loader
Foto

Абу Абдуллоҳ Ал-Хоразмий (Вафоти 997)

Милоднинг IX—XI асрлари Марказий Осиёда илм-фан юксак тараққий этган ва буюк алломалар даври эди. Ўша даврнинг кенг билимли, пешқадам олимларидан бири Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий  бўлган.

Бу олим ҳақида сақланиб қолган маълумотлар жуда кам. Олимнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ал-Хоразмийдир. Унинг ёшлиги Хоразмнинг Хива, Замахшар ва қиёт шаҳарларида ўтган. Бу шаҳарларда у вояга етган, яшаган, таълим олган. Олим Хуросонда ҳам яшаган. Унинг машҳурлиги вазир Абул Ҳасан ал-Утбий ҳузурида котиб бўлиб хизмат қилган даврида чўққисига чиққан. Шу вазифаси туфайли у «ал-китоб ал-Хоразмий» номи билан ҳам танилган. Уз хизмат вазифалари юзасидан Бухорога тез-тез бориб турган ва кўпгина алломалар билан ҳамсуҳбат бўлган. Айни вақтда илмга чанқоқ олим хизмат асносида амирнинг бой кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий 997 йидда вафот этган.

Олимнинг дунёқараши ўша даврда кенг тарқалган қадимги юнон фалсафаси ва маданияти, Шарқ намояндалари Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий, Абу Наср ал-Форобий ҳамда Абу Бакр ар-Розий таъсири остида шаклланди.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг бизгача етиб келган, кўпчилик асарлари сингари ўша даврнинг илм тили — араб тилида битилган, ягона маълум асари — «Мафотиҳ ал-улум» («Илмлар калитлари»)дир. «Мафотиҳ ал-улум»нинг қўлёзма нусхалари жуда кўп эмас. Яқин-яқингача унинг тўрт нусхаси бор деб ҳисобланиб келинар эди. Ана шу тўрт нусхадан учтаси Буюк Британия музейида 7528, 23429 ва 2524 рақамлари ҳамда Берлин кутубхонасида 1051 рақами остида сақланади. Амриқолик олим К. Босворт асримизнинг 60-йилларида ушбу асарнинг яна олти нусхасини Туркия кутубхоналарида борлигини аниқлади. Барча олти нусха Истамбул шаҳридаги кутубхоналардадир.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг бу асари Ўрта асарлардаги фанлар ривожланиши тарихига оид камёб манба сифатида кўпгина олимларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этди. Биринчи бўлиб бу манбани ўрганган ва 1895 йилда нашр қилган олим — голландиялик шарқшунос Ван Флотендир. Шунингдек, И. Ю. Крачковский, В. В. Бартольд, К. Брокельман, Э. Видеман, Г. Сартон, М. М. Хайруллаев, У. И. Каримов, Г. П. Матвиевская, Ҳ. Ҳасанов, А. Шариповлар ҳам асарнинг турли томонларини тадқиқ қилганлар.

«Мафотиҳ ал-улум» ўзига хос қомусий асар бўлиб, ўша даврдаги деярли ҳамма асосий фан соҳаларини ўз ичига қамраб олган. Муал-лиф Ўрта асрлардаги ҳар бир илм мазмунини шарҳлаш йўли орқали тушунтириб беради.

Олим илмларни иккига бўлиб, уларга «араб — шаръий» ва «араб бўлмаган»ларга ажратади Бу ҳол олим ўз даврининг намояндалари сингари илмлар таснифида уларни икки қисмга бўлиш анъанасига содиқ қолганлигини кўрсатади.

Унинг биринчи анъанавий «араб» илмлари қисми ўн бир бобдан иборат фиқҳ, етти бобдан иборат калом, ўн икки бобдан иборат грамматика (сарф ва наҳв), саккиз бобдан иборат иш юргизиш, беш бобдан иборат шеър ва аруз ҳамда тўққиз бобдан иборат тарихдан ташкил топгандир. Иккинчи қисмига эса «араб бўлмаган» қуйидаги илмлар киритилган: улар — уч бобдан иборат фалсафа, тўққиз бобдан иборат мантиқ, саккиз бобдан иборат тиб, беш бобдан иборат арифметика, тўрт бобдан иборат ҳандаса, шунингдек, тўрт бобдан иборат илм ан-нужум, уч бобдан иборат мусиқа, икки бобдан иборат механика ва уч бобдан иборат кимёдир.

