loader
Foto

Бобурнома (1)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари

Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, поккўнгил чаҳорёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, саккиз юз тўқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим.

Фарғона вилояти бешинчи иқлим-дадир. Шарқи Кошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг чегараси — тоғлар, шимолида илгарилар Олмолиқ, Олмоту ва Янги сингари шаҳарлар бўлган экан, уни китобларда Ўтрор деб ёзадилар, мўғул ва ўзбаклар юришлари туфайли ҳозирги пайтда бузилиб кетган, асло ободонлик асари қолмаган.

Кичик вилоятдир, ғалла ва меваси фаровон. Теварак-атрофи тоғлар билан ўралган. Ғарбий тарафида, яъни Самарқанд ва Хўжанд томонида тоғ йўқ. Ушбу ёқдан бошқа ҳеч бир томондан қишда душман кела олмас. Сайҳун дарёси Хўжанд суви номида машҳур, у шарқу шимол тарафдан келиб, вилоятнинг ичи билан ўтиб, ғарб сари оқади; Хўжанднинг шимоли ва Фанокатнинг(ҳозир Шоҳрухия сифатида машҳур) жанубий тарафидан ўтиб, яна шимолга бурилиб, Туркистон сари боради. Туркистондан анча қуйироқда бу даре бутунлай қумга сингиб кетади, биронта дарёга қўшилмайди.

Етти қасабаси (шаҳарчаси) бор: беши Сайҳун (Сирдарё) сувининг жануб тарафида, иккитаси шимол томонида. Жанубий тарафидаги шаҳарлардан бири — Андижон, ўртада жойлашган, Фарғона вилоятининг пойтахтидир. Ғалласи мўл, меваси кўп, қовун ва узуми яхши бўлади. Қовун пишиғида полиз бошида қовун сотмоқ раем эмас. Андижоннинг ношвотисидан яхшироқ ношвоти(нок) бўлмас.

Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш (Шаҳрисабз) қўрғонидан кейин бундан каттароқ қўрғон йўқ. Уч дарвозаси бор. Арки (подшоҳ саройи) жануб тарафида жойлашган. Шаҳарга тўққиз тарнов сув киради. Ажабки, бирор ердан ташқарига чиқмайди.

Қалъанинг теварак-атрофи — хандақ. Унинг ташқариси — тош тўкилган катта кўчадир. Қалъанинг атроф-айланаси тамоман маҳаллалар билан қуршалган. Бу маҳаллалар билан қалъа оралиғи хандақ ёқасидаги катта кўчадир.

Ов қушлари ҳам кўп бўлади. Қирғовули беҳад семиз бўлади. Шундай ривоят қиладиларки, бир қирғовул гўштини тўрт киши еб тугатолмаган.

Эли туркдир(ўзбекдир). Шаҳар аҳолиси ва бозорга келувчилардан туркийни билмайдиган киши йўқ. Элининг тили адабий тилга мувофиқ. Шунинг учун ҳам Мир Алишер Навоийнинг асарлари, гарчанд Ҳирий (Ҳирот)да шуҳрат қозонган бўлса-да, бу тил билан ёзилган.

Элининг орасида санъаткорлари кўп. Мусиқада машҳур Хожа Юсуф андижонликдир.

Ҳавосининг рутубати бор. Куз пайтлари халқ кўп безгакка чалинади.

Яна бири Ўш шаҳарчасидир. Андижоннинг шарққа мойилроқ шарқи жанубий тарафида. Андижондан тўрт йиғочлик йўлдир. Ҳавоси яхши, оқар суви мўл. Баҳори жуда яхши бўлади.

Ўшнинг фазилати ҳақида кўп овозалар бор. Қўрғонининг шарқи жанубида бир куркам тоғ қад ростлаган, Барокўҳ деб номланади. Бу тоғнинг чўққисида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солган. У ҳужрадан қуйироқда, ушбу тоғнинг тумшуғида тўққиз юз иккинчи йили (1497) мен бир айвонли ҳужра солдирдим. Гарчи у ҳужра юксакроқда бўлса-да, бу ҳужра ҳам кўп яхши жойда қад кўтарган: бутун шаҳар ва маҳаллалар шундайгина кўриниб туради.

Андижон сойи Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб боради. Бу сойнинг иккала томони ҳам боғлар билан обод. Боғлар шундайгина сойга туташиб кетган. Бинафшаси беҳад нафис бўлади. Оқар сувлари бор, баҳори жуда яхши бўлади. Кўп лола ва чечаклар очилади. Барокўҳ тоғининг этагида — шаҳар билан тоғ орасида бир масжид қад кўтарган, масжид и Жавзо номли. Тоғ тарафидан бир катта ариқ оқади. Ушбу мас-жиднинг ташқари саҳни нишаброқ, себаргалик, серсоя, сафолик майдондир. Ҳар мусофир ва ўткинчи ўша ерда истироҳат қилади. Ўш бебошларининг қалтис ҳазиллари буки: кимки у ерда ухласа, шу катта ариқдан унга сув сочадилар.

Умаршайх мирзо салтанатининг сўнгги пайтлари ушбу тоғдан қизил ва оқ товланадиган тош топилди: пичоқ дастаси, такбанд ва баъзи нарсалар қиладилар, анча яхши тошдир. Фарғона вилоятида ҳавоси тозаликда Ўш сингари шаҳар йўқ.

Яна бири Марғинондир. Андижоннинг ғарбида. Андижондан етти йиғочлик йўлда.

Яхши шаҳарча, неъматларга бой: анори ва ўриги жуда кўп ва яхши. Бир нав анори бўлади: йирикдона, дейдилар, чучуклигидан бироз ўрик ширинлигича таъми бор. Самнон анорларидан юқори қўйса бўлади. Яна бир нав ўрик бўладики, данагини олиб, ичига мағиз солиб қуритадилар, буни субҳоний дейдилар, кўп лазиздир.

Ов қушлари яхши, оқ кийик шаҳарга яқин жойда топилади. Эли сорт(тожик)-дир, мушти югурук ва сержанжал эл. Жангарилик Мовароуннаҳрда одатдир. Самарқанд ва Бухородаги номдор жангариларнинг аксари марғинонликдирлар.

„Ҳидоя" асари муаллифи Марғиноннинг Рушдон номли кентидандир.

Яна бири тоғ этагида жойлашган Исфарадир. Оқар сувлари, сафолик боғ-боғчалари бор. Марғиноннинг ғарби-жанубидадир. Марғинон ва Исфара ораси тўққиз йиғочлик йўлдир. Мевали дарахтлари кўп, бироқ бв^ларида аксар бодом дарахти экилади. Халқининг барчаси сорт,форсий сўзлашади. Исфарадан бир шаръий масофада жануб томонида тепаликлар орасида бир йирик тош бор, уни „Санги ойина"(кўзгу тош) дейдилар. Узунлиги тахминан ўн қари келади, баландлиги баъзи ери одам бўйи, баъзи ери пастлиги киши белигача бў-либ, ойнадек ҳар нима акс этади.

Исфара вилояти тоғ этагидаги тўрт бўлукдан иборат: бири Исфара, бири Ворух, яна бири Сўх, яна бири Ҳушёр.

Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон билан Олачахонга шикает бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олган пайтда ушбу Сўх билан Ҳушёр тоғ этакларига келиб, бир йилга яқин муддатни қийинчиликда ўтказиб, Кобулга томон йўлга тушдим.

Яна бири Хўжанддир, Андижондан ғарб томонга йигирма беш йиғочлик йўлда. Хўжанддан Самарқандга ҳам йигирма беш йиғочлик йўл. Қадимий шаҳарлардан. Шайх Муслиҳиддин ва Хожа Камол Хўжанддандирлар.

Меваси мўл ва жуда яхши бўлади. Анори машҳурдир. Чунки „Самарқанд олмаси" ва „Хўжанд анори" дейдилар. Бироқ бу тарихий санада Марғинон анори янада афзалдир.

