Шер ва Қуёш (форс. شیر و خورشید - Шир-о хоршид) — қадимги Шарқ давлатлари даври рамзларидан бири. Ушбу мотив XII асрдан бошлаб Салжуқийлар давлатида таниқли рамзга айланди. Шер ва Қуёш рамзи асосан астрономик ва астрологик конфигурацияларга асосланади: қадимги Бобил астрономияси ва Яқин Шарқ анъаналари давридан маълум бўлган Шер буржидаги Қуёшнинг қадимий белгиси.
Тарихи
Мотив тарихда кўплаб ва хилма-хил маъноларга эга бўлиб келган. Салжуқийлар давридан (12-аср) бошлаб ушбу рамз оммалаша бошлаган. Шер ва Қуёш рамзи илк марта туркий-салжуқийлар сулоласининг тангаларида пайдо бўлган, сўнгра мўғуллар ва улардан кейин Амир Темур томонидан ҳам фойдаланилган. Дастлаб фақат астрологик ва бурж рамзи бўлган.
1929 йил пан-эронизм мафкурасининг издошларидан бири Мужтаба Минувий Эроннинг Лондондаги элчихонаси илтимосига кўра тайёрланган маърузасида рамзнинг туркий келиб чиқишини қайд этган. Ҳукуматга уни бошқа миллий логотип билан алмаштиришни тавсия қилган:
«Миллий тарихий хотираларни Шер ва Қуёш эмблемасига боғлаш мумкин эмас, чунки у исломгача бўлган тарихга алоқадор эмас, эронликлар уни ишлаб чиққан ёки яратганлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ... Биз туркий халқнинг бу сарқитидан қутилиб, афсонавий буюклигимизни, «daravsh-i Kaviani»ни энг яхши тарзда ифодаловчи байроқни қабул қилишимиз мумкин».
Сафавийлар ва Қожарлар даври
Сафавийлар ва Қожарлар сулолалари ҳукронлик қилган даврда Шер ва Қуёш рамзи янада оммалашган. Сафавийлар даврида у жамиятнинг икки устуни – давлат ва ислом динини англатарди. Миллий эмблема мақомини Қожарлар даврида қўлга киритган. XIX асрда европалик сайёҳлар Қожарлар саройидаги Шер ва Қуёшни қадимги давр билан боғлашган; шундан буён рамз миллатчилик талқинига эга бўлди. Фотиҳ Али-шоҳ Қожар ва унинг ворислари даврида мотив шакли жиддий ўзгартирилди. Рамзнинг юқори қисмига монархияни ифодаловчи тож қўйилди. Фотиҳ Али ҳукмронлигидан бери монархиянинг исломий жиҳатига урғу берилмаган. Бу ўзгариш гербнинг рамзийлигига таъсир қилди. Рамз маъноси Қожарлар даври билан 1979 йилги инқилоб ўртасида бир неча марта ўзгарди. Шер мамлакатни душманлардан ҳимоя қилишга тайёр бўлган Эрон қаҳрамонлари, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғли Али ибн Абу Толиб образи ёки қадимий талқинида шоҳ ҳокимиятининг рамзи бўлган метафора сифатида талқин қилиниши мумкин эди. Қуёш галма-гал, баъзида Эроннинг афсонавий шоҳи Жамшид ва умуман Ватаннинг рамзи сифатида талқин қилинган.
Герб маъносининг турли тарихий талқинлари Эрон ўзлигининг рақобатлашувчи рамзларига бой замин яратди. XX асрда айрим сиёсатчилар ва олимлар эмблемани қадимги афсонавий Эрон (Форс) қирол штандарти — Деравш Кавиани каби рамзлар билан алмаштиришни таклиф килишди. Шундай бўлса-да, Шер ва Қуёш рамзи жамоат жойлари ва давлат ташкилотларида Эроннинг замонавий герби (эмблемаси) билан алмаштирилган 1979 йил инқилобигача ушбу эмблема давлат расмий рамзи бўлиб қолаверди.