loader
Foto

Салим II

Салим II (1524 йил 28 май – 1574 йил 13 декабр) – усмонийлар ҳукмдори (1566-1574). Сулаймон I ва Роксолананинг ўғли. Салим II ҳукмронлик даврида давлатни вазири аъзам Муҳаммад Соқоллу (Соколич) бошқарди. Усонийлар давлати Эрон, Венгрия, Венеция (1570-1573) ва “Муқаддас лига” (Испания, Венеция, Генуя, Мальта)га қарши уруш олиб борди, Арабистон ва Кипр истилоси якунланди.

Салим II (1524 йил 28 май – 1574 йил 13 декабр) – усмонийлар ҳукмдори (1566-1574). Сулаймон I ва Роксолананинг ўғли. Салим II ҳукмронлик даврида давлатни вазири аъзам Муҳаммад Соқоллу (Соколич) бошқарди. Усонийлар давлати Эрон, Венгрия, Венеция (1570-1573) ва “Муқаддас лига” (Испания, Венеция, Генуя, Мальта)га қарши уруш олиб борди, Арабистон ва Кипр истилоси якунланди.

1569 йилда турк қўшинлари зайдийларга қарши йирик жазо юришларини уюштиришди. 9 ойлик қамалдан сўнг (1569 йил августдан 1570 йил май ойининг ўртасигача), Кавкабан (Санъо яқинида) қалъаси олингач зайдийлар етакчиси усмонийлар ҳукмронлигини тан олди. Бироқ Ямандаги турклар ҳукмронлиги барқарор эмасди. Мамлакат бутунлай бўйсундирилмаганди, Яман ва Хадрамавтдаги султон ҳукмронлиги фақатгина ҳарбий-сиёсий назоратдан иборат эди холос.

1569 йил Салим II Астраханга муваффақиятсиз юриш бошлади. Истамбулда Волга ва Донни канал орқали бошғлаш режаси ишлаб чиқилганди. 1569 йил ёзда яничарлар ва татар суворийлари Усмонийлар флоти Азовни қамал қилиб турганда Астрахан қамалини ва канал ишларини бошлашди. Лекин Астрахан гарнизони ҳужумни қайтарди. 15 минг кишилик руслар қўшини ёрдамга жўнатилган татар қўшинини ва канал ишчиларини қувди. Усмонийлар флоти эса тўфон туфайли ҳалокатга учради.

1570 йилда султон Салим II венецияликларга тегишли бўлган Кипр оролини эгаллаш учун эскадра жўнатди. Адриатиканинг шарқий соҳилидаги Венеция ерлари ҳамда Эгей  ва Иони денгизларидаги Венеция босиб олган ороллар учун уруш бошланди. Венециянинг туркларга қарши урушини Испания қироли Филипп II ва рим папаси қўллаб-қувватлади. Папанинг ташаббуси билан Усмонийлар давлатига қарши урушиш учун “Муқаддас лига” тузилди. “Муқаддас лига”га Венеция, Испания, Мальта, Генуя, Савойя ва Италиядаги бошқа давлатлар қўшилди. Ҳарбий ҳаракатлар танаффуслар билан 3 йил давом этди.

Лепанто денгиз жанги. 1571 йил 7 октябр Лепанто (Греция) шаҳри яқинидаги Патраикос бўғозида дунё тарихида машҳур бўлган денгиз жангларидан бири бўлиб ўтди. Эшкакли кемаларда олиб борилган сўнгги энг йирик жанг эди. “Муқаддас лига” (асосан Испания ва Венеция) кемалари турк эскадрасига қарши жанг қилди. Туркларда 230 та, иттифоқчиларда 208 та кема бор эди. Жанг ўта даҳшатли тус олиб ҳар икки томонга катта талафотлар етказди. Воқеа гувоҳларидан бири шундай ёзади: “Жанг майдонига айланган денгиз, одам қонидан аскарларга қизил рангда қўринарди”. Бу жангда иттифоқчилар сафида бўлган, бўлажак ёзувчи Мигель Сервантес бир қўлидан айрилди. Турк эскадраси оғир мағлубиятга учради. Турклар 200 та кема йўқотди. Ҳамда 30 минг аскар ўлди ва яраланди. Иттифоқчилар 10 та кемасидан айрилди ва 7 минг аскари ҳалок бўлди. Туркларнинг мағлубияти Европада ажойиб таассурот қолдирди. Италия ва Испанияда ғалаба шарафига черковларда ибодатлар ўтказилди.

Лепанто жанги Усмонийлар давлати ва “Муқаддас лига” ўртасидаги ҳал қилувчи жанг бўлмади. Турклар қисқа муддатда янги флот ташкил қилиб урушни ғалаба билан тугаташди. 1573 йил мартдаги Венеция ва Усмонийлар давлати ўртасидаги тинчлик шартномасига кўра, венецияликлар туркларга Кипрни тоширишга ва катта миқдорда ўлпон тўлашга мажбур бўлишди.

Салим II “Муқаддас лига”га қарши урушни тугатгач, Тунисда ҳарбий ҳаракатлар бошлади. 1574 йилнинг баҳорида у ерга 40 минг кишилик қўшин юборди. Турк эскадраси 300 кемадан иборат эди. 12 июлда кун бўйи давом этган жанглардан сўнг турк эскадраси Тунис шаҳрига ёриб кирди. Кейин 7000 кишилик испан гарнизони турган Ла-Гуетта қалъаси қўлга олинди. 1574 йил август-сентябр ойларида Албастиун қалъаси олинди. Ҳимоячиларнинг аксарияти жангларда ҳалок бўлди, асирга тушганлари қатл этилди. Бу юришлар натижасида испанлар Шимолий Африкадаги мулкларидан жудо бўлишди. 1581 йил қирол Филипп II султон билан сулҳ тузишга мажбур бўлди.

Туниснинг турклар томонидан эгалланиши узоқ вақт давом этган Ғарбий Ўрта ер денгизининг тақсимланишига якун ясади. Султон Салим II нинг бош вазири Венеция элчиси билан бўлган суҳбатда вазиятни сўзлар билан жонли ифода этган эди: “Сизлар бизнинг соқолимизни Лепантода қирқиб ташлагандингизлар, биз эса сизларнинг қўлингизни Тунисда қирқдик. Соқол ўсиб чиқади, қўл эса ҳеч қачон ўсиб чиқмайди”. Ҳақиқатан ҳам Тунис эгаллангандан сўнг, Ғарбий Ўрта ер денгизи учун кураш тўхтади. Турк қўшини яна Эрон ва Австрияга қарши курашга отланди.

1574 йили Молдавияда Иван Злим бошлиқ туркларга қарши қўзғолон бўлиб ўтди.

А. Қодировнинг "Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан