loader
Foto

Жўчи хон мақбараси Марказий Қозоғистонда эканлигини кўпчилик билмайди – олим

Бу ҳақда Қозоғистон Миллий академик кутубхонасида бўлиб ўтган "Улуғ Улус - Буюк дала тарихи» халқаро онлайн-конференциясида маълум қилинди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

"Халқаро Туркий Академия бу ишни 2015 йилда, Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги нишонланганидан кейин бошлаган. Хусусан, 2016 йилда биз Кентай ҳудудига халқаро экспедиция уюштирдик. 2017 йилда "Кентайдан Улуғтаугача" халқаро экспедицияси ташкил қилинди. 2018 йилда бир қатор китобларни нашр қилдик ва учрашувлар ўтказдик. 2019 йилда Парижда йирик халқаро конференция ўтказдик. Нур-Султан, Тараз, Бишкекда катта йиғилишлар бўлиб ўтди ва йигирмага яқин китоб нашр этилди. Хусусан, Рашид ад-Диннинг 5 жилдлик "Жамиғ ат-тавориҳ" китобидан ҳужжатлар тўплами мавжуд. Энг сўнгги нашр қилинган китоб - Берке хон ҳақидаги монография», - деди Халқаро Туркий Академия президенти Дархан Қидирали.

У Жўчи улуси тарихи билан боғлиқ бир қатор масалаларни кўтарди.

"Анжуман аввалида улус тарихи ҳақида бир нечта фильмларни томоша қилдим. Бу объектив фикр деб айта олмаймиз, лекин мен бу борада бир нечта масалаларни айтиб ўтмоқчиман. Биринчидан, улуснинг номи "Олтин Ўрда" эди. Маълумки, "Ўрда" сўзи маълум тилларда салбий маънода ишлатилган. Шунинг учун, бу "Олтин Ўрда" дан кейин пайдо бўлган ном эканлигини биламиз. Ўйлайманки, "Улуғ Улус" номи 750 йиллик юбилейда иккинчи ўринни эгаллаши керак. Унинг шаклланиши кўпинча Чингизхон, Жўчи, Бату билан боғлиқ, аммо у Талас курултойидан бошланган. Талас курултойи 1269 йилда бўлиб ўтганлиги тўғрисида жуда кўп тортишувлар мавжуд ва ҳар кимнинг фикри турлича. Археологларнинг фикрлари бор, биз ҳам хулосалар чиқарамиз, улар ҳақида биз хабар берамиз. Талас қурултойи ҳақидаги китоблар йўқ ҳисоби. Улуснинг отаси ҳисобланмиш Жўчи хоннинг туғилиши ҳам, ўлими ҳам сир-синоатга тўла. Унинг ўзи ҳаётлиги пайтида ҳам у ҳақида турли хил олди-қочди гаплар мавжуд эди. Жўчи хон билан боғлиқ археологик қазишмалар Совет даврида бошланган, аммо тўхтатиб қўйилган. Буни антропологик ишлар билан бирлаштириш керак. Умуман олганда, унинг мақбараси Чингизхон ва унинг сулоласидан қолган дунёдаги ягона ёдгорлик эканлигини таъкидлаш керак. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Жўчи хон мақбараси Сариарқада жойлашганлигини кўпчилик билмаслигини таъкидлаб ўтди. Улуғ Улуснинг 750 йиллиги муносабати билан қилинадиган ишлар кўп, деб ўйлаймиз. Унинг инсоният тарихида қолдирган маънавий ва маданий излари ҳақида ҳали ёзилади. Биз Улуғ Улус тарихини унинг таркибига кирувчи замонавий давлатлар бирлаштирган тақдирдагина тизимли ишларга эриша оламиз», - деди.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Таълим ва фан вазирлигининг Давлат тарих институти билан биргаликда ташкил этилган халқаро онлайн-конференциянинг мақсади Олтин Ўрданинг Евроосиё тарихидаги ролини ўрганиш, манбашунослик ва эпиграфик тадқиқотларни қўллаб-қувватлашдир.

Муаллиф: Зарина Қаҳарман