loader
Foto

Сулаймон Қонуний

Сулаймон Қонуний (1494 йил 6 ноябр – 1566 йил 5/6 сентябр) – усмонийлар ҳукмдори (1520-1566). Отаси Салим вафотидан сўнг тахтга чиққан. Сулаймоннинг хотини Роксолана (Анастасия Лисовская) султоннинг бошқа хотинидан бўлган ўғилларини йўқотиб ўғли Салимнинг тахтга чиқиши учун кўплаб фитналар уюштирди. Шунингдек султоннинг синглисини  эри вазири аъзам Иброҳим пошшо Парғалий (1532-1536) унинг фитнаси туфайли бўғиб ўлдирилди. Унинг ўрнига куёви Рустам пошшо (1544-1553, 1555-1561)ни ўрнатди. Рустам 1553 йили Роксанага султоннинг черкес хотини Гулбаҳордан бўлган суюкли ўғли Мустафони йўқ қилишга ёрдам берди. Мустафо ва унинг ўғиллари султоннинг кўз олдида қатл этилди. Салим тахт вориси бўлиб қолди. Бироқ 1558 йили Роксолана вафот этгач, унинг бошқа ўғли Боязид 1559 йили исён кўтарди. Унинг исёнчи қўшини султон қўшини томонидан мағлуб этилди, ўзи эса Эронга қочиб ўтди. Шоҳ Таҳмосп1 уни 400 000 олтин эвазига султонга тутиб берди. 1461 йили исёнчи Боязид қатл этилди, шунингдек унинг 5 ўғли ҳам (энг кичиги 3 ёш эди) ўлдирилди. Султон Сулаймон 1566 йили вафот этди.

Салим I 43 ёшида навбатдаги юриш пайтида вафот этганди. 1520 йили тахтга унинг ўғли Сулаймон ўтирди. У биринчи ишини XV аср охирларидан бошлаб босқин уюштирилаётган Венгрияга ҳужум қилишдан бошлади. Венгрия устидан ғалаба туркларга Марказий Европага йўл очиш билан бирга, муҳим савдо магистрали ҳисобланган Дунай дарёси устидан назорат ўрнатишга хизмат қиларди.

1521 йили турклар ўшанда Венгрия қироллигига қарашли Белградни қамал қилишди. Шаҳар гарнизони туркларнинг 20 га яқин ҳужумини қайтарди. Дунай дарёси соҳилларига мустаҳкам ўрнатилган тўплар шаҳарни тинимсиз ўққа тутди. Шаҳарда бор-йўғи 400 жангчи қолганда улар таслим бўлишди. Асирларнинг кўпчилиги ўлдириб юборилди. Белград олинганидан сўнг, Сулаймон I Венгрияга юриш қилишни бироз кечиктирди. У 10 минг кишини жойлаган 300 та кемада Родос оролига ҳужум қилди. Родос рицарларининг ҳарбий кемалари Истамбулни Арабистон ярим ороли билан боғлайдиган ҳудудларда турк кемаларига ҳужум қилишди. Турклар Родосга 1522 йил июл ойининг охирида тушишди. Родос жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди, турклар катта талафот кўриша қарамасдан қамални давом эттиришди. Фақатгина Сулаймон I 100 минг кишилик қўшин билан ёрдамга етиб келганда турклар ғалабага эришишди. 1522 йилнинг декабрида қалъа таслим бўлди, бироқ уруш туркларга қимматга тушди. Турклар 50 минг аскаридан айрилди. Яничарлар Родосни ер билан яксон этишди, султон эса Меҳмет II нинг биродаркушлик қонунига риоя этишга киришди. У шаҳарда Боязид II нинг жияни (унинг акаси Жомнинг ўғли) яширинганини билиб, уни топиб ёш ўғли билан бирга ўлдириб юборишни буюрди.    1524 йили турк флоти Жиддадан йўлга чиқиб Қизил денгизни португаллардан тозалашди.

1525 йилда Киликия деҳқонлари ғалаёни бошланиб, султон қўшинларига зарбалар беришди. Сивасгача бўлган ерларни қўлга киритишса-да, 1526 йили қўзғолон бостирилди. Ўша йили Малатья туманидаги қўзғолонда 30 мингга яқин киши қатнашди. Улар исённи бостириш учун юборилган султон қўшинини тор-мор қилишди. Қарамон бейларбейи қўзғолон раҳбарларига ерларини қайтариб яна бир қанча имтиёзлар бергачгина, исён бостирилди. Фақат таслим бўлмай қўзғолонни давом эттирганларгина қўлга туширилиб қатл этилди.

