loader
Foto

Ёш Бухороликлар фожиаси

Ўтган асрнинг бошларида Туркистон минтақасида кенг ёйилган жадид тараққийпарварлик ҳаракати тарихимизнинг кам ўрганилган саҳифаларидан бири. Шуни инобатга олиб, “Ёш бухороликлар” қисмати” мавзусида туркум мақолалар тайёрлаб, эълон қилиб боришни ният қилдик. Унда асосан шу кунгача фаолияти кам ўрганилган “Ёш бухороликлар” ҳаракати вакилларининг ҳаёт йўли, фаолияти, илмий-ижодий мероси ва қатағон этилиши билан боғлиқ материалларга эътибор қаратилади.

Муҳиддин Ҳакимов



Муҳиддин Ҳакимов 1885 йили Эски Бухоронинг Абдувакил гузарида туғилган. Муҳиддиннинг отаси Керки вилояти қозиси бўлиб, амирликдаги нуфузли инсонлардан бири эди. 1908-1909 йиллар – талабалик йилларида жадидчилик ҳаракатига қўшилган Муҳиддин Ҳакимов кейинчалик “Ёш бухороликлар” партиясининг йирик арбобларидан бирига айланди. Айни пайтда Бухоро мадрасаларида мударрислик қилди. Равкат тахаллуси билан шеърлар ёзиб, халқни маърифатга чорлади. Муҳиддин Ҳакимов Равкат 1917 йил баҳорида Когонда Фитрат ва Файзулла Хўжаевлар тавсияси билан “Шўройи Ислом” жамиятига аъзо бўлди. 1917–1920 йиллар амирнинг таъқиби остида Бухоро амирлигини тарк этган “Ёш бухороликлар” орасида шоир Равкат ҳам бор эди.



1920 йил сентябрида амир салтанати ағдарилди, бироқ “Ёш бухороликлар” орзуси ушалмади. Барча хаёллар саробга айланди. Кўҳна Бухорога кўкдан ва ердан олов пуркаган қонхўр Қизил армия Файзулла Хўжаев раҳбарлигидаги “Ёш бухороликлар”га ҳукуматни топширишни пайсалга солди. Сўнг ваъдасига зид тарзда турли фитна ва ҳийлалар билан шўролар ўз мавқеларини мустаҳкамлаб борди. Файзулла Хўжаев аввалига ўз сафдошларини, сўнг Тошкентдан Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон каби кўплаб ҳамфикрларини Бухорога таклиф этди. Бироқ қизил малъунларга қарши қўйишга қуролли куч ҳам, иқтисодиётни изга солишга етарли мутахассислар ҳам топилмади. Вазият вақт ўтган сари “Ёш бухороликлар” зарарига кетар эди.



Муҳиддин Ҳакимов Равкат дастлаб Бухоро Халқ Жумҳурияти Олий суди аъзоси бўлди. 1921 йил Файзулла Хўжаев тавсияси билан беш-олти ой давомида БухЧК га раҳбарлик қилди. 1922 йил Анвар пошшо келганида БХР ЧК раиси Равкат истиқлол курашчиларини советларга қарши қўйиб, Ватанни қизил армиядан тозалашни ният қилди. Унинг укаси Носир Ҳакимов БХР Молия нозири этиб тайинланди. “Ёш бухороликлар” ҳукумати имкон қадар БХР мустақиллигини сақлаб қолишга интилди. Хоҳ истиқлолчилар кўринишида яшил байроқ остида, хоҳ қизил байроқ остида бўлсин, қизил армиянинг зулмига чек қўйишга ҳаракат қилди.



Равкат Муинжон Аминов билан 23 та винтовка олиб Харгушга, Жаббор хўжайинга юборади. Бироқ шўролар ўз мавқеъини мустаҳкамлаш йўлида ҳеч қандай тубанликдан қайтмади. Жумладан, Марказга бўйсунган махсус бўлим Когонда Умар Муҳаммадиевни қамоққа олади. Гўёки, унинг гувоҳликлари “аксилинқилобий гуруҳ” аниқланганлиги ҳақидаги фитна асосида Бухорода мислсиз қирғинларни амалга оширади. Шу жараёнда БХР ҳукуматининг юқори амалдори Усмон Хўжаев, Молия нозири Носир Ҳакимов каби кўплаб инсонлар Афғонистон орқали Туркияга қочиб, жонини асраб қоладилар.



