Сардор Маҳмуднинг “Ислом тарихи” китоби охирзамон динининг тарихига анча холис ёндошгани ва илмий маълумотларининг ишонарлилиги билан бошқа шу каби асарлардан ажралиб туради. Шарқу Ғарбда машҳур бу китоб Карочи, Ободон, Куала Лумпур, Глазго, Нью-Йорк, Торонто, Мельбурн, Веллингтон, Бомбай, Калкутта, Мадрас, Кейптаун, Найроби, Аккра, Лондон шаҳарларида нашр этилган. Асарни Лондондаги Оксфорд университети босмахонаси 1959 йили чоп этган Маккей-Чатхам компаниясининг инглизча нашридан Жамолиддин Ҳамдам ва Шариф Холмурод ўзбек тилига ўгиришган. Қуйида мазкур китобнинг салиб юришларига оид қисмини эътиборингизга ҳавола этяпмиз.
ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ - Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга мажбур бўлган эдилар. Кейинроқ шарқий ҳиндлар билан олишувга тўғри келди. Бу халқларнинг биринчи гуруҳи мусулмонлар билан жуда кўп муштаракликка эга эди. Насронийлар Византия империясидан анча нарсаларни қабул қилиб олганликлари сингари араблар ҳам романлар ва юнонлар тафаккури меросини ўзлаштирдилар. Шундай қилиб, асрлар давомида бир-бирларига қилич қайраб келганларига қарамасдан, улар ўртасида ўзаро тушуниш учун замин пайдо бўлди. Энди зардуштийларга қарши уруш барҳам топганди; форслар дастлаб араблаштирилиб, сўнгра Исломга итоат эттирилдилар. Ғайриисломий халқларнинг учинчиси бўлган ҳиндлар билан кураш ҳикояси ҳали олдинда. Суриб чиқарилган насронийлар Ғарбда ўз мавқеларини тиклай бошладилар. Ўн биринчи аср охирига келиб улар Испанияда Оролнинг учдан бир қисмини жангу жадаллар билан тортиб олдилар. Бироқ салжуқийлар Кичик Осиёни эгаллаб, мавқеларини тенглаштиришга эришганлари сабабли янги муаммолар келиб чиқди. Қаттиққўл ва ғоят садоқатли мусулмонлар бўлган салжуқийлар насронийларнинг Кичик Осиё орқали ўтадиган йўлини ёпиб, маълум муддатгача уларнинг Фаластингача оқиб келишларини тўхтатиб қўйдилар. Бундай ҳолат насронийларни жиддий ташвишга солди.
РУМ САЛЖУҚИЙЛАРИ ВА ФОТИМИЙЛАР. Мусулмон дунёси Ўртаер денгизини ярим ой шаклида ўраб олган эди. Шу ярим ойнинг бир учи Мармар денгизига, иккинчи учи Миср соҳилига бориб тақаларди. Натижада ғазабга минган насронийларнинг ўзлари "динсизлар" деб ном берган (айрим жойларда ҳозир ҳам шундай дейишади) мусулмонларга қарши тадбирлар бошлаб юборишларидан бошқа иложлари қолмади. Ислом Пайғамбари (с.а.в.) бутун дунёга Аллоҳ номидан ўз таълимоти билан мурожаат қилганидан бери беш юз йилга яқин вақт ўтган, Ғарб эса шу давр мобайнида кўплаб мағлубиятларга учраган эди. Энди улар "муқаддас" даргоҳларини тортиб олишга қарор бердиларки, бу жуда яхши баҳона бўлди.
САЛИБ ЮРИШЛАРИНИНГ ТАРАФДОРЛАРИ. Муқаддас зиёратгоҳ устидаги "хавф" кўпларни сергаклантирди. Энг аввал Византия императори норози бўла бошлади. Императорнинг Осиёдаги ерлари қўлдан кетиш арафасида экани, ёвга таслим бўлмас бардошли кишилар эса Онадўлида жойлашиб олганлари уни тез-тез исён кўтариб туришга ундарди. Ниҳоят у Рим папасига мурожаат қилди. Ўша пайтда бу мартабада бўлган насронийлар черковининг ноиби кучли шахс Грегори VII Оврупода пешқадамлик учун олмон императори билан кураш олиб борарди. Даъватга унинг "лаббай" жавоби ҳам тайёр эди, чунки у бундай тадбир Овруподаги бирча насронийларни ўз байроғим остида бирлаштиришга ёрдам бериб, мени шу қитъадаги етакчи кучга айлантирар, деган умидда эди.
Италиядаги давлат-шаҳарлар бўлган Венеция, Генуя ва Пизани Ўрта Шарқ билан катта савдо манфаатлари боғлаб турарди. Улар Шом ёки Фаластин денгиз соҳилларида насронийлар ўрнашиб қолганлари тақдирда ғоят қимматли битимларга эга бўлишларини ўйлаб, "муқаддас иш"га ёрдам бермоқчи бўлдилар. Шарқнинг эртаклардагидек чексиз бойликлари тўғрисида эшитган Оврупонинг кўпгина баҳодир жангчилари ва машҳур кишилари ўз улушларини олиб қолиш ниятида бу тадбирларга қўшилдилар. Улар орасида Исо йўлида курашиб келаётган ҳамда Оврупо кўзига тушган чўп бўлмиш "динсизлар"ни Исонинг душманлари ва энг ашаддий адоватчилар сифатида йўқ қилиб ташлашни хоҳлаётган чинакам мутаассиблар ҳам бор эди.
