loader
Foto

Турк халқлари фольклорида Баҳром чўбин сиймоси

Сосонийлар шаҳаншоҳи Ҳурмазд IV-нинг лашкарбошиси, таниқли саркарда Баҳром Чўбин авлодлар хотирасида халқ қаҳрамони сифатида муҳрланиб қолган, унинг жасоратлари ҳақида афсоналар тўқилган. Сосонийлар вактидаёқ у ҳақда паҳлавий тилида "Баҳром Чўбин номак" ("Баҳром Чўбин ҳақида китоб") тарихий романи битилган, кейинчалик Баҳром Чўбин ўрта аср араб ва форс муаллифлари илмий ишларида тилга олинган ривоятларга асос бўлган. У фақат Эрон эмас, балки туркий халқлар қаҳрамони ҳамдир, бунинг замирида тарихий асос йўқ эмас, чунки айрим маълумотларга кўра, Баҳром Чўбин турк наслидан бўлиб, Сосонийлар хизматида бўлган турк ўғузлари орасидан чиққан.

 

Маълумки, Баҳром Чўбин Рай шаҳридан, зодагон Меҳрон Аршакийлар наслидан эди. Парфияликларнинг келиб чиқиши скифларга мансуб бўлиб, доҳлар номи билан машҳур кўчманчи қабилалар билан боғлиқ. Доҳлар қадимги форс битикларида сак қабилаларидан бири сифатида эсланади, улар Сирдарёнинг қуйи қисмида яшаганлар, милоддан аввалги III аср-да эса жанубга, Парфия чегаралари томонга кўчиб ўтганлар. Антик манба маълумотларига кўра, Аршак доҳлар иттифоқига кирган ва Туркманистон жанубидаги Тешен дарёси деб тасаввур этилмиш Ўх дарёси ёқалаб кўчиб юрган парнлар қабиласининг бошлиғи эди. Милоддан аввалги III асрнинг 3-чорагида парнлар бир қатор кўчманчи қабилаларни қўл остларида бирлаштириб, маҳаллий ўтроқ аҳоли билан қўшилиб кетиб, ўзларини парфияликлар деб аташган. Антик давр топономияси маълумотлари шу нарсани тахмин қилишга имкон берадики, юнон-мақдуния фотиҳлари ҳукмронлигининг тугаши Ўрта Осиё, Эрон ва Қофқоз ҳудудларига кўчманчилар ёриб киришига замин яратган, уларнинг бир қисми туркийзабонлар бўлган.

Маълумки, Хусрав I Анўширвон Истемий қоон Дизовулнинг қизига уйланган эди. Ўз ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, Анўширвон ҳукмрон ортодоксаль зардуштийлик диний мутаассиблиги ғояларини рад этди ва насронийлар, Маздак маслақдошлари ва бошқа диний оқимларга нисбатан хайрихоҳдик сиёсатини юритди. Бундан ташқари, у ўзининг маърифий фаолияти билан ҳам машҳур эди, шу боис, дунёвий фан ва маданиятни ривожлантириш учун кўп куч сарфлади. Мана шу сифатлари туфайли ҳам у Нўшира-вони Одил ва Улмас Жон деган номлар олган. Унинг ҳукмронлиги вактида муаллифлари Улуғхон Ота Битикчи ва бир қанча бошқа турк ривоятчилари бўлган қадимги туркларнинг муқаддас "Ўғузнома" китоби ўрта форс тилига ўгирилган эди. Бу китоб Хусрав I нинг вазири Анўширвон Бузурги Меҳр Бахтагонга тегишли бўлган.

Ривоятларга қараганда, Хусрав I Анўширвон Фарғонада шаҳар бунёд этган, унга ҳар бир хонадондан одамлар олиб келган ва уларни ҳархоналар (аз ҳар хонё) деб атаган. Масъудийнинг ёзишича, бу шаҳар Қубо деб аталган. Бу ривоятнинг халқ анъаналарига чуқур сингиб кетгани шуни кўрсатадики, Хусрав I Анўширвон ҳукмронлиги вақтида дарҳақиқат Фарғонада форс мустамлакасига асос солинган ва Эрон аҳолисининг бир қисми у ерга кўчириб ўтказилган бўлиши мумкин. Ат-Табарий ҳам шундай тахминни илгари суради, унга кўра Хусрав I Анўширвон турклар билан иттифоқ тузиб, эфталитларга қарши юриш қилган (554 йил) ва Фарғонагача етиб бориб, у ерда ўз қўшинини қолдирган. Баҳром Чўбин ҳаётининг сўнгги қисми ҳам у турклар томонга қочиб ўтганидан кейин Фарғона билан боғлиқ.

Араблардан турклар томонга қочиб ўтган сўнгга сосоний шоҳ Яздигирд III (632-651 йилларда ҳукмронлик қилган) ҳам айнан Фаргонада яшаган. Ат-Табарий асарида таъкидланишича, 29/649-50-йилларда халифа Усмон (23-35/644-656 йилларда ҳукмронлик қилган) Хуросонга Умар (Умайра) ибн Усмон ибн Саъдни юборган, у Шайхун дарёсини кечиб ўтиб, Фарғонага етиб келган. Абу Али Балъамий ўзининг қўшимчасида бу воқеани 31/651-52-йилларга мансуб беради. Тахмин қилинишича, арабларнинг бу биринчи юриши Яздигирдни қидириб тогшш мақсадида уюштирилган эди. Отбош шаҳридан унча узоқ бўлмаган, яъни Фаргонага қўшни бўлган Иссиқкўл туманида жойлашган Барсхон шаҳридан келиб чиққан Ғазнавий сулоласи асосчиси Сабуктегин ўз насл-насабини Яздигирд III га тақай-ди. VIII аср бошларида турклар мамла-кати Фарғонада яшаган форслар (ажам) эсга олинади. Турклар мамлакатида яшаган ва 629 йилда турклар ёрдамида Шеруя ва унинг ўғли сосонийлар зурёди Хусрав Ҳархон (Ҳармаз) ибн Арслон ибн Бойунчур ҳам, афтидан, форс кўчманчилари орасидан чиққан эди. Бу воқеалар халқ ривоятларида ҳам элас-элас сақланиб қолган, унга кўра араблар Форс (Ажам)ни босиб олгандан кейин форслар улардан қочиб, фарғонада жон сақлаганлар.

Юқорида баён этилган маълумот-лардан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, Сосонийлар қариндош тутинган турк хоқонининг ватани айнан Фарғона бўлган. Баҳром Чўбиннинг янги қариндошлик ришталари ҳам Фарғона билан боғлиқ бўлган, бу ерда унинг авлодлари Сомонийларнинг аждодлари яшаган.

IX асрда Бағдодда Хоқон деган одам яшаган (234/848-49-йилларда ўлган), у Фарғона шоҳларининг авлоди бўлган. Исломни қабул қилган унинг ўғиллари ва неваралари юқори мансабдор амалдорлар, йирик лашкарбошилар, валиаҳдлар, вазирлар ва Аббосий халифаларнинг энг яқин одамлари бўлганлар. Унинг авлодлари унга ал-Хоқоний нисбаси билан мансуб бўлганлар. Ал-Фатҳ ибн Хоқон (248/ 852-53-йилларда ўлган), Яҳё ибн Хоқон (240/854-55-йилларда ўлган), Боғ-ловур ибн Хоқон, Тақин ибн Алий ва бошқалар ҳам унинг наслига мансуб бериладилар. IX асрда яна Бағдоддаги халифалар саройида хизмат қилган Хоқон ал-Ходим, ат-Туркий, Хоқон Атруж, Хоқон ибн Ахмад ва Хоқон ал-Афлаҳий исмли кишиилар тилга олинади. Масрур ал-Фарғоний Ҳорун ар-Рашиднинг тан қўриқчиси ва яқин дўсти бўлган. Халифа ал-Муваффақнинг Азку тегин ибн Асотегин исмли лашкарбошиси ҳам Фарғонадан эди. Ҳадисларни тўпловчи Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Фаранкадик Ҳожиб ибн Жаф ибн Малик ибн Аркин ат-Туркий ал-Фарғоний (306/918-19) ҳам ўз насабини Фарғонанинг шоҳ (малик)-ларидан бирига олиб бориб тақаганди. Миср ва Сурияда ҳукмронлик қилган Ихшидийлар сулоласи асосчилари ҳисобланган Туғж ибн Жаф ибн Жаф ибн Йилтакин ибн Фавран ибн Фури ибн Хоқол ал-Фарғоний ва унинг ўғли Абубакр Муҳаммад ибн Туғж ал-Фарғоний ўзларини Фарғона ихшидийлари авлодлари санаганлар. Тахмин қилиш мумкинки, улар Баҳром Чўбин саройида ўзининг сўнгги кунларини ўтказган ўша хоқон Йилтегиннинг зурёдлари бўлган. Ихшидийлар сулоласининг айрим вакиллари шажарасида аждодлар орасида Бигжур ал-Ихшид деган одам номи тилга олинади. 268/ 881-82-йилларда Басра валиаҳди этиб Қайсар тайинланган эди, у Фарғона ихшидининг Архуз исмли фарзанди эди. Бошқа манбаларга кўра, араб фатҳи даврида Фарғона ихшиди туркча Сувартакин номи билан юритилган. Бағдодда яшаган Восиф ибн Сувартакин ал-Ходим ал-Бектамирий учинчи авлоди бўлса керак. Ат-Табарий ат-Тар ёки Алатар, Балаз ва Жур номли Фаргона шоҳларининг исмларини эслатиб ўтади. Ўрта асрларда Хоқон атамаси билан Андижондан жануб томонга оқиб ўтувчи анҳор ва Андижон шаҳар дарвозаларидан бири ҳам аталган.

Баҳром Чўбиннинг иккинчи исми "Чўбин" ёки "Чўбина" ўрта форс тилидан таржимада "қарға" маъносини англатиши шоҳ Ҳурмузд IV (576-590 йилларда ҳукмронлик қилган) вақтида сарой мажмуасидаги лақаби бўлган дейилади. VIII асрнинг иккинчи ярми-да тибет тилидан ўгирилган жуғрофий рисолада туркий қабилалар ва ўша вақт-да Ўрта Осиёда истиқомат қилган халқ-лар орасида янь-ти (кушонлар) ва ҳебдал (эфталитлар) билан қўшни яшаган гар-рга-пур қабиласи тилга олинади. Шундан келиб чиқиб, бу ерда гап ўша вақтда Ғарбий Турк қоонлиги доирасида бўлган Тоҳаристонда яшовчи халқлар тўғрисида кетмоқда. Гар-рга-пур этномими икки сўздан ташкил топтан деган фикр бор: туркийча гар-рг (қарға) ва форсча пур (ўғил); биринчи сўз форсча чўбин (қарға) сўзининг бузилган шакли ҳисобланади. Баҳром Чўбиннинг Балҳда яшаб қолган авлодларини турклар шундай атаганлар. Антик давр манбаларида Қофқознинг шарқида яшаган халклар орасида албанлар ва каспийлар билан бир қаторда гаргарлар ҳам тилга олинади. Озарбайжон ҳудудида ҳалигача Қарқар гидроними ва Ҳарҳар топоними сақланиб қолган.

Қарғани англатувчи ном Баҳром Чўбиндек одамга, бу қуш ижобий қаҳрамон сифатида қараладиган тасаввурлар муҳитидагина берилган бўлиши мумкин.

Қарға ёки қузғун Сибирь халкла-ри ва Жанубий Африка ҳиндулари диний афсоналарининг марказий қаҳрамони ҳисобланади, бу ерларда қарға (қузғун)нинг илк аждоди, маданий қаҳрамон ва қудратли шомон сифатида намоён бўлади. Қадимги туркларда Қарға тонгги Қуёш рамзи бўлган эди, у субҳидамги мовий Осмон билан биргаликда Тангри таолони ўзида мужассамлаштирган. Қанотларини ёзиб турган лочин кўринишидаги Қизил Қарға қадимги турк валиаҳди Қултегиннинг кулоҳида тасвирланган. Қирғиз халқ достонида одамларга ёрдамга келувчи Қорақуш тимсоли у билан чатишиб кетади. Эрон халқ достонида бу қуш — Семурғ. Ўрта асрларда турклар орасида Қорақуш номи кенг тарқалган эди. Қорахонийлар тангаларига каптар, хўроз, полопонли ва гулли мода қуш тасвири туширилган. Хитой манбаларига қараганда, қадимги туркий-забон қабилалар уши, яъни усуней (яна хуннлар деб ҳам аталганлар)нинг насл белгиси ҳам қарға бўлган. Ўрта Осиё халқлари санъатида олтин ёки бронзада тажассум топган йиртқич қуш (лочин, қарчиғай ва ҳ.к.) рамзи кенг тарқалган қуёшнинг рамзий тасвири ёки фарн инкарнацияси (тажассуми) билан боғлиқ бўлган. Лочин тимсоли Сибирь халклари шомончилиги афсоналари билан узвий боғлиқ эди, унга кўра осмоннинг яхшилик фаришталари одамларга ёрдам бергани лочинлар шоҳини (икки бошли лочин) ерга туширади. Лочин ерга тушади-да, дарахт тагида ухлаб ётган хотин билан қўшилади. Бунинг натижасида биринчи шомон туғилади.

