Ўрхун (1288-1359) – усмонийлар давлатининг иккинчи ҳукмдори (1326-1359). 1288 йили Онадўлида туғилган.
Усмондан сўнг бей бўлган Ўрхун Бурсани бейликнинг пойтахти бўлганини маълум қилди. Ўрхун 1327 йили Бурсада биринчи марта кумуш танга – ақча зарб қилдирди. Бу бейликнинг мустақил бўлиши жараёни якунланаётганини билдирарди. Усмонийларнинг кейинги юришлари шимолга қаратилди.
1330 йили Ўрхун қўшини Никея (Изник)ни, 1337 йили Никомедия (Измит)ни қўлга киритди. Турклар Ўрхуннинг укаси Аълоуддин бошчилигида Никеяга қараб юриш қилишаётганда, дараларнинг бирида турклар ва император қўшинлари ўртасида жанг бўлиб ўтди. Византияликлар мағлуб бўлишди, император эса жароҳатланди. Никеяни олиш учун қилинган бир неча ҳужумлар туркларга муваффақият келтирмади. Улар тажрибадан ўтган қамал усулини қўллаб, Никеяга олиб борадиган барча йўлларни тўсиб қўйишди. Ҳеч қандай чора топа олмаган Никея таслим бўлди. Никеянинг забт этилиш усмонийларга Византия империясининг Осиёдаги мулкларига ҳужум қилиш учун йўл очди.
Денгиз орқали ёрдам олиб турган Никомедия қамали эса 9 йил давом этди. Ўрхун Никомедияни олиш учун Мармар денгизининг тор бўғозини қамал қилди. Ҳеч қандай имкониятсиз қолган Никомедия (Измит) туркларнинг шафқатига умид қилиб шаҳарни топширишди.
Никея ва Никемедияни олгандан сўнг турклар Босфордан Измит кўрфазининг шимолидаги ерларга эга бўлишди. Измит туркларнинг янги флоти учун дастлабки бандаргоҳ вазифасини ўтай бошлади. Туркларнинг Мармар денгизи ва Босфор соҳилларига чиқиши, уларнинг Фракияга қиладиган ҳужумларига замин яратди.
1338 йилдан бошлабоқ турклар Фракия ерларини олишга ҳаракат бошлаб юборишди, Ўрхуннинг ўзи эса ўттизга яқин кема билан Константинопол остоналарида пайдо бўлди. Бироқ Ўрхун бўлинмаси Византия қўшинларидан мағлуб бўлди. Император Ўрхун билан муносабатларни яхшилаш учун унга қизини берди. Ўрхун бир муддат Византияга қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, ҳатто Византияга ҳарбий ёрдам ҳам бериб турди. Лекин Ўрхун Босфорнинг Осиёдаги қисмини ўзининг мулки деб биларди. Император ҳузурига меҳмон сифатида борган Ўрхун унга Босфорнинг Осиё қисмида зиёфат уюштиришни таклиф қилди. Император ўзининг аъёнлари билан ўша ерга боришга мажбур бўлди.
Кейинчалик усмонийларнинг Фракия ҳудудига кириши Ўрхун ва Византия муносабатларини янада кескинлаштирди. Яна ўн-ўн беш йиллардан сўнг Ўрхун қўшини Византиянинг Европадаги қисмига ҳужум қила бошлади. Бунга XIV асрнинг 40-йилларида Кареси бейлигидаги тахт учун бўлаётган кураш туртки берди. Бейликнинг ҳудуди Дарданел бўғозининг шарқий соҳилларигача бўлган ерлар эди.
1345 йили Ўрхун Кареси бейлигини тугатди. Турклар 1346 йили Византияда бўлаётган фуқаролар уруши (1341-1347)га аралашиб бўлажак император Иоанн VI Кантакузенга ёрдам беришди ва амалдаги император Иоанн V Палеологга қарши курашишди. Бунинг эвазига Ўрхунга Иоанн VI нинг қизи Феодора хотинликка берилди.
XIV асрнинг ўрталарида турклар ҳарбий ҳаракатларини фақат ғарбда эмас, шарқда ҳам кучайтира бошлашди. Ўрхун бейлиги Элхонийлар давлатининг қулашидан сўнг, амалда мустақил бўлиб олган мўғулларнинг Кичик Осиёдаги ноиби Эртен давлати билан чегарадош эди. Эртен ўлганидан кейин унинг давлатида фитналар юз бериб, тахт учун кураш бошланиб кетди. Ўрхун бу вазиятдан фойдаланиб 1354 йили Эртен ерларига бостириб кириб Анқарани эгаллади.
Турклар 1352-1354 йилларда Европадаги биринчи фатҳларини бошлашди. 1354 йили турклар зилзила туфайли мудофаа деворлари вайрон бўлган Галлиполини қийинчиликсиз забт этишди. 1356 йили Ўрхуннинг ўғли Сулаймон бошчилигидаги қўшин Дарданел орқали юриш қилиб, Дзориллос (Чорлу) каби бир қанча шаҳарларни бўйсундирди. Сулаймон қўшини Адрианопол (Эдирна)га қараб йўлга тушди. Сулаймон юришининг асосий мақсади ҳам шу эди. Лекин тахминан 1357 йили Сулаймон режасини амалга ошира олмай вафот этди.
А. Қодировнинг "ШАРҚНИНГ МАШҲУР СУЛОЛАЛАРИ" китобидан