loader
Foto

Мусулмонлар таназзулининг учинчи ва энг даҳшатли ташқи омили - европанинг мустамлакачилик сиёсатидир

Юқоридаги сатрларда мусулмонларнинг таназзулига сабаб бўлган ташқи омиллар иккита бўлиб, улар салибчилар юриши ва мўғуллар истилоси экани ҳақида сўз юритилди. Энди эса мазкур таназзулнинг учинчи ва энг даҳшатли омили ҳақида қисқача сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

Мусулмон олами мустамлака асоратида

Европалик мустамлакачилар дунёни бўлиб олиш сиёсати жараёнида мусулмон оламини ҳам тақсимлаб олишди. Мустамлакачилар жуда усталик билан иш тутишар эди. Аввал Колумб, Васко да Гама, Магеллан каби «кашфиётчи»ларни юборишар ва улардан керакли маълумотларни олишарди. Кейин насроний миссионерларни юбориб, улардан ҳам керакли қўшимча маълумотларни олишар эди. Сўнг шарқшунослар ишга тушар эди. Барча зарур тайёргарликлар кўриб бўлинганидан кейингина асосий кучлар ишга тушарди.

Дастлаб Португалия баъзи мусулмон ўлкаларга ҳужум бошлади. Шундан сўнг 1881 йилда Франция Тунисни, 1882 йилда Англия Миср ва Суданни, 1895 йилда Италия Сомалини, 1910 йилда Италия Ливияни босиб олди. Шу тарзда мусулмон оламининг барча диёрлари мустамлакачилар асорати остида қолди. Европа давлатлари ўзининг мустамлакачилик сиёсатини қай тарзда амалга оширганини мусулмон оламидаги йирик мамлакатлардан бири Миср мисолида қисқача эслаб ўтайлик.

Маълумки, Миср турли сабабларга кўра Франция ва Англия мустамлакачилари ўртасида талаш бўлган. Аввал мамлакатга Наполеон бошчилигидаги фаранглар бостириб қелган.У Искандарияни босиб олгач, мисрликларга нома юборган. Бузуқ араб тилидаги бу нома қуйидагича бошланган эди:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Лаа алааҳа иллаллоҳу. Лаа валада лаҳу ва лаа шарийка лаҳу фий мулкиҳи. Франсовийлардан (яъни фаранглардан), ҳуррият ва тенглик асосида бино қилинганлардан. Катта аскарнинг сирри ва франсовий лашкарларнинг амири Бонапартдан...»

Шундан сўнг Наполеон Миср халқини алдаш учун нима хоҳласа, шуни айтган. Фаранглар ҳам мухлис мусулмонлар экани, усмоний султонларни яхши кўриши ва бошқа саф-саталар келтирилган.

Наполеон билан бирга Мисрга илмий гуруҳлар келган, матбаачилик дастгоҳлари олиб келинган. Бироқ босқинчилар ўзлари билан бирга фоҳиша аёлларни ҳам олиб келишган. Матбаа дастгоҳлари Қуръони Каримни чоп қилиш учун олиб келингани айтилган бўлса ҳам, у билан Қуръони Карим таълимотларини бузиш учун худосизлик таълимотлари чоп қилиб тарқатилган.

Илмий гуруҳ Мисрнинг осори атиқаларини ўрганиш учун келгани эълон қилинган бўлса ҳам, аслида улар мисрликларнинг асл маданияти Исломга эмас, фиръавнга боғлиқлигини исбот этишга уринишган ҳамда мамлакатдаги тарихий асарларни ўғирлаб кетишга хизмат қилишган.

Фоҳишаларнинг «қолоқ» халқларга янги «маданият»ни тарқатиш учун келгани эълон қилинган. Улар кўчама-кўча юриб, мисрлик эркакларни зинога чорлаш, аёлларни эса ўзларидан ўрнак олишга қизиқтириш хизматини бажаришган.

Наполеондан бошқа мустамлакачилар ҳам худди шу йўлни тутишган, Мисрдан бошқа мустамлакаларда ҳам у қилган бузғунчиликлар амалга оширилган.

Усмонийлар давлати ўзига қарши чиққанларни жазолаш учун одатда Муҳаммад Алийни юборар эди. У 1805 йилда Мисрга волий қилиб тайинланди. Фаранглар Муҳаммад Алийни қучоқ очиб кутиб олишди, унга кучли лашкар тузиб беришди, ўша вақтнинг тараққий этган қуролларини беришди, ҳатто денгиз флоти ҳам ташкил қилиб беришди. Хуллас, Францияга қарши чиққанларга қақшатқич зарба бериш учун керакли барча шароитларни яратиб беришди. Ўз навбатида Муҳаммад Алий ҳам мусулмонларни Исломдан узоқлаштириш учун нима керак бўлса, барчасини амалга ошириб, фарангларга ихлос билан хизмат қилди.

Муҳаммад Алийнинг Ғарб олдидаги энг «улуғ» хизматларидан бири ёшларни Францияга ўқишга юбориш бўлди. Шу тариқа аҳолининг етакчиларини ғарбийлаштириш ишига асос солинди. Мустамлакачиларнинг барчаси мустамлака халқларнинг ўзлигини йўқотиш, уларни ўзига қул қилиб олиш учун шундай қилишган.

Хар бир мустамлакачининг ўз Муҳаммад Алийси бўлган. Улар мустамлакачи нима деса, шуни ихлос билан амалга оширган. Муҳаммад Алийнинг ўғиллари ҳам мустамлакачиларга малай бўлишди. Улардан бири - Исмоил мақсадини очиқ-ойдин баён қилиб, «Мисрни Европанинг бир парчасига айлантиришни истайман», деган.

Миср Британия мустамлакаси остида

Фаранглар Мисрдан чиқиб кетгач, 1882 йилда давлатни Британия мустамлака қилиб олди. Мисрни мусулмонликдан чиқариб, ғарбийлаштириш энди британча усулда давом этди. Британия Францияга душман бўлса ҳам, умумий мақсад муштарак бўлгани учун фаранг миссионерларининг мактаб ва институтларига тегмади.

Инглизлар фарангларга ўхшаб ортиқча шовқинсурон кўтаришмади, балки зимдан иш олиб боришди. Англиянинг Мисрдаги биринчи ҳокими лорд Кромер (Ивлин Бэринг,1841 - 1917): «Илоҳий иноят ушбу юртдан устун қилган оқ танлиларнинг вазифаси имкон борича масиҳий тамаддунни собит қилишдир», деган эди. Миссионерлар унинг баъзи ҳаракатлари устидан Британия ҳукуматига шикоят қилишганда, уларга мусулмонларни чўчитиб юбормайдиган тарзда ишлашни таклиф қилган эди.

Лорд Кромер Миср таълим вазирлигига роҳиб Дуглас Данлопни (Dougles duplop) маслаҳатчи қилиб қўйди. У эса динни ўргатмайдиган диний таълим муассасаларини очиб, давлат ташкилотларига фақат шу муассасаларнинг битирувчиларини олиш ҳақида қарор чиқарди. Улар тўрт йилгина юзаки таълим олган бўлсалар ҳам, ҳаммадан кўп маош олишар эди. Шу тарзда исломий илмларга, айниқса, араб тилига қарши махфий қатағон олиб борилди. Таълим дастурига киритилган тарих, жуғрофия ва бошқа фанлар ҳам том маънода арабчадан инглизчага ўтказилди. Мисрликлар инглизлар истаган нарсанигина ўрганишлари заруратга айланиб қолди. Худди таълим вазирлигида бўлгани каби, бошқа барча вазирликларда ҳам мустамлакачилар нимани истаса, ўша нарса амалга ошадиган бўлди.

Бошқача қилиб айтганда, мустамлакачиликнинг асосий «унсурлари» (таркибий қисмлари): ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, маданий, руҳий (психологик) ва бошқа жиҳатлар мустамлакачилар истагандек юзага чиқарилди. Мустамлакачиликнинг мақсадига мос равишда маҳаллий халқларни ҳарбий, иқтисодий, маданий ва руҳий йўл билан эзиб, динидан, тилидан, ўз номидан ва миллий ўзлигидан воз кечишгача олиб бориш йўлида барча чоралар кўрилди.

Мустамлакачиликнинг мустамлака халқларга таъсири ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун иқтисодий ҳолатни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя қилса керак. 1920 йилда Мисрнинг ерлик аҳолиси 16 миллион киши бўлиб, ажнабийлар 225 минг кишинигина ташкил этар эди. Аммо Мисрнинг умумий бойлигининг 53 фоизи ўша оз сонли чет элликларнинг қўлида бўлган.

Бундай ҳолат ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ҳам кузатилган. Мустамлакачилар ерлик халқлар ҳаётнинг барча соҳаларида уларга қарам бўлиши учун барча чоратадбирларни кўрганлар.

Бундай золим сиёсатнинг оқибатлари тезда намоён бўлди. Мисрда араб тилини билмайдиган, лекин инглизчани яхши биладиган, арабча кийимдан ҳазар қиладиган, лекин инглизча кийим билан фахрланадиган, ўз тарихини билмайдиган, лекин Англия тарихини сув қилиб ичиб юборган, сурати араб, моҳияти инглиз бир қатлам пайдо бўлди. Улар салибчи ва Мўғул босқинчилардан куч жиҳатидан енгилсада, ақийдаси, миллий ғурури билан ғолиб келган аждодларнинг мутлақо акси эдилар. Улар ўз миллатига хос барча нарсадан жирканиб, бегоналарга хос бўлган нарсаларга ҳавас қиладиган, бу билан фахрланадиган қатлам эди.

Узоқ давом этган мустамлакачилик сиёсатининг натижаси ўлароқ, Мисрнинг барча табиий бойликлари талаб тугатилди, мустамлакачиларни қизиқтирадиган нарсалар оз қолди. Мисрликлар ичида инглизларга ихлос билан, сидқидилдан хизмат қиладиган шоввозлар етарлича етишиб чиқди.

Миллий озодлик ҳаракатлари

Иккинчи жаҳон уруши бутун дунёда миллий озодлик ҳаракатларининг авж олишига сабаб бўлди. Мустамлака давлатлар бирин-кетин озод бўла бошладилар. Энг қизиғи, миллий озодлик ҳаракатларига мустамлакачиларга яқин доиралар раҳбарлик қилар эди. Миллий озодлик ҳаракатининг раҳнамолари кўпроқ коммунистлар ёки миллатчилар эди.Барча давлатлар ана шундай йўллар билан озодликка эриша бошладилар. Бундай давлатларда европача маданиятга яқин кишилар ҳокимиятни қўлга олишди. Жумладан, Мисрда ҳам шундай бўлди. Миллий озодлик ҳаракати раҳбариятига Саъд Зағлул ва шунга ўхшаш «муносиб» одамлар топилди. Уларга нима дейиш, нима қилиш яхшилаб тушунтирилди. Улар халқни босқинчиларни юртдан ҳайдаб чиқаришга чақирдилар. Орадан кўп ўтмай, Саъд Зағлул ҳибсга олинди. Ҳамманинг эътибори унга қаратилди. Унинг «адабини бериб қўйиш», жазолаш учун «сургун» қилинди. Натижада у бир неча йилдан сўнг «халқ қаҳрамони» сифатида сургундан қайтиб келиб, миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қила бошлади. Одамлар Саъд Зағлул нима деса, шуни қабул қилишга тайёрлаб қўйилган эди. Ҳеч ким унинг диний ва ахлоқий жиҳатдан расволикларига эътибор бермас эди. Кимдир мазкур айблардан бирортасини эслаб қолса, унга узрни тушунтирадиган мингта одам тайёр эди.

Шу тариқа Мисрда ҳам, бошқа собиқ мустамлакаларда ҳам озодлик ҳаракати бир хил сценарий асосида олиб борилди. Аввалига халқ озодлиги ҳаракатига мустамлакачиларга ҳар томонлама мос келадиган кимсалар раҳнамо бўлиб олар, шундан сўнг босқинчилар юртдан қувиб чиқарилар эди. Энди орзуимиз ушалди, деб қувонган халқ бу раҳнамоларни ўзига раҳбар деб билар, улар эса янги мустақил давлат низомини Франция ёки Англия конституцияси андозасида ташкил қилишар эди.

Айни пайтда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳақиқий ватанпарвар раҳбарлар она Ватани, ўз халқи, эл-юрти учун улкан хизматларни қилдилар ва қилиб келмокдалар. Кўпчилик мусулмон давлатлар мустақилликка эришгач, ҳаётнинг барча соҳаларида сезиларли тараққиётга эришмоқда ва бу жараён изчиллик билан давом этмоқда.Аввало, мусулмонларнинг ўзлари аста-секин Исломни англашга, шариатга амал қилган ҳолда яшашга ўтмокдалар. Кўплаб ғайримусулмонлар ҳам Ислом дини ҳақида маълум бир илмга эга бўлмоқдалар, унинг ҳақ дин эканини тушуниб, унга кирмокдалар. Ҳеч бўлмаганда, улардаги Исломга қарши душманлик руҳи камайиб бормоқда. Буларнинг барчаси яхшилик аломатларидир.

Аммо ўтган милодий асрнинг охирги чораги ва янги милодий асрнинг аввалидан ҳозиргача давом этиб келаётган террор деб номланган ҳаракат Исломга жуда катта салбий таъсир ўтказди. Мусулмонлар олдида яна ҳам катта масъулият - ушбу тўсиқни енгиш, Исломни тинч йўл билан керагича ўрганиш ва бошқаларга ҳам танитиш масъулияти, вазифаси пайдо бўлди. Агар ер юзидаги барча мусулмонлар ушбу вазифани адо этишга астойдил бел боғласалар, аста-секин барча ишлар ўз ўрнига тушиши ва кўпчилик Исломнинг хайротларидан манфаат олишида шубҳа йўқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

"Олам ва одам, дин ва илм"китобидан