loader
Foto

Бухоро қатлиоми

Чингизхон қўшинини янгидан жиҳозлаб, жангга шайлади. Чунки Чингизхон Хоразмшоҳнинг қудратини яхши билар, ўзини шарқнинг подшоси деб билса, Хоразмшоҳни ғарбнинг подшоси эканини эътироф қиларди.  Бир ўринда Чингизхон Хоразмшоҳни ўзига яқин, қудратли ўғиллари қаторида кўришини баён қилади.  Шунинг учун Хоразмшоҳга қарши урушга ҳозирлик кўраркан бутун жавобгарликни ўз зиммасига олмасдан, қурултой уюштириб, саркардалари ва қариндошлари билан маслаҳат қилишни лозим кўрди. Бу қурултой 615/1218 йилда бўлиб ўтди ва Хоразмшоҳ Муҳаммадга қарши уруш очиш қарори олинди.  Бу уруш сафари ўзига яраша анча машаққатли бўлишини ҳисобга олган Чингизхон барча ўғилларини ва бутун аскарий қувватини олиб шахсан ўзи йўлга чиқди.  Хоразмшоҳларнинг қудрати нафақат Чингизни, ҳатто оила аъзоларини ҳам тараддудлантирганини унинг хотини Есуи Хотунни Чингизхондан урушга кетишидан олдин валиаҳд тайинлаб кетишини сўраганидан билсак бўлади. Бу таклифдан кейин бутун оила аъзолари, қон-қариндошлари ва аскар сардорлари нўёнлар иштирокида катта баҳс сўнггида Ўқтой валиаҳд этиб танланди.

150–200 минг атрофидаги мўғул қўшини Чингизхон бошчилигида Ислом ўлкаларига қараб йўлга чиқди.  Чингизхоннинг йўлга чиқиш тарихи 616/1219 йил баҳорда, рабиулаввал/май ойига тўғри келди.

Мўғулларнинг уруш сафарбарлигидан хабар топган Хоразмшоҳ Самарқандда катта мажлис қурди, мажлисда вазирлари, катта қўмондон аскарларини жамлади. Мажлисда мўғулларга қарши нима чора кўриш мумкинлиги масаласи кўрилди. Кенгаш фикрлари қуйидагиларга бўлиниб кетди:

 Биринчи фикр, Хоразмшоҳ дардини унга очадиган, маслаҳатларига аҳамият қаратадиган, фикрларини ҳурмат қилиб, унинг сўзидан чиқмайдиган, Хоразмнинг машҳур фақиҳи, муфтий Шиҳобуддин Хивакийники эди. У Хоразмшоҳга катта сонли аскари борлигини, атрофдаги Ислом ўлкаларига мактуб йўллаб, янада кўпроқ аскар тўплаши мумкинлигини ва душманга қарши жиҳод сафарбарлигини эълон қилишини, султоннинг бу ҳолатида молиявий ва аскарий дастак бериш бутун мусулмонларга фарз бўлишини ифода қилди.  Бироқ Хоразмшоҳ Муҳаммадга бу фикр маъқул бўлмади. Биринчидан, атрофдаги мусулмон ўлкалар билан алоқаси жуда кескин бўлса, иккинчидан, у ўзининг қипчоқлардан бўлган катта лашкарбошиларига тамоман ишончсизлик билан қарарди. Султон Хоразмшоҳ Амударё соҳилидаги ўзига уюштирилган суиқасдни ҳануз унутмаган эди. Бир оқшом у ўзи тунаши керак бўлган чодирдан аскарларига махфий тарзда чиқиб, бошқа жойда кечани ўтказади ва тонг отганда инсонни ҳайрату ҳаёжонга солиб қўядиган воқеага шахсан ўзи гувоҳ бўлади. Султон тунаши керак бўлган чодир қилич билан илма-тешик қилиб юборилган эди.  Шунинг учун ҳам у катта қўшинни бир жойга тўплашдан ва фурсатдан фойдаланган қўмондонлари уни тахтдан ағдариб ташлашларидан қўрқар эди.

