loader
Foto

Тарихда Рамазон (25-кун)

Айн-Жалут жанги

658-ҳижрий йил Рамазон ойининг 25-санасида (1260 йил 3 сентябр) Миср султони Қутуз бошчилигидаги мусулмонлар қўшини ва найман Китбук бошчилигидаги мўғуллар қўшини ўртасида машҳур Айн-Жалут (Фаластин) жанги бўлиб ўтди. Хулагу армияси мўғуллар копуси тор-мор қилинди, Китбук асир олинди ва қатл этилди, мўғуллар эса Шомдан ҳайдаб юборилди. Бу мўғуллар устидан уларнинг босқинчилик урушлари бошланганидан бери биринчи муҳим ғалаба эди ва бунда Ислом жангчиларининг хизмати катта бўлди. Айн-Жалут жанги тарихда энг муҳим жанглардан бири ҳисобланади. Унинг ғалаба билан якунланиши натижасида мусулмон дунёси парокандаликдан қутулди, мўғуллар енгилмаслиги ҳақида афсона йўққа чиқди, Миср мўғуллар ва уларнинг салиб иттифоқчиларига қарши жиҳодда бир форпост бўлди.

1253 йилда Мўғулистондаги қурултойда Эрон исмоилийлари-низорийлар, Аббосийлар халифалиги, Сурия Айюбийлари ва Миср Мамлукларига қарши юриш масаласи ҳал қилинди. Бу мўғул қўшинининг энг йирик босқинчилик юришларидан бири эди. Улуғ Хон Мунке укаси Хулагуни унга қўмондон этиб тайинлади. Қўшинлар сони 150-170 минг кишига етди. Яқин Шарқ мусулмонларининг мўғулларга қарши юришида Марказий Осиё насронийлари катта рол ўйнаган. Хулагунинг тўнғич хотини, нуфузли Докуз-хотун насроний эди ва насронийларнинг ҳомийси саналарди. Найман Китбука бир несториан эди. Ниҳоят, Кичик Арманистон шоҳи Хетум I Антиох князи Боҳемондга ўз қизини хотинликка бериб, уни мўғуллар билан иттифоқ тузишга жалб қила олди.

Асосий мўғул қўшини 1256 йил бошида Амударёни кечиб ўтди ва бир йил ичида Ғарбий Эронда жойлашган Исмоилий қалъаларини йўқ қилди. Хулагу кейинроқ Аббосийлар халифалигининг пойтахти Боғдодга юриш қилди. Халифа Мустасим хизматида бўлган шиа вазири Ибн Алқамийнинг хиёнатидан сўнг шаҳар 1258 йилнинг февралида қулади. Хулагу Боғдодни ўз қўшинларига талон-тарож қилишга берди. Пойтахт ер билан битта қилиб ёқиб юборилди, Халифа қатл этилди ва бир миллиондан зиёд мусулмон ўлдирилди. Несториялик Докуз-хотуннинг илтимосига кўра, мўғуллар шаҳар аҳолисидан фақат ўз иттифоқчилари деб ҳисоблаган насронийлар ва яҳудийларни омон қолдирди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар» (Жосия, 19).

Бағдоднинг қулаши мусулмонларга тушкунликка солди. Олим саналган баъзи жоҳиллар мўғулларнинг қиёматдан олдин келадиган Яъжуж ва Маъжуж қабилалари бўлиб, улар билан жанг қилиш фойдасиздир, деган фикрни оддий халқ орасида ёйганлар.

Мўғулларнинг кейинги нишони Шом эди. 1259 йилнинг кузида улар курдларни мағлуб этиб, бир неча муҳим шаҳарларни қўлга киритдилар. 1260 йил январ ойида мўғуллар арманлар ва салибчилар орасидан насроний иттифоқчилари билан биргаликда Ҳалабни қўлга олиб, барча мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Ҳалаб қулаганидан хабар топгач, Айюбий Султон Носир Юсуф Шомдан Ғазога қўшин билан чекинди. Дамашқ мўғулларга жангсиз таслим бўлди. Феврал ойининг ўрталарида Китбука шаҳарга кириб, у ерда мўғул ҳокимини тайинлади. Ислом дунёсининг сўнгги қўрғони — Мисрга мўғуллар истилоси таҳдиди кучайди. Мусулмонлар бўйсунишдан бош тортган ҳар бир шаҳарни талвасага солиб, ўзи билан бирга ўлим ва вайронагарчилик келтирган даҳшатли душмандан халос бўлиш учун кеча-кундуз Аллоҳга ибодат қилдилар. Ва бу ёрдам кутилмаган жойдан келди. Хитойнинг Хечжоу балиқчилар шаҳрини қамал қилиш чоғида буюк Хон Мунке кутилмаганда вафот этди, унинг ўлими укаси Хулагуни армиянинг асосий қисми билан Шомдан чекинишга мажбур қилди.

