Юсуф ибн Тишфин
484-ҳижрий йил Рамазон ойининг 18-санасида (1091 йил 3 ноябрь) муробийлар давлати ҳукмдори Юсуф ибн Тишфин Испаниядаги мусулмон амирликларини бирлаштириш жараёнини якунлай олди. Севилья амири Мўътамиднинг илтимоси билан Африкадаги муробийлар давлати бош қўмондони испан мусулмонлари ўртасидаги низоларни бартараф қилиб, феодал тарқоқликни маълум муддатга йўқ қилди. Иберия ярим оролидаги барча мусулмонларни бўйсундириб, у Реконкиста – яъни насронийлар томонидан мусулмонлар Испаниясини босиб олишни анча кечиктирди. 1091 йил унинг давлати Марокаш, Ғарбий Африка, мусулмонлар Испанияси ва Балеар оролларини ўз ичига оларди. Бироқ бу Юсуф ибн Тишфиннинг Испаниядаги диндошларига биринчи ёрдамга келиши эмасди. У Леон ва Кастилия қироли Альфонс VI га қақшатқич зарба бериб, Заллак жанги (1086 й.) қаҳрамони бўлган эди. Заллакдаги ғалабадан сўнг Юсуф ибн Тишфин «амир ал-муслимийн» (мусулмонлар ҳукмдори) фахрли унвонини қабул қилди. У «амир ал-мўминийн» (мўминлар ҳукмдори) унвонидан воз кечди, чунки бу унвонни мусулмон дунёси раҳбари саналган Бағдод халифасига муносиб, деб тан оларди.
Юсуф ибн Тишфин келиб чиқиши берберлардан эди. У ислом ерларини бирлаштириш бўйича ўз ишларни Африкадаёқ бошлаган. Мағрибдаги муробийлар қўшини бош қўмондони этиб тайинланганидан бир йил ўтиб, Марокаш шаҳрига асос солди (1062 йил) ва уни ўз қароргоҳига айлантирди. 20 йил давомида ўрта Мағриб ҳудудларини Жазоиргача бирлаштиришга муваффақ бўлди. Бу унга насронийларнинг тўхтовсиз ҳужумларига дучор бўлган Испания мусулмонларининг ёрдам чақириғига жавоб бериш имконини берди.
1086 йилнинг ёзида Юсуф ибн Тишфин бошчилигидаги муробийлар қўшини Севилья, Бадахос ва Ғарнота амирларининг таклифи билан Марокашдан Андалузияга йўл олди ва йўл-йўлакай амирлар қўшинлари билан бирлашиб, Севилья орқали шимолга ҳаракат қилди. Альфонс VI га янги душманнинг яқинлашгани ҳақида хабар етиб келганида у мусулмонлар Сарагосасини қамал қилиш билан машғул эди. Леон ва Кастилия қироли Толедога шошилди ва тезда вилоятлардан қўшин тўплаб, шу ердан бирлашган мусулмон армиясига қарши борди. 1086 йил октябрда Заллак қонли жанги бўлиб ўтди. Севилья амири Мўътамид испан мусулмонларидан иборат авангардга қўмондонлик қилиб, муробийлар отряди унга етиб келгунга қадар катта жасорат кўрсатди ва насронийлар ҳужумларини қайтариб турди. Ҳал қилувчи паллада 80 ёшли Юсуф ибн Тишфин ўз жангчилари билан испанларга орқа томондан зарба берди ва кечга бориб испанлар тор-мор қилинди. Улар қўшинининг катта қисми жанг майдонида қолди, Альфонс VI нинг ўзи эса 30 нафар отлиқ билан бирга қутилиб қолди. Душманни мағлуб этган Юсуф ибн Тишфин Марокашга қайтди.
Абу Бакр ибн Умарнинг ўлимидан кейин (1087 й.) Юсуф ибн Тишфин муробийлар давлатининг янги ҳукмдори бўлди. Унга Саҳрои Кабир ва Сенегалнинг муробийлар қабилалари бўйсунарди. У ўз тангасини зарб этган бўлиб бу тангалар бир неча аср давомида муомалада бўлган.
1090 йил Севилья амири Мўътамиднинг таклифи билан муробийларнинг қудратли ва нуфузли ҳукмдори испан мусулмонлари ўртасидаги ихтилофларга аралашди ва бир йилда бу муаммоларни тугатди. Бунинг учун у кескин чораларга мурожаат қилиб, Малага ва Ғарнота амирлари ўртасидаги низоларни куч билан тўхтатишга мажбур қилди. Юсуфнинг бундай дадил ҳаракатлари Мўътамид ва Испаниядаги бошқа мусулмон ҳукмдорларга ёқмади, улар мустақилликни йўқотишдан қўрқиб қолганди. Натижада амирлар кечаги душманлари – насронийларни ёрдамга чақиришга қарор қилади. Бундай қарор, ўз навбатида, мусулмон улармоларининг қаттиқ ғазабланишига сабаб бўлди, улар Мўътамид ва бошқа амирларни ағдарилган деб эълон қилди ва Юсуфни бидъатчилар ва динсизлар ҳукмронлигига барҳам беришга чақирди. Бироқ 85 ёшга тўлган ҳукмдор бу вазифани ўз саркардаси Зир ибн Абу Бакрга топширди, ўзи эса Африкага қайтди.
Юсуф ибн Тишфин Испаниянинг муробийлар давлатига якуний қўшилишини кўра олмади. Юз ёшдан ошган қария 1106 йил вафот этди. Унинг Мағриб ва Испания мусулмонларини бирлаштириш бўйича фаолиятини ўғли Али давом эттирди. У мерос қилиб олган ерларда отаси 1062 йилда асос солган Марокаш шаҳрида ўз пойтахти бўлган кучли марказлашган давлат тузди.
Абу Муслим таржимаси