Бир-икки сўзда давлатли хонларга сўйламоқ истаймиз, афу буюрсинлар.
Эй давлатлилар, идорангизга омонат қилинган Худо бандаларига бу кун, бу замонда қила оладиган бир хизмати олиянгиз бор бўлса, у ҳам маърифат тарқатиш орқали мусулмонларни зиё нури билан зиёлантириш ишидир. Фуқаройи ислом сизлардан мол сўрамайди, ош сўрамайди. Дин Куръондан, жон Худодан. Сиз, давлатли хонлардан аҳолига эҳсон қилинадиган бир нарса маърифат тарқатувчи, билим ва камолотга етакловчи олий даражалик маориф мактабларидир. Кўҳна мадрасалар кўп, Бухоройи шарифда ва Хивада ҳозирги пайтда бирор «дорилфунуни исломия» таъсис қилиниши керак.
Бу дорилфунунларга бир даража илм, дин таҳсил этмиш талаба ва авлоди сипоҳ қабул қилиниб, тарих, жуғрофия, кимё, ҳандаса, илми ҳуқуқ, усули идорайи давлат, илми иқтисод ва бошқа зарур фанлар форсий, туркий, русий ва француз тилларида ўқитилиши керак.
Ушбу дорилфунунларга муаллим ва мударрис бўладиган аҳли камол бордир.
Бу фанларни Русияда ёки Европада ўрганган мусулмонлар Русияда бор... Даъват қилинсалар, булардан мол учун, нон учун эмас, миллат юксалиши учун хурсандлик ила хизмат қиладиганлари топилади.
Рус ҳукуматига келсак, нашри маориф (маорифни ёйиш)га тўсқинлик қилмас, интишори маориф ҳавасида ва маслакидадир. Маорифсизлик балосини ўзида бу замонда кўриб, кечирди.
Эй давлатлилар! Кечмиш замон ғафлати билан Мовароуннаҳр майдони сиёсатда мағлуб бўлиб, истиқлолини йўқотди. Бу замонда ғафлатда бўлинса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб бўлиб, бунга сабаб бўлганлар дунё тургунча масъул ҳисобланадилар. Жаноби Ҳақ хайрли ишларга муяссар айласин.
«Таржимон» г., 1906 й., 89-сон
Исмоилбек Гаспиринский