Лочин асосида инсоннинг руҳий ибтидоси дунёга келади, шунинг учун лочин қуёш қуши ҳисобланади. Лочин ва кўчманчи мавзуси кушон санъатида кенг ёйилган. Аршакийлар лочини ҳам гарчанд, бирмунча бошқачароқ анъаналарга мурожаат қилса ҳам, шу шоҳий мавжудотлар сирасига киради.

Айни дамда, Яқин Шарқ, Шимо-лий Африка, Оврупо ва Ҳиндистон халқларининг диний афсоналари тасаввурида қарға иблис қаҳрамон ҳисобланади ва ўзида бахтсизлик ҳамда ёмон аломатларни мужассамлаштиради. Сосонийлар Эронида қарға рамзи кўпроқ адоватли келгиндиларни тасвирлашда ишлатилган.

Яна тахмин қилиш мумкинки, Баҳром Чўбин лақаби унинг юқорида тилга олиб ўтилган қарға қабиласига мансублигини акс эттирган. Баҳром Чўбиннинг аждодларидан бирининг исми Чўбин ибн Милод бўлган. Бинобарин, "Чўбин" лақаби Баҳром Чўбиннинг наслий исми бўлиши ҳам мумкин, бу эса туркча асил "Қарға"-нинг форсча бузиб айтилганидир. Баҳром Чўбиннинг 19-авлоддаги аждоди бўлган Чўбин ибн Милод бошқа ман-баларда Қарқин, Қаргин ибн Милод ёки Гаргин ибн Милод номлари остида тилга олинади. Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сида у қадимги эрон шоҳи Кайковуснинг паҳлавонлари ва лашкарбошилари орасида тилга олинади ва жангларда чиниққан, қўрқув нималигини билмайдиган жанговар, фидойи, мағрур қаҳрамон сифатида таърифланади. Турклар хоқони Афросиёб аждодлари шажарасида яна Ёфас ибн Нуҳнинг ўғли бўлган Қарқин ҳам тилга олинади. Бошқа шажарада Қарқин исми ўрнига Ёфас ибн Нуҳнинг ўғли сифатида Турк исми келтирилади.

Ўрта аср кўчманчи туркман-ўғуз қабилалари орасида Қарқин номидаги қабила (эл) тилга олинади. Қарқин  исми турк ўғузларининг афсонавий аждодларидан бирига тегишли эди, уларнинг шажарасига кўра, у Ўғузхоннинг учинчи ўғли Юлдузхон-нинг тўртинчи ўғли эди, шунингдек, бошқа ўғуз ҳукмдори Қарқин Қўноқали бўлган. Ривоятга кўра, Қарқин исми "халқни очликдан сақловчи" ёки "нон-туз"ни англатган, унинг онго-ни, яъни муқаддас қуши қирғий ёки сув бургути (су барқути) бўлган эди. Форсча изоҳли луғатда ёзилишича, Чўбинак исми яна "сув қуши" (мурғ-и обий) ёки "дарё қуши" (мурғ-и дарйои)-ни англатади. Бинобарин, бу номлар (Қарқин ва Чўбинак)нинг маъновий ўхшашлиги тасодифий эмас, улардан бири иккинчисининг бузилган шакли бўлганлиги ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Шундай қилиб, тахмин қилиш мумкинки, Баҳром Чўбин аждодлари келиб чиқиши бўйича Ўрта Осиё турк қабилаларидан бири билан қариндошлик муносабатига эга бўлган, унинг онгони қуш — қарға бўлган. Бу қабила қадимда парфияликларнинг қабилавий бирлашмалари доирасига кирган бўлиши мумкин, кейинчалик лионитлар, кидаритлар, эфталитлар ва турклар билан барча Сосонийлар хизматида бўлган. Баҳром Чўбин кушон ёки массагет Аршакийларининг шохобчаси ҳисобланган ва Ўрта Осиёнинг Парфияда юнон-мақдуния ҳокимлигига нуқта қўйган, милоддан аввалги III аср иккинчи ярмида мустақил Парфия давлатига асос солган кўчманчи скиф қабилалари иттифоқига кирган қадимги зодагон турк насли муҳитидан келиб чиққан эди. Шу боис, Ўрта Осиё туркий халклари хотирасида Баҳром Чўбин халқ қаҳрамони сифатида сақланиб қолган.

Шамсиддин КАМОЛИДДИН