loader
Foto

Қипчоқлар

ҚИПЧОҚЛАР (рус манбаларида — половецлар, Византия манбаларида — куманлар) — туркий халқларнинг энг йирик қабилаларидан бири; ўзбек халқи этник таркибидаги асосий компонентлардан бири. Қипчоқлар нафақат ўзбек халқи энтогенезида, балки қатор бошқа туркий халқлар — қозоқлар, қиргизлар, қорақалпоқлар, туркманлар, татарлар, бошқирдлар, олтойликлар ва Шим.

Кавказдаги айрим халқлар (нўғойлар, қўмиқлар, қорачойлар ва б.) шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Қипчоқларга хос этник белгилар усмонли турклар, венгерлар ва б. қатор халқлар таркибида ҳам мавжуд. қ. мил. ав. 3-а. — мил. 4-а. да Шим.-Ғарбий Олтойда яшаганлар. Қипчоқларнинг илк аждодларидан бир қисми 6-а. да Ғарбий Олтойдан чиқиб, ҳоз. Мўғулистон ва Тува ерларига келиб ўрнашадилар. 2-қисми эса Иртиш дарёси яқинидаги даштларга кўчиб ўтиб, кимакларга тобе бўлган. 8—12-а. ларга келиб Қипчоқлар Дашти Қипчоқ чўлларида яшаган пайтларида уларнинг таркибига тил жиҳатдан қариндош бўлган кўплаб этник гуруҳлар келиб қўшилган. 8—9-а. ларда Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг сиёсий ва этник харитасида жиддий ўзгаришлар юз берган. 10-а. нинг охири — 11-а. бошларида ғарбий қипчоқлар, кимаклар Марказий ва Ғарбий Қозоғистон ҳудудидаги бошқа қабилаларни ҳамда Уралбўйи ва Волганинг ўрта оқимидаги туркийлашган угор-фин қабилаларини ҳам ўзларининг таркибига киритганлар. Шундай қилиб, ғарбий қипчоқлар 11-а. да Урал ва Волганинг ўрта оқимида яшовчи йирик этносиёсий уюшмага айланди. 13 —14-а. ларда Дашти Қипчоқдан кўплаб қипчоқ қабила ва уруғларининг кўчиб кетишларига қарамай қипчоқларнинг асосий қисми бу ерда қолиб, Олтин Урда аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган. Улар маданий тараққиёти даражасига кўра ўзларининг ҳукмдорлари ҳисобланган мўғуллардан юқори даражада бўлган. Олтин Ўрда хонларининг бошқарув тизимида қипчоқ-ўгуз лаҳжасига асосланган адабий тил етакчи мавқени эгаллар эди.



15-а. нинг 1-ярми—16-а. да кўплаб туркий халқлар сингари ғарбий қипчоқларнинг асосий қисми нўғайлар уюшмаси таркибига кирган.



Қипчоқларнинг Мовароуннаҳр маданий минтақаларига ялпи кўчиб келиши Шайбонийхон даврида 16-а. да ва кейинчалик 17-а. да аштархонийлар даврида юз берган. Шунингдек, Қипчоқлар 16-а. нинг 2-ярми — 18-а. нинг бошларида, жунғарларнинг Қозоғистоннинг жан. ҳудудларига бостириб кириши жараёнида ҳам Зарафшон воҳаси ва Фарғона водийсига кўчиб келганлар. Қорақалпоқлар, қозоқлар билан бирга Қипчоқларнинг Ўрта Осиё ҳудудларига кириб келиши 2 йўналишда бўлиб, уларнинг бир қисми Сирдарёнинг юқори оқими бўйлаб Тошкент воҳаси ва Мирзачўл зоналарида жойлашган. Қипчоқларнинг иккинчи қисми эса Ўрта Зарафшон бўйлаб кетган. 18-а. нинг 20—30-й. ларида Қ. Шим. Фарғонанинг тоғ олди минтақаларига келиб ўрнашганлар. Фақатгина маълум миқдордаги Қипчоқлар гина Тошкент воҳасида қолган. Бу даврда қ. 4 та асосий гуруҳга: қора қипчоқ, сариқ қипчоқ, хитой қипчоқ ва қулон қипчоқларга бўлинган. Уларнинг ҳар бири, ўз навбатида, майда гуруҳларга бўлинган. Қипчоқларнинг айрим гуруҳлари 20-а. бошларигача ўзларининг уруғ-қабилавий бўлинишларини сақлаб қолганлар.



Қ 20-а. бошларига қадар ярим ўтроқ ҳолда яшаб, ўзлари учун анъанавий бўлган чорвачиликни деҳқончилик билан қўшиб олиб борганлар.



Статистик материаллардан Қипчоқларнинг ўзбек ва қирғизлар билан қўшилиб кетиши 19-а. охири — 20-а. бошларида анча жадал кечганлиги маълум. Мас, агар 19-а. нинг 90-й. ларида Фарғона водийсидаги Қипчоқлар сони 70 минг нафарга, 1917 й. га келиб, 44 минг нафарга тенг бўлса, 1926 й. га келиб эса уларнинг водийдаги сони 33,6 минг нафарга тушиб қолган.



Фарғона Қипчоқлар ининг асосий қисми Андижон уездида, Андижонсой, Норин дарёсининг қуйи қисми, Мойлисув ва Қорадарё атрофидаги қишлоқларда яшаган. Уларнинг маълум қисми Наманган уезди Косонсой, Сумсар, Чодак, Подшо-Ота, Норин, Ғова каби дарё ва сой қавзаларида ҳамда Янгиариқ канали атрофидаги манзилгоҳларда жойлашган. Фарғона уезди ҳудудидаги Шаҳонсой ва Аравонсой, Қўқон уездидаги Сўх ва Исфара дарёси ўзанларида ҳам бир неча қипчоқ қишлоқлари мавжуд бўлган.



19—20-а. бошларида водий ҳудудида яшаётган Қ. К. Ш. Шониёзовнинг фикрича, 4 та катта гуруҳга бўлинган. Булар – қ. (ёки тоза қипчоқлар), қирғизқипчоқлар, хитой-қипчоқлар ва сартқипчоқлар. Ўз навбатида, юқорида саиаб ўтилган қипчоқ гуруҳлари бир қанча уруғларга бўлинганлар. Қўғай, буғоч, кумушой, ўлмас, яшиқ, жайдоқ, пучуғой, элатан, бўғоз, оғим, тоз, сирмоқ, еттиқашқа, қутлуқсаид, черек, кўкмўйин, тўртайғир (ёки 4 оғайни), тўрттой, товулди, чанғроқчи, чиял, кўлон, оқбўйра, қорабовур, бошқирт, тикан, қоратикан, сари-қипчоқ, қорамоюн каби уруғлари Фарғона водийсида қайд этилган.



Қипчоқларнинг кўпчилиги аста-секин ўтроқлашиб, деҳқончилик б-п шуғулланган. Айрим гуруҳлари 20-а. бошларигача ярим ўтроқ ҳолда яшаб, деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул бўлганлар. 20-а. нинг 1-чорагида Ўзбекистон чегарасида яшовчи Қипчоқларнинг умумий сони 127 минг киши бўлиб, шундан 52 минг киши Зарафшон водийсида, 42,2 минг киши Фарғона водийсида яшаган. Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм воҳаларида ҳам Қипчоқларнинг айрим гуруҳлари бўлган.



Ад.: Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жарасни, Т., 2001; Шаниязов К., Кэтнической истории узбекского народа Т„ 1974.

Адҳамжон Аширов.