1526 йили августда қизилбош Сулун ва Бобо Зуннунлар бошлиқ кишилар исён кўтарди. Исёнчилар Қарамон бейи қўшинини тор-мор этишди, Кайсери ва Токат ҳудудини қўлга киритишди. Лекин 1526 йил сентябрда Сивас ноиби уларни мағлуб қилди. Исёнкорлар бошлиғи Бобо Зуннун жангда ҳалок бўлди.

Орадан кўп ўтмай Киликияда исён бошланди. Бу ерда Қаландар Чалабий бошлиқ 30 минг киши бош кўтарди. У ўзини Қаландаршоҳ деб номлади. 1527 йил ёзда Онадўли бейларбейи қўшини исёнчилар томонидан мутлақ мағлуб этилди. Лекин Қаландарга қўшилган айрим иқтоъдорлар султон қўшинига хизмат қилиб уни тутишга кўмаклашишди. Қаландар бўлинмалари ҳал қилувчи жангда тор-мор этилди ва унинг ўзини асирга олиб қатл этишди. Бундан ташқари Адана 5 минг кишилик қўзғолон кўтарилди ва тез орада бостирилди.

1526 йилнинг апрелида турк қўшини (100 минг жангчи ва 300 тўп) деҳқонлар норозилиги ва феодаллар фитнаси қамраб олган Венгрияга юриш бошлади. Бир неча юз яничарлар чиққан кемалар Дунай бўйлаб олға интилиб, қуруқлик қўшинларига йўл очишди. Венгр феодаллари деҳқонлардан шунчалик қаттиқ қўрқишардики, душман билан урушиш учун уларни қуроллантиришмади. 1526 йилнинг июлида турклар Петерварадин қалъасини қамал қилишди. Улар девор тагини кавлаб портлатишга муваффақ бўлишди. Девор қулаган ердан ёриқлар очилгач, турклар қалъага ҳужум бошлашди. Петерварадин ишғол қилинди. Тирик қолган 500 нафар ҳимоячи қатл этилди. 300 нафар киши қул қилинди.

Венгриядаги энг муҳим жанг Дунайнинг ўнг қирғоғидаги текисликда Мохач шаҳри олдида 1526 йилнинг 29 август куни бўлиб ўтди. Венгр армияси турклардан анча кам эди. Уларда 25 минг жангчи ва 80 та тўп бор эди. Венгрлар Трансильваниядан келаётган венгр магнати Янош Запольяи қўшинини кутиб аскарларини кўпайтиришлари мумкин эди. Бироқ турклар Мохачда кўринишлари билан қирол уларга ҳужум қилишни буюрди. Сулаймон I венгр отлиқларига туркларнинг биринчи линиясини ёриб ўтишга имкон берди, қиролнинг отлиқлари яничар бўлинмалари билан тўқнашувга киришганда турк артиллерияси кутилмаганда уларни ўққа тутди. Венгр қўшини бутунлай қириб ташланди. Қирол ҳам ҳалок бўлди. Мохач ўт қўйиб таланди.

Мохачдаги ғалаба туркларга Венгрия пойтахтига йўл очди. Жангдан кейин икки ҳафта ўтгач, Сулаймон I Буда шаҳрига кирди, шаҳар жангсиз таслим бўлди. Ўзини вассал деб тан олган Янош Запольяи қирол бўлди. Кейин турклар ўзлари билан минглаб асирларни олиб ортга қайтишди. Венгрия жуда катта зарар кўрди, 200 мингдан ортиқ одам, яъни аҳолининг 1/10 ҳалок бўлганди. Султон қўшини Венгрияни тарк этиши билан Янош ва австрияпараст венгр феодаллари ўртасида тахт талашиш бошланди. Эрцгерцог Австрийский Будани босиб олди. Запольяи султондан ёрдам сўради. Бу султоннинг Венгрияга янги юриш қилишига олиб келди.                     

1527-1528-йилларда Босния, Герцеговина ва Славонияни турклар эгаллашди.