Шиҳобуддин Хивакий унга шундай маслаҳат берди: «Сирдарёнинг нариги тарафига ўтамиз, унинг катта дарё экани маълум. Уни келаётган душман билан Ислом ўлкалари орасида тўсиқ сифатида фойдаланамиз. Биз нариги соҳилда душманни кутиб турамиз. Душман дарёнинг соҳилига келган вақтда анчагина ҳолдан тойган бўлади, биз эса бир муддат хордиқ чиқариб олган бўламиз».  Бу билан у барча қўшинни, яъни 400 минг  аскарни Сирдарё бўйига тўплаб, узоқ йўл сафарида толиқиб келаётган мўғулларни қарши олиш, душманга ҳали ўзини ўнглаб олмасидан туриб, бор куч билан тўсатдан зарба бериш тўғрисида бирдан-бир тўғри фикрни таклиф қилганди.

Хивакийнинг ушбу фикрини қўллаб, ўшанигина амалга ошириш керак деганлардан бири Хоразмшоҳнинг энг ишонган, жасур ва довюрак ўғли Жалолиддин эди. Жувайнийнинг нақл қилишича, Жалолиддин отасига: «Сиз қўшинга буйруқ беринг-да, ўзингиз бир четда бизнинг ғалаба қозонишимизни кутинг», деган журъатли таклифни билдирган эди.  

 Иккинчи фикр, Хоразмшоҳнинг давлат одамларининг фикри бўлиб, у бутунлай бошқача эди, улар Хивакийнинг фикрини менсимадилар. Улар шундай дедилар: «Биз мўғулларни Сирдарёнинг бу томонига ўтишига тўсқинлик қилмайлик, майли ўтишсин, кейин мана бу тоғлар ва тор йўллардан юрсинлар. Улар бу йўлларни билмайдилар, биз эса жуда яхши биламиз. Улар тор жойларга кирганларида уларни битта қўймай қириб ташлаймиз».

Бу фикр мантиқли бўлиб кўриниши мумкин, лекин Чингизхоннинг айғоқчилари йиллар давомида Хоразмшоҳ ерларини, тижорат карвонлари юрадиган йўлларни жуда яхши ўрганган эдилар.

Улар шу ҳолатда экан, Чингизхоннинг элчилари келиб, Ўтрорда ўлдирилган тижоратчиларининг қасосини, тортиб олинган мол-мулкларининг товонини олиш учун Чингизхон уруш сафарига чиққанини айтиб, Хоразмшоҳга таҳдид қилишди. Шунда Хоразмшоҳ ўша элчини ўлдириб, қолганларининг соч-соқолини олдириб, келган жойларига қайтариб жўнатади.  Элчиларни ўлдиришнинг ҳукм ҳақида ҳали батафсил баён қиламиз, иншаоллоҳ...

 Учинчи фикр, жанубга Ғазнага чекиниш таклифи бўлди. Агар у жойда ҳам ҳимояланиш қийин бўлиб қолса, Ҳиндистонга чекинилар эди.  Бу энг шармандали қўрқоқларнинг фикри эди.

Хоразмшоҳ иккинчи фикрни қўллади, лекин уни бошқачароқ тарзда амалга оширишни режа қилди. У аскарий кучини қалъа ва истеҳкомларга бўлиб юбориб, айрим шаҳарларни мўғулларга қарши қўйиш билан душманга зарба бермоқчи бўлди, яъни партизанча уруш йўлини танлади. Унинг бу йўли ишқилиб, қарши курашди деган номни қозониш эди, холос. Шу сабабдан у мамлакатининг муҳим шаҳарларига Хоразм аскарларини тақсимлашга киришди. Хоразмшоҳ, мўғуллар биринчи Ўтрорга ҳужум қилади, деб тахмин қилароқ 20 минг аскарга соҳиб бўлган Ўтрор ҳокими Иналжикка 50 минг қўшимча аскар берди. Яна Сарой мулозимларининг бошлиғи Ҳожиб Қорача бошчилигида 10 минг аскар ҳам Ўтрорга ёрдамга отланди.  Шундан маълум бўладики, Ўтрорда 80 минг аскар тўпланди.

Бухорога, Ибнул Асирнинг ривоятига кўра, 20 минг, Насавий ва Жувайнийникига кўра эса 30 минг, Самарқандга, Ибнул Асирнинг айтишича, 50 минг, Жувайний ва Жузжонийнинг фикрича, 110 минг қўшимча ҳимоя кучи жойлаштирди.

Бу орада йўлга чиққан мўғул қўшини Хоразимшоҳга қарашли бугунги кундаги Қозоғистон минтақасини бирон-бир айтарлик қаршиликсиз босиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг ер майдони тахминан уч милион км2га тенгдир.

