ҚОЗИЛАР, ХАТИБЛАР ВА МУҲТАШБЛАР ОРАСИДАГИ МУОМАЛА ВА УЛАР ИШЛАРИНИНГ РИВОЖИ ҲАҚИДА
Мамлакат қозиларининг аҳволини тўла-тўкис билиш зарур ва улардан қайсилари олиму зоҳид, камбағал, аммо камтамаъ бўлса, тарбия қилиб, шулар билан иш юритиш керак. Агарда шундай бўлмаса, уларни ишдан олиб, ўринларига бошқа лойиқ кишиларни қўядилар. Уларнинг ҳар бирига зарур даражада маош берадилар, токи хиёнат қилишларига ҳожат қолмасин. Чунки бу иш жуда ҳам нозикдир, улар мусулмонларнинг яхшию ёмонликлари устидан ҳукм чиқарадилар. Бу амални жоҳил ва нопок кишиларга ишониб бўлмайди, фақат пок, порсо олимларга бериш керак. Агар бирор-бир ҳоким жаҳл ва зулм билан ҳукм чиқарса, подшоҳга маълум қилган ҳолда уни .вазифасидан олиб, жазолаш керак
Вилоят ҳокимлари қози ва шариат ҳукмларини бажаришлари лозим ва саройда шундай олим кишиларни йиғиб, уларнинг амру қарорларига зиён етказмасликлари зарур. Агарда бирор киши шариат ҳокими мажлисига боришни истамаса, уни мажбур қилиб олиб келадилар, токи ҳақиқат аён бўлсин ва ҳеч ким ҳукмдан бош тортмасин. Одам алайҳиссалом замонидан бери то ҳозиргача дунёда ҳар миллат ва мулкларда адолат қилиб келинган, инсоф бериб тўғри иш тутилган ҳоллар кўп. Шундан уларнинг мулку давлатлари узоқ йиллар обод бўлиб турган.
Ҳикоят
Айтишларича, Ажам шоҳларида шундай бир русм бўлган экан, Меҳржон ва Наврўз кунларида подшоҳ раиятни қабул қилар ва ҳеч ким уларга монеълик билдирмас экан. Подшоҳ жар солдириб: «Ўз ишларингиз бўлса, фалон куни ҳузуримга келинглар!» деб айтар экан. Одамлар ўз аризаларини далиллар ё гувоҳлари билан олиб келиб, ишларини битириб кетаркан. Кунларнинг бирида жарчи орқали подшоҳ шундай қўшимча фармон беради:
Кимда-ким ҳожатмандлар, арз қилувчиларнинг йўлини тўсса, подшоҳ унинг қонини тўкади. Шу йўсинда подшоҳ одамлар арзини эшитар, улар аризаларини кўтариб, бирма-бир саройга кириб чиқар эканлар. Агарда бирор аризада подшоҳ устидан шикоят бўлса, у қозиларни ўнг томонига қўйиб, чапда мубадлар мубади, яъни қози ул-қуззот деганларини ўтказар экан. Сўнгра подшоҳ тахтидан тушиб, қозилар олдида тиз чўкиб айтар экан. Аввало, шу кишининг мен билан боғлиқ арзини ҳеч нарсага - эътибор бермай, оғишмай ҳал эт.
Шундан кейингина кимнинг подшоҳга бирор хусумати бўлса, ҳаммалари саройга келсин, подшоҳ аввал уларнинг ишларини кўриб чиқади, деб эълон қилинаркан. Сўнгра подшоҳ қозига деркан:
Аллоҳ таоло олдида подшоҳларнинг гуноҳларидан кўра -каттароқ гуноҳ йўқ. Уларнинг ҳақ ишлари Аллоҳ таоло неъматларини қадрлаб, раиятни ҳимоя этиб, адолат билан ситам қилувчилар қўлларини қисқартиришдан иборатдир. Агарда подшоҳнинг ўзи ситамкор бўлса, лашкари ҳам зулмпеша, Худони ҳам эсдан чиқаргувчи, Худо берган неъматларга куфр етказгувчи бўлади. Яна улар Тангри ғазабига гирифтор бўлиб, тақдир қўлида ёлғиз қоладилар. Шундай кунлар келмасин, бўлмаса олам хароб бўлиб, улар ниятлари шумлигидан ўлиб кетадилару подшоҳ қиёматда жавобини беради. Эй Худо қозиси, менинг сўзларимга аҳамият бер, чунки Худойи таоло мендан нимани сўраса, мен ҳам сендан шуни сўрайман ва бўйнингга қўяман.
