Узун Иброҳим-пошо
1096 ҳижрий йил Рамазон ойининг 27-санасида (1682 йил 29 сентябр) яничарлар корпуси бошлиғи Узун Иброҳим-пошо қўмондонлиги остида турк қўшинлари Влколинец қалъасини (Словакия) қўлга олди. Бу қўрғон Усмонийлар минтақада қўлга киритган 29-қалъа бўлиб, бу Словакияни тўлиқ бўйсундиришга олиб келди. Ушбу ҳарбий кампания Усмонийлар империясининг асосий душмани Габсбурглар империясига қарши урушга пухта тайёргарлигининг бир қисми эди. Усмонийлар армиясининг Европа қалбидаги кампаниясининг авж нуқтаси Австрия пойтахти – Вена қамали (1683 йил июль-сентябрь) эди.
Узун Иброҳим-пошо улар ҳақида фақат узуқ-юлуқ маълумотлар сақланиб қолган атоқли турк саркардалари қаторига мансуб (туғилган санаси ва жойи номаълум). Унинг ҳарбий фаолияти Усмонийлар империясининг энг юқори ҳарбий хизматчиларига хос эди. Келиб чиқиши албанлардан бўлган Иброҳим ёшлигидан яничарлар орасида тарбияланган. Шуниси диққатга сазоворки, 1683 йилгача Усмонийлар армиясининг бу элита ва энг жанговар пиёдалар бўлинмаси фақат ислом динини қабул қилган насроний ёшлардан иборат эди. Иброҳим-пошо фавқулодда қобилият ва ажойиб фазилатларга эга бўлган кўринади, чунки 1665 йилда у ҳарбий иерархия чўққисига кўтарилиб, яничарлар корпусига бош бўлди ва Бағдоднинг Усмонийлар пошосига айланди (1665-1667).
Турк-Венеция уруши даврида Иброҳим-пошо Крит оролига буюк вазир Фозил Аҳмад-пошо кампаниясида қатнашган (1666). Яничарлар қўшинининг асосий қисми Грециядан йўлга тушишди. Ҳарбий кампаниянинг мақсади Ираклион қалъасини қўлга олиш эди. 1667 йилда яничарлар бошлиғи Крит пошоси этиб тайинланди. 1667 ва 1668-йилларда Ираклион атрофидаги ҳалқа аста-секин қисқариб борди. Француз қўшинлари қамал қилинганларга ёрдам бериш учун келди, аммо турклар денгиздан ўз позицияларига ҳужумларга қатъий қаршилик кўрсатди. Катта йўқотишлардан сўнг, бир ярим ойдан кейин французлар жанг қилиш истагини йўқотган ва уйига сузиб кетган. Натижада, 1669 йилда Ираклион қулади ва Усмонийлар империяси бутун оролни қўлга киритди.
Иброҳим-пошонинг ҳарбий ютуқлари Султон саройида кўзга ташланмай қолмади, албатта. 1670 йил у Венгрия пошоси этиб тайинланди ва 1674 йилгача уни бошқарди. Шу билан бирга, у ўнг-соҳил Украина учун Польшага қарши урушда (1672-1674) фаол иштирок этди. Қрим хонлиги Усмонийлар империясининг иттифоқчиси эди. 1676 йилда Польша-Туркия уруши тугади. Речь Посполитая Подолье ҳудудини (Украина жануби-ғарби ва Молдова шимоли-шарқида) Усмонийлар империясига топширди ва ҳар йили 22 минг червон ўлпон тўлашга ваъда берди. Иброҳим-пошо турк Подольеси бошқарувчиси этиб тайинланди.
Подолье қўлга олинганидан кейин туркларнинг муваффақияти Москвада ваҳимага сабаб бўлди, улар туркларнинг Россия назорати остида бўлган чап қирғоқдаги Украинага бостириб киришидан хавотирга тушишди. Натижада рус-турк уруши бошланиб, у томонларнинг галма-гал муваффақият қозониши билан давом этди. Якунда улар таркибида Иброҳим-пошонинг аскарлари ҳам бўлган Буюк вазир Қора-Мустафонинг қўшинлари Россия устидан ғалабага эришди, бироқ Австрия билан жанг қилиш учун қўшинларга муҳтож бўлган Султон Меҳмед IV уруш ҳаракатларини тўхтатишга қарор қилди ва 1681 йил январь ойида Боғчасарой шартномаси тузилди.
Усмонийлар Габсбургаларга карши урушга пухта тайёрланишди. Улар Австрияга ва ўз қўшинларининг таъминот базаларига олиб борувчи йўл ва кўприкларни таъмирлаб, бутун мамлакатдан қурол-яроғ, ҳарбий техника ва артиллерия олиб келишди. Турк қўшинларининг ўнг қанотини бошкарган Иброҳим-пошо бошчилигидаги яничарлар корпуси ҳам асосий ҳарбий ҳаракатлар майдонига ўтказилди.
1683 йилдаги Вена қамали тарихий адабиётларда яхши ёритилган. Турк армияси асосий баҳсни насроний кучларининг иттифоқдош қўшинларини мағлуб этишга эмас, балки шаҳарни тезлик билан қўлга олишга қаратди. Уларни мана шу ҳалок қилди. Усмонийлар қўшинлари нафақат жисмоний ҳолдан тойганди, балки деворларни бузиб, шаҳарга ёриб киришга уриниш амалга ошмаганидан кейин тушкунликка тушганди. Натижада Султон қўшинлари чекинишга мажбур бўлди. Муваффақиятсиз қамалда айблов асосий ҳарбий раҳбарларга қўйилган. Буюк вазир Қора-Мустафо ва яничарлар бошлиғи Иброҳим-пошо қатл этилди. Буюк Усмонийлар империясининг таназзули бошланди.
Абу Муслим таржимаси