loader
Foto

Темур тузуклари (8)

Сипоҳга танхоҳ ва улуфа тақсимлаш тузуки



Амр қилдимки, пиёдалар, қалақчилар, ясовуллар, чоповулларнинг бир йиллик маошларини ҳисоблаб, белгиланган маблағни девонхонага келтириб, шу ерда уларга (амирлари орқали) улашсинлар. Оддий сипоҳийлар ва баҳодирларнинг олти ойлик маошини ҳам ҳисоблаб, танхоҳ хазинасидан олиб беришни буюрдим.



Ўнбоши, юзбошиларга маош шаҳар омонлиги[1] хазинасидан ва подшолик мулки даромадидан накд пул ҳисобида ёзилсин. Мингбошиларга вилоят ичидаги экинзор ерлардан туюл[2] берсинлар. Амирлар ва амир ул-умароларга эса чегаралардаги вилоятлардан бири туюл қилиб белгилансин.



Вилоятлардан тушган даромадларни ушбу йўсинда тақсимлашни буюрдим: вилоятлар ва мамлакатлардан олинган жаъми даромадни тақсимлаб, маош бериш ёрлиқларига бирига кам, бирига ортиқ қилиб ёзсинлар. Сўнг ёрликдар девонхонага келтирилсин. Амирлар ва мингбошилар шу ёрликдардан бирини чиқариб олсин. Агар ёрликда маошидан ортиқ (кўрсатилган) бўлса, бошқани ўзига шерик қилсин. Бордию кам бўлса, уни қўйиб бошқа ёрлиқ тортиб олсин.



Яна буюрдимки, амирлар, мингбошилар раиятдан молу жиҳот[3] йиққанларида, хирождан ортиқча соврун, қўналра[4] ва шилон[5] талаб қилмасинлар.



Туюл қилиб берилган ҳар бир мамлакатга иккитадан вазир тайинласинлар. Бири вилоятдан йиғилган молни ёзиб, раият аҳволини текшириб турсинки, жогирдор–ер эгаси[6] фуқарога жабр-зулм етказиб, уларнинг ҳолини хароб этмасин. У вилоятдан йиғилган бутун мол-ашёларни кирим дафтарига ёзиши лозим. Иккинчи вазир эса, (даромаднинг) харж этилган қисмини чиқим дафтарига ёзсин ва (йиғилган моллардан) сипоҳийларнинг маошига тақсим кдлсин. Қайси амирга туюл берилар экан, уни уч йилгача ўз ҳолига қўйсинлар. Уч йил ўтгандан сўнг уни текшириб кўрсинлар. Агар мамлакат обод, раият рози экан, шу ҳолича қолдирсинлар. Агар аҳвол бунга терс бўлса, ул вилоятни холисага[7] ўтказиб, уч йилгача ўша ер эгасига ҳақ берилмасин.



Яна буюрдимки, хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огохдантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар. қайси ҳоким ҳукмининг таъсири калтаклаш таъсиридан камроқ экан, ундай ҳоким ҳукумат юргизишга яроқсиздир.





[1] Шаҳар омонлиги хазинаси–фатҳ этилган шаҳар аҳолисидан тўпланган «моли омон» (ўлпон) сақланадиган хазина.



[2] Туюл–хирож ва солиқ йиғиб олиш ҳаққи билан инъом этилган ер-мулк, вилоят.



[3] Молу жиҳот–қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан натура тарзида олинадиган солиқ; даромаднинг бешдан бир ёки учдан бир қисми ҳажмида олинган.



[4] Қўналға–элчилар, хон чопарлари, ўткинчи амалдорлар ва сипоҳийга қўноқ бериш; уларнинг навкарлари, соқчилари ва хизматчиларини, шунингдек, от-уловини боқиш мажбурияти.



[5] Шилон–халқадн тўпланадиган солиқ тури.



[6] ... ер эгаси–матнда «жогирдор» – подшоҳ олдидаги алоҳида хизматлари учун солиқ йиғиш ҳақи билан ер тортиқ қилинган мансабдор шахс. Бобурийлар даврида қўлланган атама. Ундан олдинги манбаларда учрамайди. Абу Толиб Ҳусайний таржима жараёнида ўз даврида муомалада бўлган сўзни ишлатиб кетган кўринади. 13–14 асрларгача «иқтаъ» шаклида, сўнгра 16 асргача кўпроқ «суюрғол» шаклида, Бобурийлар даврида эса «жогир» дея аталган. Мана шу каби ҳолатлар таржимон асил манбага нисбатан анча эркин муносабатда бўлганини кўрсатади. (–А.А.)



[7] Холиса–давлат ихтиёрида бўлган, барча солиқлардан озод этилган ер-сув ва мол-мулкни тасарруф этувчи олий идора.





давоми бор

1, 2, 3, 4, 5, 6, 7