Шундан кейин қози жабрланувчи билан подшоҳ ўртасига ҳақдўст бўлиб кираркан ва рақиб ҳақ бўлса, унинг жавобини бераркан, бирор киши подшоҳга ёлғон айб қўйган бўлсаю, далили бўлмаса, унга қаттиқ жазо бериб, бу, подшоҳ ва унинг мамлакатидан айб қидирадиган - кишининг жазоси ана шундай бўлади,- дер экан.
Шундан сўнг подшоҳ тахтига ўтириб, тожини бошига кийиб, вакиллару аъёнларига мурожаат қилиб, мен бу ишларни шунинг учун ҳам ўзимдан бошладимки, сизлардан бирор киши бундан буён ситам қилишга журъат этмасин. Энди сизлардан ҳам бирор кишига жабр етган бўлса, бориб хурсанд қилинглар,- деркан.
Унинг яқин кишилари ҳам шу куни ундан узоқроқда юрардилар. Ардашер давридан Яздигурд замонигача шундай давом этиб келди.
Яздигурд эса оталари одатидан қайтиб, бу оламда ёмонлик одатини тиклади ва одамлар ранжу азобга тушиб, уни кўп дуои-бад қилиб, лаънатладилар. Бир куни тўсатдан чиройли бир от унинг саройига кириб келади. Ҳамма ҳайрон қолиб, уни ушламоқчи бўлади, лекин ушлолмайди. От айвонга кириб Яздигурд олдида жим туради.
Жим бўлинглар, бу Аллоҳ таолонинг менга юборган -ҳадяси,- дейди Яздигурд. Жойидан туриб секин от олдига келиб, ёлидан ушлаб силайди. Белига қўлини қўяди, от эса жим тураверади. Яздигурд эгар-жабдуқ ва бўйинтуруқ талаб қилади. Бўйинтуруқни отнинг бўйнига солиб, жабдуқни қўйиб, тортиб боғлайди ва энди пордумини ўтказмоқчи бўлганида қўққисдан от Яздигурдни жойида уриб, ўлдириб қочиб кетади ва ҳеч кимса отнинг дарагини топмабди. Қаердан келиб қаёққа кетганини ҳеч ким билмай қолади. Одамлар айтадиларки, «бу Аллоҳ таоло юборган бир фаришта бўлиб, бизни Яздигурд ситамидан озод қилди.
Ҳикоят
Бир куни Аммора ибн Ҳамза халифа Восиқ мажлисида ўтирган экан. Зулм чекканларни қабул қилиш куни бир ситам кўрган киши келиб, мулкини Аммора зўравонлик билан тортиб олганлиги тўғрисида шикоят қилади. Халифа Восиқ биллоҳи Амморага:
-Туриб даъвогар ёнига ўтир ва далилингни кўрсат,- дейди.
Аммора айтади:
Мен унинг рақиби эмасман ва агар шу мулк меники бўлса, -унга ҳадя қилдим, халифа мени ҳурмат билан ўтқазган жойидан турмайман. Обрў-мартабамни бир парча ер учун барбод қилишни истамайман. - Шунда унинг юксак ҳимматлилиги ҳаммага хуш келган экан.
Подшоҳ қозиси даъвогарларнинг сўзларини ўзи эшитмоғи керак. Агарда подшоҳ турк ё тожик ёки бошқа киши бўлсаю, араб тили ва шариат қоидаларини билмаса, унда ноиблардан бири ноилож унинг ўрнига ишларни олиб бориши керак бўлади. Ва ҳамма қозилар подшоҳнинг ноибидирлар. Подшоҳ қозиларини қудратли ҳолда сақлаб, уларнинг ҳурматию мартабаларини кўтариши зарур, ҳамда жомеъ масжидларида намоз ўқийдиган хатибларни Қуръонни биладиган порсо кишилардан тайинлаши шарт. Чунки намоз ишлари нозик бўлиб, агар имом намозида камчилик бўлса, эл намозида ҳам нуқсон пайдо бўлади. Ҳар бир шаҳарда тарози ва нархларни тартибга соладиган, олди-сотди ишларини биладиган энг олим ва доно кишилардан муҳтасиб қўйиш керак. Ва атрофдан олиб келиб сотиладиган ҳар бир молни бозорда сотиш учун ва харидорларни алдамаслик учун улар устидан назорат бўлиши шарт. Тарози тошларини тўғри тутиб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишлари лозим. Подшоҳ ва унинг хизматкорлари муҳтасибни қўллаб-қувватлашлари керак. Мамлакатни бошқариш ва диндорлик қоидаларидан бири шудир. Агарда улар бунга қарши ҳукм қилсалар, дарвеш ранжийди, бозорларда одамлар хоҳлаган йўсинларида савдо киладилар, фисқу фасод пайдо бўлиб, шариат иши равнақ топмай, бетартиблик бошланади. Ҳамиша бу ишни хос кишига топширадилар, токи турку тожик демай иш тутсину, мартабалилар ҳам, омма ҳам ундан қўрқсин ва ҳамма ишлар инсофдан бўлиб, Ислом қоидалари маҳкам турсин. Ҳикоятда ана шундай дейилган.
