Ака-укалари каби, Чиғатой отаси Чингизхон билан Хитойга (1211—1215) ва Хоразмшоҳларга (1219—1224) қарши ва бошқа барча юришларда иштирок этган. Хоразмшоҳлар пойтахти Урганч (ҳозирги Кўҳна Урганч) Чингизхоннинг учта ўғли Жўчи, Чиғатой ва Угадей тарафидан 618 ҳижрий қилда қамал қилинган (27 март—24 апрел 1221 йил). Ушбу йил Бамиан атрофида Чиғатойнинг катта ўғли Мутуген ҳалок бўлади. Инд атрофида бўлиб ўтган жангларда хоразмшох шаҳзодаси Жалолиддин Мангубердини таъқиб қилиш Чиғатойга топширилади. Чингизхон сўнгги юришини қилганда Мўғулистонда қолган қўшинга раҳбар бўлиб қолади. Унинг ўлимидан сўнг, Чиғатой ҳарбий юришларда иштирок этмаган. Ўлимидан сўнг Чингизхоннинг тирик қолган ўғилларидан энг каттаси бўлгани учун мўғуллар ичида катта обрў қозонади. 1229 йил амакиси Тэмугэ билан Чингизхон ўзига валийаҳд қилиб тайинлаган Угэдэйни хон қилиб кўтардилар. Қонунни яхши билиши ва унга амал қилиш борасида у жуда катта ҳокимиятга эга бўлган. Унга ҳатто мўғулларнинг буюк ҳоққони Угэдей ҳам бўйсунган жойлари ҳам бўлган. Ўша вақтларда Чиғатой, Мўғулистонда ўз укасининг қароргоҳида бўлган, сўнг Чингизхон унга берган улусдаги қароргоҳига ҳам тез-тез бориб турган.
Чиғатой улуси
Барча мўғул хонлари каби, Чиғотойнинг ҳам қишлаш ва ёз мавсуми учун ўзининг алоҳида қароргоҳи (ўрдаси) бўлган. Унинг иккита қароргоҳи ҳам Или дарёси атрофида бўлган. Чиғатой ўз отасидан шарқдаги уйғурлар еридан ғарбдаги Бухоро ва Самарқандгача бўлган ерларни мерос қилиб олади. Бироқ бу ерлар Илидан бошқарилмаган. Мавҳ этилган ерларни маҳаллий сулолалардан чиққан, босқинчиларга сотилганлар бошқарган. Мазкур сулолалар билан мўғул ҳукмдорлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Нима бўлганида ҳам Марказий Осиёнинг маданий марказлари Чиғатой номидан эмас, балки Буюк хон номидан бошқарилган. 1238—1239 йиллар Бухородаги Маҳмуд Таробий тарафидан кўтарилган қўзғолон бостирилгани ҳақида ривоятларда Чиғатой исми учрамайди. Буюк хон тарафидан Мoварoуннаҳр ҳукмдори этиб, келиб чиқиши хоразмлик бўлган Махмуд Ялавоч бўлган. Унинг қароргоҳи Хўжандда жойлашган эди. Мoварoуннаҳрдаги мўғул қўшинларининг раҳбарлари ҳам буюк хон тарафидан тайинланар эди.
Бу орада Чиғатой ўзи бошимча Махмуд Ялавочни ишидан олиб ташлаганида, буюк хон акасини жавобгарликка чақириб, хатти-харакатлари қонуний эмаслигини тан олдирган. Угэдэй бундан мамнун бўлиб, бу ерларни акасига ўлжа сифатида берган бўлса ҳам ҳуқуқий-маъмурий тарафдан ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.
Угэдэйнинг сўнгги йиллари, сўнг эса Мунке даврида ҳам Хитойдан Бухорогача барча ерлар буюк хон номидан Махмуд Ялавочнинг ўғли Масудбек тарафидан бошқарилар эди. Чиғатойнинг мусулмон вазири Қутбиддин Хабаш-Амиднинг бу бошқарувга қанчалик алоқаси борлиги ҳам маълум эмас.