Файзулла Хўжаев Муҳиддин Ҳакимов Равкатни ғурбатлардан асраб қолиш мақсадида Озарбойжоннинг Боку шаҳрига БХРнинг доимий вакили лавозимига тайинлайди. 1923 йил ёзида БХСР ҳукуматидан жуда кўп собиқ “Ёш бухороликлар” вакиллари четлаштирилди. Муҳиддин Ҳакимов Бухоро Вақф бўлими мудири вазифасига ўтказилади. Бироқ 1924 йил шўроларнинг миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати натижасида Бухоро давлатини тугатиш масаласи ўртага ташланди. Жуда кўп таниқли инсонлар қаторида Равкат ҳам бу сиёсатга очиқчасига қарши чиқди. Айниқса, ЧК томонидан Бухорода азалдан бирга яшаган ўзбек ва тожик халқлари орасига раҳна солинишига, “ўзбеклар ёввойи, тожиклар маданий” каби бўҳтонларнинг урчитилишига чидаб тура олмади. Натижада у ГПУ томонидан ҳибсга олиниб, 45 кун давомида қийноққа солинди. Қутилиб чиққач, 1926-1927 йиллар Бухоро ўлкашунослик музейида илмий ходим, сўнг марказий кутубхонада консультант вазифаларида иш олиб борди. Бир нечта китоблар битди. Бироқ шўро таъқиблари кундан кун орта боргач Афғонистон амири Омонуллохонга ариза ёзиб фуқаролик беришини, у ерда адабиёт билан шуғулланиш ниятида эканини билдирди.



1928 йил Москвадан Самарқандга келган Омонуллохон билан учрашишга ҳаракат қилади, аммо имкон берилмайди.



1932 йил Муҳиддин Ҳакимов Равкат отаси билан биргаликда яна қамоққа олинади. Кекса отаси қийноқлар остида ҳалок бўлади. Муҳиддин 35–40 кунлик муттасил қийноқлардан сўнг бор олтинларини давлатга топшириб, озодликка чиқади. Бироқ, соғлиғидаги муаммолар туфайли бошқа бирор масъулиятли жойда ишламайди.



1937 йил 10 июль санасида Муҳиддин Ҳакимов қозининг ўғли, троцкийчи, Германия ва Японияни мақтаган каби айбловлар асосида қамоққа олинади. Турмуш ўртоғи Саида ая (42 ёш), ўғли Зуҳриддин (26 ёш) ҳамда Висолиддин (16 ёш)лар ортида қолади. Муҳиддин Ҳакимов август-сентябрь ойларидаги қийноқли сўроқлар давомида ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмайди. Аммо 1937 йил 26 октябрь куни сабри битиб, “Миллий иттиҳод” аъзоси эканлигини “тан олади” ва 1937 йил 5 ноябрь куни машъум “учлик” томонидан, туҳматчиларнинг кўрсатмаларини асос қилиб, 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади.



1941 йил 14 январь куни Саида Ҳакимова Бухоро вилоят ИИХК идорасига ариза йўллаб, тирик қолган ягона ўғлининг аскарликка олингани ва ўзининг бутунлай ёлғиз қолганини ёзади. 1937 йил қамоққа олиниб, туҳмат билан 10 йилга Шарқий Сибирга – концлагерга ҳукм этилган ва ўша вақтда Бурят-Монгол АССР, Улан Удэ шаҳрида ногиронлар колониясида бўлган турмуш ўртоғи Муҳиддин Ҳакимов Равкатни қайтаришларини сўрайди. Саида Ҳакимова “Ёш бухороликлар” аъзоси, мударрис, шоир Равкатни халқ душмани эмас, аксинча, бутун умрини халқ хизматига бахшида этган, 1920–1934 йиллар БХСР ҳукуматида ҳам масъул лавозимларда ишлаган, 1934 йил 60 ёшида давлат музейидан фахрий пенсияга чиққан инсонлигини таъкидлайди. Мазкур ариза ортидан 1941 йил 4 февраль куни Равкатнинг иши қайта кўрилди. Бироқ, бўҳтончиларнинг аввалги кўрсатмаларига асосланиб иш эътиборсиз қолдирилди. Муҳиддин Ҳакимов Равкат лагердаги оғир меҳнат ва қийноқлар оқибатида 1942 йил ҳалок бўлади...