Қўрғони баланд ерда жойлашган. Сайҳун суви шимол томонидан оқади. Даре қўрғондан бир ўқ отими масофададир. Қўрғон билан дарёнинг шимол тарафида бир тоғ тушган, Мевағул номли. Бу тогда феруза кони ва бошқа маъданли конлар топилади, дейишади. Бу тоғда илон кўп бўлади.

Хўжанднинг ҳайвон ва қуш овланадиган жойлари жуда қулай. Оқ кийик, буғумарал, қирғовул ва ёввойи қуён кўп бўлади. Ҳавоси жуда рутубатли: куз пайтлари безгак кўп тарқалади. Шундай ривоят қилдиларки, ҳатто чумчуқ ҳам безгакка чалинган экан. Ҳавосининг нохушлиги шимолдаги тоғ туфайли эмиш.

Бунга тобе мавзелардан бири Кандибодомдир. Шаҳар деб бўлмайди-ю, аммо яхшигина шаҳарчадир. Бодоми яхши бўлади. Бу жиҳатдан шу исм билан номланган. Ҳурмуз ва Ҳиндистонга кўпроқ шу ернинг бодоми боради. Хўжанддан беш-олти йиғоч шарқий тарафдадир. Хўжанд ва Кандибодом орасида Ҳодарвеш номли бир дашт бор. Бу даштда ҳамиша шамол эсади. Бундан шарқ томонда бўлган Марғинонга ҳам шу ернинг шамоли боради. Хўжанд бунинг ғарбида бўлиб, мудом бу ердан у ерга шамол эсади; қаттиқ шамоллари бор. Дерларки, бир неча дарвеш бу даштда қаттиқ шамолга йўлиқиб, бир-бирларини тополмай, „Ҳо, дарвеш!" „Ҳо, дарвеш!" дея-дея ҳалок бўлганлар. Ўшандан бери бу даштни Ҳодарвеш дейдилар.

Сайҳун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир. Китобларда Ахсикат деб ёзадилар. Чунончи, Асириддин шоирни Асириддини Ахсикатий дейдилар. Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ.

Ахси Андижондан ғарб сари тўққиз йиғочлик йўлда. Умаршайх мирзо буни пойтахт қилган эди. Сайҳун дарёси қўрғонининг пасти дан оқади. Қўрғони баланд жар устида жойлашган. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан яна жарлар қаздирди. Фарғонада бунчалик мустаҳкам қўрғон йўқ. Маҳаллалари қўрғондан бир шаръий йироқроқда жойлашган. „Қишлоқ қаердаю, дарахтлар қаерда?" мақолини афтидан Ахси учун айтганлар.

Қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунини „миртемурий" дейдилар, бундай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухородан қовун келтириб, бир ўтиришда сўйдирдим. Ахси қовунининг ҳеч мисли йўқ эди.

Овланадиган қушлари беҳад яхши бўлади. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги кўп бўлади. Андижон тарафи тўқай; буғу-марал, қир-ғовул ва ёввойи қуён кўп. Аксари жуда семиз бўлади.

Яна бири Косон. Ахсининг шимолида жойлашган кичикроқ шаҳарчадир. Андижонга сув Ўшдан келганидек, Ахсига сув Косондан келади. Ҳавоси яхши. Сафоли боғ-боғчалари бор. Бироқ сафоли боғ-чалари бутунлай сой ёқасида бўлгани учун уни олди барра терили пўстинга ўхшатадилар. Хушҳаволикда Ўш билан Косоннинг ўхшашлиги бор.

Фарғона вилоятининг атроф-теварагидаги тоғларда яхши яйловлар бор.

Тобулғу шу тоғларда бўлади, бошқа ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай бир бутасимон дарахтдирки, пусти қизил, ундан ҳасса, қамчи дастаси, қушларга қафас қиладилар; йўниб камон ўқи ясайдилар, анча яхши дарахтдир. Табаррук билиб йироқ юртларга олиб борадилар.

Баъзи китобларда „ябруҳ ус-санам" шу тоғлардадир, деб ёзганлар. Бироқ бу муддатгача ҳеч кўрмадик. Бир гиёҳни Еттикент тоғларида бўлади, дейишади, номи „айиқўти" эмиш; меҳригиёҳ хоси-ятли, афтидан ўша меҳригиёҳдир, у эл бу ном билан айтади.

Бу тоғларда феруза ва темир конлари бўлади. Фарғона вилоятининг ҳосили билан, агар адолат қилсалар, уч-тўрт минг кишилик лашкар сақласа бўлади.

Умаршайх мирзо олийҳиммат ва улуғ орзули подшоҳ бўлгани учун ҳамиша унда бошқа мамлакатларни эгаллаш истаги бор эди; бир неча маротаба Самарқанд устига лашкар тортди: баъзи маҳал шикаст топди, баъзи маҳал умиди амалга ошмай қайтди. Бир неча маротаба қайнотаси Юнусхонни(Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхон наслидан. Чиғатойхон юртида мўғул халқининг хони у пайтларда ўша эди. У менинг катта отам бўлади) илтимос қилиб келтирди. Ҳар гал чорлаганда вилоятлар берарди. Умаршайх мирзо кўнглидагидек бўлмагани учун гоҳо Умаршайх мирзонинг ёмон муносабатидан, гоҳо мўғул халқининг мухолифатидан вилоятда тура олмай, яна Мўғулистонга қайтиб кетар эди.

Охирги дафъа чақирган пайтида Тошкент вилояти Умаршайх мирзо тасарруфида эди (китобларда Шош, баъзан Чоч деб ёзадилар; „камони чочий" (Тошкент камони) ибораси шу туфайлидир, унга берди. Ўша фурсатдан тўққиз юз саккизинчи(1502) йилгача Тошкент ва Шоҳрухия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида бўлди. Бу фурсатда мўғул улусининг хон ва султонлиги Юнусхоннинг катта ўғли — менинг тоғам Султон Маҳмудхонда эди. Умаршайх мирзонинг оғаси Самарқанд подшоҳи Султон Ахмад мирзо ва мўғул улусининг хони Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзонинг емон муомаласидан безор бўлганликларидан бир-бирлари билан иттифок тузиб, Султон Аҳмад мирзо Султон Маҳмудхонни узига куёв қилиб, ўша йили Сайҳуннинг жануб томонидан Султон Ахмад мирзо ва шимол тарафидан Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзо устига лашкар тортдилар. Бу аснода ғалати воқеа юз берди. Зикр этилганидек, Ахси қўрғони баланд жар устида жойлашган, иморатлари ҳам жар ёқасида эди. Ушбу йили душанба куни, рамазон ойининг тўртинчисида Умаршайх мирзо жардан кабутарлар ва кабутархонаси билан учиб, ҳалок бўлди. Ўттиз тўққиз ёшда эди.



Таваллуди ва насл-насаби. Саккиз юз олтмишинчи (1455) йили Самарқандда туғилди. Султон Абусаид мирзонинг тўртинчи ўғли эди. Султон Аҳмад мирзо, Султон Муҳаммад мирзо, Султон Маҳмуд мирзодан кичик эди. Султон Абусаид мирзо Султон Муҳаммад мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учинчи ўғли эди. Умаршайх мирзо билан Жаҳонгир мирзодан кичик, Шоҳрух мирзодан катта эди.

Умаршайх мирзога бериб, Бобои Кобулийни бекота қилиб, жўнашга рухсат берганди. Мирзоларнинг суннат тўйи сабабли Дараи Газдан қайтариб, Самарқандга келтиртирди. Тўйдан сўнг, Темурбек катта Умаршайх мирзога Фарғона вилоятини берганидек, Султон Абусаид мирзо ҳам ўғли Умаршайх мирзога Андижон вилоятини бериб, Худойберди Туғчи Темуртошни бекота қилиб юборди.



