loader
Foto

Алишер Навоийнинг укаси - Дарвиш Алибек

Дарвиш Алибек - Алишер Навоийнинг укаси. Манбаларда Дарвишалибек Китобдор, Амир Дарвишали, Низомиддин Дарвишали сингари номлар билан тилга олинади. Аввал китобдор бўлиб хизмат қилган. Бир оз вақт ўтгандан сўнг Султон Ҳусайн уни муҳрдор этиб тайинлаган (бу воқеага “Дарвишали муҳр зад” деб таърих айтилган, милодий 1480-81-й.га тўғри келади). Кейин бек бўлган, маълум муддат улуғ беклар сирасида ҳам турган. Балх вилоятига ҳоким этиб тайинланган. Маждиддиннинг Алишер Навоийга қарши фитналаридан норози бўлиб, бош кўтарган. Алишер Навоий ва унинг дўстларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Дарвишали афв этилиб, яна Султон Ҳусайнга итоатда давом этган. Бироқ бу воқеада Дарвишалини Ҳисор ҳокими Султон Маҳмуд Мирзо қўллаб-қувватлагани учун Султон Ҳусайн Қундуз ва Ҳисор вилоятларига юриши чоғида (1490 й.) уни Балх ҳокимлигидан бўшатиб ҳибсга олган. Маълум муддатдан сўнг Дарвишали озод қилинган ва яна Султон Ҳусайн беклари сафида фаолиятини давом эттирган.

Дарвишали акаси Алишер Навоий бошлиқ прогрессив кучларнинг сиёсий курашини қўллаб-қувватлаган. Мамлакатда тинчлик ўрнатиш, ўзаро феодал урушларга барҳам бериш борасида саъй-ҳаракат қилган. 1498 й. Машҳадда ҳоким бўлиб турган Кепак Мирзо отаси Султон Ҳусайнга қарши исён кўтарганда Кепак Мирзо билан музокаралар олиб бориб, ҳар икки томон учун мақбул бўлган шартлар асосида сулҳ тузилишига эришган.

Алишер Навоий вафотидан сўнг Дарвишали истеъфога чиқиб, Балх вилоятига қарашли Файзобод қишлоғида яшаган. 1503 й. Шайбонийхон Балхга ҳужум қилганда Дарвишали Шайбонийлар билан Темурийлар ўртасида элчилик қилган.

1512 й. Бобур Самарқандни олганда Дарвишали у билан бирга бўлган, аммо кейинги такдири маълум эмас.