Ниҳоят салибчилар мусулмонларнинг кўп асрлик ҳукмронликларидан кейин Ғарбдаги юксалишни намойиш қилдилар, шу давргача Исломдан норози бўлиб келаётган халқлар у ер-бу ердан кўтарила бошладилар. Ўртаер денгизи, ундаги барча ороллар кўп асрлардан бери мусулмонлар тасарруфида қолиб келаётган эди. Ҳатто Италия ва Фарангистон жанубигача бўлган шимолий минтақа уларнинг мустамлакалари сирасига кирарди.
ЎРТАЕР ДЕНГИЗИДАГИ ОМАДСИЗЛИКЛАР. Охир-оқибат ўн биринчи асрга келиб мусулмонларнинг ишлари юришмай қолди. Италиядаги Пиза шаҳар - давлатининг зарбаси билан Сардиниянинг Ислом тарафдорларидан ажратиб олиниши шундан дарак берди. Папа бу воқеани содир қилишга ошкора ижозатини дариғ тутмаганидан ташқари унинг амалга ошуви учун саъй-ҳаракатларини ҳам аямади. Италиядаги Кастилия ва Арагон қиролликлари арабларга қарши иттифоқ тузишиб, "муқаддас уруш"га дадил киришдилар. Руҳонийлар ҳамма жойда халқни оёққа турғаза бошлашди. Улар, энди мусулмонлар батамом ҳолдан тойдилар, деб ўйлаб, бу тўғрида тобора эҳтирос ва ишонч билан гапирадиган бўлиб қолишди. Ҳар бир минбардан туриб: "Муқаддас даргоҳ қутқарилиши керак!" дея бақириб-чақиришга ўтдилар. Шу аснода Константинополь императори Комненус мурожаат қилган Папа вафот этиб, ўрнига Грегори VII сингари қатъиятли киши бўлган Урбан II келди. У Византия императорининг таклифини дастлаб (1095 йилда) Писенъда ва ўша йили сал ўтиб Клермонтда икки марта черковларнинг Буюк йиғини мажлисида муҳокама қилдирди. Папа у ерда бутун насронийлар дунёсини жунбушга келтирган катта нутқ сўзлади. Унинг даъвати тезда Оврупонинг барча бурчакларида қўллаб-қувватланди. Ўзи фаранг бўлгани учунми, Папанинг чақириғи Фарангистонда айниқса кучли акс-садо берди. Бу ишга дайди роҳиблар ҳам қўшилишиб, юрган йўллари бўйлаб халқ қалбига ғулғула солишни одат қилдилар. Питер де-Хермит салиб юришини бошлаш учун ташвиқот олиб борган роҳиблардан бири бўлди.
БИРИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1096-1099 йиллар). Тез орада Фарангистонда жуда катта қўшин тўпланди. Насронийларнинг бу ҳарбий кучларига буиллонлик Годфрей, унинг укаси Болдвин, тулузалик граф Раймонд ҳамда Папанинг Пуядан келган вакили Адхемар бошчилик қилдилар. Улар бўлак-бўлак бўлиб, Константинополь орқали Кичик Осиёга кириб боришга қарор қилдилар. Чунки Питер де-Хермит ва унинг дайди роҳиб укаси Уолтер де-Пеннилес кишиларни шу қадар кучли ҳаяжонга солган эдиларки, бунинг натижасида насроний отлиқлари аллақачон йўлга чиқиб, учраган ҳамма нарсани яксон этиб бораётган эдилар. Улар Кичик Осиёдаги салжуқийларга тегишли бўлган Румни вайрон қилишга ҳам улгурдилар. Рум салжуқийлари шу даврда кўплаб подшоҳликларга парчаланиб кетганларидан бир жону бир тан бўлиб қарши туролмасликлари ҳам насронийларга жуда қўл келди. Салибчилар учун бу жуда қулай вазият эди. Улар Дорилаюм яқинида Кичик Осиёдаги салжуқийлар подшоҳлигининг бош ҳокими Қилич Султонни мағлубиятга учратиб, унинг пойтахти Никаяни босиб олдилар. Салжуқийлар Онодўли томон суриб чиқарган юриш қатнашчилари соҳилдаги ерларни эгалладилар.
БОЛДВИН ВА БОХЕМУНД. Салибчилар Кичик Осиёнинг ғарбий қирғоғи бўйлаб жанубга йўл оларканлар, шарқий ва жанубий соҳилларни эгаллаб турган арман қиролликларигача етиб бордилар. Аксарияти насроний эътиқодида бўлган арманлар юриш қатнашчиларини яхши қарши олиб, ўзлари ҳам уларга қўшилиб кетдилар. Шундай қилиб, биринчи қўшин саркардаси граф Болдвин бутун Арманистонга қирол бўлди. Салибчиларнинг бошқа қўшинлари яна бир салжуқий шаҳзода - Ёғий Султон ҳокимлик қилаётган Антиох томон бостириб боравердилар. Бу шаҳар қаттиқ қаршилик кўрсатиб, саккиз ойлик қамалга дош бергач, ёрдам сўраб аббосийлар халифасига ва бошқа подшоҳликларга мурожаат қилди. Яхлит ҳокимият парчаланиб кетгани оқибатида ҳеч ким мададга етиб келмади. Ҳалаб ҳокими амир Ризвон юборган ёрдам эса жуда кечикди. Ёғий Султоннинг арман миллатига мансуб бир лашкарбошиси хиёнат қилиб, салибчилар томонга ўтаркан, ўзига топширилган дарвозани уларга очиб берди. Мададга илҳақ бўлиб қамалда ётган пойтахт шу тариқа таслим бўлди. Салиб юриши иштирокчилари Мўсулнинг Қайбуқа исмли бошқа бир ҳукмдорини хам тор-мор қилганларини кўрган мусулмон амирликлари маслакдошларига умуман ёрдам қўлини чўзмай қўйдилар. Фотимийлар, салжуқийлар, турклар ва бошқалар қиёфасида кўплаб турли - туман ҳокимларни кўравериб тўйиб кетган шомликларнинг қаршилик қилишга умуман юраклари бетламади. Шу туфайли Шом мамлакатининг шимолий қисмида насроний князлиги вужудга келиб, кейинроқ у граф Бохемунд қироллигига айланди. Қирол унинг пойтахти Антиохда доимийга ўрнашиб қолди.
