Ўлкада XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб чор Россиясининг мустамлакачилик, улуғ давлатчилик, шовинистик сиёсати маҳаллий аҳолининг миллий озодлик ҳаракатлари бошланишига асосий сабаб бўлди.
Тарихий манбаларда, архив ҳужжатларида чор Россияси қўшинларининг Ўрта Осиё ҳудудига кириб келиши билан, унга қарши халқ озодлик ҳаракатлари бошланганлиги ва бу чор ҳукуматининг ағдарилишига, қолаверса мустақилликка эришганимизга қадар давом этганлиги ҳақидаги маълумотлар берилади. Бу маълумотлар асосида Ўрта Осиё халқларининг чоризмга қарши олиб борган қуйидаги энг йирик ва оммавий тус олган курашларини қайд қилишимиз мумкин: 1837-1846 йилларда Султон Кенесарин раҳбарлигидаги, кейинчалик Бухоро амирлигининг, Шаҳрисабз беклигидаги ҳаракатлар, 1871 йилда Эшон Эшмуҳаммад бошчилигида Сирдарё вилоятидаги чиқишлар; 1871 йилдаги Фарғонада Етимхон қўзғолони; 1872 йилда Чирчиқдаги исёнлар, 1873-76 йиллар Қўқондаги Пўлатхон қўзғолони; 1892 йилдаги Тошкент қўзғолони; 1898 йилдаги Андижонда Дукчи Эшон қўзғолони; 1899 йилдаги Сирдарё вилоятидаги ҳаракатлар, 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони ва бошқалар.
ХIX аср 70-йиллар бошларидаги Фарғонадаги халқ ҳаракатларини алоҳида қайд этиш лозим. 1868 йилда Кауфман билан сулҳ шартномаси тузиб, Қўқон хонлигининг катта ҳудудларини Россия ихтиёрига берган ва Россия ҳукмронлигини тан олган Худоёрхон сиёсатидан нафақат оддий халқ, балки йирик ер эгалари ҳам норози эдилар. Қўқон хонлигида элчи ва жосус вазифасини бажарган полковник Шауфус маълумот-ларига қараганда норози беклар тепасида Абдураҳмон офтобачи турган. 1872 йилда хон сиёсатига қарши халқ ҳаракати айниқса кучайди. Бундан фойдаланган Абдураҳмон офтобачи ўз таниши мулла Исҳоқ Ҳасан ўғлини қирғизлар орасида Пўлатхон номи билан қўзғолон кўтаришга ундайди ва ўзи ҳам бу ҳаракатга қўшилади. 1873 йилда бошланган бу қўзғолонда оддий халқ, деҳқонлар, ҳунармандлар фаол иштирок этдилар ва бу ҳаракат бутун Фарғона водийси бўйлаб ёйилди. Худоёрхоннинг ўғли Насриддинбек бошчилигидаги хон қўшинлари ҳам қўзғолончиларни қўллаб-қувватладилар. Бу воқеадан қўрқиб кетган Худоёрхон рус ҳокимиятидан бошпана сўраб, Тошкентга қочди. Қўқон тахтига унинг ўғли Насрид-динбек (1875-76) хон қилиб кўтарилди.
Қўзғолончилар келишувига биноан эса Пўлатхон хон этиб сайланиши керак эди. Насриддинбекнинг хонликка кўтарилиши ва унинг ҳам руслар билан келишув сиёса-тини олиб бориши, қўзғонлочилар ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Натижада Марғилон, Наманган, Андижон ҳудудларида Пўлатхон тарафдорлари ерларни камбағалларга бўлиб бериб, хон сиёсатига қарши чиқдилар. Қўқон хонлигининг рус-ларга қарашли бўлган ерларида ҳам норозилик чиқишлари авж ола бошлади. Бу рус ҳукуматини хавотирга солиб қўйди ва Кауфман Қўқон хонлигини тугатиш тўғрисида подшонинг розилигини сўраб, илтимоснома жўнатди. Қўқон хонлиги ҳудудига эса Скобелев бошчилигида ҳарбий жазо отряди киритилди. Бу вақтда Насриддинхон ҳокимиятдан четлаштирилиб, водийда Пўлатхоннинг мавқеи ошиб кетган эди.
Ҳарбий жиҳатдан устун бўлган рус қўшинлари қўзғолончи-ларни тезда мағлубиятга учратди. Пўлатхон қўшинлари ҳаракатининг иккинчи босқичи 1875 йили Оҳангарон, Телов, Пскент ва Тошкентда бўлиб ўтган ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу ҳаракатларда қаттиқ зарбага учраган қўзғолончилар 1876 йили Андижонда, Олой во-дийсида курашни давом эттирдилар. Аммо ҳарбий жиҳатдан кучлар тенг эмас эди. 1876 йил 1 мартда Пўлатхон тутиб олиниб Марғилонда осиб ўлдирилди. Бошқа қўзғолончилар ҳам қаттиқ жазоланди. Подшонинг буйруғи билан Қўқон хонлиги туга-тилиб, Фарғона вилояти ташкил этилди.
Фарғона водийсида бўлиб ўтган 70-80-йиллардаги халқ ҳаракатларида £урбонжон додхоҳ, Етимхон, Дарвишхон тўра, Ёқуббек бошчилигидаги қўзғолонларни алоҳида қайд қилишимиз зарур. Қурбонжон додхоҳ рус қўшинларига қарши курашда шарқ аёлларининг қаҳрамонлигини, жасоратини намоён этди. Манбаларнинг маълумот бе-ришича, генерал Скобелев сулҳ тузиш учун майор Ионовни Қурбонжон додхоҳ ҳузурига жўнатади. Аммо Қурбонжон додхоҳ майорни қабул қилмай фақат ўз мавқеи билан тенг бўлган саркарда билангина музокаралар олиб бориши мумкинлигини бил-диради. Чорасиз қолган рус генерали Скобелев у билан сулҳ тузишга ва уни «Олой маликаси», деб тан олишга мажбур бўлди. Қурбонжон додхоҳнинг набиралари 1898 йилги миллий озодлик қўзғолонида ҳам фаол қатнашганлар Рус амалдорлари доимо Олой маликасидан ҳайиқишган. Шунинг учун губернаторлар унинг олдига тез-тез ке-либ туришган. 1901 йилда Россия империяси Қурбонжонга императрицанинг совғасини шахсан топширган. Қурбонжон додхоҳ 1907 йилда Ўшда 96 ёшида вафот этган.
Ўрта Осиё халқларининг мустамлакачиларга қарши курашида Ёқуббек ва у бошқарган Еттишаҳар давлати (1865-1877) ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Чунки улар Қўқон, Бухоро, Хива ватанпарварларининг рус босқинчиларига қарши курашларида ёрдам бериб туришган. Шу сабабли Туркистондаги сўнгги мустақил давлатни тугатиш Россия учун кечиктирилмас вазифа бўлиб қолди. 1877 йил 22 июнда рус қўшинининг ўулжага бостириб кириши шу мақсадни амалга оширишга қаратилган эди. Амир Ёқуббекнинг тўсатдан вафот этиши Еттишаҳар давлати қўшинининг мағлубиятга уч-рашига сабаб бўлди. Оқмачит, Чимкент, Тошкент мудофааларини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатган Ёқуббек Туркистон озодлиги учун кураш йўлида жон бахшида этган қаҳрамонларимиздан биридир.
1878 йили Мингтепада чоризмнинг сиёсий- иқтисодий зулмига қарши Етимхон бошчилигидаги ғалаён кўтарилди. Бундай ғалаён 1879 йилда Фарғона вилоятида ҳам содир бўлди. Бу қўзғолонлар куч билан бостирилса ҳам аҳолининг қаҳр-ғазабидан хавфсира-ган Фарғона вилояти губернатори ғайри-қонуний солиқ йиғувчиларни ишдан олиб таш-лашга мажбур бўлди.
1889-1890 йилларда Фарғона водийси ва Тошкент ҳудудларида кўплаб халқ ҳаракатлари, қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Шулардан бири Дарвешхон қўзғолонидир. Андижон уездининг Қўрғонтепа волостида юқори табақага мансуб бўлган ватанпарвар Дарвешхон қўшин тўплашга киришди. У мустамлакачилик тузу-мига қарши очиқдан-очиқ қуролли қўзғолонга тайёргарлик кўрди, аммо Фарғона ви-лояти ҳарбий маъмурлари катта куч юбориб Дарвешхон кучларини тор-мор этди, унинг ёрдамчиси Мўминбой ушлаб олиниб, дорга осилди.
1892 йилги қўзғолон кўплаб тарихий адабиётларда рус ҳукуматини ўлканинг бир қанча шаҳарларида вабо касали тарқалишининг олдини олиш учун Тошкент шаҳрида кўрилган чора-тадбирларига қарши кўтарилган қўзғолон деб таърифланган бўлса-да, аслида бу қўзғолон чор Россиясининг ўлкада кўп йиллар давомида олиб борган мус-тамлакачилик сиёсатига қарши қаратилган эди.
Рус ҳукуматининг вабони олдини олиш учун кўрган чора-тадбирлари давомида маҳаллий аҳолининг диний эътиқодлари, урф-одатлари ҳисобга олинмаганлиги на-тижасида сабр косаси тўлган халқ оммасининг норозилиги кучайди. Натижада бу қўзғолонда Тошкент шаҳри аҳолисининг барча қатламлари иштирок этди. Маҳаллий аҳолининг миллий-маданий анъаналарига хос диний байрам «Қурбон ҳайит» куни бошланган бу қўзғолон, тезда чор аскарлари томонидан бостирилиб, қўзғолончилардан 8 киши дорга осиб ўлдирилишга, 15 кишини 2 йил муддат билан маҳбуслар ротасига юборилишига, 2 кишини олти ойдан қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилишди. Лекин чор Россияси дунё матбуотчилари олдида бу жазолар шов-шувга са-баб бўлишидан чўчиб, ўлим жазони умрбод сургун билан алмаштирди. Бу қўзғолон Тошкент шаҳрининг ўзида юз берган бўлса-да, унинг акс садоси бутун Туркистон ўлкаси бўйлаб тарқалди.
XIX аср охирларида Россиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши ўлка халқларининг миллий озодлик ҳаракатининг яна бир ёрқин намунаси 1898 йил май ойида Андижонда бўлиб ўтган Дукчи Эшон қўзғолони орқали намоён бўлди. Бу қўзғолон раҳбари Муҳаммадали Эшон ўз даврининг обрўли, диний ва дунёвий илм-лардан бохабар, давр сиёсатини тўғри тушунган шахс эди. У ўз муридлари ва ҳамфикрлари билан босқинчиларнинг халққа қарши олиб бораётган зулмкор сиёса-тини қоралар ва бунга қарши ҳар қандай ҳаракатни маъқуллар эди.
Дукчи Эшон Мингтепа қишлоғидан туриб Фарғона шаҳарлари ва қирғиз ерларида-ги мустамлакачилардан норози аҳолини бирлаштириш ва бу зулмни ағдариб ташлаш учун ҳаракат бошлади. Қўзғолон олиб бориш усулларидан бехабарлик, бирликнинг йўқлиги, уюшмаганлик, қурол-аслаҳа ва моддий базанинг етишмаслиги қўзғолоннинг тезда мағлубиятга учрашига сабаб бўлди, айниқса қўзғолоннинг келишилган муддат-дан олдин бошланиши, ҳаракат мағлубиятининг асосий сабабларидан бири бўлди. Қўзғолон бостирилиб, унинг раҳбарлари қаттиқ жазоланди. Қўзғолон натижасида Фарғона вилоятида ва бутун Туркистон генерал-губернаторлигида ҳарбий полиция режими кучайтирилди.
XX аср бошларига келиб Россиядаги ижтимоий, сиёсий вазият Туркистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ўлка ҳудудида демократик-инқилобий ҳаракатлар авж ола бош-лади. Бу ҳаракатларни биз нафақат рус аҳолиси орасида, балки маҳаллий меҳнаткашлар орасида ҳам кузатамиз.
Туркистон ўлкаси ҳудудида темир йўлларнинг қурилиши, завод ва фабрикаларнинг ишга туширилиши Россия марказига кўплаб ўлка бойликларини чиқиб кетишини осонлаштирди. Бу жараён маҳаллий аҳоли аҳволини янада оғирлашувига сабаб бўлди. Туркистон ўлкаси ҳудудида деҳқонлар ғалаёнлари, норозилик чиқишлари ор-тиб борди.
Россиянинг 1914 йилда бошлаган биринчи жаҳон урушига тортилиши натижасида маҳаллий халқдан олинадиган солиқлар миқдори ошиб борди. Туркистон ўлкаси ҳудудида ерсиз деҳқонларнинг сони кўпайди. Чор ҳукуматининг 1916 йил 25 июнда «Уруш бораётган жойларда мудофаа ва ҳарбий иншоотларни қуриш, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган жамики бошқа ишларни бажариш учун рус бўлмаган аҳолининг эркак қисмини жалб этиш тўғрисидаги» фармони эълон қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидан 19-43 ёшгача бўлган 250 мингдан зиёд эркак аҳоли фронт ортидаги ишларга (мардикорликка) чақириладиган бўлди.
Мардикорликка кетадиганлар уч ойда қайтиб келишлари ва бунгача уларнинг оилалари ҳукумат томонидан таъминланиши ваъда қилинди. Рўйхатга олиш давомида амалдорлар бойлик орттириш пайида бўлишиб, бойларнинг болаларини пул эвазига рўйхатга киритишмади. Бу халқ норозилигининг ортиб боришига сабаб бўлди. 1916 йил июл ойидан маҳаллий аҳолининг қўзғолони бошланди. 4 июл куни Хўжандда, 5 июл Самарқанд вилоятида, 9 июл куни Қўқон уездида, 10 июл куни Марғилонда, 11 июлда Самарқанд ва Тошкентда мардикорликка олишга қарши қўзғолонлар бошлан-ди. 1916 йил 18 июлда бутун Туркистон ҳарбий ҳолатда деб эълон қилинди.
1916 йилдаги ҳаракатларнинг энг кучайган нуқтаси 13 июл куни бошланган Жиззах қўзғолони бўлди. Жиззахдаги қўзғолонга Назирхўжа Абдусалом ўғли, Абдураҳмон Жевачи каби халқ йўлбошчилари бошчилик қилиб, аҳолини мустақил беклик тузишга чақирдилар. Қўзғолон давомида темир йўл бекатлари, кўприклар вайрон қилинган.
Жиззахнинг янги шаҳарига етиб келган полковник Афанасьевнинг жазо отряди қўзғолончилардан енгилди. Шундан кейин Туркистон генерал-губернатори юборган полковник Иванов бошчилигидаги катта ҳарбий кучларга эга бўлган жазо отряди қўзғолонни шафқатсизлик билан бостиради. Чор қўшинлари билан сўнгги тўқнашув 1916 йил 21 июлда Қилич қишлоғида бўлиб ўтди. Мингга яқин киши ҳибсга олиниб, жазоланди. 1916 йилги қўзғолон ҳукмрон синфларнинг зулмига қарши қаратилган халқ қўзғолони эди. Қўзғолонни ҳаракатга келтирган асосий куч деҳқонлар ва ҳунарманд камбағаллар бўлди.
Қўзғолончиларни маҳаллий зиёлилар, руҳонийларнинг бир қисми қўллаб-қувватлади. Қўзғолон бостирилгач, унинг йўлбошчилари жазога тортилиб, ўлимга маҳкум этилди. Жами 51 киши қатл этилди, 168 киши сургун қилинди, 128 киши қамалди, 228 киши турли жазо хизматларига сафарбар этилди. 1916 йилги қўзғолон бутун мустамлакачилик давомида Туркистондаги энг қудратли ва уюшган қўзғолон бўлди.