loader
Foto

Мақсад - режаларингни сир тут, яшир

1850 йил Пруссия парламенти депутати, ўттиз беш ёшли Отто фон Бисмарк мансаб-мавқеининг ҳал бўлиш онларини бошидан кечираётганди. Кун тартибида    ҳамон тарқоқликни    бошидан кечираётган Германияни ягона давлатга бирлашуви ва ушбу бирлашувга тиш-тирноғи билан қарши  турган қудратли Австрия билан ўзаро муносабатнинг қандай бўлиши турарди. Германия бирлашадиган бўлса, унинг бутун ҳудудини Австрия уруш билан босиб олишини эълон қилганди, чунки Австрия бирлашган ва кучли немис давлатининг пайдо бўлишидан манфаатдор эмасди. Пруссия тахти валиаҳди Герцог Вильгельм ва парламент депутатларининг жуда катта қисми уруш тарафдори эди. Пруссия қироли Вильгельм IV ва ҳукумат аъзолари ҳарбий жиҳатдан кучли Австрия билан муносабатларни кескинлаштирмаслик мақсадида урушга қарши туришарди.

Халқаро масалаларда, сиёсий мунозараларда анча тобланган Бисмарк Германияни бирлаштириш, мамлакатни тарқоқликда ушлаб келаётган Австрияни урушда мағлуб этишни орзу қиларди. Ва ниҳоят, кўп йиллардан сўнг: “Даврнинг энг муҳим масалаларини нутқ ва резолюциялар билан эмас, темир ва қон билан ҳал қилиш керак”, деган гапни айтган одам эди у.

Оташин ватанпарвар, ҳарбий куч тарафдори бўлган Бисмарк немис жамиятида уруш васвасаси авж олган бир пайтда парламент минбаридан туриб нутқ сўзлайди. Бу нутқ жуда кўпчиликни ҳайратда қолдиради: “Урушдан кейин ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлиб қоладиган сабабсиз уруш бошлайдиган давлат арбобларига ачинаман. Деҳқоннинг урушда майиб-мажруҳ бўлиб қолган фарзанди ва урушда ҳалок бўлган ўғли учун мотам тутиб йиғлаётган отанинг кўзига тик боқишга журъат топасизми?” Бисмарк ўз нутқида нафақат уруш келтирадиган кулфатлар манзарасини чизиб берди, шу билан бирга, Австрияни мақтаб, бу давлатнинг ҳаракатларини ҳимоя қилгани жуда ғалати эди. Бу гаплар унинг шу пайтгача амалга ошириб келган ишларига ғоятда тескари эди. Лекин Бисмаркнинг оташин нутқи дарҳол ўз самарасини беради: уруш тарафдори бўлган депутатлар ушбу нутқ таъсирида урушга қарши овоз беришади. Натижада ҳақиқатан ҳам урушга қарши бўлган қирол ва унинг вазирлари ғалаба қилишади -урушнинг олди олинганди.

Орадан бир неча ҳафта ўтгандан кейин Бисмаркнинг тинчликни ёқлаб сўзлаган нутқидан миннатдор бўлган қирол уни вазир этиб тайинлайди. Кўп ўтмай, уруш бошламаслик, тинчлик ғоясини илгари сурган Бисмарк Бош вазир лавозимини эгаллайди ва мамлакат ҳамда тинчликсевар қиролни қудратли Австрия империясига қарши урушга олиб келади. Бу урушда Австрияни мағлубиятга учратиб, ягона ва кучли немис давлати - Германияга асос солади.

***

1850 йил Бисмарк парламентда сўзга чиқишга тайёргарлик кўрар экан, вазиятни обдон ўрганиб чиққанди. Ҳарбийлар уруш кайфиятида бўлса-да, лекин Пруссия армияси Европанинг бошқа давлатлари армиясига қараганда кучсиз эди. Айниқса, Австрия армияси ҳар жиҳатдан устун ва Пруссия уруш бошласа, мағлубиятга учраши аниқ эди. Булар Бисмаркнинг биринчи хулосаси эди. Иккинчидан, у урушни ёқлаб чиққанда ва бу урушда Пруссия енгилганда (бу ўша пайтда аниқ эди), Бисмаркка ҳокимият томон йўл ёпиларди. Қирол ва унинг консерватив ҳукуматига тинчлик, Бисмаркка эса ҳақиқий мақсад-режаларини амалга ошириш учун ҳокимият керак эди.

У ҳокимиятга эришиш учун авваллари ўзи рад қилиб келган тинчлик йўлига (аслида сохта тинчлик)

барчани бошлаб кетганди. У бутун мамлакатни ахмоқ қилишга эришганди. Лекин бу эзгу мақсадга қаратилганди. 1850 йил Бисмарк ҳам кўнглидагини очиқ гапириб урушни қўллаб-қувватлаганида эди - урушга пухта тайёргарлик кўрмаган ва Бисмаркка    ўхшаган йўлбошчисиз    Пруссия мағлубиятга учрар ва Германияни бирлаштириш ғояси йўққа чиқарди. У ўзининг “тинчликпарвар” нутқи туфайли вазир ва тез орада Бош вазир бўлиб олади. Бу эса унга Пруссияни ҳарбий жиҳатдан кучайтириш ва урушга пухта ҳозирлик кўриш имконини берганди. Ниҳоят, у ўзининг бош мақсадига эришганди: Германияни ягона давлатга бирлаштириб, Австрияни мағлубиятга учратади.

Бисмарк, шубҳасиз, жуда ақлли давлат арбоби, стратегия ва найранглар устаси эди. У парламент минбаридан нутқ сўзлаётганида, унинг ҳақиқий мақсадларини ҳеч ким сезмай қолганди. Ҳақиқий мақсадидан бири - ҳозирча уруш бошлашни тўхтатиб туриш ва унга пухта тайёргарлик кўриш ҳақида гапирганида эди, Австрияни ҳозироқ енгиб ташлашга қодирмиз, деб уруш васвасасига берилган депутатлар ҳеч қачон тинчлик учун овоз бермасдилар. Қиролнинг тинчлик сиёсатини қўллаш эвазига вазирлик лавозимини эгаллаш учун ўйин бошласа, бу ерда ҳам муваффақиятсизликка учрарди: қирол унинг мансабпарастлигини сезиб қолиб, самимийлигини шубҳа остига оларди.

Аслида эса Бисмарк носамимий ҳаракат қилиб (чунки у уруш тарафдори эди - фақат пухта ҳозирлик кўрилган урушга), тинчлик учун сохта чақириқлар билан ҳақиқий мақсадини ниқоблаб, барчани адаштириб ўз мақсадига эришади. Ҳақиқий мақсад-режаларни ана шу тарзда яшириш - кишини ҳокимиятга олиб келади.

Роберт Гриннинг

"Ҳокимиятнинг 48 қонуни" китобидан