Кипрнинг фатҳ этилиши
828-ҳижрий йил Рамазон ойининг 21-санасида (1425 йил 6 август) мамлуклар султони ал-Ашраф Сайфуддин Барсбейнинг флоти Кипр қироллиги – Учинчи салиб юриши давомида Кипрда асос солинган Кипр қироллигини фатҳ этишни бошлади. Бу юриш кипрлик қароқчиларнинг Шомга ҳужумига жавобан ташкил қилинганди. Оролга тушгач, Миср султонининг профессионал мамлук жангчилари ва кўплаб кўнгиллилардан иборат қўшини Фамагуста ва унинг атрофини вайронага айлантирди, кейин Лимассол ва Ларнакага юриш қилди. 828-йил Рамазон ойида Кипр қироли Янус II кучларига қаттиқ ҳужум натижасида кейинги йил унинг қўшини мағлубиятига замин тайёрланди. Янус Миср ва Шомга қароқчилик ҳужумларини тўхтатибгина қолмай, ўзини Миср султонининг вассали деб тан олиб, мамалакатларга ўлпон тўлашга мажбур бўлди.
Султон ал-Aшраф Сайфуддин Барсбей - буржийлар сулоласидан Мисрнинг тўққизинчи ҳукмдори бўлган. У келиб чиқиши бўйича черкаслардан бўлган ва сулола асосчиси – 1832 йилда бахрийлар сулоласини ағдариб, тахтга чиққан черксиялик собиқ чўпон Султон Барқуқнинг озод қилган қули бўлган. Ал-Aшраф Сайфуддин Барсбей Мисрда бир қатор ислоҳотларни амалга оширди, давлатнинг ҳарбий кучларини мустаҳкамлади ва Мисрга Қизил денгиздан ўтган Ямандан Европага ўтадиган савдо йўллари устидан мутлақ ҳуқуқларни тақдим этди.
Зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган асосий муаммолардан бири Кипрда ўрнашиб олган салибчилар томонидан таҳдидлар эди. Ал-Ашраф Сайфуддин Барсбей 1422 йилда – Кипр, Киликия Арманистони ва Қуддус қироли Янус II Мисрга ҳужум қилганидан сўнг бир йилдан кейин тахтга чиққанида, у жавоб зарбасига пухта тайёргарлик кўра бошлади. Биринчидан, у 1424 йилда Лимассолга ҳужум қилган кичик флотни жўнатган, 1425 йилда еса Кипрга 40 дан ортиқ кемадан иборат куч юборган эди. 828 йил Рамазон ойида ўз вазифасини бажариб бўлгач, мусулмонлар Мисрга кўплаб асирлар ва бой ўлжа билан қайтдилар.
Бироқ, асосий душман – мусулмонларга жуда кўп азоб-уқубатлар келтирган салибчилар бошлиғи ва Кипр қироли – озодликда, қўпорувчилик фаолиятини давом эттирди. Шунинг учун келаси йил, яъни 1426 йилда мамлуклар қўшини оролга кенг миқёсда ҳужум бошлаб юборди. Мамлуклардан, турклардан ва араблардан иборат уч минг кишилик мусулмонлар қўшини Кипрга кирди. Уларнинг ҳаракатларини 180 кемадан иборат флот қўллаб-қувватлади. Ўтган йилдагидек Лимассаол эгалланди. Янус ўз кучларини тўплаб Никосиядан Лимассолга юриш қилди. У мусулмонларга қарши курашда ёрдам бериш учун Европа давлатларига мурожаат қилди. Бироқ улар аралашмасликка қарор қилишди: Генуя Кипрга душманликда эди, венецияликлар ва бошқа христиан давлатлари Миср билан қулай савдо алоқаларини бузишни истамади.
829-ҳижрий йил Рамазон ойининг 1-санасида (1426 йил 7 июль) Широкития яқинида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди. Мисрликлар қўшини Янус армиясини тор-мор қилди, қиролнинг ўзи асир тушди ва Қоҳирага олиб кетилди. Бу ерда минглаб мусулмонларни йўқ қилган салибчилар бошлиғи хорланди. У оёқ-қўлларига кишан солиниб, султоннинг олдида эшакка миндириб ўтилди. Шундан сўнг у тиз чўктирилиб, Миср ҳукмдори ўтган ерни тўққиз марта ўпди. Янус унга катта пул тўлангунга қадар ўн ой асирликда қолди. Унинг баъзи шериклари ҳам ўзларини асирликдан сотиб олдилар. Керакли миқдорда пул топа олмаганлар қулликка сотилди.
Сулҳ шартларига кўра, Кипр Миср султонига ҳар йили 5000 олтин дукат ўлпон тўлаши шарт эди. Шуниси диққатга сазоворки, Кипр салибчилар ҳукмронлиги тугаганидан сўнг (50 йил ўтиб) ҳам бу ўлпонни тўлашда давом этган.