Чингизхон баҳайбат лашкарини тўрт қисмга ажратиб, Мовароуннаҳр ерларига сафарбар қиларкан, асосий қўшинни ўзи билан олиб, Қизилқум орқали Бухорога лашкар тортди. Шу аснода Бухорога йўналган Чингизхоннинг асосий кучлари йўлда Зарнуқ ва Hyp қалъаларини ишғол қилдилар. Улар буюк олим, муҳаддис «ал-Жомиъус-саҳиҳ» китобининг муаллифи имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг юрти Бухоро шаҳрига 616 йилнинг 1 зулҳижжа/1220 йилнинг 6 февралида етиб келди ва уни уч кун давомида қамал қилди. Хоразмшоҳ шаҳарнинг ҳимояси учун 20 минг аскар тайин қилган эди.  Уч кун давом этган қамал ва жангда Хоразмшоҳ жангчилари кучсизлик қила бошлади, атрофдан ёрдам сўраш имконсиз эди. Хоразмшоҳ ўша вақтда Бухородан анчагина узоқда эди. Сўнгра мўғуллар Бухоро халқидан таслим бўлишни талаб қилди ва таслим бўлишса, омонлик беришини ваъда қилди. Бухоро халқи нима қилишга ҳайрон бўлиб қолишди ва ораларида иккита фикр юзага келди, биринчи фикр эгалари айтишдики: «Мўғулларга қарши жанг қилиб, шаҳримизни мудофаа қиламиз». Иккинчи фикр эгалари эса: «Қатлдан сақланамиз, омонлик оламиз ва мўғулларга шаҳар дарвозасини очиб берамиз», дейишди. Бу бечоралар мўғулларнинг бирон мўмин хусусида аҳд ва бурчга риоя қилмасликларини қаердан билсинлар!

Хуллас, шаҳар аҳли икки қисмга бўлинди:

Биринчи қисм: Жанг қилишни ёқлаб чиққан ва шаҳар қалъасининг мудофаасига ўтган мужоҳидлар жамоаси бўлиб, уларга шаҳарнинг фақиҳ ва олимлари қўшилди.

Иккинчи қисм: Таслим бўлиш, шаҳар дарвозасини очиб беришни ёқлаганлар ва мўғуллар омонлигига сиғинганлар жамоаси бўлиб, буларга шаҳар аҳолисининг аксарияти қўшилди.  Оқибатда 616 йил 4 зулҳижжа куни/1220 йилнинг феврал ойида шаҳар дарвозаси мўғуллар учун очиб берилди.

Чингизхон буюк шаҳарга кирди ва дастлаб унинг халқига ваъда қилганидек, омонлик берди, буни катта қалъани қўрғон тутган мужоҳидларни яксон қилгунича уларни ишонтириш учун қилган эди. Чингизхон қалъани қуршаб олди ва уни осонлик билан ишғол қилиш мақсадида шаҳар халқига қалъа атрофидаги хандақни шох-шабба, тупроқ ва бошқалар билан тўлдиришларига амр қилди, ҳатто бу кофирлар масжид минбарлари-ю, Қуръон тахтакачларини ҳам чуқурларга улоқтиришди. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.  Шаҳар аҳли иккиланмай унга итоат қилди. Ҳозирги кунимизда ҳам қанча-қанча мусулмон аскарларни ўз душманлари билан биргаликда биродарлари мусулмонларга қарши жанг қилаётганини кўрамиз! Оллоҳнинг Ўзи тўғри йўлга бошласин!

Мужоҳидлар беркинган қалъа дарвозалари ўн кун  (12 кун)  қамал қилингандан сўнг очилди. Чингизхон қалъага кириб, битта ҳам мужоҳидни қолдирмай барчасини қатл қилди.  Шу ерда Чингизхон хиёнатни бошлади, шаҳар халқидан хазиналар, мол-дунё, олтин ва кумушларнинг жойларини ўрганди ва ҳаммасини ўзиники қилди, сўнгра аскарларини халқнинг устига солди. Мўғул аскарлари халққа ақл бовар қилмайдиган даражадаги ишларни қилди. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» китобида мўғулларнинг Бухорода қилган ишларини тасвирлаб, шундай дейди: «Шаҳар аҳлидан Оллоҳнинг Ўзигагина аён бўлган даражадаги халқни ўлдиришди. Гўдаклар ва аёлларни асир қилишди, аёлларни оила аъзолари кўз ўнгида зўрлашди, қизни отасининг, хотинни эрининг кўз ўнгида номусини топташди. Қолганларини асир қилиб, ҳар турли азоблар билан қийноқларга солишди, шаҳар эркак, аёл ва гўдакларнинг йиғи-сиғисига тўлиб кетди. Сўнгра мўғуллар Бухоро кўчалари, масжид ва мадрасаларга ўт қўйишди, шаҳар батамом ёниб кул бўлди, томлари йиқилиб ҳуввиллаб қолди».  Иқтибос тугади. Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳ!