Шундай қилиб, асар икки қисмдан иборат бўлиб, унда ўн беш илм тўқсон уч бобда баён этилган.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий илмлар таснифининг шакли қуйидагича:

I. Шариат ва у билан боғлиқ «араб» илмлари:

1.  Фиқҳ, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги.

2.  Калом, яъни дин асослари.

3. Грамматика.

4. Иш юргизиш.

5. Шеърият ва аруз.

6. Тарих.

И. «Араб бўлмаган» илмлар (юнон ва бошқа халқлар):

1. Назарий фалсафа:

а)  табиий илмлар — тиббиёт (тиб, самовий ҳодисалар — метеорология, минералогия, алкимиё, механика) — қуйи;

б)  риёзиёт илмлари (арифметика, ҳандаса, илм ан-нужум, мусиқа) — ўртанчи;

в)  илоҳий, яъни метафизика — олий илм;

г)  мантиқ.

2. Амалий фалсафа:

а)  ахлоқ — этика (одамни бошқариш);

б)  уйшунослик (уйни бошқариш);

в)  сиёсат (шаҳарни, мамлакатни бошқариш).

«Мафотиҳ ал-улум»да илмлар таснифи ҳар бир фаннинг предметини аниқлаш ҳамда уларнинг асосий атамаларини қисқа ва аниқ баён этиш билан биргалиқда олиб борилади. Бу ерда, биз зикр этганимиздек, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий уз таснифида ўша давр анъанаси, яъни илмларни иккига бўлишни қўллаб-қувватлаб, шаръий ва фалсафий илмларга ажратади.

АНЪАНАВИЙ «АРАБ» ИЛМЛАРИ. Шу илмлардан бири, фиқҳда муаллиф ислом қонуншунослигининг асоси бўлган ва ислом ҳуқуқи посбонининг доимий дастури қуръон, пайғамбар сўзлари, ҳикматли гаплари ва ҳаётларини акс эттирувчи Суннат, Ҳадис ва унинг хиллари; Ижмоъ — ислом жамоасининг якдиллик билан тан олган қарори; шариат қонун-қоидаларига амал қилишни, яъни таҳорат қилиш, намоз ўқиш, азон айтиш, рўза тутиш, закот тўлаш устида тўхтаб ўтади.

Иккинчи бўлим каломда ўша даврда Яқин ва Ўрта Шаркда мавжуд бўлган кўпгина мазҳаблар ҳақида маълумотлар берилган. Хусусан бу мазҳабларнинг еттига бўлиб баён этилиши, айниқса, муътазилийлар ҳақидаги мукаммал тафсилотлар муҳим аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга грек-христиан мазҳаблари, исломгача бўлган даврдаги Эрон ва Ямандаги диний эътиқодлар, Ҳиндистонда тарқалган баъзи дуалистик мазҳаблар ва оқимлар ҳамда зардуштийлик баён этилади. Бу маълумотлар Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Марказий Осиёдаги халқларнинг динлари тарихини ўрганишда ғоят катта аҳамиятга эгадир.

Араб адабий тили грамматикаси, унинг қонун-қоидалари грамматика бўлимида баён этилган. Айни пайтда муаллиф араб шеърияти ва унинг таркибий қисмларидан бўлган аруз устида ҳам муфассал тўхталиб ўтган.

Иш юргизиш бўлими давлат девони, солиқ турлари ва олиниши, солиқ йиғувчиларнинг вазифалари, аскарлар рўйхати, уларнинг кийим-кечаги ва тўланадиган маошлари, ирригация шаҳобчачарида фойдаланиладиган атамалар, канал хиллари, сув ускуналари, икки дарё (Сирдарё ва Амударё.— Р. Б.) оралиғидаги суғориш тизимлари ҳақидаги маълумотларни ёритиб бериши билан муҳимдир.