Хулагу Китбукка 20 минг кишигача бўлган кам сонли қўшин, жумладан, иттифоқчи арманлар ва грузинлар мададини қолдиради. Хулагу Мунке вафотидан кўп ўтмай мўғуллар империясини бошқариш учун кураш пайдо бўлиши муқаррар эканлигини англаб, қўшиннинг катта қисмини олиб кетишга мажбур бўлди. Китбукка забт этилган ҳудудларда мустаҳкамланиб олиш топширилади. Бироқ буйруққа зид равишда мўғуллар жанубга, Фаластинга қараб юрадилар ва у ерда бир қатор қалъаларни қўлга киритадилар. Шундан сўнг улар Миср ҳудуди билан чегарага йўл олишди.

Шомдан чекинаётган Хулагу қуйидаги ультиматум билан Қоҳирага мамлуклар султони Қутузга мўғул чопарини жўнатади: «Буюк Тангри Чингизхонни ва унинг уруғини танлади ва барча ерларни бизга инъом қилди. Бизга итоат қилишдан бош тортган ҳар бир киши маълум бўлсинким, хотини, бола-чақаси, қариндош-уруғи, қуллари ва шаҳарлари билан бирга мавжуд бўлмай қўяди, бизнинг чексиз қўшинимиз ҳақида овоза эса Рустам ва Исфанидёр ҳақида афсоналар каби тарқалади. Шундай экан, агар сен бизнинг буюклигимизга итоат этсанг, ўлпон жўнат, ўзинг кел ва ҳокимни сўра, акс ҳолда урушга тайёрлан».

Қутуз ҳарбий раҳбарларга хабар ўқиб бергач, дейди: "Хулагу Хон катта қўшин билан Турондан Эронга шошилди ва халифалар, султонлар ва ҳукмдорлардан бирон кимса қаршилик кўрсатишга куч топмади. Барча мамлакатларни босиб олиб, Дамашққа етиб борди ва агар акасининг ўлими ҳақидаги хабар унга етиб бормаганида Миср ҳам бошқа мамлакатларга қўшилиб кетарди. Шундай қилиб, у бу ерларда найман Китбукни қолдириб кетди... Агар у Мисрга суиқасд қилса, ҳеч ким ҳокимиятни бутунлай йўқотишдан кўра кўпроқ қаршилик кўрсатишга кучи етмайди. Вазиятдан чиқиб кетишнинг йўлини топиш керак".

Саркардалар билан маслаҳатагач, Қутуз дейди: «Ҳозирги пайтда Диёрбакир, Диёрробиа ва Сурия йиғини тўла, Бағдоддан Византиягача ерлар харобазорга айланган, ишлов берилмаяпти ва экин экилмаяпти. Агар биз мўғулларда илгарилаб, уларга қаршилик кўрсатиш учун кўтарилмасак, Миср ҳам бошқа мамлакатлар каби хароб қилинади. Мамлакатимизга қасд қиладиган бу одамларга нисбатан учта йўлдан бирини танлаш керак: ёки муроса ёки душманлик ёки ватанни тарк этиш… Менинг фикрим қуйидагича: келинг, биргаликда урушга жазм этамиз. Агар ғалаба қозонсак, бу айнан биз интилган нарса бўлади, бўлмаса халқимиз бизга таъна қилади». Шундан сўнг амирлар тарқалишади ва бош амир бўлган Бундукдар билан кенгашади. Бундукдар дейди: «Менинг фикрим шундай, элчиларни ўлдирамиз ва биргаликда отларимизни Китбукка қарши йўналтирамиз. Агар биз уни мағлуб этсак ва агарда ҳалок бўлсак, иккала ҳолатда ҳам афв ва миннатдорликка лойиқ бўламиз». Қутуз бу сўзларни маъқуллайди ва тунда элчилар қатл этилди. Шу тариқа мўғуллар билан муроса йўли йўқ қилинади ва мамлакатни босиб кетган мўғуллар тарафдорлари айғоқчилар қўрқитилади.

Қутуз мўғулларга қарши жиҳод эълон қилиб, унинг раҳбарлигидаги мусулмонлар 1260 йил 26 июлда Мисрда Аллоҳ йўлига чиқдилар. 12 минг кишилик мамлуклар корпуси Синай чўлидан ўтиб, Ғазодаги мўғуллар тўсиғини ўққа тутди. У салибчиларга тегишли ерлар эди. Қутуз қўшини уларнинг ҳудудларидан ўтиб, озиқ-овқат сотиб олшини сўраб, уларга илтимос билан мурожаат қилди. Салибчилар, айниқса, Сидон саналгандан кейин, Марж Айюн билан талашиб-тортишиб кичик мўғул отрядига ҳужум қилиб, салибчилар билан мўғуллар ўртасидаги муносабатлар бузилгандан кейин, бошқа иложлари ҳам йўқ эди. Қуддус Қироллиги ҳудуди орқали мусулмонлар Жалилага, мўғул қўшинининг орқа томонига кириб бордилар.