РАЙМОНД ВА ГОТФРЕЙ. Граф Раймонд шахсан ўзи эгалик қилиши учун анчагина ерни тортиб олишни кўнглига туккан экан. У Мааррак ан-Нуъмон шаҳрини забт этиб, унинг юз минг кишилик мусулмон аҳолисидан шафқатсизларча ўч олди. Бу катта ҳақоратлар учун мусулмонлар ўзларини айблашди. Чунки ҳамма жойда пароканда ҳолда бўлганлари сабабли улар ҳеч нарса қилолмадилар. Голдфрей жанубга йўл олиб, Раймонддан иложи борича тезроқ ўзига қўшилишни сўради. Ниҳоят 1099 йил 7 июнда салиб юриши қатнашчиларининг қўшинлари насронийларнинг муқаддас шаҳри ҳисобланган Қуддус девори олдига келиб тўхтадилар. Беш ҳафта давом этган қамалдан кейин 1099 йил 15 июлда улар шаҳарга бостириб кириб, ғазаб устида у ердаги кўп мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Шундан сўнг Годфрей Фаластиннинг қолган қисмини ҳам забт этиш мақсадида жанубга қўшин юборди. Уларга қарши Яшкелон яқинида жанг қилган фотимийлар қўшини мағлубиятга учради. Шу билан қаршилик кўрсатиш тўхтатилиб, буиллонлик Готфрей Қуддус қироли деб жар солинди. Соҳил яқинида жойлашган шаҳарларни Венеция ва Генуя сингари италян шаҳар-давлатларининг денгиз кучлари ўққа тутдилар. Бу давлатлар савдо кемалари кучини соҳил бўйлаб жойлашган ерларни босиб олиш учун бирлаштириб, ёрдамга юбориб, бунинг эвазига қатъий битимга эга бўлдилар. Энди Мармар денгизидан тортиб Фаластин жанубигача бўлган қирғоқ минтақаси салиб юришини амалга оширганлар қўлида эди. Фақат бир раҳнамо - граф Раймондгина ўз қироллигига эга эмасди У ҳам тез орада соҳилда жойлашган муҳим шаҳар Триполини босиб олиб, унинг бутун теварак-атрофи билан қўшиб ўз қироллигига айлантирди. Шундай қилиб, барча бошлиқлар мерос қолдира оладиган ер-мулкка эга бўлиб олганлари билан биринчи салиб юриши якун топди..
САЛИБ ЮРИШЛАРИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ. Мусулмонлардан жанг билан тортиб олинган соҳил бўйлаб ўрнашган салибчиларининг ҳаммаси денгизга қаттиқ ишонч боғладилар, чунки Ўртаер денгизи уларни Ғарб билан боғловчи йўл эди. Ислом Шарқи инқироз даврини бошдан кечираётганди. Ғарб билан давом этган кўп асрлик урушларда Шарқ беш юз йил ғолибликни қўлдан бермади. Ғарбнинг Шарқни яна ҳам нарироққа суриб чиқариш нияти бормиди? Бутун Оврупо албатта шуни кутарди, лекин бундай бўлиб чиқмади. Аксинча, тараққийпарвар Шарқ билан яқиндан танишган салибчилар унинг санъати, маданиятига, турмуш тарзига қойил қолиб, барча шарқона нарсаларни зўр иштиёқ билан ўрганишга ва қабул қилишга киришдилар. Ўзаро ажойиб ижтимоий муносабатлар юзага келди. Шарқликларнинг гўё заиф кишилар бўлишлари тўғрисидаги эртакларни кўп эшитган насронийлар араб маданияти уларникига қараганда анча юксак эканини ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилдилар. Улар Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг ҳақиқатгўйлиги, ҳалоллиги ва художўйлигига, Исони ҳам Аллоҳ таолонинг Пайғамбари деб билишларига амин бўлдилар. Овруполикларни ваҳшийлар деб ҳисоблаб келган мусулмонлар эса насроний баҳодирлар муайян виждоний қоидаларга амал қилиб, ҳалол ҳамда моҳирона жанг қила билишларини, шунингдек, мусулмонларга хос бўлиб келган айрим нарсаларни янада такомиллаштиришга қодир эканликларини кўрдилар. Шу тахлитда дўстлик ва савдо алоқалари боғланди. Насронийлар арабча услубдаги уйлар қуришга, шарқона таомларга ўрганиб, шарқ мусиқасига меҳр қўя бошладилар, арабларга ўхшаб, кейинчалик эса улар билан биргаликда ов қилишдан завқланишга ва кўнгил ёзишга одатлана бордилар. Эҳтиёж туғилганда, улар араб қўшинларидан ёрдам сўрардилар. Бундай ирқий ва маданий уйғунлашув яхши самара бериб, Шарқнинг кўпгина ихтиролари, жумладан, ўқ-дори (борут), қанд, қибланома (компас) ва ҳоказо учун Оврупога йўл очилди. Тараққиёт анчагача шу йўсинда давом этди.