Асарнинг тарих бўлимида афсонавий подшоҳлардан бошлаб, тартиб билан турли давр ва мамлакатлар маликлари, Умавийлар ва Аббосийлар халифалиги, исломгача бўлган даврдаги Яман тарихи, Рум ва Юнон тарихи ҳақида му.фассал маълумотлар келтирилган. Ўрта асрларда одамлар жамоасини табақаларга бўлиниши ҳам шу бўлим-да зикр этилади.

АНЪАНАВИЙ БЎЛМАГАН - «АРАБ БЎЛМАГАН» ИЛМЛАР. Бу илмлар қаторида биринчи бўлиб фалсафа қайд этилиб, унда ушбу илм атамаларининг шарҳи билан бир қаторда илмлар таснифи масаласи ёритилган.

Арастунинг мантиққа оид китоблари шарҳи Хоразмий асарининг мантиқ бўлимида ўз аксини топали. Унда муаллиф Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Марказий Осиёдаги ушбу илм ҳақидаги маълумотлар, олдинга сурилган ажойиб ғоялардан фойдаланиб, уларни янада бойитди.

Асарнинг табиий илмларга оид бўлимлари Ўрта аср Шарқида илмий юксалиш даражасини ўрганиш нуктаи назаридан ниҳоятда маълумотларга бойдир. Тибга оид бўлимда касалликлар, содда ва мурак каб дорилар ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Ушбу бўлимда ўша давр табобатида маълум бўлган ва кенг тарқалган мижоз ҳамда қон томири урушига қараб касалликни аниқлаш тўғрисидаги нодир тавсифлар берилган.

Кимё бўлимида ҳам Хоразмий Ўрта аср Шарқидаги кимёвий билимлар ҳақида ниҳоятда қимматли маълумотларни келтирадики, улар Шарқда табиий фанлар ривожини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Риёзиёт бўлимида Урта аср Шарқидаги математик илмлар ҳолати баён этилади. Ал-Хоразмий математик тушунчани ақлнинг ихтиёрий ижоди эмас, балки объектив оламнинг маълум томонлари, предметлар муносабатларининг инъикоси деб талқин этади.

Масалан, муаллиф Форобий ғояларини давом эттириб. арифметикани иккига: назарий ва амалийга ажратади. У куб сонлар билан бир қаторда шаклий сонларни кўриб чиқиш билан назарий арифметиканинг баъзи бир томонларини бойитди. Ҳандаса ҳам назарий ва амалий қисмларга бўлинади, бу эса ўша даврда унинг бошқа риёзиёт илмлари каби юқори даражада ривожланганлигидан далолат беради. Астрономия бўлимида унинг вазифаси билан бирга тарихига оид масалалар ҳам кўриб ўтилади.

Хоразмий ўз таснифида мусиқани риёзиёт илмларига қўшади ва унда мусиқавий асбоблар, товушларнинг ўзаро мутаносиблиги, тартиби, сози(лад) тавсифланади ва охирида ритм ҳақидаги таълимот кўриб чиқилади.

Механика бўлимида, оғир юкларни ва далаларни суғориш мақсадида ишлатиладиган қурилмалар, яъни содда машиналар, уларнинг тузилиши ва вазифалари устида тўхтаб ўтилади, Хоразмий дунёвий илмлар устида тўхтаганда, уларнинг амалий аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қилади.

Умуман, асарда Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ўз даври табиий ва риёзиёт илмларини яхши билганлиги, уларни назарий фалсафага киритиш билан, бир томондан, уларнинг аҳамиятини ошириш ва таъкидлаш, иккинчи томондан, фалсафани бойитишга интилганлиги ўз ифодасини топган. Ал-Хоразмийнинг «Мафотиҳ ал-улум» асари Ўрта аср маданияти ва маънавиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.