658-ҳижрий йил Рамазон ойининг 25-санаси тонгида Айн-Жалут шаҳри яқинида мусулмон дунёси учун ҳал қилувчи жангда икки қўшин тўқнаш келди.

Жанг олдидан Қутуз мўғулларга пистирма қўйишга қарор қилди. Султон ўз суворийларининг катта қисмини водий атрофидаги тепаликларда яширган ва мўғуллар ҳужумини қўзғатмоқчи бўлиб, Бейбарс мўғуллар билан учрашиш учун илғор отрядини юборган. Жанг камонлардан ўқ денгизи ёғдирган мўғул отлиқларининг ҳужуми билан бошланди. Байбарс тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочиб, чекиниш маневри билан душманни илинтирмоқчи бўлди. Бу бир неча марта содир бўлди. Ниҳоят, ҳийлага учган Китбука бутун мамлуклар қўшини унинг олдида деб ўйлаб, асосий куч билан Байбарс таркибини таъқиб қилишга шошилди. Тепаликларга етиб келгач, кутиб турган отлиқ қўшинлар мўғулларга ён томонан ҳужум қилишди. Бу мўғуллар ва уларни қўллаб-қувватловчи грузин ва арман отрядлари учун тўлиқ сюрприз бўлди. Эрта тонгдан то пешингача давом этган шиддатли жанг авж олди. Айниқса, тарихда биринчи марта мўғулларни яқин жангда енгган мусулмонларнинг оғир отлиқлари ғайрат қилган. Китбука бутун кучи билан қуршовдан чиқиб кетишга ҳаракат қилди ва ҳужумини ислом қўшинининг чап қанотига йўналтирди.

Душманнинг чап қанотини деярли эзиб ташлаганини кўриб, жангни баланд жойдан кузатиб турган Қутуз жангчилар уни таниб олишлари учун дубулғасини четга улоқтирди. Мусулмонларга куч-қувват ва қатъият бериш учун Султон уларга "Ислом учун! Ислом Учун!" деган жанг нидоси билан даъват қила бошлади. Шундан сўнг у чап қанотни қутқариш учун ўз жамоаси билан ташланди. Ниҳоят, мўғуллар дош бера олмадилар ва қочишга тушдилар. Улар мардона жанг қилган, аммо охир-оқибат қўлга тушган ўз саркардаси Китбукни жанг майдонида ташлаб кетдилар. Султонга мўғул отлиқларининг бир отряди жанг майдонидан унча узоқ бўлмаган қамишзор чакалакзордан паноҳ топгани маълум бўлди. Қутуз чакалакзорларга ўт қўйишни буюрди ва ҳаммаси ёқиб юборилди.

Кейин Қутузнинг олдига қўл-оёқлари боғланган Китбук келтирилди. Султон уни кўргач, унга: "Эй хоин одам, ноҳақ кўп қон тўкдинг, баҳодирлар ва улуғ инсонларнинг жонини олдинг, ваъдангни бузиб, қадимий оилаларни ёлғон сўз билан яксон қилдинг. Ниҳоят сен ҳам илиндинг-ку". Китбука Хулагу катта қўшин ҳужум қилишини айтиб таҳдид сола бошлади, бунга Қутуз жавоб берди: "Турон отлиқлари билан мақтанма, улар Рустами Достон каби мардонаворлик билан эмас, балки айёрлик ва ҳийла-найранглар билан бажаради". Шундан кейин Султон мўғул саркардасини қатл этишга буйруқ берди.

Кўп асрлар давомида мусулмонлар ёдида қоладиган бу улуғ жанг шу тариқа ниҳоясига етди. Мўғулларнинг кейинчалик ҳам Шомга ҳужум қилишларига қарамай, улар энди Мисрга таҳдид солмасди. Бу ғалабадан сўнг Миср мусулмон оламининг тан олинган марказига айланди. Мамлуклар давлати икки ярим аср давом этган қудратли ва фаровон давлатга айланди. Бу 250 йил давомида Мамалуклар ниҳоят мўғулларни мағлубиятга учратиб, салибчиларни Яқин Шарқдан қувиб чиқардилар, савдо ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар, касалхона, масжид ва мактаблар қурдилар, санъат ва ҳунармандчилик ривожига кўмаклашдилар. Айн Жалут жангининг аҳамияти европалик тарихчилар томонидан ҳам эътироф этилган. Уларнинг таъкидлашича, мўғулларнинг бу мағлубияти нафақат Яқин Шарқни ўзгартирган, балки Европа цивилизациясининг кейинги ривожига ҳам таъсир кўрсатган, чунки ўша даврга келиб мўғуллар Ғарбга анча кириб кетган эди. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, агар мўғуллар Европадаги мусулмонлар устидан ғалаба қозонганида эди, Буюк Ренессанс бўлмаган бўлар эди. Шундай экан, замонавий насронийлар цивилизацияси мўғул қўшинларининг асосий зарбасини қабул қилиб, уларни мағлуб этган Ислом дунёси туфайли омон қолди, десак муболаға бўлмайди.

Абу Муслим таржимаси