loader
Foto

Қанғли

ҚАНҒЛИ, қангли, қангқали — туркий халқлар таркибидаги бир гуруҳ қабилаларнинг умумий номи. Қанғлилар ўзбекларнинг 92 уруғи таркибида ҳам учрайди.

 

Чингизхон истилосига қадар Қанғлилар Урал тоғидан ғарбда, Эмба ва Урал дарёлари оралиғида жойлашган ҳудудда яшаганлар. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари ва 10-асргача ёзилган Хитой манбаларида, жумладан, мил. 2—9-асрларда мавжуд бўлган туркий қабилалар орасида Қанғли атамаси учрамайди. Бу атамани илк бор Юань сулоласи тарихи («Юань ши»)да учратиш мумкин (13-аср). Унда Қанғли Хань давридаги (мил. ав. 2-аср — мил. 2-асрлар) гавчэлар деб қайд , этилган. Вэй сулоласи тарихида («Вэй шу») мил. 3—5-асрларда «гавчэ» («баланд арава» маъносида) лар 2 қисмга бўлингани айтилган. Улардан бири ди (қад. ўқилишда диек, яъни турк), бяохэ (уйғур), холю (хогурсу), хопи (хипни, чибни), хугу (қирғиз), биқицзинь (илтекин) каби 6 қабиладан, 2си чифули (чипли), тулу («тур», ичжань (илжон, илхон), далянь (тарлон), кухэ (қуға), дабогань (тарбакан, давган), алунь (ойрун), моен (муен, баён), сифэн (иркин), фуфуло (бўркли), чиюнь (қиюнь, киен) ва юшупи (юсиб, юшиб) каби 12 қабиладан иборат бўлган. Баъзан гаочэлар шарқий турклар ёки уйғур деб ҳам аталган.



Айрим олимлар қанғарлар Қанғ (Қангкия) давлати ҳудудида яшаган халқ, 10—12-асрларда Марказий Осиёда пайдо бўлган Қанғлилар ана шу ўтмишдаги қангкияларнинг авлодидир деб ҳисоблайдилар. Аммо Хитой манбаларида Қанғ давлати аҳолиси Қанғли ёки қанғар деб аталгани ҳақида маълумот учрамайди. Манбаларга кўра, Уйғур хоқонлиги емирилгач, гаочэ (уйғур) ларнинг катта бир қисми Мўғулистон ва Шарқий Туркистон ҳудудидан ҳоз. Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг ғарбидаги ерларга кўчиб келган.



11-асрда Қанғли ларнинг кўпчилиги Кичик Осиё, Болгария ва Венгрия ерларйга ўтиб, маҳаллий аҳолига, айрим гуруҳлари Волга бўйларида қолиб бошқирд, татар халқларига қўшилиб кетган. Қанғлининг бошқа бир қисми эса Талас ва Чу дарёлари водийсига ҳамда Балхаш кўлининг жан. ғарбий соҳилларига ўрнашганлар. 11 —12-асрларда Қанғлининг катта гуруҳи Сирдарё бўйларига қайтиб келган. Хоразмшоҳлар давлати ҳарбий қўшинида Қанғлилар катта нуфузга эга бўлган. Хоразмшоҳлар давлатининг ички сиёсатида фаол иштирок этишган. Қанғли яримўтроқҳолда яшаб деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишган. Улар бир неча уруғларга бўлинган: сариҚ, қораҚ, қизилҚ, бобоҚ, олтмишҚ, бўкаҚ ва бошқалар 19-аср охири — 20-аср бошларида Қанғлидан 23 минг киши Ўзбекистон ҳудудида (ҳоз. Жиззах ва Зоминда 7,7 минг киши, Жомбой ва Иштихонда 1,2 минг киши, Ғаллаородда 2 минг киши, Хатирчида 0,6 минг киши, Фарғона водийсида 6 минг киши, Тошкент воҳасида 3 минг киши, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 2,8 минг киши) яшаган. Қанғли Ўрта Осиё халқлари таркибига сингиб кетган.

 

Ад.: Шониёзов К., Қанғ давлати ва қанғлилар, Т., 1990.

Абдулахад Хўжаев.