Совет Россияси ҳарбий кучлари томонидан 1920 йил 2 сентябрда Бухорода амирлик ағдариб ташланиб, халқ республикаси тузилгани эълон қилинди. Ҳокимиятга расман “Ёш бухороликлар” етакчилари келган бўлса-да, мамлакат амалда болшевиклар қўлига ўтди.
Бухорони босиб олиш режаси йил бошидаёқ пишиб етилган эди. Май ойи аввалида Москвага келган Турккомиссия аъзолари Ш. Элиава ва Я. Рудзутак РСФСР ташқи ишлар вазири Г.В. Чичеринга “Турккомиссия эртагаёқ Бухоро амирлигининг мустақиллигини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаради” деган баёнотни топширади. 1920 йил 22 майда РКП(б) МК бюроси Бухорога ҳужум қилиш тўғрисидаги Турккомиссия аъзолари фикрини маъқуллайди.
Туркистон фронти қўшинлари қўмондони М.В. Фрунзе Бухоро амирлигига қарши ҳарбий ҳаракатларни тезлаштиришни сўраб, 1920 йил 31 июлда В.И. Ленинга телеграмма жўнатганида, РСФСР қуролли кучлари бош қўмондони С.С. Каменев “Қулай фурсатда бошлашга рухсат берилади”, дея қисқа жавоб йўллаган. Большевикларнинг ёлғон шиорлари ва ваъдаларига ишонган Файзулла Хўжаев амирликни ағдариш учун бирдан-бир тўғри йўл М.Фрунзе қўмондонлигидаги қизил қўшинлардан “ёрдам сўраш” деб билди (Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Тошкент, 2000. 127–128-бетлар).
1920 йил 12 августда М. Фрунзе амирликни тугатиш мақсадида Самарқанд-Бухоро фронтини шакллантиришга буйруқ берди. Шу тариқа амирлик чегараларида 7 000 пиёда, 2 500 отлиқ аскар, 5 та оғир тўп, 35 та енгил тўп, 206 та замбарак, 5 та бронеавтомобил, 5 та бронепоезд ва 11 та аэроплан урушга шай ҳолатга келтирилди. Қиёслаш учун, ўша пайтда Амир Олимхон ихтиёрида 15 минг сарбоз, 55 та эски тўп ва 12 пулемёт бор эди, холос. 16-18 августда Чоржўйда Бухоро коммунистларининг 4-қурултойи ўтказилиб, амирга қарши исён кўтариш режасини қабул қилди (Қ.Ражабов. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920–1924 йиллар). Тошкент, 2002. 12-бет).
Болшевиклар бу маккорона режани амалга ошира бошлади. Тарихда “ялпи қўзғолон” дея номланган сохта ҳаракат 1920 йил 23 августда Бешим Сардор бошчилигидаги ёлланма туркман отлиқларининг Чоржўй яқинидаги Сақор бозорини ишғол қилиши билан бошланди. Бешим Сардор ва Чоржўй коммунистлари Эски Чоржўйни эгаллаб, юздан ортиқ амалдорларни қамоққа олишди. Чоржўй беклиги ғазнаси Чоржўй ревкоми ва янги ҳукумат ихтиёрига ўтди. Келишувга кўра, шу куни Чоржўй ревкоми “Бутун Бухоро халқи номидан” “Туркфронт”га ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ваҳоланки, Бухоро халқи қурултой қароридан ҳам, Бешим Сардор исёнидан ҳам буткул бехабар эди. Бухоро тақдири қизил қўшин инон-ихтиёрига топширилганди.
М. Фрунзе “ёрдам” тўғрисидаги мурожаатни олгач, қўшинларини 4 та зарбдор гуруҳга бўлди. Самарқанд гуруҳи 29-30 августда Шаҳрисабз-Китоб йўналишида ҳаракатланиб, Қарши ва Ғузорни эгаллаши, Каттақўрғон гуруҳи эса Хатирчи, Зиёвуддин ва Карманани олиши, Чоржўй гуруҳи Эски Чоржўйни эгаллаб, Афғонистон билан чегараларни назорат қилиши, Фороб ва Қоракўлни забт этиб, қўшимча буйруқни кутиб туриши лозим эди. Когон гуруҳига Эски Бухорони ишғол қилиш, Амир Олимхонни асир олиш ва Аркдаги хазинани қўлга киритиш юкланган эди.