ЗАНЖИЙЛАР (1127-1174 йиллар). ИМОМИДДИН ЗАНЖИЙ (1127-1146 йиллар). Мусулмон дунёси илгаригидек Қашғардан Қуртубагача бўлган узлуксиз бепоён кенгликни англатмасди, шуни назарда тутган ҳолда ҳам бу олам ўз орасида бегоналар мавжудлигини борган сари кучлироқ ҳис қила борди, натижада бундай ҳолга қаршилик кўрсатиш фикри келиб чиқди. Аста-секин насронийларни мусулмон Яқин Шарқидан ҳайдаб чиқариш мақсади қарор топди. Бу ғоя туғилиши билан уни амалга ошириш учун курашчилар ҳам топила қолди. Ана шундай курашчи занжийлар деб аталган мусулмон ҳокимлари сулоласидан чиқди. Салжуқийлар императори Маликшоҳнинг ишончли вакили бўлган Имомиддин Занжий Ғарбга жўнаб, аста-секин Мўсул билан Ҳалаб оралиғидаги ерларни эгаллади. Бу кучли инсон, қўрқув билмас жангчи кўп ўтмай насронийлар устига ҳужум қилиб, кейинги даврда улар ихтиёрига ўтиб қолган ар-Руҳ шаҳрини қамал қилди. Шом билан Бағдод ўртасидаги карвон йўлида жойлашган шаҳар тўрт ҳафталик қуршовдан кейин итоатга мажбур бўлди.
ИККИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1147-1149 йиллар). Оврупода салиб юриши руҳи ҳали тирик эди. Ар-Руҳ шаҳри таслим бўлгани тўғрисидаги хабар Папа Евгениус III қулоғига етгач, у авлиё Бернард Клейрваукдан навбатдаги салиб юришига даъват билан чиқишни сўрайди. Бу чақириққа тезда жавоб берган олмон императори Конрад Ш ва Фарангистон қироли Луис VII (Луи VII) 1147 йили иккинчи салиб юришини ташкил қилдилар. Бу саркардаларнинг қўшинлари ҳар қайсиси ўз йўли билан ҳали ҳам мусулмонларга қарам бўлган Дамашқ томон юра бошладилар. Юриш иштирокчилари шаҳарни қуршовга олиб турган бўлсалар ҳам, муваффақият қозониш ўрнига мағлубиятга учрадилар. Фақат мусулмонларга Эгей денгизида ҳужум қилган Сицилия қироли Роберт де Нормангина бу тадбирларда ғолиб чиқиб, мусулмонларни оролдан қувишга эриша олди.
НУРИДДИН ЗАНЖИЙ (1146-1174 йиллар). Исломга берилган бу кучли зарба кенг жамоатчилик ғазабини қўзғади. Занжийлар авлодидан янги жангчи етишиб чиқди. Бу Имомиддин Занжийнинг истеъдодли ўғли Нуриддин эди. У 1146 йилда отаси ўрнига тахтга ўтириб, дарҳол салибчиларга қарши урушга отланди. Пойтахтини Мўсулдан Ҳалабга кўчиргани унинг биринчи қилган иши бўлди. Кенг жанг майдонини ҳосил қилиш учун у Дамашқни суст мусулмон ҳокимлари қўлидан олиб, салибчиларга қарши ҳужумга ўтди. Отаси фақат ар-Руҳ шаҳрини эгаллаган бўлса, Нуриддин уни бутун теварак-атрофи билан бирга ўз ихтиёрига ўтказиб, собиқ насроний ҳоким граф Жосилин Иккинчини қамоққа ташлади. Шундан кейин Антиох шаҳри ҳокими Бохемунд II устига бостириб бориб, ғолиб чиққач, уни ҳам ҳибсга олди. Катта хун тўламагунларича уларни қўйиб юбормади.
ШИРКУҲ (1164 йил). Кўп ўтмай, салибчилар қалбига даҳшат соладиган бўлиб қолган Нуриддин Ширкуҳ исмли истеъдодли додхосини Мисрнинг сўнгги фотимий халифаси ҳузурига элчи қилиб юборди. Ўта қобилиятли инсон бўлган Ширкуҳ халифа саройида орттирган кўплаб тарафдорларининг вазирликни қабул қилиш тўғрисидаги таклифига кўнди. Унинг Салоҳиддин исмли невараси ҳам ажойиб фазилатларини намойиш қилди. Ширкуҳ лавозимга тайинланганидан кейин узоқ яшамай вафот қилгач, халифа Салоҳиддинни ўзига вазир қилиб олди. Шу даврдан яна мусулмонларга омад кулиб боқа бошлади. Зеро, бу шахс Ислом учун буюк курашчи, машҳур Султон Салоҳиддин Айюбий бўлиб етишди.
САЛОҲИДДИН АЙЮБИЙ (1169-1193 йиллар). Салоҳиддин занжийлар даврида Шомдаги Баалбек ҳарбий маҳкамаси бошлиғи бўлган Айюб, яъни Ширкуҳ укасининг ўғли эди. Суннийларга мансуб Салоҳиддин яхши таълим кўрди, унинг Исломга меҳри жуда юксак эди. Қудратли вазир бўлиб етишгач, салиб юришларига чек қўйиш учун қўлидан келган барча ишларни қилди. Бунинг учун давлатга содиқ қудратли қўшин зарур эди. Амалда Миср ҳукмдори бўлган Салоҳиддин подшоҳликни орзу қила бошлади. У 1174 йили Нуриддин Занжий вафоти муносабати билан ана шундай имконият юзага келганидан фойдаланиб, Мисрни мустақил деб эълон қилди. Занжийлар унга қарши катта куч ташладилар. Қурун Ҳамоҳам атрофида Салоҳиддин уларни тор-мор келтириб, Шомни ўз ерларига қўшиб олди. Сўнгра укаси Туроншоҳни қўшин билан Ҳижозга юбориб, 1175 йилда бу вилоятни ҳам забт этгач, юришини давом қилдириб, Яманни қўлга киритди. Шундан кейин Салоҳиддин Бағдоддаги аббосий халифадан ўзининг Миср султони сифатида эътироф этилишини талаб қилди. Халифа бунга мамануният билан розилик берганининг сабаби шунда эдики, натижада ҳатто шиаларга нисбатан ҳам кескин ҳаракатлар қилиш тарафдорлари ҳисобланмиш фотимийлар ҳукмронлиги барҳам топган бўларди. Шундай қилиб Салоҳиддин бирданига Миср, Ҳижоз, Яман ва Шом султонлигига муяссар бўлди.
ЁЛЛАНГАН ҚОТИЛЛАР. Насронийлар қўрқиб қолишди: кўзга кўринган лашкарбоши етакчилигида уларга қарши янги куч оёққа тураётган эди. Улар вужудга келган шароитдан чиқиб кетиш йўллари устида бош қотира бошладилар. Кимдир қотил ёллашни таклиф қилди. "Чиндан ҳам Салоҳиддинни ўлдиртирса бўлмасмикин? Бунга кимдир моддий жиҳатдан рағбатлантирилса бас, қолганини Шайхул-Жабал ўз зиммасига олади". Ана шу режалар натижаси натижаси ўлароқ олдиндан мукофотларини олиб қўйган икки қотил Салоҳиддин томон жимгина йўл олиб, унга ҳужум қилишди. Лекин иқболи бор экан, зарбаларга чап бериб омон қолди, ёлланган кишилар эса қўлга тушдилар. Ҳужум қилган шубҳали мусулмонлар исмоилийлар жамоасидан экани султонни жуда дарғазаб қилди. У Шайхул-Жабалнинг адабини бериб қўйиш мақсадида Рашидуддин Синанга (Шайхул-Жабалга) қарши қўшин юбориб, унинг истеҳкоми ва қалъасининг кулини кўкка совурди. Бундан қўрқиб юраги ёрилаёзган Шайх сулҳ сўради. Салоҳиддин бошқа ҳеч қачон қарши қўл кўтармаслик ваъдаси учун унга сулҳ кафолати берадиган бўлди. Шартга кўнган Шайх сўзига амал қилди.
САЛОҲИДДИННИНГ САЛИБЧИЛАРГА ҚАРШИ ҲУЖУМИ. Шундан кейин насронийлар билан шуғулланган Салоҳиддин аввалига Тибермасга ҳужум уюштириб, 1187 йил 1 июлда уни ишғол қилди. Бунга жавобан насронийлар катта қўшин билан ҳужумга ўтдилар. 4 июлда Хиттин яқинида бўлиб ўтган олишувда насронийлар 20 минг жангчи билан қатнашган бўлса, Салоҳиддинда улар сони анча кўп эди. У рақиблари устига шундай важоҳат билан ёпирилдики, натижада салибчилар тўда-тўда бўлиб, қочиб қолдилар. Султон Қуддуснинг қўлга тушган қироли Гай Лусайнанскийга ҳақиқий қиролларга хос илтифот кўрсатди. Бироқ чатиллонлик Режинальдга нисбатан насроний зодагонларидан чиққан хоин сифатида жуда қаттиқ муносабатда бўлди. Сабаби Режинальд Салоҳиддинга берган сўзи устидан чиқмасдан, мусулмонлар билан ёмон муомала қилар, зиёратчилар карвонларини талаб, айбсиз ва бечора кишиларга зулм ўтказар эди. Салоҳиддин шахсан ўзи унинг бошини танасидан жудо қилишга берган ваъдасини бажарди. У Қуддусга ҳужум қилиб, юз йилдан бери насронийлар тасарруфида бўлиб келаётган бу шаҳарни ҳам босиб олди. Готфрей Буиллондан фарқли равишда у ҳеч кимни қатл эттирмади. Шундан кейин Қуддус қироллигининг насронийларга қарашли Антиох, Триполи ва Тир шаҳарларидан бошқа қисмларини ҳам ўзиники қилиб олди.
УЧИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1189-1192 йиллар). Қуддуснинг қўлдан кетгани тўғрисидаги хабар бутун Оврупони ҳаракатга келтирди. Қитъадаги барча қироллар насронийлик шарафи учун курашиш ниятида оёққа қалқдилар. Уларга қудратли қироллар учлиги бош бўлди. Англия қироли Ричард – Шерюрак, олмон императори Фредерик Барбаросса ва фаранг қироли Филипп Иккинчи шу учликни ташкил қилди. Фредерик қуруқликдан, бошқалар эса денгиз орқали олға интилдилар. Куч-ғайратга тўлиб-тошган бўлса-да, Фредерик Шомгача етиб боролмай, Кичик Осиёдаги дарё кечувида сувга оқиб ҳалок бўлди. Ричард I мусулмонлардан Қибрисни тортиб олгач, тўхтаб қолди. Кейинчалик мазкур оролни у Қуддуснинг тахтдан ағдарилган қироли Гай Лусайнанскийга сотиб юборди. Шунинг учун Филипп II биринчи бўлиб етиб келиб, ўз истиқболига чиққан қирол Гайга қўшилди. Улар биргалашиб Фаластиннинг қуйи қисмида мусулмонларга тегишли бандаргоҳ шаҳар Аккрани қамал қилдилар.
