Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг?
Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг, Отиллаларнинг шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?!
Дунёни "урҳо"лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурған тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир?
Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдончарини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун... Нечун... нечун..? Гапур менга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?!
Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Ҳиндистоннинг, Эроннинг, Оврўпанинг улуғ хоқонларини сен юбормадингми? Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғойи! Қани у чақмоқ чақишли ботир хоқонларинг? Қани аввалғи ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун «урҳо»ларинг эшитилмайдир?
Дунё халқини бўйсундирган салтанатларинг нечун бузилди? Инсонлик оламини қанотлари остиға олған хоқонлиғнинг нечун кучи ўлди? Кучингми кетди? Кимсасизми қолди?
Йўқ... йўқ... Тангри ҳаққи учун йўқ!.. Сен кучсиз эмассан, сен кимсасиз эмассан! Бугун ер юзида саксон милйун боланг бор. Буларнинг томирларидаги қон чингизларнинг, темурларнинг қонидир. Буларнинг кучлари сенинг кучингдир!
Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!
Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир.
Ёлғиз... Оҳ, ёлғиз... тарқалмишдир.
Фитрат