Исмоил Садрий



Исмоил Садрий 1895 йил Эски Бухоро шаҳрида, Ходжа Булғор гузарида йирик уламо ва мударрис хонадонида дунёга келган. Исмоил аввал жадид мактабида ўқиди. 1910 йил, отасининг вафотидан сўнг “Ёш бухороликлар”нинг “Трабияи атфол” жамияти кўмаги асосида Туркияга бориб таҳсилни давом эттирди. Бухорога келгач имом ва мударрисликка тайинланади. Айни пайтда “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг фаолларидан бўлиб, жадид мактабларида ҳам муаллимлик қилади. 1917 йил, Колесов воқеалари даврида Бухоро заминини тарк этишга мажбур бўлган. БХР ҳукуматида Маориф нозири ўринбосари бўлган Исмоил Садрий 1922 йил Туркияга йўлланган талабалар билан Истамбулга боради. Шўроларнинг миллий чегараланиш кампаниясидан сўнг Бухоро Халқ жумҳурияти тугатилади. Исмоил Садрий Бухоро шаҳрини тарк этишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аввал мактабларда ўқитувчилик қилади, бироқ, шунга қарамай чекистлар Исмоил Садрийга тинчлик бермайди. Шундан сўнг Душанбега йўл олиб, 1934 йилгача у ерда истиқомат қилади. Ватанга қайтгач Бухоро давлат музейида илмий ходим сифатида иш олиб борган.



1937 йил 9 июль куни Исмоил Садрий “руҳонийнинг ўғли, Ҳамроқулбек ва Очиловни қўллаган” каби айбловлар билан қамоққа олинади. Унинг ортида турмуш ўртоғи Муқаддас Ҳакимова (28 ёш) ва ўғли Учқун (11 ёш)лар қолади. Сўроқда Исмоил Садрий 1934 йил декабрда Муҳиддин Ҳакимов Равкат ва Шишкинлар билан ўтирганда “Мана Киров ўлдирилди, Сталиннинг ўлдирилганини ҳам кўрайлик” деб гаплашишгани, 1936 йил собиқ БХР Адлия нозири бўлган Зиёвуддин Амин келганида Девонбеги мадрасасида ўтирганда “Ежовга халқни аёвсиз отгани учун орден берилди” дегани учун ҳисоб беради. Қанчалик ирода билан ўзининг айбсиз эканлигини исботлашга ҳаракат қилмасин 1937 йил 5 ноябрь куни Исмоил Садрий ҳам машъум “учлик” томонидан 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади. Исмоил Садрий 1940 йил 27 январда Шарқий Сибир ўрмонларида, концлагерда ҳалок бўлади...



Нозим Каримов



Нозим Каримов 1875 йил Эски Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро мадрасаларида илм олиб, бир умр имом бўлди. 1937 йил 21 июлда ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси билан аксилинқилобий ташвиқотда айбланиб қамоққа олинган Нозим Каримов 1937 йил 27 июль куни муттасил қийноқлар остида ҳаётдан кўз юмади. Турмуш ўртоғи Пўлотой ая (50 ёш) ва қизи Матлаб (26 ёш)ларга унинг вафоти ҳақидаги хабар ҳам етказилмади...



Ҳабибулла Ибодиллаев



Ҳабибулла Ибодиллаев 1900 йил Эски Бухоро шаҳрининг Мулла Вафо гузарида туғилган. Бухорода мадрасани тугатиб, аввал имом бўлиб ишлайди. Бухоро Халқ Респубдикасида қозилик, мударрислик фаолиятини олиб боради.



Ҳабибулла Ибодуллаев БХР тугатилиб, диний муассасалар фаолиятига чек қўйилиши билан марказий кутубхонада ишлай бошлади. 1932-1933 йиллар тилла савдосида айбланиб ҳибсга олинади ва 7 ой қамоқда сақланади. Бор олтинларини топширибгина тутқунликдан қутилади. 1937 йил 9 июлда аксилинқилобчи деб яна қамоққа олинади. Бу вақтда унинг оиласи турмуш ўртоғи Мукаррамахон (32 ёш) ва ўғли Искандар (6 ёш)дан иборат эди. Ҳабибулла Ибодуллаев узоқ давом этган қийноқли тергов ва сўроқлардан сўнг 1937 йил 5 ноябрь куни машъум “учлик” томонидан 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади. 1938 йил 3 июнда лагер азоблари ортида ҳалок бўлган...



Маҳмуд Муҳаммадиев



Маҳмуд Муҳаммадиев 1895 йил Эски Бухоронинг Мирмақсудхўжа гузарида савдогар аттор хонадонида туғилган. Маҳмуд Муҳаммедов 1908 йил рус-тузем мактабини битириб, мирзалик билан шуғулланади. 1914–1916 йиллар Когонда Николаев консуллигида мирза, 1916–1920 йиллар Муҳиддин Мансуровнинг мирзаси бўлиб ишлайди. 1920 йил амир салтанати ағдарилиши билан бир муддат Файзулла Хўжаевнинг дипломатик курьери вазифасида фаолият кўрсатади.