1920 йил 29 августда Эски Бухоро ҳам ҳаводан, ҳам ердан қаттиқ ҳужумга учради. Қарши дарвозасигача келган темирйўлда турган бронепоезд ва Самарқанд, Шайх Жалол, Намозгоҳ дарвозалари яқинидаги тўплардан 1-2 сентябр кунлари шаҳарга 12 000 та снаряд улоқтирилди. 11 та аэроплан шаҳар устига уч кун давомида бетиним бомба ёғдириб турди. Бухоро ҳатто кимёвий снарядлардан ўққа тутилди.
Қарши ва Самарқанд дарвозалари тагига 800 килограмдан ортиқ порох кўмилиб портлатилди. Қулаган дарвозалардан қизил аскарлар шаҳарга мўр-малахдай бостириб кирди. Кўча жанглари бошланиб кетгач, Амир Олимхон шаҳар обидаларини ва аҳолини омон сақлаш мақсадида пойтахтни тарк этди. Совет аэропланлари уни қидириб топиш баҳонасида шаҳар атрофидаги қишлоқлар, тарихий обидалардан Ситораи Моҳи Хосани бомбардимон қилди. 2 сентябрда қизиллар Аркка қўрғонига байроқ тикди (Қ.Ражабов. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш: тарих ҳақиқати (1920–1924 йиллар). Тошкент, 2002. 12–13-бетлар).
Шафқатсиз ўқ ёмғири ва бомбардимон натижасида шаҳар обидаларининг бешдан бир қисми вайрон этилиб, минглаб бегуноҳлар нобуд бўлди. Воқеалар шоҳиди Муҳаммад Али Балжувоний “Тарихи Нофеий” (“Фойдали тарих”) асарида қуйидагича тасвирлайди: “Бухорони босиб олиш натижасида 34 та гузар, 3 000 дан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди. Минораи Калонга ҳам зарар етиб, Олимхон ва Мир Араб мадрасалари ёниб кетди... Ҳазрати Имом дарвозасидан Гузари Назаргача, Кофиробод, Ўғлон дарвозаси, Масжиди Калон, Зиндондан Тўқумдўзий ҳаммомигача, минора остидан то Сўзангарон даҳаси, Гулбозор, Латтафурушлар растаси, Регистондан то Пули ошиқоннинг бошигача батамом ёниб кетди. Қарши дарвозаси ҳам ёниб битди... Шаҳарда 3 000 га яқин ҳовли кул бўлди. Бухоро шаҳри қарийб 20 кун ёнганди. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди” (Муҳаммад Али Балжувоний. Тарихи нофеий (Фойдали тарих). Тошкент, 2001. 70–71-бетлар).
Туркистон фронти қўмондонлиги Бухорони бомбардимон қилиш учун махсус аэропланларни ажратган. Маҳаллий аҳоли уларга “темир қузғунлар” деб ном берган эди. Янги Бухоро (ҳозирги Когон) шаҳри атрофида махсус қурилган аэродромда жойлашган “Фарман”, “Фарсал”, “Сопвич”, “Нюпор”, “Вуазен”, “Албатрос” русумидаги аэропланларга Янги Чоржўйдаги 25-авиаотряд учувчилари ўз самолётлари билан ёрдамга етиб келган.
Бухорони ҳаводан бомбардимон қилишда фаоллик кўрсатган учувчи Н. Фаусек (1919–1923 йиллари Туркистон фронти таркибидаги 43-разведкачи авиация отряди ҳарбий учувчиси сифатида миллий озодлик ҳаракатига қарши кўплаб ҳарбий тадбирларда, жумладан, Фарғона водийсида ҳам тинч аҳоли ва истиқлолчиларни қиришда қатнашган; 1937 йил 20 декабрда қамоққа олиниб, НКВДнинг Москвадаги Коммунарка махсус объектида 1938 йил 15 мартда отиб ташланган. Ўша куни худди шу ерда Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов қатл этилганини ҳам диққатдан қочириб бўлмайди) эслашича, Степанов, Столяров, Фаусек, Ирин, Зеленский, Ласкин каби учувчилар аэропланлардан Бухоро шаҳрига бир неча марта кўплаб бомбалар ташлаган.