Ҳикоят
Нақл қиладиларки, Султон Маҳмуд ҳар кеча ўз хосу надимлари билан шароб ичарди. Али Нўштагин ва Муҳаммад Ғазнавий унинг улуғ амиру умаролари жумласидан эдиларки, улар Маҳмуд мажлисида ҳозир бўлиб, ҳар кеча эрта тонггача ухламай шароб ичардилар. Кун чиққач, Али Нўштагинга уйқусизлик азоби ва кўп шароб ичганлиги таъсир кўрсатиб, боши оғрир эди. У бир куни туяга ўтириб, уйига бормоқчи бўлади.
Унга Маҳмуд дейди:
Куппа-кундуз куни маст бўлиб уйга боришинг яхши эмас.
-Намози асргача бирор соат шу ерда чўзилиб ёт, кейин кетгин, агарда муҳтасиб сени шу аҳволда кўрса, обрўйингни тўкади ва мени ҳам хафа қилади. Кейин мен унга ҳеч нима дея олмай қоламан.
Али Нўштагин эллик минг аскарга лашкарбоши бўлиб, жуда шижоатли ва яхши жангчи эди. Ўз замонасида унга тенг келадигани топилмасди, у бир ўзи минг кишига қарши тура оларди. Муҳтасибнинг шундай қила олиши ақлига ҳам сиғмасди. Безовталаниб, албатта боришим керак, деб аҳд қилади. Ўзинг биласан, - дейди Маҳмуд унга -
Али туяга миниб, кўп жамоа билан, қўшини, қулларию хизматкорлари билан уйига қараб йўл олади. Иттифоқо муҳтасиб юз нафар суворий билан бозор ўртасида турган экан. Али Нўштагинни бундай маст аҳволда кўриб, туядан туширтириб олади ва ўзи ҳам отдан тушади. Аскарларидан ҳам икки киши пиёда бўлиб, бири Алини ушлаб туради, иккинчиси ундан муҳобо ва муболаға қилмай, шундай урадики, у ер тишлаб қолади. Лашкари ва одамлари буни кўриб, гапиришга журъат қилолмайдилар. Бу муҳтасиб баобрў бир турк бўлиб, давлатга кўп хизмат қилган эди. Муҳтасиб кетиб, Али Нўштагинни уйига олиб борадилар. У йўл-йўлакай ўзига-ўзи гапириб Кимки султон фармонини бажармаса, унинг аҳволи меникидай бўлади, дейди.
Эртаси куни Али Нўштагин хизматга келади. Султон сўрайди:
Нима бўлди! Қандай қилиб муҳтасибдан халос бўлдинг? - Али эгилиб чизиқ-чизиқ бўлиб кетган орқасини Султонга кўрсатади. Султон кулиб, маст бўлиб уйдан чиқмайман, деб тавба қилгин,- дейди
Қачонки подшоҳлик тартиби ва сиёсат қоидаси бир изга солинса, адолат ишлари ҳам худди шундай бўлади
Ҳикоят
Эшитишимча, Ғазнида новвойлар дўконларини ёпади. Нон қиммат ва камчил бўлиб қолади. Бундан ранжиган камбағал ва дарвешлар султон даргоҳига келиб, новвойлардан шикоят қилади. Султон буюриб хос новвойини келтириб, фил оёғи остига ташлатади. Ўлганидан сўнг уни филнинг тишига боғлаб, шаҳар айлантирадилар ва жар соладиларки, кимда-ким дўконини ёпиб, нон сотмаса, жазоси шундай бўлади омборларни очишади, шом намози вақтида ҳар бир дўконда элликтадан нон ортиб қолибди.
1, 2, 3