АККРАНИНГ ТАСЛИМ БЎЛИШИ (1191 йил). Илгари асир тушиб, тўланган хун ва бошқа ҳеч қачон қарши курашмаслик тўғрисидаги ваъдаси учун Салоҳиддин томонидан озод этилган қирол Гай овруполик қироллар ҳужумга ўтганларини эшитиб, лафзидан кечди. У ўз одамлари ва Фредерик қўшини билан келиб, Филипп иккинчига қўшилди. Салибчилар денгиздан, қирол Гай қуруқликдан туриб Аккрага ташландилар. Буни эшитган Салоҳиддин насронийларнинг қуруқлик томонидаги қўшинларини йўлдан супура бориб, шаҳарга ёрдамга шошилди. Лекин денгиз томонидан қамал давом этарди. Шу аснода қуршов қатнашчиларига Ричард қўшинлари ҳам мададга етиб келиб, нарсонийларнинг қудрати яна ҳам ошиб кетди. Мусулмон ҳарбий кучлари шаҳар ичидан туриб кураш олиб бораётган эдилар. Салоҳиддин эса уларга ташқаридан ёрдам кўрсатарди. Лекин барибир насронийларни қувиб чиқаришга муваффақ бўлинмади. Салоҳиддин ёрдам сўраб халифага ва бошқа мусулмон подшоҳларига мурожаат қилди. Бироқ ҳеч ким етиб келмади. Икки йиллик қуршовдан кейин шаҳар таслим бўлиб, Султон Салоҳиддинни қаттиқ изтиробга солди.
ТАСЛИМ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ. Насронийларнинг учта шарти бўлиб, мусулмонлар уларни қабул қилишга рози эдилар:
а) 200.000 песо пул тўлаш;
б) насронийлар таълимотида айтилганидек, Ийсо чормих қилиб тортилган Муқаддас Хочни қайтариб бериш;
в) пулларни бир ой муддат ичида тўлаб бўлиш.
Шундай катта қарздан қутулиш учун бир ой жуда оз муддат, Салоҳиддинда эса уни бирданига узиш имконияти йўқ. У яна ёрдам сўрашга мажбур бўлди, бироқ вақт жуда зиқ. Шунда Аккра аҳолиси ўз бисотидаги пулларни йиғиб берди. Салоҳиддиннинг ўзи ҳам бутун мол-мулкини шунга бағишлади. Ойлик муддат эса ўтган эди. Натижада Ричард - Шерюрак 3000 шаҳарликни чопиб ташлашни буюрди. Қирол учун мутлақо номуносиб бу иши билан у ўз номига қора тортди.
САЛОҲИДДИННИНГ ОЛИЙЖАНОБЛИГИ. Икки йил бурун Қуддусни қайтариб беришда Ричард Салоҳиддин тутган йўлга бутунлай тескари қилиқ кўрсатганди. Ричарддан фарқли равишда Салоҳиддин эса мусулмонларга ҳам, босиб олган шаҳарининг насроний аҳолисига ҳам бир хил ҳиммат кўрсатиб, ғайридинларга солиқ солишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бу инсоният тарихида ноёб намуна бўлиб, Салоҳиддин кўплаб марта ана шундай иш тутди. Унинг табиатига хос бу олийжаноблик фазилатларини ҳатто овруполик подшоҳлар ҳам юксак қадрларди. Ричард I Салоҳиддиннинг бундай қилмишидан қаттиқ ҳаяжонга тушиб, унинг укаси Малик Одилга синглисини жуфти ҳалолликка олишни таклиф этди.
Унинг амакиваччаси Комилни эса тантанали равишда рицарлар сафига қўшиб, "Бани" номли энг олий инглиз нишони билан тақдирланди. Ҳеч қачон бир-бирларини қўрмаган бўлсалар ҳам, совға-саломлар алмашдилар. Шу тарзда улар, яъни салибчиларнинг саркори билан Салоҳиддин ўртасида ўзаро ҳурмат ва самимият давом этиб, 1192 йилда тинчлик битими тузилишига олиб келди. Насроний зиёратчиларининг Қуддусга бемалол келиб-кетишларини таъминлаш ва олган ҳамма нарсаларини ҳамда зиёратчиларга аталган ерларни қайтариб бериш ваъдаси шу битимнинг асосий моддасини ташкил қилди.
САЛОҲИДДИННИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИ. Салоҳиддин шундан кейин бир неча ой ўтиб вафот этганида ҳамма жойда мотам тутилди. У буюк жангчи, ажойиб подшоҳ, олийжаноб рақиб, санъатнинг саҳоватли ҳомийси, маърифатли мусулмон ва Ислом учун улуғ курашчи эди. Салоҳиддин янги йўллар қурдирди, суғориш шохобчаларини бунёд эттирди, мактаб ва мадрасалар очдириб, уларни барча зарур нарсалар билан таъминлади. Шунингдек, Қоҳира қўрғонини ҳам бунёд эттирдики, у ҳозиргача чирой очиб турибди. Дамашқда таъсис этиб жиҳозлатган Айюбий дорилфунуни кўп асрлар давомида фан ва маърифатнинг машҳур ўчоғи бўлиб келди. Салоҳиддин Оврупо учун мангуга жувонмардлик намунаси бўлиб қолди.
