1951 йил 13 декабрь куни МГБда «сионистлар фитнаси»ни фош қилиш давомида Варсонофьев кўчаси бурчагида жойлашган «Х лабораторияси» мудири, тиббиёт хизмати ходими, полковник Григорий Майрановский ҳибсга олинди. Унинг вазифаси ўлимга ҳукм қилинган одамларда заҳарларни синаб кўришдан иборат бўлган.
Сталиннинг ўлимидан кейин озодликка чиқишни умид қилиб, у Берияга ёзган хатларида ўз «хизматлари»ни таъкидлаган: «Менинг қўлларим билан Совет ҳокимиятининг бир неча ўнлаб ашаддий душманлари, жумладан, ҳар қандай турдаги (яҳудий) миллатчилар йўқ қилинган – бу ҳақида генерал-лейтенант П.А.Судоплатовга маълум», дея ишонтириб айтган у ва «қудратли Ватанимиз манфаатлари йўлида» ҳар қандай топшириқларни бажаришга тайёр эканлигини маълум қилган.
Майрановский 1953 йил 6-7 август кунлари бўлиб ўтган сўроқларда ҳибсга олинганларда қандай заҳарларни синаб кўргани ҳақида батафсил сўзлаб берган: маргимуш ва таллий, цианли калий ва натрий каби анорганик бирикмалардан тортиб колхицин, дигитоксин, аконитин, стрихнин каби мураккаб органик моддаларгача. Аконитин билан ўлдириш энг азобли бўлганлигини айтган ва бу заҳар билан ўн кишини ўлдирганлигини маълум қилган: «Айтиш жоизки, буларни эсласам, ўзимни ваҳима босиб кетади».
Майрановский унинг иши қайта кўриб чиқилишига эриша олмади — 10 йил қамоқда ўтирди. 1962 йил бошларида озодликка чиққач, Махачқалъада яшади ва 1964 йил ўткир юрак етишмовчилигидан вафот этди. Оқланмаган.
Никита Петровнинг "Жаллодлар" китобидан
Абу Муслим таржимаси