loader
Foto

Қурбонжон додхоҳ қўзғолони

ҚУРБОНЖОН ДОДХОҲ ҚЎЗҒОЛОНИ — чор Россиясининг мустамлакачилик зулмига қарши кўтарилган халқ қўзғолони (1875—76). Бу қўзғолонга Олай воҳаси ҳокими, Олай маликаси сифатида машҳур бўлган Курбонжон додхоҳ бошчилик қилган.

«Пўлатхон» қўзғолони оммавий тус олгач, Қурбонжон додхоҳ ўз ўғиллари билан қўзғолончилар томонига ўтган.

1876 й. март ойида Туркистон генералгубернатори К. П. Кауфман Олай воҳасига янги ҳудудларни босиб олиш ва халқ қўзғолонларини шафқатсиз бостириш билан ном чиқарган генерал М. Д. Скобелевни юбориб, қўзғолончилардан 3 кунлик муддат ичида бўйсуниш ва ҳар бир ўтов солиқ тўлашини талаб қилган. Чорвадор қирғизлар ва ўзбеклар босқинчиларга итоат қилмай, уларга қарши Қурбонжон додхоҳ бошчилигида курашга отланган. Скобелев раҳбарлигидаги Россия қўшини 1876 й. 21 мартда Ўшга келади. Скобелев айланма йўл орқали ҳужумга ўтиб, қўзғолончиларни Сўфиқўрғонгача суриб ташлаган. Абдуллабек қолган йигитлари билан Қизилорт довони томонга чекиниб, Помир тоғларига чиқиб кетган.

Кауфман буйруғи билан 1876 й. ёзида Олай воҳасига жазо отряди жўнатилган. Скобелев бошчилигидаги қўшин 15 июлда Олайга 3 томонлама — Ўш, Учқўрғон ва Гулчадан йўлга чиқишган. Абдуллабек 2 минг кишилик қўшини билан Ўшдан 40 чақирим наридаги Шоти деган жойда пистирма қўйиб, чор қўшинларини Олайга ўтказмасликка ҳаракат қилган. Полковник Витгенштейн ва қирғиз Шабдон Жонтой ўғли бошчилигидаги қисмлар билан Абдуллабек қўшини ўртасида аёвсиз жанглар бўлган. 31 июлда қирғизларнинг бир неча бийи Скобелевга таслим бўлган. Витгенштейн қўшини 1876 й. авг. да Абдуллабек йигитлари ортидан қувиб, Помирга кириб борган.

8 сент. да Сўхга яқин Айланма деган жойда ҳар 2 қўшин ўртасида сўнгги тўқнашув бўлиб, унда Абдуллабек бошчилигидаги қўзғолончилар енгилади. Абдуллабек укалари ва сафдошлари билан Қоракўлдан Чўнгсув дарасига ўтиб, сўнгра Туюқсув дараси орқали Қашқар ва Шуғнон тарафга, кейинчалик Афғонистонга ўтиб кетган. Абдуллабек ўша йилиёқ Маккага ҳаж сафарига жўнаб, йўлда вафот этган (унинг жасади кейинчалик Гулчага олиб келиниб, дафн этилган).

Фарғона вилояти ҳарбий губернатори Скобелев Ўш уезди ҳокими П. П. Ионов воситачилигида Қурбонжон додхоҳ билан музокаралар олиб борган. Скобелев билан Қурбонжон додхоҳ Олайда шахсан учрашишган ва ўртада сулҳ тузилиб, чор ҳукуматига кўрсатаётган қуролли қаршилик тўхтатилган (1876 й. охири).

Қурбонжон додхоҳнинг ўғиллари Маҳмудбек, Ҳасанбек, Ботирбек Кобулдаги қувғинликдан чақирилиб, уларга Олай воҳасида янги тузилган бўлисларга бошчилик қилиш топширилган. Унинг кичик ўғли Қамчибек эса кейинчалик рус маъмурлари томонидан Ўшда дорга осиб ўлдирилган (1895).



Ад.: Бабабеков Х. Н., Народные движения в Кокандском ханстве и их социально-экономические и политические предпосьшки, Т., 1990; Народнме движения Средней Азии вХГХвеке (По материалам Кмргызстана). Бишкек-Ош, 1998.

Қаҳрамон Ражабов.