Исломнинг ғалаба сари одим қадамлар ташлашида мусулмон амирларининг ўрни катта бўлган. Мана шундай тарих саҳифаларида ёрқин нур таратиб турган юлдузларнинг бири ҳақида бугун суҳбатлашамиз. Бу одам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан мақтов эшитган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Истанбул фатҳи ҳақида башорат қилиб: «Истанбул (Қустантиния), албатта, фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўмондон нақадар бахтли қўмондон, уни фатҳ қилган аскарлар нақадар бахтли аскарлардир», деганлар.
Исломнинг ғалаба сари одим қадамлар ташлашида мусулмон амирларининг ўрни катта бўлган. Мана шундай тарих саҳифаларида ёрқин нур таратиб турган юлдузларнинг бири ҳақида бугун суҳбатлашамиз. Бу одам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан мақтов эшитган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Истанбул фатҳи ҳақида башорат қилиб: «Истанбул (Қустантиния), албатта, фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган қўмондон нақадар бахтли қўмондон, уни фатҳ қилган аскарлар нақадар бахтли аскарлардир», деганлар.
Таваллуди ва ёшлиги
Унинг тўлиқ исми – Муҳаммад II, Султон Мурод ўғли 1432 йили 29 март куни Эдирнада таваллуд топган. Муҳаммад Фотиҳ 1421 йили 18 феврал куни отаси Мурод II вафотидан сўнг тахтга чиқди. 19 ёшида у катта бир мамлакатнинг ҳукмдорига айланди. Унинг отаси уни бу ишга, яъни, ўзидан кейин умматга хизмат қилиши ва уммат ундан барака топишига тайёрлаб кетган эди.
Буюк шахс бўлиб етишиш учун отаси уни амирлар мактабига юборади. Бу мактаб саркарда ва етакчиларни тайёрлаш мақсадида ташкил қилинган эди. У кўп билимларда муваффақиятга эришади, сўнг отаси уни Манисга ҳоким қилиб тайинлайди. У билан бирга тақвоси билан ном чиқарган ва ўз даврининг машхур олимларидан бири бўлган Аҳмад ибн Исмоил Куранийни ҳам қўшиб юборади. Византия бўйича мутахассис бўлган британиялик тарихчи Стивен Рансимен Султон Фотиҳ ҳақида: “У ўктам, бўйи унча баланд бўлмаса ҳам бақувват эди. Юзида кўзи ўткир нигоҳи билан алоҳида ажралиб турарди. Муомаласи гўзал, вазмин ва таҳсинга сазавор эди. Султон Фотиҳ ўз сирини бой бермасди. Айни вақт у нима ҳақида ўйлаётганини билиб ҳам бўлмасди. У на атрофидагиларнинг на халқининг муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилмас эди. Бироқ, унинг ақли, ғайрати ва қатъийлиги ҳурматга лойиқ эди. Султон Фотиҳ илм аҳлига хайрихоҳ эди, санъат аҳлларини ҳам яхши кўрарди”.
Қустантиния
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир кун сўрашди: "Шаҳарлардан Қустантинийя ва Румдан қай бири аввал фатҳ бўлади?" Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биринчи бўлиб Қустантинийя фатҳ қилинади" дея жавоб қилдилар. (Аҳмад ва Доримий).
Ушбу ва бошқа ҳадислардан хабари бор жуда кўп мусулмон ҳукмдорлари, саркарда ва амирлари Қустантинияни (ҳозирги Истанбул) фатҳ қилишга ҳаракат қилишган. Бироқ ҳеч ким ўз мақсадига етиша олмаган. Ёш Муҳаммад Фотиҳ ҳам ёшлигидан ушбу шаҳарни фатҳ қилишни орзу қилган.
Мазкур шаҳар ниҳоятда бой, кўркам ва ҳимояси жуда мустаҳкам бўлганидан уни ишғол қилиш мумкин эмасдек эди. Баъзи тарихчилар Қустантиния ҳақида: “”Агар дунё битта мамлакат бўлганида Қустантиния ўша мамлакатнинг ягона пойтахи бўлган бўлар эди”, дейшган эди.