Бомбардимоннинг иккинчисида ҳар бири 64 килограмм келадиган авиабомбалар бир неча юз метр баландликдан тўппа-тўғри “Амирнинг беадад бойликлари тўпланган қордек оппоқ саройи”га ёғдирилган (А. Бобунов. Над Бухарой (по воспоминаниям тов. Фаусека) // Война в песках. Материалы по истории гражданской войны к ХII тому. Гражданская война в Средней Азии. Под редакцией М.Горького, Вс. Иванова, И. Минца, Ф. Колесова. Москва, 1935. С.299). Николай Фаусек бошқарган “Фарман” туридаги бомбардимончи аэроплан ўз юкларини шаҳарга “муваффақият” билан ташлаб, ҳаммадан кейин қайтиб кетган.
Яна Н. Фаусекнинг эсдаликларига мурожаат қиламиз: “Биз Бухорони бомбардимон қилдик. Қадимий амирликни вайрон этиб ташладик. Хусусан, машҳур “Ажал минораси”га (1127 йили Қорахонийлар сулоласининг машҳур хоқони Муҳаммад Арслонхон томонидан қурдирилган Арслонхон минораси кўзда тутилмоқда. XX асрдан бошлаб тарихий адабиётларда янглиш равишда Минораи Калон деб юритилмоқда) тушган бомба, гарчи моҳиятан бу миноранинг мўлжалга олиниши биз учун мутлақо фойдасиз бўлса-да, бизга алоҳида завқ-шавқ бағишлади... Учиб борар эканман, пастда бир масжидни кўриб қолдим, мен гўёки гумбазни қўпориб ташладим, деб мақтанди бир учувчи. Биз мириқиб кулдик. Шу-шу, учувчининг лақаби “Гумбаз” (“Купол”) бўлиб қолди” (Война в песках. С. 303).
Хотираларда қайд этилишича, Бухорони осмондан туриб яксон қилишни тезроқ тугатиш мақсадида ҳамда бомбалар ва тўп ўқлари аниқ мўлжалга тушиши учун шаҳар осмонига махсус аэростатлар учирилган. Авиация қўмондони “бензин ва бомба тугагунга қадар” шаҳарни бомбардимон қилишга буйруқ берган. Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи музейининг совет ҳокимияти йилларида намойиш этилган кўргазмаларида кўрсатилишича, Н. Ласкин деган учувчи ҳужум пайтида Бухорога 26 пуд (1 пуд – 16,3 килограмм) бомба ташлаган экан.
Шаҳарнинг аёвсиз бомбардимон қилиниши ҳужумнинг учинчи куни ҳам давом этди: “Амирнинг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи Ситорайи Моҳи Хоссани (русча матнда “Саттар-Махасу” деб хато кўрсатилган) бомбардимон қилдик. Амирнинг ҳиди келган ҳамма жой ва ҳамма нарсани вайрон этдик” (Война в песках. С. 305). Ҳолбуки, амирнинг ёзги қароргоҳи бўлган Ситорайи Моҳи Хосса саройи ҳеч қандай ҳарбий аҳамиятга эга бўлмай, бу ерда Амир Саид Олимхоннинг ҳарами жойлашган эди.
Бухоро амирлигига босқин уюштирган қизил армия раҳбарларидан бири, Когон қўшинлар гуруҳи қўмондони, захирадаги генерал-майор В. Клементев “Совет Туркистони учун” (номланишини қаранг) китобига киритилган “Амирликнинг емирилиши” хотираларида Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи бўлган Арки Олий, ундаги минора ва гумбазлар, масжидлар ва мезаналар вайрон этилгани тўғрисида ҳарбийларга хос бўлмаган мақтанчоқлик ва кибр билан ёзади (В.Г. Клементьев. Крушение эмирата // За Советский Туркестан (Сборник воспоминаний). Ташкент, 1963. С. 457–465).