Шакл-шамойили: паст бўйли, юмалоқ соқолли, сарғиш юз ли норғил киши эди. Тўнни роса тор кияр эди. Шунчаликки, белбоғ боғлаганда қорнини ичига тортиб боғлатар, боғлагандан сўнг ўзини қўйиб юборса кўпинча боғлари узилиб кетарди. Киймоқ ва емоқда бетакаллуф эди. Саллани дасторпеч (махсус салла ўрайдиган киши) ўраб қўярди. У замонда саллалар бутун тўртўрама бўларди. Текис чирмаб, учини осилтириб қўярдилар. Ёз пайтлари маҳкамадан бошқа ерларда аксар мўғулча бўрк киярди.



Феъл-атвори: ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди. Беш вакт намозни тарк қилмасди.   Умрий намоз цазоларини бутунлай тамомлаган эди. Аксар тиловат цилар эди. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳга мурид эди. Суҳбатларига кўп мушарраф бўлган, Хожа ҳам уни фарзанд дер эдилар.

Яхши саводи бор эди. „Хамсатайн" (Низомий Ганжавий ва Амир Хисрав Деҳлавий ,,Хамса"лари), достонлар ва тарихларни ўқир эди. Кўпинча „Шоҳнома" ўқир эди. Шеърий истеъдоди бор, бироқ шеър ёзишга қунт қилмасди.

Адолати шу даражада эдики, Андижоннинг шарқий тарафидаги тоғларнинг пастида Хитойдан келаётган минг қорамоллик карвонни шундай қор босдики, икки киши қутулиб қолди, холос. Хабар топиб, одамларини юбориб карвоннинг ҳамма нарсаларини йиғдирди. Ўша пайтда ворислари бўлмаганидан, эҳтиёт юзасидан сақлаб, бир-икки йилдан сўнг Самарқанд ва Хуросондан ворисларини суриштириб, топтириб келтириб, молларни эсон-омон топширди.

Ғоят саҳоватли эди. Хулқи ҳам саховатича бор эди. Хушхулқ, ҳазилкаш, гапга чечан ва ширинсўз киши эди. Шижоатли ва мардона киши эди.

Икки марота6а жангда ўзи барча йигитларидан ўзиб килич чоптди ва бир маротаба Ахси дарвозасида, яна бир маротаба Шоҳрухия дарвозасида. Ўқни ўртача чоғлиқ отар эди. Мушти жуда қаттиқ эди, унинг муштидан йиқилмаган йигит йўқдир. Юрт олиш дағдағаси туфайли анча ярашлар урушга ва дўстликлар душманликка айланарди.

Авваллари кўп ичарди, кейинчалик ҳафтада бир ёки икки марта ичадиган бўлди; хушсуҳбат киши эди. Бирор баҳона билан хўб шеърлар ўқирди. Кейинги пайтлари кўпроқ маъжун истеъмол қиларди. Маъжунийликда қалтис ҳаракатларга йўл қўяр, ҳазил-шўхликка ўч, ҳамиша нард ўйнар, гоҳо қимор ҳам ўйнарди.



Жанг ва урушлари. Уч маротаба саф тортиб уруш қилган. Аввал Юнусхон билан Андижоннинг шимол тарафи — Сайҳун дарёсининг ёқасидаги Такасекретку деган ерда. Бундай номланишининг боиси шуки, тоғ этаги бўлганидан бу ерда дарё шундай тор жойдан оқадики, ривоят қилишларича, у ердан така сакраб ўтган экан. Мағлуб бўлиб, қўлга тушди. Юнусхон яхшилик қилиб вилоятига рухсат берди. Бу ерда уруш бўлгани учун „Така-секретку уруши" ул вилоят тарихида қолгандир.

Яна Самарқанд туманларини талон-торож этиб келаётган ўзбаклар билан Туркистонда музлаган Арис сувини кечиб жанг қилиб, ғалаба қозонди; асирларни озод қилиб, молнинг ҳаммасини эгаларига қайтариб бериб, ҳеч нима тамаъ қилмади.

Яна бир марта Султон Аҳмад мирзо билан Шоҳрухия ва Ўратепа орасида, Хавос деган кентда урушиб енгилди.



Вилоятлари. Отаси Фарғона вилоятини берган эди. Бир неча маротаба Тошкент ва Сайрам ҳам мирзонинг тасарруфида бўлди. Бу шаҳарларни унга акаси Султон Аҳмад мирзо берган эди. Шоҳрухияни фириб билан олиб, анча вақт фойдаланиб турди. Охирги чоғларда Тошкент ва Шоҳрухияни қўлдан чиқарган эди. Фарғона, Хўжанд ва Ўратепагина қолди. Ўратепанинг асл номини китобларда Усрушнадир, Усруш деб ҳам ёзадилар. Хўжандни баъзилар Фарғонага кирмайди, дейди.

Султон Аҳмад мирзо Тошкентга мўғуллар устига лашкар тортиб, Тошкентдан икки шаръий йўл наридаги Чир (Чирчиқ) сувининг ёқасида шикаст топди; Ўратепа Ҳофизбек дўлдой қўлида эди, Умаршайх мирзога берди. Ўшандан кейин Ўратепа Умаршайх мирзо тасарруфида бўлди.



Авлоди: мирзодан уч ўғил, беш қиз қолди. Бари ўғлонларидан каттаси мен— Заҳириддин Муҳаммад Бобурман. Менинг онам — Қутлуғ Нигорхоним. Яна бир ўғли Жаҳонгир мирзо мендан икки ёш кичик эди. Унинг онаси Фотима Султон мўғулнинг туман бекларидан бирининг қизи эди. Яна бир ўғли Носир мирзо бўлиб, унинг онаси андижонлик Умид исмли ғунчачи эди; у мендан тўрт ёш кичик эди.

Қизларидан каттаси Хонзодабегим мен билан бир онадан туғилганди, у мендан беш ёш катта эди. Мен Самарқандни иккинчи марта олганимда Шайбонийхондек киши билан Сарипулда чиқиб урушдим, имкон борича ғайрат ва шижоатда хато қилмадик (ҳали ўз вақтида бу ҳақда ёзилур), бироқ енгилиб, беш ой қалъадорлик қилдим. Қалъани сақлаш, уни мустаҳкамлаш ва сардорликда камчиликка йўл қўймадик.

Теварак-атрофдаги подшоҳу беклар ҳеч қандай мадад-кўмак бермадилар, руҳим тушиб, шаҳарни ташлаб чиқдим.

Ўша таҳликали тўполонда Хонзодабегим Муҳаммад Шайбонийхон қўлига тушганди. Бир ўғил курган эди. Исми Хуррамшоҳ, яхши ўғлон эди. Шайбонийхон унга Балх вилоятини берган эди. Отаси ўлгандан кейин бир-икки йил ўтгач, вафот этди. Шоҳ Исмоил ўзбак (шайбонийлар)ни Марвда мағлуб этганда Хонзодабегим Марвда эди. Менинг ҳурматим туфайли, у ердан узатдилар, Қундузда менга келиб қўшилди. Жудолик муддатига ўн йил бўлган эди. Мен ва Муҳаммадий кўкалдош икковимиз келдик, бегим ва бегимнинг ёнидагилар танимадилар. Исмимни айтганимда ҳам анча муддатдан сўнг танидилар.

Яна бир қизи Меҳрбонубегим эди. Носир мирзо билан бир онадан туғилган, мендан икки ёш катта эди.

Яна бир қизи Шаҳрбонубегим эди. У ҳам Носир мирзо билан бир туғишган бўлиб, мендан саккиз ёш кичик эди.

Яна бир қизи Ёдгор Султонбегим эди, унинг онаси Оға Султон исмли ғунчачи эди.

Яна бир қизи Руқия Султонбегимнинг онаси Махдум Султонбегим эди, уни Қоракўзбегим дердилар. Бу иккови мирзонинг вафотидан сўнг туғилдилар. Ёдгор Султонбегимни менинг улуғ онам Эсон Давлатбегим асраган эди. Шайбонийхон Андижон ва Ахсини олганда Ёдгор Султонбегим Ҳамза Султоннинг Абдуллатиф Султон исмли ўғлига тушган эди. Мен Ҳамза Султон бошлиқ султонларни Хатлон вилоятида босиб, Ҳисорни олганимда менга қўшилди. Ўша талотўп пайтида Руқия Султонбегим Жонибек Султонга тушганди, бир-икки ўғилли бўлди, бироқ болалари турмади. Яқинда хабар келдики, тангри раҳматига борибди.