Рашиддинга кўра, бу вазир Ўтрорлик бўлган, Жамол Қаршига кўра, Карманалик бўлган. Хуллас, мўғуллар даврида уларга хизмат қилишга тайёр турган маҳаллий аҳоли, яъни мусулмонлар кўпайишни бошлаган.
Ясақ қўриқчиси
Чиғатой Исломни хушламаган, Ислом душмани бўлган. Исломнинг баъзи амалларига амал қилиб, мўғулларнинг қонунини бузганларни қаттиқ жазолаган. Шариатга кўра ҳайвонларни бўйнидан сўйиш мўғулларда одат бўлмаган. Шуни деб, шаърий сўйиш тақиқланган, оқар сувга таҳорат ва ғусл мумкин бўлмаган. Чиғатой бу учун мусулмонларни шафқатсиз жазолаган. Шунинг учун ҳам уни мусулмонлар ёқтиришмаган. Бу ҳақда шоир Садид Авар: “Қўрқиб, сувга тушишга ботина олмаганларга сабаб бўлган одам ўзи (ўлим) уммонига ғарқ бўлди”, деб ёзган. Унинг мусулмон деб аталган вазирлари ҳам ибодатда бўлмаганлиги айтилади. Айтилишича, Чиғатойнинг буйруғи бўйича шайх Абу Яқуб Юсуф Саккокий қатл қилинган. Исломга бўлган нафрати туфайли Чиғатой "насронийларнинг дўсти" дея ном қозонган. Марко Полонинг хабар беришича, Чиғатой чўқинтирилганмиш, аммо бу бошқа манбаларда ўз тасдиғини топмаган.
Мероси
Чиғатой ўзининг укаси Угэдэйдан сўнг бир неча ой яшаган. Яъни у 1241 йиллар вафот қилди. Вафотидан сўнг унинг келиб чиқиши хитойлик бўлган вазири ва саройда хизмат қилувчи мусулмон табиб Мажидиддин ҳам қатл қилинган. Уларнинг айби, ўз ҳукмдорининг ҳаётини сақлаб қола олмагани экан.
Чингизхоннинг ҳамма ўғилларидан Чиғатойнинг исми сулоласи ва сулола бошқарган давлат номини олган. Мовароуннаҳрнинг туркий ва турклашган кўчманчилари XV асрда Чағатойдан бошланадиган авлодлари қолмаган бўлса ҳам ўзларини чиғатойликлар деб атаб келишган. XIV аср жалойир, барлас, кавчин, арлат, қўнғирот, манғит ва Чиғатой улусида тарқалган бошқа қабилалар ўзларини чиғатойликлар деб аташган. Бу кўчманчи қабилалар аста-секин маҳалий аҳоли билан чатишиб, ўртоқлашиб борган. XV асрда “Чиғатой” сўзи кенгроқ маънода қўллана бошлаган. Бу сўз билан нафақат мўғуллар даврида келган қабилаларга нисбатан, балки Мовароуннаҳрнинг туркий аҳолисига нисбатан ҳам қўллана бошлади. Темурийлар даврида ҳам Марказий Осиёда шаклланган адабий тилга ҳам қўллана бошлади (Мустамлака даври олимлари Алишер Навоийни «Чиғатой адабиётининг вакили» деб атайдилар, унинг тилини «Чиғатой тили» дейдилар. Ҳолбуки, Навоий ўз она тилини ва туркий тилли халқини «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида қанчалик ватанпарварлик билан ҳимоя қилганини бошқалар билмаса ҳам, бу олимлар яхши билишарди. Чингизхоннинг ўғли Чиғатой золим ва босқинчи шахс сифатида дунёга маълум эди. Шунга қарамай, Темурийлар давридаги ўзбек тилини «Чиғатой тили» деб атаганлар, Навоийдек даҳони «Чиғатой адабиёти»га мансуб қилиб кўрсатганлари мустамлакачилик мафкурасига қандай хизмат қилганлиги маълум).
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади