loader
Foto

Аврангзеб Оламгир

«У - адолатли халифалар давомчиси эди».

Шайх Али Тантовий

Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони Марказий Осиёда 300 йилдан ортик ҳукмронлик қилган (1526 - 1858-йй.) бобурийлар зурриёти ҳисобланади. Бу сулолага Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган. Бу император она томонидан монголлар хони Чингизхонга, отаси томонидан қудратли подшоҳ Амир Темурга бориб тақалади. (Ушбу шахс темурийлар сулоласининг асосчиси ҳисобланади).

Заҳириддин Бобурдан сўнг ҳукуматга ўғли Ҳумоюн келган. Сўнгра Ҳумоюн мирзо ҳукуматни Жалолиддин Акбарга топширади. Акбар даврида мамлакат юксалишни бошдан кечирган. Аммо яхлит тарихий давр нуқтаи назаридан, бобурийлар салтанати, Маҳатма Ганди таърифлаганидек, «бир миллат - икки эътиқод»дан иборат янги ҳинд давлатчилиги шаклланишидаги етакчи омиллардан бири бўлди. Шу боис Ҳиндистонда шаклан ва мазмунан «на ҳиндларники ва на мусулмонларники бўлган ҳинд-мусулмон маданияти тугал қарор топди».

Сўнгра тахтга Жаҳонгир мирзо келади. У ҳам отасининг йўлини давом эттиради. Ундан сўнг империяга унинг ўғли Шоҳжаҳон келади. Унинг ҳукмдорлик даври отаси ва бобосига қараганда, бироз фарқ қилган. У ўзининг ҳукмдорлик даврида португал салибчилари билан мувфаққиятли муҳорабалар олиб боради. Бу султон севикли ёри Мумтоз Маҳал шарафига Тожмаҳал мақбарасини бунёд этган. Бунинг учун 20 000 ишчи жалб қилган эди. Шу пайтда салибчилар ва сафавийлар ҳар тарафдан тахдид сола бошлайдилар. Ҳукумат кучсизлашиб, мамлакатга қарши исёнлар кўтарила бошлайди. Шоҳжаҳондан сўнг, унинг ўли Доро Шукуҳ ҳукуматга келади.

Ҳиндистонда Ислом қулаши арафасига келган бир пайтда...

Аллоҳ таоло бу умматнинг аҳволини ўзгартирувчи инсонларни ўзи юбориб қўяр экан. Бу воқеалардан бир неча йил аввал келиб чиқиши Умар ибн Хаттобга бориб тақалган ҳиндистонлик шайх Аҳмад Сархандий амирлар ва лашкарбошиларни Аллоҳ таолонинг ҳақ динига чақирган. Ундан сўнг ўғли Муҳаммад Маъсум Сарҳандий отасининг йўлини давом эттиради. Шайх Муҳаммад Маъсум бир неча йиллардан сўнг униб чиқувчи Ислом дарахтининг уруғини сочади ҳамда султон Шоҳжаҳоннинг фарзандини тарбиялай бошлайди. Унга ҳанафий мазкаби бўйича илм ўргатади. Бўлажак султон фиқҳ илми, араб, турк, форс тиллари ҳамда ҳусниҳатни ўрганади. Отда чопишни ўрганиб, кучли баҳодирлардан бўлиб етишади. Сўз қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир. Аврангзеб форс тилида «Тахт зийнати», Оламгир эса «Оламни забт этувчи» деган маънони англатади.

Ислом баҳодири Аврангзеб Оламгир Доро Шукуҳнинг ҳукуматига карши чиқиб, ўша пайтнинг ўзида мамлакатга қарши кўтарилган исёнларни бартараф қилган. Аврангзеб Оламгир ҳукумат тизгинини ўз кўлига олгандан сўнг, Ҳиндистондаги бу Ислом империяси 1658 - 1707 йиллар орасида муваффақият қозонди. Аврангзеб шахсияти ва давлатчилик фаолияти нисбатан ижобий баҳоланган. Аврангзеб Ҳиндистон ярим оролини Ислом байроғи остида бирлаштиради. Унинг даврида мусулмонлар 30 марта жанг қилиб, 11 мартасида султон Аврангзеб жангга ўзи қўмондонлик қилган. Кейинчалик Аврангзеб бошқарган империядан 8 ўлка ажралиб чиққан. Улар: Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Афғонистон, Эрон, Непал, Бутан ва Бирма (Мьянма).

Аврангзеб халкдан олинувчи солиқни бекор қилган. Унинг даврида масжидлар, мактаблар, шифохоналар ва ҳаммомлар бунёд этилиб, йўллар тузатилиб, сайил боғлар фойдаланишга топширилган. У пайтда Деҳли жаҳон марказига айланган. Қозихоналар ташкил этилиб, ҳар бир шаҳарга ҳукумат вакиллари қўйилган. Аврангзеб Исломда собит туриб, шариат ҳукмларига итоат этган. Султонни олдида ерни ўпиб, таъзим қилишни ман қилган. Султон билан саломлашишда ортиқча сўзлардан воз кечиб, Ислом саломи билан чекланишни амр қилган. Маст қилувчи ичимликларни шаҳарга олиб киришни тақиқлаган. Саройдаги ўнлаб мусиқачиларни йўқ қилган.

Султон Оламгир муқаддас Қуръони каримни қирқ ёшида тўлиқ ёд олган. Яъни султон бўлгандан сўнг тугатган. Қозиларга ҳанафий мазҳаби асосида ҳукм чиқаришни амр қилган. Унинг таклифига кўра, (Ҳанафий мазҳаби асосида) «Фатафа ал-Ҳиндия» ёки «Фатава ал-Оламги-рия» китоби ёзилган. Бу китобни ҳозирда ҳам толиби илмлар яхши биладилар. Аврангзеб шарофати билан ҳозирги Покистоннинг Лахор шаҳрига Бадшаҳи масжиди барпо этилган. У масжидда ҳозирги кунгача ибодат қилиб келинади. Султон Оламгир Ҳинд океанидаги португал салибчилари ҳаракатига барҳам берган. Муқаддас Рамазон ойида Ҳиндистоннинг офтобида пишган арпа унидан бўлган нон билан рўза тутар эди. У ўз қўли билан Қуръони каримни нусхаларга кўчирган. Ҳеч қачон мусулмонлар хазинасидан кун кўрмаган. Аврангзеб ҳар ҳафтада уч марта рўза тутишга одатланган эди. Намозни доим жамоат билан ўқиган. Таровиҳ намозларида мусулмонларга ўзи имом бўлар эди. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикофда ўтирган. Султон Аврангзеб Аллоҳга кўп ибодат қилиб, олимларни ҳурматини жойига қўйиб, улар билан кенгашиб турган ҳамда ўз вазирларини уларга қулоқ солишга буюрган. У Бангладешдаги ноибини тахтга ўхшаш ўриндиққа ўтирганидан хабар топиб, унга қаттиқ танбеҳ берди ва одамлар қандай ўтирса, шундай ўтиришини буюрган. Султон Аврангзеб аввалги подшолар каби одамлардан хадя олмаган. У ҳар куни ҳеч қандай қўриқчисиз халқ билан учрашиб уларни дардини эшитган. Ҳиндистоннинг барча ҳудудларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатини кенг тарғиб қилиб, бидъатларни тарк этишга ундаган. Аллоҳнинг динини етказишда, бир қанча муҳорабалар олиб борган. Шунингдек, у ҳинд подшолари билан мусулмонларга қарши иттифоқ тузган сафавийлар (шиалар) билан жанг қилган. Султон Оламгир ўз даврининг энг улуғ подшоҳи саналган. У нафақат Аллоҳ йўлида курашувчи баҳодир, балки шоир ва ёзувчи ҳамдир. Ислом ғалабаларини ўз ичига олган бир қанча шеърлар битган. Дунёга муҳаббат қўймаган, адолатли султон Оламгирни кўрган миллионлаб ҳиндлар Исломни қабул қилганлар. Унинг улуғ империясида азон товуши Ҳимолайдан тортиб Ҳинд океанининг соҳиллари ва Бангладешдан Тожикистонгача эшитилиб турган. Аврангзеб давлатнинг хавфсизлигини ўйлаб, ҳажга бора олмаган. Шундай бўлса ҳам Маккадага Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларига ўз қўли билан нусха кўчирган иккита Қуръон Китобини юборган. Ҳиндистон империясини оқил идрок ила бошқарган Аврангзеб 90 ёшга чиққанига қарамай, рўза тутиб, тунлари намозда қоим бўлар ҳамда халқини арзини эшитишдан эринмас эди.

1707 йили 20 февралда (ҳ. 1118 й. 28 зулқаъда) ярим асрдан ортиқ курашган Аврангзеб Оламгир умри ниҳоясига етганини англайди. У фарзандларига ўз қўли билан ип йигириб, бозорга яширин сотиб тўплаган пулига олган беш рупиялик кафанига ўраб кўмишларини васият қилган. Шунингдек, унга атаб мақбара қуришларини ман қилган. У ўлимидан сўнг бойликларини етим-есирларга тарқатишларини васият қилган. Фарзандлари отаси оламдан ўтгандан сўнг, борйўғи 300 рупияси бўлганлигига гувоҳ бўладилар. Бу - улуғ Ҳиндистон императорининг бойлиги. Шундай қилиб, Ислом ва мусулмонларга улкан хизмат қилган буюк шахс ёруғ олам билан видолашади. Шайх Али Тантовий бу улуғ мусулмон ҳақида шундай деган:

«У - адолатли халифалар давомчиси!».

Аллоҳ таоло Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгирни ўз раҳматига олиб, жаннатига дохил қилсин.

Ҳиндистондаги Ислом империясининг аҳволи нима бўлган?

Покистон Ислом Республикаси қандай ташкил топган?

Ҳинд экстремистларига қарши турган мусулмон баҳодири ким бўлган?

Бу ҳакда кейин ҳикоя қиламиз...

 

Ат-Турбонийнинг

"Ислом умматнинг 100 буюк шахси"китобидан