Қустантиния фатҳи учун тайёргарликлар
Қўйилган мақсадларнинг бутун мураккаблигини ҳис қилган Муҳаммад оқилона ҳарбий-сиёсий ҳаракатларни амалга ошира бошлади. У Ғарбий Европа мамлакатлари билан вақтинча тинчлик сулҳларини тузди ва бу билан ташқи ҳавфдан ўзини ҳимоя қилиб олди. Кейин у мамлакат ичидаги барча қўзғолонларни бостирди. Босфорнинг икки соҳилида истеҳком қалъалар қурди, улар ёрдамида бўғоз устидан тўла назорат ўрнатди ҳамда Қустантинияни денгиз орқали озиқ-овқат етказиб берилишидан маҳрум қилди. Муҳаммад Фотиҳ шуни яхши англардики, ҳозиргача бўйсунмай келган шаҳарни таслим қилиш учун энг замонавий қурол керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қилиб қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз... » ("Анфол" сураси, 60).
Ушбу ояти каримани ҳаётга татбиқ этиш учун у тўп-замбаракларнинг энг зўр усталарини чақиртирди ва кўп миқдорда замбараклар қуйдира бошлади, шунингдек, унинг буйруғига кўра, ўша даврда 100 га яқин ҳўкизлар билан судраладиган энг катта замбарак тайёрланди. Нисбатан қисқа давр ичида ўша даврда жаҳонда тенги йўқ бўлган артиллерия шакллантирди.
Ёш ҳукмдор йирик ва қудратли флот тузишга ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Бир неча йиллик тайёргарлик мобайнида энг замонавий замбараклар билан қуролланган бир неча юзта янги ва замонавий ҳарбий кемалар сувга туширилди. Бундан ташқари, у қўшин сафини энг яхши олимлар ва фақиҳлар билан тўлдирди, улар ғазотга чиққан аскарлар руҳини кўтарар, қўшинга юқори кўтаринкилик ва мардонаворликни бахш этар эдилар. Қунт билан қилинган икки йиллик меҳнатдан сўнг қўшин жангга тайёр эди!
Қустантиния фатҳи
1453 йилнинг 5 апрель куни Султон Фотиҳ ўзининг 100 минг кишилик қўшинини Тўпқопида тўхтатиб қамал бошлади. Эртаси тонгда улкан тўплардан ўт очишга буюриб ҳужум бошлади ва бу билан ёш саркарда ўзининг доҳиёна бошқарув қобилиятини намойиш этди. Кундан-кунга мусулмонлар қўшини шаҳарнинг метин деворларини емиришга ҳаракат қилишди. Бироқ, византияликлар баланд ва мустаҳкам деворларида туриб қорамой, қайноқ сув, тош ва камон ўқлари ёғдирган ҳолда душманларидан ҳимояланишди. Мусулмонлар деворнинг бирор жойи қулаб тушишидан умид қилган ҳолда узоқдан тўпга тутишда давом этишди. Шу билан бирга султоннинг фармонига биноан девор остига порох қўйиб портлатиш учун лаҳм қазиш буюрилди. Бироқ, византияликлар бу режадан хабардор бўлиб унинг амалга ошишига имкон беришмади. Султон Фотиҳ бундан саросимага тушмади ва византияликларга кутилмаган зарба берди. У баландлиги Қустантиния деворларидан юқори бўлган улкан ёғоч миноралар қуришни буюрди. Баҳайбат аравалар устига ўрнатилган миноранинг ёғочларига ёниб кетишдан асраш мақсадида нам тери тикиб чиқилди. Унинг юқорисидаги супачага эса аскарлар жойлаштирилиб тобора девор томон яқинлашиб боришди. Византияликлар ёғочдан ясалган бундай қурол олдида саросимага тушган бир пайтда мусулмон аскарлари деворга етиб бориб, шаҳарнинг олд деворини бузишга муваффақ бўлишди. Узоқ давом этган қақшатқич жангдан сўнг византияликлар мусулмон ҳукмдорининг бу кашфиётини ҳам йўқ қилишга муваффақ бўлишди.
Мана навбатдаги мувоффақиятсизлик ва бунинг олдида жуда кўп саркардалар ғалабага бўлган ишонч ва умидлари пучга чиққан бўлар эди. Муҳаммад Фотиҳ эса, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, Ундан нусрат ва ғалаба сўраб илтижо қиларди. Зеро Аллоҳ таологина ғалаба ато қилиши мумкин. Ўша даврда ҳеч бир саркарда хаёлига келмаган нарса Султон Фотиҳ хаёлига келади. Унинг режаси бир неча қайиқларни қуруқлик орқали, Босфорда жойлашган Бешиктош деган жойдан асосий кириш жойидаги занжир ҳамда византияликлар флотидан узоқроқ бўлган Олтин Мугузга ўтказишдан иборат эди. У қалъа деворлари ичида энг заиф жой Олтин Мугузда эканини жуда яхши билган.
Қуруқлик бўйича ўтилиши керак бўлган масофа уч милни ташкил этарди! Ҳеч қанақа шароит йўқ, ердаги тупроқ шиббаланмаган, йўл ва асфальт деган нарса умуман йўқ эди. Фотиҳ ерни текислаб йўл ётқизишга амр берди. шундан сўнг у ерга тўсинларни ётқизиб, кемалар уларнинг устидан осон сирпаниб ўтиши учун ёғ билан суркашни буюрди. Ислом лашкарларининг бақувват ва чайир эркаклари Босфор кўрфази сувларидаги кемаларни қуруқликка чиқаришга ҳамда Олтин Мугуздаги хавфсиз жойгача узоқ масофага кўчиришга киришдилар. Бу ишларнинг ҳаммаси бир кечада амалга оширилди. Келгуси куннинг тонгида, қуёшнинг илк нурлари таралиши биланоқ Олтин Мугузда пайдо бўлган етмиш иккита кемада Султоннинг туғлари ҳилпирай бошлади. Кемалар ичида тиш-тирноғигача қуролланган ислом лашкарлари Аллоҳга такбир айтган ҳолда Аллоҳнинг фатҳи боис шодлигини изҳор этарди. Ушбу манзарага кўзи тушган румликлар имконсиз нарсанинг амалга оширилишидан шунчалик лол қотдиларки, руҳан тушкунликка юз тубан тутдилар.
Византиялик бир тарихчи: “Бунга қадар бунга ўхшаш нарсани кўрмаган ва эшитмаган эдик. Муҳаммад Фотиҳ ерни денгизга айлантирди ва унинг кемалари тўлқинлар ўрнига тоғлар орасидан сузиб ўтди. Бу амали билан у Буюк Искандардан ҳам ошиб тушди. Ҳеч кутилмаган ушбу ҳарбий ҳаракат жанг наттжасини ҳал қилди, дейиш мумкин”, деб ёзган эди.
1453 йил 29 май, сешанба куни Султон эрталабки намоздан сўнг ўз аскарларига Аллоҳ таолога холис илтижо қилиб дуо қилишларини сўради. Намоздан сўнг, баланд янграган такбир садолари остида ҳужум бошланди. Ўз аскарларини ғалаба билан табриклаган Султон уларга: “Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло шаҳидларни раҳматига олсин ва мужоҳидларга шон-шарафлар бўлсин, буюк Ислом умматига эса, шон-шавкат ва иззат ато қилсин”, дея зитоб қилди. Сўнг у ўз отидан тушиб, Аллоҳ таоло тарафидан ато этилган ғалаба учун саждага йиқилди. Аллоҳ йўлидаги ажойиб ғалабаси ва Константинополни ишғол қилгани учун мусулмонлар Султон Муҳаммадни Фотиҳ, деб атай бошладилар.
Абу Иброҳим ибн Юсуф “Ислом эътиқоди” китобида, “Қустантиния фатҳи” бобида ёзади: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ғалаба ато қилингандан кейин, Султон Муҳаммад Фотиҳнинг биринчи қилган иши, саждага бошини қўйиб, мусулмонларга очиқ фатҳ ва мулк бергани учун Аллоҳга шукрона келтирди. Қўшин шаҳарга кирганда, кўпчилик деворларнинг тепасига кўтарилиб, румликларнинг байроқларини юлиб ташлаб, уларни ўрнига ислом байроқларини ўрнатишни бошлашди. Бу ғалаба онларида ўнлаб мужоҳидлар шаҳарнинг энг баланд минораларидан азон чақира бошладилар. Султон Фотиҳ шаҳар марказига келганда, тўхтади ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари рўёбга чиққанлиги тўғрисида хитоб қилди ва “Албатта Қустантиния фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир” ҳадисини айтди".
