loader
Foto

Тарихда Рамазон (20-кун)

Макканинг фатҳ этилиши

8-ҳижрий йил Рамазон ойининг 20-санасида (630 йил 11 январ) буюк ғалаба содир бўлди – Маккаи мукаррама фатҳ этилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги мусулмонлар қўшини муқаддас шаҳарни жангсиз қўлга олдилар. Макканинг фатҳ этилиши тавҳиднинг ширк устидан тантанасини белгилаб берди: Каъбага киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердаги мушрикларнинг барча бутлари ва санамларини бузиб ташладилар. Шу фурсатдан бошлаб, Макка масжидида – ер юзида бунёд этилган биринчи ибодатхонада – барча ибодатлар, худди Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар давридаги каби, оламлар сарвари, ягона Аллоҳга бағишланади. Янги халқларнинг ислом динини қабул қилиши билан Каъба жойлашган Макка шаҳри нафақат араблар, балки бутун дунё мусулмонлари учун диний марказга айланди.

Рисолат бошланганидан 12 йил ўтиб, деярли барча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биргаликда Маккадан чиқиб, илк Исломий давлат ташкил топган Мадинага ҳижрат қилдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги мадиналик мусулмонлар ва маккалик мушриклар ўртасида уруш бошланиб, турли муваффақият билан давом этди. 628 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қурайшлик мшриклар ўртасида Худайбия тинчлик шартномаси тузилди. Бироқ орадан икки йил ўтиб, мушриклар келишув шартларини бузишди. Бу воқеадан афсусланган қурайшийлар Ҳудайбийлар шартномасини янгилаш ва муддатини узайтириш илинжида Абу Суфённи Мадинага жўнатдилар. Бироқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам янги битим тузишдан бош тортиб, Маккани мушриклардан озод қилишга қарор қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага юришга тайёрлана бошладилар ва бу ҳақида саҳобаларга маълум қилдилар. Бундан ташқари, ушбу юришга Мадина атрофида яшаган бадавийлар ҳам жалб қилинди. Натижада ўн минг кишига яқин қўшин тўпланди ва Мадинадан 8-ҳижрий йилнинг 10-рамазонида йўлга чиқди. Мадинадан чиққандан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қолган мусулмонлар рўза тутдилар, лекин Кудайдга етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар рўза тутишга қийналаётганини кўриб, уни тўхтатишга амр қилдилар ва улар ўз йўлларини давом эттирдилар.

Рамазон ойининг 20-санаси тонгида мусулмонлар бир неча тарафдан Маккага кириб кела бошладилар. Дахлсиз ҳудудга кирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фатҳ» сурасини ўқидилар. Уларнинг ёнида содиқ саҳобалари ва ажралмас йўлдошлари Абу Бакр ас-Сиддиқ бор эди.

Орадан маълум вақт ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар ва ансорлар қуршовида Масжиди Ҳаром ҳудудига  кириб келдилар. Туяда ўтирган ҳолда Каъбани айланиб чиқа бошладилар. Каъба атрофида 360 та бут бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги таёқ билан уларни уриб, «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан, ботил доимо йўқ бўлувчидир» (Исро, 81) ҳамда «Ҳақ келди! Ботил янгиланмас ва қайтмас» (Сабаъ, 49), деб айтдилар. Бунда бутлар бирин-кетин ерга қуларди. Каъбани айланиб чиққач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан барча бутларни олиб чиқиш ва синдиришни, ичкаридаги деворга чизилган расмларни эса ўчириб ташлашни буюрдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта саҳобалари билан Каъбанинг ичига кириб, у ерда намоз ўқидилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшикларини очиб, ибодатхона олдига йиғилган маккаликларга самимий нутқ билан мурожаат қилдилар, унда ислом қоидаларининг кўпини баён қилдилар, исломгача бўлган жаҳолат қонунларини бекор қилдилар ва туғилишда эга бўлинадиган имтиёзларини бекор деб эълон қилдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собиқ душманларини тинчликда қўйиб юбордилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига яқинлашиб, ўша ердан Каъбага қараш учун унга кўтарилдилар. Маълум вақт давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб осмонга қарадилар ва Аллоҳга нидо қилдилар. Макка фатҳ этилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда ўн беш кун бўлиб, сўнгра Хунайнга йўл олдилар. Макка ҳукмдорлари этиб Уттаба ибн Усайд ва Муоз ибн Жабал (р.а) тайинланди.

Қиёматгача Макка атрофидаги ҳудуд ва шаҳарнинг ўзи осмонлар ва ер яратилгандан бери бўлганидай, қўриқ ерлар бўлиб қолади. Бу жойда унинг махсус мақомини таъкидлайдиган алоҳида қоидалар амал қилади. Бу муҳим қоидалар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилгандан кейин одамларга эслатиб ўтганлар.