Хотинлари ва канизлари: Қутлуғ Нигорхоним, Юнусхоннинг иккинчи қизи, Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхоннинг эгачиси эди.

Юнусхон Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатой наслидандир. Юнусхон ибн Вайсхон ибн Шерали ўғлон ибн Муҳам-мадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхон ибн Эсан Буғахон ибн Дўвахон ибн Бароқхон ибн Йесун Тува ибн Мўтугон ибн Чиғатойхон ибн Чингизхон.

Шунчалик тўхталдик, энди хонларнинг аҳволини ҳам қисқача зикр этайлик. Юнусхон ва Эсан Бўғахон Вайсхоннинг ўғлонлари эди. Юнусхоннинг ўғлонлари Офоқхон ва Жонбобохон эди. Юнусхоннинг онаси Темурбек (Амир Темур) қадрлаган туркистонлик қипчоқ бекларидан Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё невараси бўлади.

Вайсхоннинг ўлимидан сўнг мўғул улуси иккига бўлинади. Бир бўлаги Юнусхон томон ва кўпроғи Эсан Бўғахон томон бўлади. Улуғбек мирзо бурунроқ Юнусхоннинг эгачисини Абдулазиз мирзога олиб берган эди. Шу муносабат билан Борин туман бекларидан Эрзан, Чарос туман бекларидан Мирак туркман Юнус-хонни уч-тўрт минг уйли мўғул улуси билан Улуғбек мирзога келтирдилар. Мақсадлари кўмак олиб, яна мўғул улусини эгаллаш эди; мирзо мурувват қилмади, баъзисини асир қилди: баъзиларини бирин-сирин вилоятларга тарқатди. Эрзан таназзули мўғул улусида бир тарих бўлиб қолган.

Юнусхонни Ироқ сари ўтказиб юбордилар. Бориб бир йилдан ортиқроқ Табризда турди. У маҳалда Табриз подшоҳи Жаҳоншоҳ Вороний қорақўйлуқ эди. У ердан Шерозга келди. Шерозда Шоҳрух мирзонинг иккинчи ўғли Иброҳим Султон мирзо эди. Беш-олти ойдан сўнг Иброҳим мирзо ўлиб, ўғли Абдуллоҳ унинг ўрнига ўтирди. Абдуллоҳ мирзога хон навкар эди, мулозамат қилар эди. Ўн етти-ўн саккиз йил хон Шероз ва бошқа вилоятларда турди.

Улуғбек мирзо ва ўғилларининг ғавғоси пайтида Эсан Бўғахон фурсатдан фойдаланиб Фарғона вилоятини Кандибодомгача босиб, Андижонни олиб, элини батамом асир қилди.

Султон Абусаид мирзо тахтни қўлга киритгач, лашкар тортиб бориб Янги шаҳридан наридаги Исфарада, Мўғулистонда Эсан Бўғахонни тор-мор қилди. Унинг фитнасини даф этиш учун Абусаид мирзо илгари Абдулазиз мирзо олган эгачиси хонимни олиб, Юнусхонни шу муносабат билан Ироқ ва Хуросондан чорлаб, тўйлар қилиб, дуст бўлиб, мўғул улусига хон қилиб юборди. Сағрийчи туман бекларининг барчаси бу пайтда Эсон Бўғахонни ёмонлаб, Мўғулистонга келгандилар. Юнусхон уларга қўшилди. Бу пайтда сағрийчи бекларнинг улуғи Шер Ҳожибек эди. Юнусхон унинг қизи Эсон Давлатбегимга уйланди. Мўғул урф-одатига кўра, Юнусхонни ва Эсон Давлатбегимни бир оқ кигиз устига ўтирғизиб, уни хон қилиб кўтардилар.



Хон Эсон Давлатбегимдан уч қиз кўрди. Ҳаммасидан каттаси Меҳр Нигорхоним эдики, уни Султон Абусаид мирзо катта ўғли Султон Аҳмад мирзога олиб берган эди. Мирзодан бирорта ўғил ёки қиз бўлмади. Самарқандни ўзбаклар олганда Меҳр Нигорхоним Шайбонийхон қўлига тушди. Мен Кобулдалигимда Шоҳбегим билан Самарқанддан Хуросонга, Хуросондан Қобулга келди. Шайбонийхон Қандаҳорда Носир мирзони қамал қилганда, мен Ламғонга йўл олдим. Хон мирзо ва Шоҳбегим ҳамда Меҳр Нигорхон Бадахшонга кетдилар. Мирзохонни Муборакшоҳ Зафар қалъасига чорлаганда Абобакр Кошғарийнинг ҳужумига йўлиқиб, Шоҳбегим ва Меҳр Нигорхоним ҳамда жами элнинг аҳли ва аёли асирликка тушиб, у золим бадкирдор қамоғида ҳаётдан кўз юмдилар.

Иккинчи қизи менинг волидам Қутлуғ Нигорхоним эди. Аксар ҳарбий сафарлар ва саргардонликларда мен билан бирга эди. Кобулни олганимдан сўнг беш-олти ой ўтиб, тўққиз юзу ўн биринчи (1505) йили тангри раҳматига борди.

Учинчи қизи Хўб Нигорхоним эди, Муҳаммад Ҳусайн кўрагон дуғлатга берган эдилар; бир қизи, бир ўғли бор эди. Қизини Убайдхон олган эди. Мен Бухоро ва Самарқандни олганимда шаҳардан чиқмай қолган эди. Амакиси Саййид Муҳаммад мирзо Самарқандга Султон Саидхондан элчиликка келганда, унга қўшилиб кетди. Султон Саидхон унга уйланди. Ўғли Ҳайдар мирзо эди. Отасини ўзбаклар ўлдиргандан сўнг келиб, менинг хизматимда уч-тўрт йил туриб, сўнгра ижозат сўраб, Кошғарга, хон қошига кетди.

Воз гардад ба асли худ ҳама чиз,

Зари софию нуқрау арзиз.

(Таржимаси:

Ҳаммаси аслига қайтар муқаррар,

Хоҳ қўрғошин, хоҳ кумуш, хоҳ тоза зар.)

Дейдиларки, ҳозирги пайтда ичишни ташлаб, яхши йўлга кирибди. Хат ва расм, ўқ ва пайкон ҳамда зеҳгирга (камондан ўқ узишда бармоққа кийиладиган ўймоқсимон нарса) — ҳар нарсага қўли келади. Шеърий истеъдоди ҳам бордир. Менга мактуби келган эди, услуби ҳам ёмон эмас.

Хоннинг яна бир хотини Шоҳбегим эди, бошқа хотинлари ҳам бор эди, бироқ ўғил ва қизларининг оналари шу иккиси эди.

Шоҳбегим Бадахшон шоҳи Шоҳ Султон Муҳаммаднинг қизи эди. Бадахшон шоҳлари ўз насабларини Искандари Файлақусга (македониялик Александр) боғлашади, дейдилар. Бу шоҳнинг яна бир қизини, Шоҳбегимнинг эгачисини Султон Абусаид мирзо олган эди. Ундан Абобакр мирзо бино бўлган эди.

Хоннинг Шоҳбегимдан икки ўғил ва икки қизи бор эди. Бу ўғиллардан каттаси ва қизлардан кичик Султон Маҳмудхон эди. Самарқанд ва ўз туманларида баъзилар уни Хоникахон дейдилар. Султон Маҳмудхондан кичиги Султон Аҳмадхон бўлиб, Олачахон исми билан машҳур. Олачахон деб аталишининг сабаби шундаки, айтишларича, қалмоқ ва мўғул тилида қотилни „олачи", дейдилар. Қалмоқларни бир неча марта босиб, кўплаб одамларини қиргани учун „Олачи" дейилавериб, истеъмолда Олача аталиб кетган.