САЛОҲИДДИННИНГ ВОРИСИ - ОДИЛ (1192-1218 йиллар). Салоҳиддиннинг уруғи айюбийлар империясини ўзаро бўлиб олди. Унинг катта ўғли Малик Афал ўзига Шомни танлади. Айюбийлар ичида энг қобилиятлиси бўлган Малик Одил - буюк Салоҳиддиннинг укаси ва ўринбосари Мисрга эга бўлди. Шунгача эса у қатъиятсиз Афалдан Шомни ҳам қабул қилиб олганди. Юксак маълумотли бу ҳукмдор Овруподаги кўплаб давлатлар билан элчилик ва савдо алоқаларини боғлаб турди. У йигирма олти йил (1192-1218 йилларда) ҳукм суриб, айюбийлар номи ва шон-шуҳратини улуғлаб келди. Ундан кейин тахтга ўтирган ўғли Комил ҳам яхши бошчилик қилди. Лекин Комилдан сўнг айюбийлар ўзаро жанжаллар билан овора бўлишиб, аста-секин ҳолдан тойдилар. Натижада Салоҳиддин вафотидан қирқ йил ўтгач, насронийлар ўз вақтида бой берилган кўпгина шаҳарларни қайтариб олишга эришдилар.
ТЎРТИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1202-1204 йиллар). Шундан кейин кўплаб салиб юришлари амалга оширилди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам мусулмонларга қаратилган эмасди ва ҳар доим ҳам Қуддус ёки бошқа бирор муқаддас маскан учун олиб борилмади. Масалан, тўртинчи салиб юриши бевосита Папа хоҳишига зид равишда Константинополни босиб олишни мақсад қилиб қўйди. Агар у катта миқдорда пул ёки бошқа бирор шаклда товон тўланмагудек бўлса, италян шаҳарлари бу юришда қатнашмасликларини билдиришди. Бундан ташқари, юриш иштирокчилари Константинополда ўзларини яхши тутишмади. Улар маҳаллий ҳукумат ишларига аралашиб, саройдаги ҳийла-найрангларга қўшила бошладилар. Табиий равишда шунга яраша жазо чоралари кўрилиб, кўп қон тўкилди. Шаҳарнинг византиялик ҳокими эса Кичик Осиёда жойлашган Никаига қочиб кетди. Константинопол тахтига ўз вакилларини ўтқазиб қўйган салибчилар обрўсига путур етиб, улар ҳамма жойда ноқулайлик сеза бошладилар. Салибчилар раҳнамоларининг хулқ-атвори бутун насронийлар дунёсига салбий таъсир кўрсатишдан қўрққан Папа ўз обрўсини тиклаш чораларини кўриб, маълум муваффақиятларга эришди. У янги салиб юриши ҳозирлигини ҳам бошлаб юборди. Бунинг учун анча вақт талаб қилинишига қарамасдан, 1228 йилда унинг жонбозлиги самара бера бошлади.
БЕШИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1218-1221 йиллар). КОМИЛ. Юриш учун анча маблағ зарур бўлганидан Папа бу масалада Венеция ва Генуяга мурожаат қилди. Улар салиб юриши Мисрга қарши қаратилган тақдирдигина бунга қўшилишларини билдирдилар. Бу билан улар ўзларининг майда манфаатларини кўзлаётганлари равшан бўлиб қолганди. Зотан, Узоқ Шарқ билан савдо-сотиқ Миср ва Қизил денгиз бандаргоҳлари орқали амалга оширилиши учун ҳам шу мамлакат уларга жуда керак эди. Ўша пайтда Мисрга ҳокимлик қилаётган айюбий Одилнинг ўғли Султон Комил отаси сингари ўша жумҳуриятлар билан яхши муносабатлар ўрнатганди. Шунинг учун ҳам ўзининг дўстона муносабатлари бу савдогарлар учун арзимас бир нарса эканидан ажабланди. Салибчиларнинг денгиз кучлари Мисрдаги Димйат (Димиетта) бандаргоҳини эгаллаганларида у бунга айниқса жиддий эътибор берди. Мудофаа жангларини уюштирган Султон юриш қатнашчиларининг қуруқликка чиқиб олишларига қўймади. Икки йиллик курашлардан кейин уларни шу бандаргоҳ шаҳардан умуман қувиб ҳайдади. Юриш бошида турганлар бундан ҳайратда қолдилар. Чунки улар Комил мутаассибликдан воз кечиб, иродаси ҳам хойнаҳой бўшашиб кетган бўлса керак, деган ҳаёлга боришганди. У эса ғоят самимий, яхши ўқимишли ва бошқа динлардан яхши хабардор инсон бўлиб, уламолар ва насроний руҳонийлар билан бўладиган баҳс-мунозараларда қатнашиб турарди. Гувоҳлик беришларича, у ҳатто Мисрга ташриф бюрган авлиё Франциска Ассиси ҳазратни меҳмон қилган. Кучли ҳарбий арбоб бўлган Комил айюбийларнинг кўпгина анъаналарини ҳам сақлаб қолди.
ОЛТИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1228-1229 йиллар). ФРЕДЕРИК ИККИНЧИ ВА КОМИЛ. Бу юриш бошқаларидан бутунлай ўзгача ўтди. Мақсади Қуддусни қайтариб олиш бўлгани ҳолда юриш бошчиси - Олмония императори ҳамда Неапол ва Сицилия қироли бўлган Фредерик II шунга эришиш учун ўзига хос бир ғалати йўл танлади. Аслини олганда Қуддус подшоҳининг Иоланде исмли қизига уйланган бу яккаҳоким мусулмонлар ихтиёридаги шу шаҳарга даъвогарлик қилишга ҳақли эди, дейиш жоиздир. У арабларни дўст билди, араб маданиятидан завқланар, атрофига араб файласуфлари, табибларини тўплаган, ўзи эса асосан Сицилияда турар ва мутаассибликдан йироқ эди. Салиб юришига бошчилик қилишни Папа ундан илтимос қилди. Фредерик розилик берди, лекин йўлда бетоб бўлиб, уйига қайтди; иккинчи уринишни эса ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб кечиктирди. Таъна ва насиҳатлари Фредерикнинг бир қулоғидан кириб, иккинчи қулоғидан чиқиб кетаётганидан ташвишга тушган Папа уни черков марҳаматидан маҳрум этди. Ниҳоят Фредерик II юришга жазм қилганига шу вазият сабаб бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас. У жимгина ҳамма нарсасини йиғиштириб, ҳали ҳам Султон Салоҳиддиннинг невараси Комил ҳокимлик қилаётган Миср томон йўлга чиқди. Комилнинг иккита амакиваччаси - шомлик айюбийлар эса ўз амакиларига қарши курашни давом эттираётган эдилар. Шунинг учун у Фредерик Иккинчи билан иттифоққа киришиб, унга Қуддусни ва учинчи салиб юриши қатнашчилари қўлга киритган Аккрадан бошланувчи йўналишдаги ерларни ҳам беришни ваъда қилди. Фақат бир шарт биланки, шомлик айюбийларга қарши курашда Фредерик II унга мададкор бўлади. Фойдали шарт қабул қилинди: Фредерик II Қуддусга эга бўлди, Комил эса рақиблари устидан ғалаба қозонди. Комилнинг мазкур битимдаги мавқеи олийжанобликка кўп ҳам тўғри келавермасди, бу аслида ишга хиёнат бўлгани сабабли уни оқлаш қийин. Чунки Салоҳиддиннинг невараси бобосига қанчалар қимматга тушган нарсани оппа-осон ҳадя қилиб юборавергани ғайритабиий туюларди. Яна ўн етти йилдан кейин Комил авлодининг вакили Султон Комил Хоразм туркларининг тарқоқ кучлари билан биргаликда жанг қилиб, улар ёрдамида яна шаҳарни қайтариб олди. Шу билан мусулмонлар орасида Байтул-Муқаддас номи билан маълум бўлган Қуддус 1246 йилда яна Ислом ихтиёрига ўтди.
СЎНГГИ (VII) САЛИБ ЮРИШИ (1240-1249 йиллар). Бу юриш Султон Солиҳ подшоҳлигининг сўнгги йилида Фарангистон қироли руҳоний Льюис бошчилигида ўтди. Авлиё Льюис ҳам Димйатни қўлга киритиб, Қоҳира томон Нил дарёсининг қуйилиш жойигача бостириб борди. У юриш учун йилнинг ноқулай мавсумини танлаган экан: тўлиб-тошиб оқаётган Нилнинг ҳатто ирмоқларидан ҳам кечиб бўлмасди. Льюис лашкарлари ботқоқлик ичида қолиб кетдилар. Бу Солиҳ салибчиларга қарши юборган бир неча минг кишидан иборат аскар босқинчиларни тор-мор қилиб, уларнинг бошчисини кўплаб князлари билан ва бу иғвогарликда оғир ярадор бўлган насронийлар билан бирга бирга қўлга тушириш учун етарли эди. Жанглар якунланай деб қолганда Солиҳнинг ўзи қаттиқ ярадор бўлди. Қамоққа олиб келинган руҳоний Льюис билан муомалада олийжаноб қиролга кўрсатиладиган даражада илтифот намойиш қилди, бир ой ўтгач эса, унга ўз гуноҳини ювишга имкон бердилар. Авлиё Льюис Шомга бориб ўрнашди. Шу тариқа унинг юриши бир неча салиб юришларининг сўнггиси бўлди. Ташаббус сўниб, салибчилар жанг қилишни, ўша жаннатмисол маконга қайтишни хоҳламайдиган бўлиб қолдилар, чунки у ерда бундан буён ҳаёт осон кечмаслигини ҳис қила бошладилар. Бундан ташқари Папада ҳам етарлича куч қолмаганди. Муқаддас жойларни қайтариб олиш учун бошқа катта уринишлар бўлмаганининг сабаби ҳам ўша эди. Фаластин йигирманчи асрдаги биринчи жаҳон урушига қадар мусулмонлар тасарруфида бўлиб келиб, шу даврдагина британияликлар уни турклар қўлидан тортиб олдилар. Ҳозир унинг ярмида яҳудийлар давлати ташкил этилди.
АЙЮБИЙЛАР ИНҚИРОЗИ.. Авлиё Льюис бошчилигидаги салиб юришидан кўп ўтмай Солиҳ қазо қилди, унинг вафотидан кейин эса истеъдодли беваси малика Шажаруд-Дорр ўғли Туроншоҳ Эронга саёҳатидан қайтиб келгунига қадар давлатни бошқариб турди. Туроншоҳ келгач, она раҳбарликни унга ишониб топшираркан, ёш шаҳзодага осон бўлмади. У ўз мавқеини сақлаб қолиш учун кўп ҳаракат қилди, лекин подшоҳнинг турк қулларидан ташкил топган мамлуклар деб аталмиш соқчилари бошқа талайгина мусулмон ҳукмдорларга нисбатан ишлатган усулларини Салоҳиддиннинг ночор ворисларига ҳам қарши қўлладилар. Туроншоҳ ўлдирилиб, Шажаруд-Дорр муваққат ҳоким қилиб тайинланди. Аслида унинг номидан давлатни мамлуклар раҳнамоси Ойбек бошқарарди. Тез орада мамлуклар бутун айюбийлар империяси устидан ҳукмронликни очиқ-ошкора ўз қўлларига олдилар. Дастлаб 130 йил мобайнида “баҳри мамлуклар” уруғи, шундан кейин 150 йил давомида “буржи мамлуклар” авлоди ҳукм суришди.