Эркаклар кўз ўнгида аёлларнинг номуси топталаркан, бу тажовузу зўравонликка қараб туролмаган Имомзода, унинг ўғли, қози Садруддин ва Бадриддин Қозихонлар мўғулларга ҳамла қилганларича шаҳид бўлдилар.

Тарихчи Рашидуддин Фазлуллоҳ Бухорода 30 мингдан ортиқ киши қатл қилингани ҳақида хабар беради.  

Имом Бухорий ва Муслим ўзларининг «Саҳиҳ»ларида мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар. Зайнаб бинти Жаҳш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, ичимизда солиҳ кишилар бўлгани ҳолда ҳам ҳалок бўламизми?!» — деб сўрадилар. «Ҳа, агар нопоклик (чиркинликлар) кўпайса!» — деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Ҳадисда зикр қилинган «хабас», яъни нопоклик, чиркинлик бу шаҳарда жуда кўпайган эди. Мусулмонлар дини, ватани ва номусини ҳимоя қилиш учун қўлларига қилич олмасликлари нопокликдир. Кофирларнинг аҳдларига ишониб қолишлари нопокликдир. Душманларига қарши Ислом байроғини кўтариб жанг қилмоқчи бўлганларни таслим қилиб беришлари нопокликдир. Тафриқаланиб, ўзаро жанг қилишлари нопокликдир. Оллоҳнинг китоби ва Расулининг суннати билан ҳукм қилмасликлари нопокликдир, буларнинг барчаси хабис нарсалардир. Агар «хабас», яъни чиркинликлар кўпаядиган бўлса, ҳалокат ва қирғин юз бериши шарт бўлади. Расули ҳаким соллаллоҳу алайҳи ва саллам нақадар рост сўзладилар. Мана шундай, Бухоро шаҳри 616 йилнинг охирлари/1220 йилнинг бошларида ҳалокатга учради.

Бу, қиссанинг дастлабки саҳифалари, зулм ва истибдод тўфонининг бошланишидир. Қиссанинг давоми бундан-да даҳшатлироқ, бундан-да қаттиқроқ ва қўрқинчлироқ давом этади ва унда мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб жўнатилгандан то бугунги кунимизгача бўлган тарихда мисли кўрилмаган зулм, қатағон ва даҳшатли йилларни бошидан кечиради.

Бу ҳодисалар Ислом уммати ўртасида юзага келган тарқоқлик, бўлиниш ва дунёга ҳирс қўйиш, мол-давлат жамғаришга берилиб кетиш сабабидан вужудга келган қаттиқ заифлик ҳолати натижаси эди. Бунинг оқибатида мўғуллар Хоразм давлатининг шарқий қисми бўлган Бухоро шаҳрини батамом йўқ қилди, эркаклар ўлдирилди, аёллар зўрланиб, таҳқирланди, болалар асир қилинди, шаҳар ва масжидлар ёндирилди. Буларнинг барчаси 1220 йилнинг бошларида содир бўлган эди. Бу ҳодисалар бундан кейин рўй берадиган даҳшатли ва аламли ҳодисаларнинг дебочасидир...

Мўғуллар буюк Хоразм давлатини-ю, унинг аҳолисини йўқ қилади, улар бунга мусулмонлар ўртасидаги бўлиниш, уларнинг кучсизланиши ва бир-бирларига нисбатан қалбларида гина-кудуратнинг тўлиб-тошгани сабаб эришадилар, бу эса, Оллоҳ таолонинг жорий бўлувчи қонунидир. Мусулмонлар мағлубиятга гирифтор бўлади ва улардан ер юзида подшоҳлик тахти олиб қўйилади.

Абу Абдуллоҳ Шоший