Ҳали тегишли ўринларда хонларнинг зикри такроран муфассал келтирилади. Воқеалар ва ҳолатлари ўшанда е'зилади.

Бошқаларидан кичик, бир қиздан каттаси Султон Нигорхоним эдики, уни Султон Маҳмуд мирзога чиқаришган эдил ар. Мирзодан бир ўғил туғилганди. Исми Султон Вайс, бу ҳақда ҳали яна сўз юритилади. Султон Маҳмуд мирзо ўлгандан сўнг Султон Нигорхоним ўғлини олиб, ҳеч кимга хабар қилмай, Тошкандга оғалари олдига борган эди. Бир неча йилдан сўнг уни Чингизхоннинг катта ўғли Жўжи наслидан бўлган қозоқ султонларидан Адик Султонга бердилар. Шайбонийхон хонларни енгиб, Тошканд ва Шоҳрухияни эгаллаганда Султон Нигорхоним ўн икки мўғул навкари билан қочиб, Адик Султон ёнига борди. Адик Султондан икки қизли бўлди, улардан бирини Шайбонийхоннинг султонларига, яна бирини Султон Саидхоннинг ўғли Рашид Сул тонга берди.

Адик Султондан сўнг Султон Нигорхонимни қозоқ улусининг хони Қосимхон олди. Дейдиларки, қозоқ хон ва султонларининг орасида ҳеч ким бу улусни Қосимхончалик забт қилган эмас. Лашкари уч юз мингга яқин ҳисобланарди. Қосимхон ўлгандан сўнг хоним Кошғарга Султон Саидхон Қошига борди.

Энг кичиги Давлат Султонхоним эди. Тошкандни шайбонийлар эгаллаганда Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султонга тушган эди, ундан бир қизи бор эди. Самарқанддан мен билан бирга чиққан эди. Уч-тўрт йил Бадахшон вилоятида бўлди. Ундан сўнг Кошғарга Султон Саидхон қошига кетди.

Умаршайх мирзонинг ҳарамларидан яна бири Хожа Ҳусайнбекнинг қизи Улус оға эди, унинг ҳам бир қизи бор эди, гўдаклигида ўлди. Бир йил-бир ярим йилдан сўнг уни ҳарамдан чиқардилар.

Яна бири Фотйма Султон оға бўлиб, мўғул туман беклари авлодидан эди. Мирзо ҳаммасидан аввал щу Фотима Султон оғани олган эди.

Яна бири Қоракўзбегим бўлиб, унга кейинчалик уйланган, анча суюкли эди. Қоракўзбегим мирзога ёқиш учун ўз насл-насабини Султон Абусаид мирзонинг оғаси Минучеҳр мирзога етказган эди.

Чўри ва канизлари анча эди. Уларнинг бири Умид оғача эди, у мирзодан олдин қазо қилганди. Мирзонинг сўнгги маҳаллардаги канизи Тун Султон бўлиб, у мўғуллардан эди. Яна бири Оға Султон эди.



Амирлари:
Худойберди Темуртош. У Ҳирот ҳокими Оқбуғабекнинг оғаси наслидандир. Султон Абусаид мирзо Жўги мирзони Шоҳрухияда қамал қилганда Фарғона вилоятини Умаршайх мирзога бериб, эшикоғаликка Худойберди Темуртошни тайинлаган эди. У пайтда Худойберди Темуртош йигирма беш ёшда, ёш бўлса-да, тартиби, бошқарув ва иш тутишлари жуда яхши эди. Бир-икки йилдан сўнг Иброҳим Бекчик Ўш атрофларига ҳужум қилганида Худойберди Темуртош урушда иштирок этиб, шаҳид бўлди.

Ўша пайтда Султон Аҳмад мирзо Ўра-тепанинг Оққапчиғай деган, Самарқанддан ўн саккиз йиғоч шарқ томондаги яйловда, Султон Абусаид мирзо эса Ҳиротдан ўн икки йиғоч шарқ томондаги Бобо Хокийда эдилар. Бу хабарни Абдулваҳҳоб шиғовул орқали хат қилиб, мирзога етказдилар; у юз йигирма олти йиғоч йўлни тўрт кунда босиб ўтди.

Яна бир амири Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдой бўлиб, Султон Малик Кошғарийнинг ўғли, Аҳмад Ҳожибекнинг иниси эди. Худойбердибек ўлганидан сўнг уни эшикоға қилиб юборган эдилар. Султон Абусаид мирзонинг ўлимидан сўнг Андижон беклари у билан яхши чиқишмаганлари сабабли Самарқандга Султон Аҳмад мирзо хизматига кетди. Султон Аҳмад мирзо Чир дарёси бўйида енгилганда, у Ўратепада эди. Умаршайх мирзо Самарқандга юриш қилиб, Ўратепа устига келганда Ўратепани мирзо мулозимларига топшириб, ўзи мирзо хизматида бўлди. Умаршайх мирзо ҳам Андижон ҳокимлигини унга берди. Сўнгра Султон Маҳмудхон қошига борди. Султон Маҳмудхон Мирзохонни унга топшириб, Дизак(Жиззах)ни берди. Мен Кобулни олганимдан бурунроқ у Маккага отланиб, Ҳинд йўли орқали сафар қилди. Йўлда Тангри раҳматига борибди. Фақир, камгап ва одми киши эди.



Яна бири Хожа Ҳусайнбек, од ми ва фақир киши эди. Ўша пайт расмига кўра, базмларда қўшиқларни яхши айтар экан.

Яна бири Шайх Мазидбек бўлиб, менга аввал уни бекота қилган эдилар. Ғайратли, интизоми анча яхши эди. Бобур мирзога хизмат қилган. Умаршайх мирзо қошида ундан улуғроқ бек йўқ эди. Ахлоқсиз киши эди, бачча сақларди.

Яна бири Али Мазидбек қавчин эди, икки марта ёв тарафга ўтиб кетди: бир марта Ахсида ва яна бир марта Тош-кандда. Мунофиқ, ахлоқсиз, кўрнамак ва ярамас киши эди.

Яна бир амири Ҳасан Яъқуббек эди. Болатабиат, истеъдодли, чечан ва самимий киши эди. Бу байт уникидир:

Боз ой, эй ҳумой, к и бетўтии хатат,

Наз дик шуд ни, зоғ барад устухони май.

(Мазмуни:

Қайтиб келгил, эй Ҳумой, тўтиранг патларингсиз,

Сал бўлмаса суягимни карга олиб кетгуси.)

Мардона киши эди. Ўқни яхши отар, чавгонни яхши ўйнарди. Тупроқпаллани яхши сачратар эди. Умаршайх мирзо фожиасидан сўнг у менинг эшигимда эшикоға бўлди. Ичи тор, камҳафсала, фитнароқ киши эди.

Яна бири Қосимбек қавчин эди. Андижоннинг қадимий қўшин бекларидан эди. Ҳасан Яъқуббекдан сўнг менинг эшигимда у эшикоға эди. Умрининг охиригача ихтиёр ва эътибори ортса ортди, камаймади. Мардона киши эди. Бир марта Косонга бостириб кирган ўзбакнинг орқа-сидан яхши ҳужум қилди. Умаршайх мирзо ёнида қилич чопиб, ўзини кўрсатган эди. Ясси Кечит урушида ҳам яхши жанг қилди. Чекка юртлардаги саргардонликларимизда Масчо тоғларидан Султон Маҳмудхон томонга отланганимда Қосимбек айрилиб, Хисравшоҳ томонга ўтиб кетди. Тўққиз юз ўнинчи(1504) йили Хисравшоҳни енгиб, Кобулда Муқимни қамал қилдим. Шу пайтда Қосимбек етиб келди. Яна аввалгидек эътибор ва шафқат қилдим. Туркман ҳазорасига Дараи Хушда ҳужум қилганимизда, Қосимбек кексалигига қарамай, йигитлардан кўра яхшироқ урушгани учун Бангиш вилоятини тортиқ қилдим. Сўнгра Кобулга эътиқоди баланд, улар шайх ул-ислом йўсинида бўлиб келганлар, улар ҳақида ҳали такрор сўз юритилади) ва қўрғон ичидаги беклар бу хабарни эшитиб, Умаршайх мирзонинг синашта мул озими, бир қизининг бекотаси бўлмиш Хожа Муҳаммад Дарзийни юбориб, ўша ваҳималарни бекларнинг кўнглидан қувиб, Намозгоҳга яқин етган маҳалда мени олиб қайтди. Келиб аркка тушдим. Хожа Қози ва беклар менинг қошимга келиб, сўз ва кенгашни бир ерга қўйиб, қўрғоннинг бурж ва шинакларини тузатишга, тар-тибга солишга киришдилар. Марғинон ва Ўш тарафларга ҳужумчи қўшин қўйган Ҳасан Яъқуб, Қосим қавчин ва яна баъзи беклар бир-икки кундан сўнг келиб, мулозамат қилиб, барчаси бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, қалъа мудофааси билан машғул бўлдилар.

Султон Аҳмад мирзо Ўратепа, Хўжанд ва Марғинонни олиб, Андижондан тўрт йиғоч масофадаги Қубога келиб тушди. Бу фурсатда Дарвеш Гов исмли киши Андижон арбоблари ҳақида беҳуда сўз айтгани учун қатл этилди. Бу сиёсатдан бутун эл тинчиб қолди.

Хожа Мавлонойи Қозини ва Узун Ҳасан Хожа Ҳусайнни Султон Аҳмад мирзОга шундай мазмунда элчиликка юборилди: бу вилоятга мул озим лардан бири қўйилади; мен ҳам мулозим, ҳам фар-зандман, агар бу хизматни менга топширсалар яхшироқ ва маъқулроқ бўларди.

Султон Аҳмад мирзо камгап, фақир ва одми киши эди. Ҳар бир маслаҳат ва иш-ҳаракат бекларсиз қарор топмас эди. Беклар бу сўзларга илтифот кўрсатмай, ножоиз жавоблар айтиб, илгарига қўзғалдилар. Оллоҳ таоло, ўз комил қудрати билан ҳар ишимни ўз вақтида кишилар миннатисиз кўнглимдагидек юзага чиқариб келганки, бу сафар ҳам бир неча ишни сабаб қилди-ю, душманлар келган-ларидан афсусландилар, балки бу уринишларидан пушаймон бўлиб, мақсадларига етолмай қайтиб кетдилар.

Шулардан бири: Қўбонинг ботқоқли қора суви бор, кўпригидан бошқа ўтиб бўладиган жойи йўқ, кўп кишилик лашкар келиб, кўприкка тиқилиб қолди, кўплаб от ва туялар бу қора сувга йиқилиб нобуд бўлди. Бундан уч-тўрт йил бурунроқ Чир (Чирчиқ) сувидаги кечувда катта шикает топган эдилар, бу воқеа ўша ҳалокатни эслатиб, лашкар ваҳимага тушди.

Яна бири буки, ўша пайтда отга шундай ўлат етдики, уюр-уюр отлар йиқилиб ўла бошлади.

Яна бири: улар бизнинг лашкаримиз билан халқнинг бирдам ва ҳамжиҳат-лигини кўрдиларки, булар жон ва танларида мадор борича курашмоққа шай эканликларига ишонч ҳосил қилдилар.

Бу сабаблар боис, Андижондан бир йиғоч масофадан Дарвеш Муҳаммад тархонни юбордилар, ичкаридан Ҳасан Яъқуб Намозгоҳ масканига чиқиб, кўришиб, сулҳ тузишган бўлиб, орқага қайтдилар.

Хўжанд суви(Сирдарё)нинг шимол томонидан келаётган Султон Маҳмудхон Ахсини қамал қилди. Жаҳонгир мирзо ўша ерда эди, беклардан Али Дарвешбек, Мирзоқули кўкалдош, Муҳаммад Боқирбек, Шайх Абдулло эшикоға ҳам Ахсида эдилар. Вайс Лоғарий, Мир Ғиёс тағойи ҳам шу ерда эди. Улар беклардан хавф-сираб, Вайс Лоғарий вилоятига, Косонга кетдилар. Носир мирзога Вайс Лоғарий бекота эди. Шу сабабли Носир мирзо Косонда бўлар эди. Хон Ахси атрофларига етганда, бу беклар хон томонига ўтиб, Косонни бердилар. Мир Ғиёс хон мулозаматида қолиб, Вайс Лоғарий Носир мирзони Султон Аҳмад мирзога олиб борди. Уни Муҳаммад Мазид тархонга топширди.

Хон Ахси яқинига келиб, бир неча марта уруш қилди, бироқ ҳеч иш чиқара олмади. Ахсидаги беклар ва йигитлар чинакам жонфидолик кўрсатдилар. Шу пайтда Султон Маҳмудхон хасталанди, урушга кирганига пушаймон еб, ўз вилоятига қайтиб кетди.

Абобакр дуғлат Кошғарий ҳеч кимга бош эгмай, неча йилдан бери Кошғар ва Хўтанга ҳокимлик қилиб келарди, у ҳам вилоят орзусида Ўзганд яқинига келиб, қўрғон солиб, вилоятда бузғунчилик қилишга киришди. Хожа Қози ва барча бекларга Кошғарийни даф этиш ҳақида буйруқ берилди. Булар яқин етган пайтда Кошғарий бу лашкарга тенг келолмас-лигини кўрди ва Хожа Қозини орага солиб, юз макр ва ҳийла билан қутулди.



Бундай катта воқеалар рўй берганда Умаршайх мирзодан қолган беклар ва йигитлар яхши уюшиб, мардона жонфидолик кўрсатдилар. Ахсидан мирзонинг онаси Султонбегим, Жаҳонгир мирзо ва аҳли ҳарам ҳамда беклар Андижонга келдилар. Аза расми бажо келтирилиб, фуқаро ва мискинларга ош, таом тортилди. Бу муҳим ишлардан фориғ бўлгандан сўнг, лашкар ва вилоятларнинг тартиб-интизом, таъмиру ободонлигига киришила бошланди. Андижон ҳукумати ва эшик оғалигини Ҳасан Яъқубга беришга қарор қилинди. Ўш ҳокимлиги Қосим қавчинга берилди. Ахси ва Марғинон Узун Ҳасанга ва Али Дуст тағойига тайин бўлди. Умаршайх мирзонинг бошқа беклари ва йигитларининг ҳар қайсисига мартабаларига яраша вилоят ва ер, амал ва мансаб, тирикчилик учун маош тайин қилинди.

Султон Аҳмад мирзо қайтгандан сўнг, икки-уч манзил юргач, аҳволи кескин ўзгариб, қаттиқ иситмага чалинди. Ўратепа туманида Оқсувга етганда шаввол ойининг ўрталарида, саккиз юзу тўқсон тўққизинчи йили (1494) қирқ тўрт ёшида ўтар дунё билан видолашди.



Таваллуди ва насаби. Таваллуди саккиз юз эллик бешинчи(1451) йили, Султон Абусаид мирзо тахтни эгаллаган йили эди. У Султон Абусаид мирзонинг ўғилларидан энг каттаси эди. Онаси Ўрда Бўға тархоннинг қизи, Дарвеш Муҳаммад тархоннинг эгачиси, мирзонинг эътиборли хотини эди.



Шакл-шамойили: баланд бўйли, қўнгир соқолли, қизил юзли, норғил киши эди. Соқоли энгагига тушарди. Икки ёноғида соқоли йўқ эди. Жуда ширинсўз киши эди. Саллани ўша замон одатига кўра, тўртўрама чирмаб, учини олдинроққа, қошининг устига ташлаб қўярди.

Феъл-атвори: ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди; беш вақт намозни канда қилмасди. Ичкилик пайтларида ҳам намози тарк бўлмасди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳга мурид эди. Ҳазрати Хожа унга мураббий ва ҳомий эди. Жуда одобли эди. Хусусан, Хожа суҳбатида. Айтишларича, ҳаргиз Хожа мажлисида бир тиззасини иккинчи тиззасига чалиштириб ўтирган эмасди. Бир сафар

ҳазрати Хожа суҳбатида, одатига хилоф тарзда, оёқларини узатиб ўтирибди. Мирзо ўрнидан тургандан сўнг, ҳазрат Хожа мирзо ўтирган ерни қараб кўришни буюрибди: бир суяк бор экан.

Ҳеч нима ўқиган эмас, оми эди. Шаҳарда улғайган бўлишига қарамай, тўғрисўз(турк) ва содда эди. Истеъдоддан бебаҳра эди. Одил киши эди. Ҳазрати Хожанинг ҳам ҳурматлари орада эди. Аксар муҳим ишлар шариатга мувофиқ ҳал қилинарди. Аҳд ва сўзига барқарор киши эди. Ҳаргиз ундан аҳдга хилоф иш юз бермади.

Шижоати бор эди. Ўзининг қўлидан иш келган ҳеч бир ҳолат бўлмаган эса-да, айтишларича, баъзи жанг маъракаларида унда шижоат асари кўринган экан. Ўқни жуда яхши отар эди. Илвасинга патли ва патсиз ўқлари кўп ҳолларда тегарди. Нишон учун қўйилган қовоқни майдоннинг у боши, бу бошидан келиб ҳам аксар ҳолларда урар эди. Умрининг охирларида семириб қолганда ҳам қирғовул ва беданани ингичка ўқ билан отиб, камдан-кам хато қиларди. Қушчи киши эди, қуш билан қуш овлар, яхши овларди. Улуғбек мирзодан сўнг унингчалик қушчи подшоҳ бўлмаган.

Жуда ҳаёли эди. Дейдиларки, хилватларда маҳрам ва ичкиларидан ҳам оёқларини бекитар экан. Гоҳида ичкиликка берилса, йигирма-ўттиз кун муттасил ичар эди. Гоҳида ичмай қўйса, йигирма-ўттиз кунлаб ичмасди. Базмда бир ўтирганда бир кеча-кундуз ўтирар, яхши ичарди. Май ичмаган кунлари басит (баданни қиздирувчи модда)ни жуда кўп истеъмол қиларди. Табиатида хасислик устунлик қилар, камсўз ва одми киши, ихтиёри беклар қўлида эди.

Жанглари. Тўрт марта саф тортиб уруш қилди. Аввал Шайх Жамол арғуннинг иниси Неъмат арғун билан Зомин туманининг Оқар яланглигида урушиб, ғолиб бўлди. Яна бир марта Умаршайх мирзо билан Хавосда ҳам урушиб, ғолиб бўлди. Яна бир марта Тошканд атрофида, Чирчиқ сувининг бўйида Султон Маҳмудхон билан тўқнашдилар. Бунда саф тортиб жанг қилинмаганди. Мўғулларнинг ҳужумчи қисми лашкарнинг орқасидан келиб, ҳарбий юклар ортилган араваларга ташланиши биланоқ шунча катта лашкар уруш-талошсиз бир-бирларига қарамай, бузилиб тарқалиб кетди. Лашкарнинг купи Чирчиқ сувига ғарқ бўлди. Яна бир маротаба Ҳайдар кўкалдош билан Ёряйлоқ атрофларида жанг қилиб, енгди.



Вилоятлари Самарқанд ва Бухоро эдики, уларни отаси берганди. Шайх Жамолни Абдулқуддус ўлдирганидан сўнг Султон Аҳмад мирзо Тошкандни, Шоҳрухия ва Сайрамни олган эди, бу жойлар бир қанча вақт унинг қўл остида бўлди. Сўнгра Тошканд билан Сайрамни укаси Умаршайх мирзога берди. Хўжанд ва Ўратепа ҳам анча вақт Султон Аҳмад мирзо тасарруфида эди.

Авлоди. Икки ўғли бор эди, кичиклигида нобуд бўлдилар. Беш қизи бор эди, тўрттаси Қутуқбегимдан эди.

Ҳаммасидан каттаси Робиа Султонбегим эди, уни Қоракўзбегим дейишарди. Уни ўзи ҳаётлигида Султон Маҳмудхонга чиқарган эди. Хондан Бобохон исмли бир ўғил туғилган эди, хийла мақбулгина ўғлон эди. Ўзбаклар(шайбонийлар) хонни Хўжандда шаҳид этганда, уни ва яна унингдек бир неча норасидани ҳам нобуд қилдилар. Султон Маҳмудхон фожиасидан сўнг Робиа Султонбегимни Жонибек Султон олди.

Иккинчи қизи Солиҳа Султонбегим эди, уни Оқбегим дер эдилар. Султон Аҳмад мирзо вафотидан кейин Султон Маҳмуд мирзо тўйлар қилиб, катта ўғли Султон Масъуд мирзога олиб берди. Сўнгра у Шоҳбегим, Меҳр Нигорхоним билан Кошғарга тушди.

Учинчи қизи Ойиша Султонбегим эди. Беш ёшимда Самарқандга келганда менга бешиккерти қилишган эди. Сўнгра саргардонлик пайтларимда Хўжандга келди, ўшанда уйландим. Самарқандни иккинчи марта олганимда биргина қизи бўлган эди, бир неча кундан сўнг Тангри раҳматига борди. Тошкандни шайбонийларнинг босиб олишларидан бурунроқ эгачисининг хусумати, билан мендан чиқди.

Тўртинчи қизи Султонбегим эди, уни Султон Али мирзо олганди; ундан сўнг Темур Султон, ундан сўнгра эса Маҳдий Султон олди.

Ҳаммасидан кичик қизи Маъсума Султонбегим эди. Онаси арғунлардан, Султон арғуннинг жияни Ҳабиба Султонбегим эди. Мен Хуросонга борганда кўриб, хушлаб, сўраб, Кобулга келтириб олдим. Бир қизли бўлди. Ўша фурсатдаёқ „зоча" хасталиги билан вафот этди. Қизига онасининг исми қўйилди.

Хотин ва канизаклари. Аввалгиси Султон Абусаид мирзо олиб берган Меҳр Нигорхоним эди. Юнусхоннинг катта қизи, менинг онамнинг туғишган эгачиси эди. Яна бири тархонлардан эди, уни Тархонбегим дер эдилар. Яна бири Қутуқбегим, ўша Тархонбегимнинг кўкалдоши эди. Султон Аҳмад мирзо ошиқ бўлиб олган, жуда суюкли ва хўп эрка-тантиқ эди. Май ичарди. Унинг тириклигида Султон Аҳмад мирзо бошқа аёлларига бормас эди. Охири ўлдирди ва бадномлигидан халос бўлди. Яна бири — Хонзодабегим Тирмиз хонзодаларидан эди. Мен Самарқандга беш ёшимда Султон Аҳмад мирзо қошига келган пайтда олган эди. Ҳануз юз ёпуғи бор эди. Туркона расм билан менга буюрдилар, мен юзини очдим.

Яна бири Аҳмад Ҳожибекнинг Латифбегим исмли қиз набираси эди, мирзодан кейин уни Ҳамза Султон олган, Ҳамза Султондан уч ўғли бўлган эди. Мен Ҳамза Султон ва Темур Султон бошлиқ султонларни енгиб, Ҳисорни олганимда, бу султонзодалар ва яна бир неча султонзодалар асир тушганди, ҳаммасини озод қилдим.

Яна бири Ҳабиба Султонбегим эди. У Султон арғуннинг жияни эди.

