Белграднинг фатҳ этилиши
927-ҳижрий йил Рамазон ойининг 26-куни (1521 йил 29 август), Султон Сулаймон қўмондонлигидаги турк қўшинлари икки ойлик қамалдан сўнг Белградни қўлга киритдилар. Бу шаҳар Венгрия Қироллигининг энг муҳим қалъаси бўлиб, Марказий Европага дарвоза бўлганлиги учун катта стратегик аҳамиятга эга эди. Белграднинг туркларга ўтиши католик дунёсида оғир таассурот қолдирди. Кўп ўтмай бутун Европа Белградни қўлга киритиш Сулаймон остида ўз кучининг чўққисига етган Усмонийлар салатанти учун янги ғалабаларнинг бошланиши эканини англаб етди.
1520 йилнинг кузида отаси Салим I вафотидан сўнг унинг 26 ёшли ўғли Сулаймон Султон бўлди. У тахтга чиққач, Габсбурглар империяси таркибига кирувчи Венгрияга қарши курашни давом эттиришга қарор қилди. Бу вақтда у ерда Қирол Луис II ҳукмронлик қилиб, унинг даврида Усмонийлар салтанати билан муносабатлар ёмонлашди: Туркия-Венгрия чегарасида ҳар хил тартибсизликлар ва тўқнашувлар рўй берарди. Сулаймон чегара ҳудудларидаги анархияга барҳам беришга қарор қилди, провокацияларни тўхтатиш ва жизя тўлаш талаби билан ўз элчисини қиролга юборди. Ёш Луиснинг атрофидаги баронлар нафақат турклар билан музокараларни рад этди, балки султоннинг вакилини ўлдирди ҳам. Бу венгерларга қарши ҳарбий амалиётларнинг бошланиши сабаб бўлди. 1521 йилнинг майида шахсан Сулаймон ўз қўшинлари билан Истанбулни тарк этди.
Юришнинг бошида Румелиялик бейлербейи Аҳмад мустаҳкам Шабат қалъасини (1521 йил 7 июлда) қўлга олиб, Улуғ вазир Пири эса Землин шаҳрини эгаллади. Натижада Белградга йўл очилди. Чорасиз ҳимоядан сўнг йигирмадан ортиқ ҳужумга учраган шаҳар гарнизони таслим бўлди. 28 август куни қуйи шаҳар олинди ва 29 август куни музокаралардан сўнг бутун Белград таслим бўлди. Шаҳарни қўлга киритишда саперлар катта рол ўйнашди. Улар шаҳар деворининг бир қисмини портлатишга муваффақ бўлишди. Бундан ташқари, қалъа қамал артиллериясидан оғир ўтга дучор бўлган. Рахна ҳосил бўлгач, унга турк қўшинининг элитаси – яничарлар бостириб кирди.
Таслим бўлиш шартларига кўра, мадярлар гарнизони Венгрияга жўнатиб юборилди. Белград православ аҳолисига келсак, қамал пайтида улар Венгер гарнизонига қарши исён кўтариб, «католик мадяр ҳукмронлигидан кўра мусулмон турклар ҳукмронлиги остида» яшашни афзал деб ўз ҳаракатларини тушунтиргани диққатга сазовордир. Уларнинг ёрдами ва хайрихоҳлиги учун белградликларга мукофот сифатида, Сулаймон насроний Авлиё Параскева қолдиқларини йўқ қилиб ташламасдан, Сербия православ руҳонийларига берди. Белград аҳолисининг баъзилари ҳатто Истанбул атрофига кўчиб ўтишди, бу ерда уларга Усмонийлар империясининг пойтахтини сув билан таъминлаш топширилди. Бу ҳақиқат топонимияда акс этган – серблар яшаган қишлоқ Белиград-маҳалла деб аталган. Бундан ташқари, кўплаб серб денгизчилари Султон хизматига ўтиб, Усмонийлар флотининг денгиз кучлари сафига қўшилдилар. Турклар ҳукмронлиги остида Белград гуллаб-яшнади, чунки у Европа ва Осиё ўртасидаги кенг бозорга айланди. Бундан ташқари, шаҳар йирик ҳарбий базага айланиб, у ердан Европанинг бошқа мамлакатларига бостириб кириш амалга оширилган.
Белград қулаганидан беш йил ўтиб, Мохач жанги бўлиб ўтди ва унда Султон Сулаймон Бирлашган Венгрия-Чехия-Хорватия армиясига қақшатқич мағлубият келтирди. Ғалабага атиги икки соат ичида эришилди. Бу ерда Усмонийлар империясининг Болқон мулкларидан мусулмон славянлар катта рол ўйнади. Мохач жанги туркларнинг бутун Марказий Европани босиб олишлари учун кенг имкониятлар очиб берди. Европанинг юраги - Ўрта Дунай текислигини ўз мулкларига қўшиб олган Усмонийлар империяси уни Исломнинг янада тарқалиши ва янги ҳудудларни босиб олиши учун трамплинга айлантирди.
Абу Муслим таржимаси