамёд қилади. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Қуртубанинг 14-халифаси жуда яхши тарбия топган, сўзамол, шоиртабиат эди. Ҳокимият тепасига келгач, 22 яшар Абдурраҳмон V давлат лавозимларидан бирига тез орада буюк ислом олимига айланадиган ибн Ҳамзани тайинлайди.
Шу билан бир пайтда, бу Қуртуба халифалиги учун жуда мураккаб давр эди. Уни турли гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш ва ички зиддиятлар тилка-пора қилганди. Касамёддан сўнг уммавийлар сулоласидан бўлмиш Абдурраҳмон V реал ҳокимиятга эга эмасди ва давлатдаги вазиятни назорат қилмасди. У давлатдаги айрим лавозимларни аввалги уммавий халифаларга хизмат қилган вазирларга қайтаради. Ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилиб, халифа шаҳарнинг араб аҳолиси улардан нафратланадиган берберларга таянишга қарор қилади. Ижтимоий пиллапояда берберлар ёлланма аскарлар ролини ўйнаб, араб элитасини уларга қарам қилиб қўйганлар. Қуртуба армиясига асос солган берберларга таяниш ёш халифа учун ҳалокатли хато бўлиб чиқди. Орадан етти ҳафта ўтгач, аристократия томонидан қўзғалган тўда халифанинг саройига ҳужум қилиб, қароргоҳда бўлган барча аъёнларни ўлдирди. Абдурраҳмон томонидан қўллаб-қувватланган Қуртубадаги барча берберлар ҳам ҳалок бўлган. Ағдарилган халифанинг амакиси Муҳаммад III ҳокимият тепасига келиб, жиянини қатл эттирди.
Абу Муслим таржимаси