loader
Foto

Усмон Ғозий

Усмон Ғозий (1258-1326) – Усмонйилар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори (1299-1326). Давлат номи унинг шарафига қўйилган. 1258 йили Вифинияда туғилган. 1299 йили султон унвонини олган. 1326 йили Бурсада вафот этган.

Усмон ҳокимиятга келгач барча эътиборини Вифинияни бўйсундиришга қаратди. Усмоннинг энг биринчи муваффақиятли юриши 1291 йили Мелангияни забт этиши бўлди. Византиянинг бу мўъжаз шаҳарчасини Усмон ўзига қароргоҳ қилиб олди. Мелангиянинг аҳолиси у ерни ташлаб кетди, бир қисми эса тўқнашувларда ҳалок бўлган эди. Усмон у ерга Гармиён ва Онадўлининг бошқа ҳудудларидан аҳоли жойлаштирди. Христианлар канисаси Усмон буйруғи билан масжидга айлантирилди ва ҳар жума кунлари унинг номи хутбада янграй бошлади. Афсоналарга кўра, ана шу пайтда Усмон салжуқ султонларидан бейлигини тасдиқловчи ноғора ва туғ олди. Орадан кўп ўтмай Усмон ўзига қарашли бўлган ужни мустақил давлат, ўзини эса ҳеч кимга бўйсунмайдиган ҳукмдор деб эълон қилди. Бу тахминан 1299 йили, Кай Қубод II қўл остидагиларнинг исёнидан қўрқиб давлати пойтахтидан қочган пайт содир бўлди. 1307 йилгача номигагина ҳукмронлик қилган рум салжуқийларининг сўнгги вакили мўғуллар буйруғи билан бўғиб ўлдирилган вақтга қадар  Усмон  бироз мустақил бўлса-да, кейин мўғул сулоласи Хулагуларга йиллик бож тўлаб турган. Бу Усмоннинг ўғли Ўрхун   ҳокимият тепасига келгунча давом этди.

XIII асрнинг охири ва XIV асрнинг бошларида Усмон бейлиги ўз ҳудудини сезиларли кенгайтирди. Ёш давлатга қўшниларнинг душманлик назари билан қарамаганликлари, Усмоннинг Византияга юришларини осонлаштирди. Гармиён бейлиги гоҳида мўғуллар билан, баъзан византияликлар билан урушган бўлса, Кареси бейлиги уруш ҳаракатлари олиб боришга кучи етмас эди. Онадўлининг шимоли-ғарбидаги Чандар-ўғли бейлиги ҳам Усмонни безовта қилмасди,  у бейлик бутун кучини мўғулларга қарши курашишга сафарбар этган эди. Бу қулай вазият Усмоннинг ғарбга юришига имконият берарди.

1301 йил Усмон Енишеҳрни забт этиб у ерга қалъа қургач, Бурса шаҳрини қўлга киритиш учун тайёрлана бошлади. 1302 йилнинг ёзида Византиянинг Бурсадаги вакили қўшинларини Вафеяда тор-мор қилди. Бу усмоний-туркларнинг катта жанглардаги илк зафари эди. Византия империяси қаршисида кучли рақиб турганини англаб етди.

Усмон мулклари бўлган ҳудудларга кўплаб аҳоли кўчиб кела бошлади. Бу Усмоннинг кейинги юришларига туртки берди. Византияликлар Усмоннинг мавқеи кучаётганини кўриб Онадўли қишлоқларини тарк эта бошладилар. Византия қўмондонлиги Усмоннинг Европага қиладиган ҳужумига қарши туриш учун флотни мустаҳкамлашга катта эътибор берди. Лекин Усмон ғарбга юришни давом эттириб Эгей денгизидаги Эфесни қўлга киритди.

1305 йили усмоний-турклар Левке жангида мағлуб бўлишди, уларга қарши византияликлар қўшинида хизмат қилаётган каталониялик бўлинмалар ҳам қатнашган эди. Кейин Византияда тахт учун кураш бошланиб, бу турклар учун ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун қулай вазият бўлди. Усмоннинг ҳарбийлари Онадўлининг Қора денгиз соҳилидаги Византияга тегишли бир қанча шаҳарларни эгаллашди. Ўша йили турклар биринчи марта Дарданелдаги  Византиянинг Европа қисмидаги ҳудудларига ҳужум қилишди. Шунингдек, Усмон қўшинлари Бурсага олиб борадига йўлдаги бир қанча қалъаларни ҳам забт этишди.

1315 йилга келиб Бурса атрофидаги барча қалъалар усмонийлар қўлига ўтган эди.  Усмонийлар Бурсани кейинроқ Эртўғрул ўлган йили туғилган Усмоннинг ўғли Ўрхун даврида эгаллашди.

Ўрхуннинг қўшини асосан отлиқлардан ташкил топган эди. Туркларда қамал қуроллари йўқ эди. Шунинг учун бей барча тарафи кучли девор билан ўралган шаҳарни қамал қилишга қарор қилмади ва Бурсага олиб бордиган барча йўлларни тўсиб, шаҳарни дунёдан узиб қўйди. Турклар забт этган ўлкалар аҳолисини кўчириб, уларнинг ўрнига бей буйруғи билан турк аҳолиси кўчириларди, Бурса атрофидаги қалъаларда ҳам турклар жойлашишган эди. Бурса ҳеч қаердан ёрдам олмади ва ташқи дунёдан тамоман узилиб қолди. Туркларнинг бу қамали 10 йил давом этди. 1326 йилнинг апрелида Ўрхун қўшнини шаҳар деворига яқин турган пайтда шаҳар таслим бўлди. Бу воқеа Усмоннинг ўлимидан бироз олдин бўлиб ўтди. Унга хабарни етказишганда Усмон ўз қароргоҳида ўлишига жуда оз вақт қолган эди.

А. Қодировнинг "ШАРҚНИНГ МАШҲУР СУЛОЛАЛАРИ" китобидан