Маҳмуд Муҳаммедов 1923–1937 йиллар Файзулла Хўжаевнинг иниси Ибод Хўжаев билан ҳамкорликда қатор савдо идораларида масъул лавозимларда ишлайди. 1937 йилнинг июль ойида қамоққа олиниб, 1937 йил 5 ноябрь куни машъум “учлик” томонидан 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади. 1943 йил соғлиги ўта оғирлашгани туфайли лагердан уйига қайтарилади...



Ҳабиб Ахундов



Ҳабиб Ахундов 1888 йил Озарбойжоннинг Нахичиван шаҳрида туғилган. Асли касби ўқитувчи бўлган Ҳабиб Ахундов 1922–1925 йиллар Бухкинога қарашли “Юлдуз” кинотеатри ошхонасини юритади. 1937 йил июлда Бухоро шаҳридаги 3-болалар уйининг мудири Ҳабиб Ахундов аксилинқилобий ташвиқотда айбланиб қамоққа олинади. 1937 йил 5 ноябрь куни машъум “учлик” томонидан 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади...



Диктатор Сталин вафотидан сўнг “илиқлик даври” бошланади. 1958 йил 5 май куни узоқ вақт давом этган лагер азобларидан омон-эсон қайтган Ҳабиб Ахундов аризаси асосида Муҳиддин Ҳакимов раҳбарлигидаги 6 нафар “Ёш бухороликлар”нинг иши ҳам қайта кўриб чиқишга топширилади. 1959 йил 20 июнь куни қайта сўроққа чақирилган Ҳамид Қосимов ва Фатхулла Каримовлар 1937 йил берган гувоҳликларини мутлақ рад этади. Яна бир гувоҳ Умар Жўраев: “Мен 1907 йил Зоминнинг Қудуқчи қишлоғида туғилганман. 1916 йил 8-9 ёшимда Бухоро шаҳрига онам билан келганман. Эшикма эшик хизмат қилиб юрганимда Бухоро ҳукумати бошимни силаган. 1920–1924 йиллар болалар уйида ўқиб, яшаганман. Сўнг билим юртида таҳсил олдим. Ҳозирда мактаб директориман. Аммо қоғозлардаги, менинг тилимдан ёзилган барча кўрсатмалар ёлғон. Биринчидан, у одамлар фаолият олиб борган вақтда мен бола эдим. Уларни тушунишим мумкин эмасди ва уларнинг даврасини ҳеч қачон кўрмаганман”, дейди.



1959 йил август ойида Пўлотов қори Йўлдош қайта сўроққа чақирилади. Қори Йўлдош асли керкилик бўлиб, “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг етук вакилларидан, БХСР ҳукуматининг Маориф нозири лавозимида ишлаган эди. У 1937 йил 10 йил меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилиб, муддат 1949 йил яна узайтирилган ва фақат 1956 йилдагина оқланиб ватанга қайтган эди. Қори Йўлдош Пўлотов сўроқда: “...Исмоил Садрий жуда машҳур жадид муаллими эди. Муҳиддин Ҳакимов БХСРда вақф мудири эди. Ёши мендан анча катта бўлгани учун жуда яқин бўлмаганман. Аммо марказий кутубхонада консультант бўлганида билганман – тенгсиз билимдон инсон эди. У кишини ҳам терговчилар томонидан тўқилган нарсаларга мажбуран имзо чектириб қамашган экан. У билан Удэда, ногиронлар лагерида бирга бўлган эдик. Терговчиларнинг сўроқ давомида қўллаган мислсиз қийноқларини айтиб йиғлаган эди. Лагерда қўлимда ўлган”, дейди.



1959 йил 4 август. Гуруҳдан тирик етиб келган Маҳмуд Муҳаммадиев терговдаги қийноқ ва ноҳақликлар ҳақида сўзлайди. Қайта сўроқлар давомида 1937 йилги асосий бўҳтон гувоҳликлар асосан болалар уйидаги тарбияланувчилар томонидан ёзилгани ва имзоланганлиги маълум бўлади. Барча собиқ “Ёш бухороликлар” ҳаракати иштирокчилари 1959 йил 23 ноябрь куни Бухоро вилоят суди томонидан оқланади. 1961 йил 19 январда Душанбедан Учқун Садриев Ўзбекистон ҳукуматига отаси Исмоил Садрийнинг қисмати ҳақида сўраб ариза ёзади. Агрономия фанлари номзоди Учқун Садриевга отасининг оқланганлиги тўғрисидаги хушхабар йўлланади...

Баҳром ИРЗАЕВ

Қатағон қурбонлари давлат музейи бош илмий ходими