Босқинчи, албатта, ўзи босиб олган юртни ўз мулки деб ҳисоблаши табиий ҳол: “Аркнинг оппоқ тош ва мармар миноралари, асосий саройи юзлаб чақирим наридан кўриниб турарди. Бомбардимонда Аркнинг асосий мезана ва миноралари вайрон қилиб ташланди... 1 сентябр куни соат учларга яқин Қарши дарвозасининг чапроғида девор ости чуқур ковланиб, 52 пуд келадиган портловчи модда кўмилгани ва портлатиш учун тайёрлаб қўйилгани ҳақида муҳандис маълумот берди. Дарвозанинг портлатилиши соат беш яримга мўлжалланган бўлиб, қолган икки соат мобайнида шаҳарни тўплар ва замбараклар ҳамда аэропланлардан қаттиқ бомбардимон қилишга тайёргарлик учун ажратилди” (За Советский Туркестан. С. 462).
Қарши дарвозаси портлатилгандан сўнг, 1 сентябр кечқурун қизил аскарлар Бухоро шаҳрига бостириб кирган. Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб атадилар. Қизиллар Аркдаги амир хазинаси, Бухоро қозикалони, қушбеги ва бошқа амалдорларнинг бойликларини талон қилдилар. Совет аскарлари ва қўшин раҳбарлари бу талон-торожликдан беҳад-беҳисоб бойлик орттиришди. Туркистон фронти инқилобий-ҳарбий бюро “учлиги”нинг аъзоси А.Машицкийнинг 1920 йил сентябрда В.И. Ленинга ёзган маълумотномасида шаҳар маркази яксон қилингани, Регистон ва Арк ёндирилгани, Арк ертўлаларида ва омборхоналаридаги бойликлар – олтин, кумуш, олмослар талангани, бунда қизил армия бевосита қатнашгани ҳақида хабар берилган (РГАСПИ, ф. 122, оп. 3, д. 21, л. 195).
Амирлик хазинаси ва бошқа бойликлар ортилган икки эшелон (ҳар бирида 14 тадан вагон бўлган) юк Тошкент орқали Москвага йўл олди. Улкан бойликларни ўмарган М. Фрунзе Москвага қайтиб борганда, чекистлар томонидан Қозон вокзалининг ўзидаёқ қамоққа олинди (Қаранг: Қ.Ражабов. Бухоро олтинлари тақдири ёхуд “ўртоқ Фрунзе иши” // “Бухоро мавжлари” журнали, 2004, №4. 25–26-бетлар).
Қарийб 15 сентябргача давом этган талов гувоҳи бўлган Турккомиссия вакили Г. Сафаров: “Бухорога келган қизил қўшинлар энг аввало талончилик билан шуғулланди. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани талади. Умуман, қизиллар Бухорони талаш учун келганди”, деб ёзганди (Г.И. Сафаров. Колониальная революция (Опыт Туркестана). Москва, 1921. С. 94).
Қизил аскарлар амирлик таркибидаги 27 та бекликни ҳам бирин-кетин эгаллагач, Бухоро амирлигига барҳам берилган, унинг ҳудудида Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилган (Қ.Ражабов, С.Иноятов. Бухоро тарихи. Тошкент. 2016. 136-140-бетлар).
Милоддан олдинги III асрда Пуни урушлари чоғи босқинчи Рим империяси лашкари қадимий Карфаген шаҳрини қандай вайрон этган бўлса, совет Россияси қўшини ҳам қадим Бухорони ана шундай талон-торож қилди. Шаҳар ҳатто араблар (Қутайба) ва мўғуллар (Чингизхон) босқини даврида ҳам бу қадар қаттиқ хароб айланмаган, тарихий ёдгорликлар бузиб ташланмаган, ўн минглаб бегуноҳ тинч аҳоли нобуд бўлмаган эди!
Қаҳрамон РАЖАБОВ,
тарих фанлари доктори, профессор,
Тарих институти етакчи илмий ходими