Султон Кичик Осиёдаги ғалаёнларни бостиргач, Австрияга зарба бериш ва Янош Запольяи ҳукуматини тиклаш учун Венгрия юришига тайёрлана бошлади. 1529 йилнинг сентябрида турклар Запольяи бўлинмалари қўллаши туфайли Будани қўлга киритишди ва султон одамини венгр тахтига ўрнатишди. Кейин султон қўшинлари Венага юришди. Турклар 1529 йил 27 сентябрдан 14 октябргача Венани қамал қилишди. Қалъа деворлари жуда кучли бўлиб, 20 минг ҳимоячи ва 70 тўп бор эди. Сулаймон I 120 минг кишилик қўшин ва 300 тўпга эга эди. Дунайдаги турк флотилиясининг ҳам кўплаб жангчилари бор эди. Турклар қалъа деворларини портлатишга ҳаракат қилишди. 9 октябр куни деворнинг бир ери портлатилгач ёриқлар пайдо бўлди. 3 кун мобайнида турклар мана шу ердан киришга ҳаракат қилишди, бироқ олға юришнинг имкони бўлмади. Султон 14 октябр куни ҳал қилувчи ҳужумга буйруқ берди. Лекин шаҳарни қўлга киритишнинг иложи бўлмади. Бу вақтда туркларда озиқ-овқат танқислиги сезила бошлади. Қурбонлар сони 40 мингга етиб қолди. Султон 16 октябр куни Венадан чекинишга буйруқ берди. Турклар орқага қайтишда ўзлари билан 10 мингга яқин кишини асир қилиб олиб кетишди.

1530 йили Австрия ва Усмонийлар давлати ўртасида тинчлик музокаралари олиб борилди, бироқ султон Фердинандни венгр қироли деб тан олмади. 1532-1533-йилларда Сулаймон I тўртинчи марта Венгрияга юриш қилди, лекин юриш испан қироли Карл5 ва Муқаддас Рим империяси императори томонидан тўхтатилди. 1533 йилнинг 23 июл куни Истамбулда турк-австрия тинчлик битими имзоланди. Битимга биноан, ҳар йили султонга ўлпон тўлаш ва султон вассали Янош Запольяи бошқараётган Шарқий Венгрияга ҳужум қилмаслик шарти билан Ғарбий ва Шимоли-Ғарбий Венгрия Австрияга ўтди. Бу битим амалда Венгриянинг иккига бўлинганини билдирарди.

Сулаймон I даврида турк қўшини бир неча марта Шарққа юриш қилди. 1533-1535 йилларда Сулаймон Эрон билан уруш олиб борди. Турклар Табризни уч марта олишди. Тахмасп I қўшини туркларга жиддий қаршилик кўрсата олмади. 1534 йил декабрда султон қўшинга шахсан ўзи бошчилик қилиб Бағдод ва бутун Ироқни эгаллади. Бағдод аҳолиси Сулаймон I ни ҳурмат билан кутиб олди. Ироқда шиаларга қарши кайфият кучайди.

1529 йилда Марказий Ироқда сафавий ноибига қарши қўзғолон кўтарилганди. Қўзғолончилар Бағдодни олиб, уларнинг раҳбари Зулфиқорбек шаҳар калитларини султонга топширди ва унинг номидан пул зарб қилишни йўлга қўйиб, Ироқни султон ҳимоясига олишни сўраб элчилар жўнатди. Султон Австрия билан урушга банд бўлгани учун ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади ва Тахмoсп I қўшини қўзғолончиларни енгган, лекин шиаларга қарши кайфият пасаймаганди.

Султонга Басра, Хузистон, Луристон, Баҳрайн ва Форс кўрфазининг жанубий соҳилларидаги майда амирликлар бўйсунди (Басрани турклар 1546 йили эгаллашган). Сулаймон Бағдодда тўрт ой бўлди. У суннийларга ҳукмронлик мавқеларини қайтариб берди. Ироқ ҳудуди Усмонийлар давлатида бўлгани каби эёлотлар (вилоятлар)га бўлинди, солиқ солиш ва ердан фойдаланиш усмонийлар тизимига мосланди. Султон 1535 йили Ироқда 32 минг кишилик қўшин қолдириб Бағдодни тарк этди. Бағдодда минг нафар яничар ҳам қолдирилди. Кейин султон Табризга қайтиб, аскарларига пул мукофотлари тарқатди.

XVI асрнинг 30-70-йилларида Тунисда Усмонийлар ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилинди. 1533 йили Хайриддин Барбаросса усмонийлар флоти қўмондони – капудан пошшо этиб тайинланди. 1534 йилда 80 та кемадан ва 8 минг аскардан иборат Хайриддин Барбаросса бошчилигидаги  турк эскадраси Тунис шаҳрига етиб келди. Қисқа тўқнашувдан сўнг, Хафсийлар пойтахти қулади. Туниснинг бошқа шаҳарлари туркларга жангсиз топширилди. 1535 йилда султон бир қатор шаҳарларда турк гарнизонларини жойлаштирди. Ўша йили туркларга қарши бадавий қабилалар исён кўтаришди, Қайрувон жангида султон артиллерияси уларни саросимага солиб пароканда қилди. Мағлубиятдан сўнг бадавийлар султон ҳукуматини тан олишди. Шу пайтда Тунис ички ишларига Карл V аралаша бошлади. У Тунис соҳилларига 30 минг аскарли 400 кемадан иборат катта флот жўнатди. 1535 йил июлдаги жангда Карл V қўшини Хайриддин Барбаросса бошчилигидаги туркларни енгди. 21 июл куни испанлар Тунис шаҳрини эгаллашди. Улар шаҳарни аёвсиз талашди, масжид, мадраса ва кутубхоналарни вайрон қилишди. Босқинчилар қирғин уюштириб, болалар ва аёлларни ҳам аяшмади. Ўша кунларда шаҳарнинг учдан бир аҳолиси ҳалок бўлди. Ўн минглаб кишилар қулликка солиниб ҳайдаб кетилди. Пойтахтни қўлга киритгандан сўнг испанлар Туниснинг шимоли-шарқини тўла босиб олишди, жумладан Бизерту шаҳрини ҳам. 1535 йилнинг августида Карл V армадаси Тунисни тарк этди, лекин денгиз бўйидаги шаҳарларда испан гарнизонлари қолдирилди.

1536 йили Сулаймон I узоқ йиллардан бери Италия ҳудудини назорат қилиш учун Kарл V билан урушаётган француз қироли Франциск I билан яширин битим тузди. Жазоирлик денгизчилар энди Франциянинг жанубида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. 1537 йили жазоирийлар Ўрта ер денгизида ҳарбий ҳарактларини бошлаб юборишди. Хайриддин Корфа оролини талади, Апулия соҳилига ҳужум қилди ва Неаполга таҳдид солди.

30-йилларнинг иккинчи ярмида турк қўшини Жануби-Шарқий Европада ҳарбий ҳаракатлар олиб борди. 1538 йили Молдова яна бир марта таланди. Сулаймон I ҳар йили ўлпон тўлашга рози бўлган маҳаллий боярлардан Молдова ҳукумати бошлиғини тайинлади. Шундан сўнг Сулаймон I Прут ва Днестр дарёлари орасидага бессарабия ерларига ўрнашиб, ўша пайтда Польшага қарашли бўлган Украинага қарши плацдармга айлантирди.

1538 йили  Венеция Карл V ва рим папаси  билан иттифоқ тузиб туркларга қарши уруш эълон қилди, жанглар асосан денгизда олиб борилди. Икки йил мобайнида (1537-1539) турк флоти Хайриддин Барбаросса бошчилигида Венецияга қарашли Занте, Эгина, Чериго, Андрос, Парос, Насос каби 20 дан ортиқ оролни эгаллади. Турклар Далмацияда қишлоқ ва шаҳарларни талашди. 1538 йил 28 сентябрда бўлган денгиз жангларининг бирида турклар Андреа Дореа бошлиқ иттифоқчи душманларини тор-мор қилишди. Бу уруш (1535-1540) натижасида Усмонийлар давлатига Далматиянинг бир қанча шаҳарлари тобеъ бўлди. Венецияликлар эса, султонга катта миқдорда ўлпон тўлашга мажбур бўлишди.  

Яманни бўйсундириш Усмонийлар давлатига узоққа чўзилиб кетди. 1517 йилда Яман Мисрдан қочган Мамлуклар ҳукми остига тушди. Шундан кейин усмоний султонлар Яманга бир неча бор ҳарбий гуруҳлар юборишди. Баъзан мамлуклар ва зайдий шиалари ўртасидаги курашга аралашиб туришди, баъзан португаллар босқинига қарши курашда Хадрамавтдаги Касирийлар салтанатига ёрдам бериб, Ямандаги воқеаларга таъсир ўтказиб туришди. 1538 йили турклар Жанубий Арабистон ва Ҳиндистонга юриш бошлашди. 13 август куни турк флоти Сувайшдан чиқди ва 3 август куни Аданга етиб келишди. Маҳаллий ҳукмдор Амир уларни яхши кутиб олди, бироқ мачтада дорга тортилди ва Адан истило қилиниб шаҳар таланди. Ҳиндистонга қилинган муваффақиятсиз юришлардан кейин турклар бутун Яманни қўлга киритишди ва у ерда турк бошқарув тизимини жорий қилишди. Яман султон давлатига қўшиб олинди, Хадрамавт ҳукмдори эса Сулаймон I нинг вассали бўлиб қолди. Бироқ Яманнинг тоғли минтақалари аҳолиси турк давлатини қўлламади.

Ямандан сўнг турклар Гужаротга юриш қилиб португалларга қарашли Диуни қамал қилишди. Маҳаллий мусулмонлар туркларга ёрдам беришди. Қалъа таслим бўлишга яқин қолганди. Бироқ португаллар ёрдамга келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Гужаротликлар шартномани бузиб туркларни қириб ташлашди. Шундай қилиб султоннинг Ҳинд океанидан европаликларни қувишга уриниши муваффақиятсиз чиқди, лекин қуруқликдаги жангларда турклар ғалаба кетидан ғалабага эришишарди.

1540 йил 20 октябр куни султон Венецияни сулҳ тузиб Хайриддин томонидан эгалланган ҳудудларни, шунингдек Мореядаги Наполи ди Романо ва Мальвазияни топширишга кўндирди. Венеция шунингдек 30 000 дукат товон тўлади. Ўрта ер денгизида ҳукмронлик Лепанто жангигача (1571) турклар қўлига ўтди.   

1541 йилда Австрияни туркларга қарши курашини қўллаб-қувватлаётган Карл V Шимолий Африкада туркларга зарба беришга ҳаракат қилди. 1541 йилнинг 19 октябрида 500 кемадан ва 24 минг кишилик қўшиндан ташкил топган армадаси ал-Жазоир шаҳрига рейд уюштирди. Турк ноиби Ҳасан оғанинг қўл остида 10 мингдан ошмаган аскари бор эди. 25 октябр куни Карл V қўшини шаҳарни қамал қилиш учун ҳаракат бошлади. Об-ҳаво бунга халақит берди. Кечга яқин бўрон кўтарилди ва испанларнинг учдан бир кемаси соҳилдаги қояларга урилди. Бўрон пайтида испанлар артиллериясидан маҳрум бўлди. Пороҳ увиб яроқсиз ҳолга келди. Шундай бўса ҳам Карл V ва унинг лашкарбошиси герцог Альба Алжазоирга ҳужум қилишди. Ҳамма ҳужумлар катта талафотлар эвазига бартараф этилди. Уч кун ёққан жала қўшинни ёмон аҳволга солиб қўйди, озиқ-овқат бузилди. 150 кемасидан ва 12 минг аскаридан жудо бўлган Карл V қайтишга буйруқ берди. Бу муваффақиятсизликдан сўнг, Карл V Алжазоирдаги Усмонийлар давлати ҳукмронлиги ўрнатилишига рози бўлди.

1540-1547-йилларда султон қўшини Венгрияга қарши яна уруш олиб борди. 1541 йилда улар яна Будани олишди. 1543 йили эса, Эстерг қалъасини олишди. Будада яничарлар гарнизони жойлаштирилди, турклар томонидан эгалланган Венгриянинг бошқа жойларида ҳам турк маъмурияти иш бошлади. Бу сафар Буда учун бўлган курашга 1547 йилда Эдирнада имзоланган шартнома нуқта қўйди.  Шартнома бўйича, венгр қироллиги 3 қисмга бўлинди – Ғарбий ва Шимолий Венгрия Габсбурглар ҳукмронлиги остида қолди, Марказий Венгрия турк ноиби томонидан бошқариладиган бўлди. Шарқий ерлар жумладан Трансильвания султон вассаллигида қолди. Трансильвания учун бўлган кураш 1551-1562 ва 1566-1568 йиллардаги турк-австрия урушлари келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу уруш давомида турклар Темешвар (1552), Эгер (1553) ва Сигетвар (1566)  ва бошқа қалъаларни қўлга киритишди. Эрлау қалъси гарнизони туркларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. 38 кунлик қамалдан сўнг турклар қалъани қўлга киритиш ниятидан воз кечишди. Бу урушлар Австрия ва Усмонийлар давлатининг венгр ерларидаги  чегараларига ўзгариш олиб келмади.

Франция Европа жамоатчилиги босими остида Усмонийлар давлати билан иттифоқни узишга мажбур бўлди. Лекин турк флоти 1543 йили Ниццани олишда, 1553 йили Корсикани олишда французларга ёрдам берди.