Муҳаммад Фотиҳ — ғамхўр ва доно ҳукмдор
Муҳаммад Фотиҳ нафақат ўзининг харбий юришлари билан, балки Аллоҳ таоло буюрган буйруқлари асосида адолат билан давлатни бошқариши орқали ҳам ном қозонган эди. У Аллоҳ таоло томонидан ўзига юклатилган масъулиятни қалбининг энг тубидан ҳис этар эди. Муҳаммад Фотиҳ давлат маъмурий, молиявий ишлари ва уларнинг харажатларини тартибга келтирди. Ҳарбий қўшинларни кичик-кичик гуруҳларга бўлиб, уларнинг сони ва эҳтиёжларини махсус дафтарда қайд этилган холда иш юритди. Айниқса, у вилоятларни ривожлантиришга ўз эътиборини қаратди. Масъулиятсиз вилоят ҳокимларини ишдан олиб ташлади. У ўз саройини ислоҳ қилди, атрофида жуда кўп ўз ишининг билимдонлари бўлган мутахассисларни, солиҳ ва тақводор одамларни жамлади, жуда кўп мадрасалар очди. Шифохоналар, тиббий ёрдам кўрсатадиган масканларни кўпайтирди, уларга энг яхши шифокорларни тайинлади. Ҳар бир шифохонада алоҳида жарроҳ, дорихона бошқарувчиси, тиббий ёрдам кўрсатувчи шахслар ва уларнинг ёрдамчилари бор эди. Худди Ҳорун Ар-Рошид ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу каби кийимини ўзгартириб олган ҳолда шаҳарнинг хароб маҳаллаларини айланар ва жамият нимага муҳтож, қандай муаммолари борлигини билиб, уларни ҳал қилар эди.
Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Фотиҳ тақво, солиҳ амаллар ва ўз фуқароларига нисбатан ғамхўрлик каби хислатларни ўзида мужассам қила олган эди. У етакчи, раҳбар ва ўз умматининг имоми ҳам эди.
Ўғлига васиятнома
Ушбу мақолани буюк Султон вафотидан олдин ўз ўғлига қолдирган ҳикматли васиятномасини баён қилиш билан якунлашни ихтиёр этдик.
“Эй, жигарбандим! Умрим поёнига етди, бироқ ҳеч нарсадан афсусланмаяпман, чунки ўзимдан кейин сиздек фарзандни қолдирмоқдаман. Адолатли, ҳаққоний ва раҳмдил бўлинг. Қўл остингиздагиларга бир хилда ғамхўрлик қилинг. Ислом динини ёйишда собитқадам бўлинг, ҳақиқатдан ҳам бу Ер юзидаги ҳукмдорлар бунинг учун масъуллар. Ислом ишлари бошқа ишлардан устивор бўлиши керак ва бунда изчил бўлишингиз лозим. Диндан йироқ одамларни ўзингизга яқинлаштирманг ва улардан фойдаланманг. Бузуқлик олиб кирувчи бидъатлардан ўзингизни эҳтиёт қилинг, мамлакатнинг жиҳод олиб боришига имконият беринг, Байтул-Молни хонавайрон қилиб қўймасликлари учун уни қаттиқ назорат остида ушланг. Мардумниг молига тажовуз қилсангиз, ҳолингиз вой бўлсин, илло Шариат ҳуқуқи бўлмаса. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзинг. Эй, менинг фарзандим! Мендан ўрнак олинг. Мен бу дунёга келганимда, чумоли каби эдим, кейин Аллоҳ менга шунчалик кўп яхшиликларни берди. Менинг йўлимни тутинг ва мендан ибрат олинг. Тиним билмай Ислом динини улуғлашга ва мусулмонларни шарафлашга ҳаракат қилинг. Мол-мулкингизни зеб-зийнат ва ўйин-кулгига сарфламай, зарур миқдор билан қаноатланинг. Исроф ва такаббурлик – ҳалокатнинг энг катта сабабларидир”.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади