loader
Foto

Қўнғирот

ҚЎНҒИРОТ — ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири. Илк ўрта асрларда Олтой, Мўғулистоннинг шим. қисмида яшаганлар. Ўрта Осиёда турли кўчманчи туркий қабила ва уруғлар Қўнғиротлар атрофида уюшиб, уларнинг қабилавий номини қабул қилишган. 14-а. да Хоразмда қ. зодагонлари орасидан суфийлар сулоласи ҳокимият тепасига келган. 16-а. да Қўнғиротлар Ўзбек улусидаги туркий қабилалар таркибига кирган. Улус парчаланиши билан Қўнғиротлар ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва б. халқлар таркибига кирган. 14—16-а. лар давомида Қўнғирот ларнинг айрим гуруҳлари Хуросон. Шим. Афғонистон ва ҲисорШеробод водийсига келиб ўрнашганлар. Хоразм ҳудудига ўтган Қўнғиротлар кейинчалик Хоразмнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишган. 18-а. нинг 2-ярми — 19-а. бошларида Хива хонлигини ўзбекларнинг қ. сулоласи бошқарган. Бу сулола 1920 й. большевиклар томонидан тугатилган.



Этнограф Б. Х. Кармишева Қўнғиротлар 5 та катта уруғдан: вахтамғали, қўштамға-ли, қонжиғали, ойинли ва тортувлидан иборат эканлигини кўрсатган. Қўнғиротлар орасида энг катта гуруҳ вахтамғали бўлиб, у 18 та катта уруққа бўлинади: очамайли, боймоқли, тароқли, чан-чиқли, қозоёқли, чўмичли. қайчили, ишқили, қийғочли, жилонтамғали, болғали, қорақўнғирот, буғажили, уювли, хандақли, ирғоқли, абоқли кесовли.



20-а. бошида Бухоро хонлигида Қўнғирот ларнинг умумий сони 85 760 кишидан иборат бўлган. Улар, асосан, Бойсундарё ҳавзаси (3525 киши)да, Қоратоғдарё (13 140), Шерободдарё (18 383) ва Сурхондарё (9 375) ҳав-заларида ҳам Кофирниҳонда (1 245), Қарши воҳаси (7 175)да, Ғузордарёнинг қуйи қисми (8875) да, Амударё водийси ва Термиз атрофи (3525) да яшашган.

19-а. охири —20-а. бошларида Қўнғирот ларнинг аксарияти ярим ўтроқ ҳолда яшаб, хўжалигида чорвачилик муҳим роль ўйнаган.

Ад.: Кармншева Б. Х., Очерки этнической истории южннх районов Таджикистана и Ўзбекистана, М., 1976.