Усмонийлар давлати ва Москва давлати ўртасида вазият кескин эди. Бунга асосий сабаб Москва давлатининг Қрим хонлиги билан уруш ҳолатида бўлгани эди.1547-1548 йилларда Яман ва Хадрамавтнинг турли ерларида қўзғолонлар бўлиб ўтди, лекин султон қўшинлари бу исёнларни бостирди.     Султон ғарбда тинчлик сулҳи тузгач эътиборини шарққа қаратди. Ширвон ноиби Тахмoсп I нинг укаси Алкаснинг шоҳга қарши курашгани султоннинг кейинги юришларида фойда келтирди. Сафавийлар давлатида тахт талашиш бошланди. Алкас шоҳ қўшинидан енгилгач, Истамбулга бориб султон саройидан паноҳ топди ва Сулаймон I дан ёрдам сўради. Ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди. 1548 йили султон қўшинлари Жанубий Озарбайжон ҳудудидан ўтиб, яна Табризни эгаллашди. (шоҳ пойтахтни Қазвинга кўчирди).  Эрондаги турк аскарлари Қум ва Кошонгача бориб, Исфаҳонни забт этишди. Ўша йили турклар бир неча кунлик қамалдан сўнг Ван қалъасини эгаллаб, Жанубий Арманистондаги Ван кўли ҳавзасини истило қилишди. Турклар Шарқий Арманистон ва Жанубий Грузияга ҳам юриш қилишди. 1552 йили Ереванни, 1554 йили Нахичевонни олишди.

1555 йил май ойида Амасьеда сулҳ тузилди. Сулҳга кўра Ироқ Усмонийлар давлатига ўтди, бироқ Озарбайжон Эрон таркибида қолди. Грузия ғарби (Имерети) в Арманистоннинг ғарбий минтақаси султон ҳукмида, шарқий минтақалари Эрон ҳукмида қолди. Ўша даврдан бошлаб узоқ йиллар Арманистон ва Грузия Усмонийлар давлати ва Эрон ўртасида талаш бўлиб, арман ва грузинларга катта зарарлар келтирди.

1547-1554-йилларда турк флоти бир неча бор португал флотига талафот етказди. 1550 йили турклар Қатифни португаллардан тортиб олишди. 1552 йилда турк эскадраси 30 та кемада 16 минг аскар билан Сувайшдан Уммон соҳилларига йўналди. 1552 йили икки ҳафталик ўққа тутишдан сўнг, турклар португалларнинг йирик қалъаси Масқатни эгаллашди. Лекин 1553 йили португаллар турк эскадрасини Хурмуз бўғозида, 1554 йилнинг августида Масқатда енгишди. Бу ҳудуддаги денгиз ҳукмронлиги Португалия қўлида қолди.

Кейинчалик Усмонийлар давлати ва Испания ўртасидаги узоқ муддатли кураш тунислик зодагонларнинг турклардан ёки испанлардан паноҳ излаб ҳаракат қилишларига боғлиқ бўлиб қолди. Ўттиз йилга яқин испан ва турк қўшинлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб турди. Қачонки турклар томонидан мальта рицарларининг тор-мор этилиши ва Ливиядаги Триполини турклар эгаллаши (1551 йил, август), ҳамда Триполитаниянинг туркларга ўтиши сабабли Тунисда Усмонийлар ҳукмронлигини ўрнатиш мумкин бўлди. 1553 йили Ваттосийлар сулоласини ағдариш учун Марокашга юриш қилишди, лекин режа амалга ошмади.

1555 йилда Сулаймон I қўшини Суданга юриш бошлади. 1556-1557 йилларда Суданда усмонийлар ҳукмронлиги ўрнатилди. Кейин султон қўшини Африкадаги Қизил денгизи соҳилларини истило қилди. 1557 йили Эфиопиянинг асосий бандаргоҳи Массауани забт этди. 1558-1559 йилларда турк қўшини бир неча бор Эфиопияга ҳужум қилиб, Шимолий Эритрея устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Турк-эфиоп уруши 1572-1589 йилларда танаффуслар билан давом этиб, туркларга янги ҳудудлар келтирмади.

1565 йилда турклар мальта рицарлари жойлашган қалъани тўрт ой қамал қилишди, 20 минг турк аскари ҳалок бўлса-да, жанг туркларга ғалаба келтирмади. Мальталикларга испанлар эскадраси ёрдамга келганидан кейингина турклар Мальтадан кетишди.

А. Қодировнинг "Шарқнинг машҳур сулолалари" китобидан