Амирлари: Жонибек дўлдой. У Султон Малик Кошғарийнинг иниси эди. Султон Абусаид мирзо уни Самарқанд ҳокими, Султон Аҳмад мирзони эса эшикоға қилиб, ўз эшиги ихтиёрини берган эди. Ғаройиб феъл-атворли киши бўлган экан. У ҳақда қизиқ воқеаларни ривоят қиладилар. Жумладан, ривоятлардан бирида айтилишича, у Самарқанд ҳокими бўлган пайтлари шайбонийлардан элчи келади. Бу элчи ўзбак улусида полвон сифатида машҳур экан. Ўзбаклар зўр кишини бука дер эмиш. Шунда Жонибек: „Бўкамусен? Бука бўлсанг, кел, курашайлик" деган экан. Бу элчи ҳар қанча узр сўраса-да, қўймай кураш тушадилар. Жонибек йиқитади. Мардона киши эди.  Яна бири Султон Малик Кошғарийнинг ўғли Аҳмад Ҳожибек эди. Ҳирот ҳукуматини Султон Абусаид мирзо бир қанча вақт унга берган эди. Амакиси Жонибек ўлгандан сўнг, унинг мартабасини бериб, Самарқандга юборди. Аҳмад Ҳожибек хуштабъ ва мардона киши эди. „Вафоий" тахаллуси бор эди. Девон тартиб берган, шеъри ёмон эмас эди, бу байт уникидир:

Мастам, эй муҳтасиб, имрўз зи май даст бидор,

Эхтисобам бикун, он рўз ки ёби ҳушёр.

(Таржимаси:

Қилма безовта мени, эй муҳтасиб, мастман бугун,

Истаганча қил суроқ топган кунинг ҳушёр мени.)

Мир Алишер Навоий Ҳиротдан Самарқандга келган пайтлари Аҳмад Ҳожибек билан бирга бўлар эди. Султон Ҳусайн мирзо подшоҳ бўлгандан сўнг Ҳиротга келди. Жуда улуғ эътибор топди. Аҳмад Ҳожибек чопқир отлар сақлаб, яхши минар эди. Бу отларнинг аксари зотдор эди. Мардона киши эди, сардорлиги мардоналигидек эмас, бепарво киши эди. Муҳим ишларини навкару савдарлари тартибга келтириб юрарди. Бойсунқур мирзо Султон Али мирзо билан Бухорода урушиб мағлуб бўлганида қўлга тушди. Дарвеш Муҳаммад тархонни ўлдирди, деган туҳмат билан ҳурматсизларча қатл этдилар.

Яна бири Дарвеш Муҳаммад тархон эди. У Ўрда Бўға тархоннинг ўғли, Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзонинг туғишган тоғаси эди. Султон Аҳмад мирзо қошидаги барча беклардан улуғроқ ва мўътабарроғи шу эди. Мусулмон, одми ва дарвешсифат киши эди. Ҳамиша Қуръон кўчириб ўтирарди. Шоҳмотни кўп ва яхши ўйнарди. Қуш илмини яхши биларди, қуш билан кўп ов қиларди. Охири Бойсунқур мирзо билан Султон Али мирзонинг ғавғоси (Бухоро жанги)да улуғлик замонида ёмонотлиқ билан ўлди.

Яна бири Абдулали тархон эди. У Дарвеш Муҳаммад тархонга яқин қариндош эди. Синглиси(Боқи тархоннинг онаси) ҳам шунда бирга эди. Дарвеш Муҳаммад тархон амал ва вазифада ундан улуғ бўлса-да, бу фиръавннусха уни кўзга илмасди. Бухоро ҳукумати бир неча йил унинг қўлида эди, навкари уч мингга етган; навкарни яхши шафқат кўрсатиб сақларди. Саховати, муомаласи ва маҳкама юритиши, тартиб-тутумлари ва базми подшоҳларга хос эди. Қаттиқ-қўл ва золим, фосиқ ва димоғдор киши эди. Шайбонийхон, гарчи навкари бўлмаса-да, кўп вақт у билан бирга бўларди. Кичик-кирим султонларнинг аксарияти унга навкар бўлгандилар. Шайбонийхоннинг бунчалик кучайиб кетмоғига ва бунчалик қадим хонадонларнинг бузилмоғига Абдулали тархон сабабчи бўлди.

Яна бири Саййид Юсуф ўғлоқчи эди. Унинг катта отаси мўғулдан келган экан. Отасини Улуғбек мирзо қадрлаган эди. Саййид Юсуф уқувли ва тадбирли киши эди. Мардоналиги ҳам бор; қўбизни яхши чаларди.

Мен Кобулга келган дастлабки пайтлари ёнимда эди, катта эътибор кўрсатгандим, эътиборга арзигулик фазилатлари ҳам бор эди. Аввалги йили Ҳиндустонга қўшин тортганимда Саййид Юсуфбекни Кобулга ҳокимият тепасига қўйгандим. Ўша фурсатда оламдан ўтди.

Яна бири Дарвешбек. Темурбек қадрлаган Эгу Темурбекнинг наслидан эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳга ихлоси бор эди. Мусиқа илмидан хабардор, соз чалар, шеърий қобилияти бор эди. Султон Аҳмад мирзо Чирчиқ суви бўйида шикаст топганда, Чирчиқ сувига ғарқ бўлди.

Яна бири Муҳаммад Мазид тархон Дарвеш Муҳаммад тархоннинг туғишган иниси эди. Бир неча йил Туркистон ҳокими бўлди. Шайбонийхон Туркистонни ундан олди. Уқувли ва тадбирли киши эди. Раҳмсиз ва ахлоқсиз эди. Самарқандни иккинчи ва учинчи марта олганимда менинг ҳузуримга келганди. Мен ҳам яхши эътибор кўрсатгандим. Кўли Малик урушида ўлди.

Яна бири Боқи тархон эди. У Абдулали тархоннинг ўғли ва Султон Аҳмад мирзонинг амакиваччаси эди. Отасидан сўнг Бухоро ҳукуматини унга бергандилар. Султон Али мирзо замонида жуда кучайган, навкари беш-олти мингга етган эди. Султон Али мирзога унчалик муте ва итоаткор эмасди. Шайбонийхон билан Дабусия қалъасида урушиб, енгилди. Ўша ғалабадан кейин Шайбонийхон Бухорони олди. Қушни кўп яхши кўрарди. Айтишларича, унинг етти юзта қуши бор экан. Феъл-атворида айтишга арзигулик фазилати йўқ эди. Мирзоликда ва давлатмандликда улғайганди. Отаси Шайбонийхонга яхшиликлар қилгани боис Шайбонийхон қошига борди. У ҳақтанимас, мурувватсиз кўрган яхшиликлари эвазига Боқи тархонни ҳеч қадрламади ва унга шафқат қилмади. У хор-зорликда Ахси вилоятида оламдан ўтди.

Яна бири Султон Ҳусайн арғун эди. Бир қанча вақт Қоракўл ҳукумати қўлида бўлгани учун Султон Ҳусайн Қоракўлий номи билан машҳур эди. Уқувли ва тадбирли киши эди. Менинг қошимда ҳам кўп бўлар эди.

Яна бири Қулмуҳаммад Буғдо қавчин эди. Мардоналиги ҳам бор экан.

Яна бири Абдулкарим Ашрит уйғур эди. Султон Аҳмад мирзо қошида эшикоға эди. Сахий ва мардона киши эди.

Султон Аҳмад мирзо вафотидан сўнг беклар ўзаро келишиб, тоғ йўли орқали Султон Маҳмуд мирзога чопар юбориб, ёрдам сўрадилар. Султон Абусаид мирзонинг оғаси Минучеҳр мирзонинг ўғли Малик Муҳаммад мирзо салтанат орзусида бир неча дайди ва бебошларни ўзига қўшиб, лашкардан айрилди. Бироқ, Самарқандга келиб ҳам ҳеч иш қила олмади. Ўзининг ва яна бир неча бегуноҳ подшоҳзодаларнинг ўлимига сабабчи бўлди, холос.

Бу хабар Султон Маҳмуд мирзога етгани заҳотиёқ, у дарҳол Самарқандга келиб, заҳмат ва машаққатсиз тахтга ўтирди. Султон Маҳмуд мирзонинг бир неча ёмон ишларидан азиз ва шарафли сипоҳи ҳамда аҳоли нафратланиб қочиш йўлини тутди.

Аввали шуки, зикр этилган Малик Муҳаммад мирзо Султон Маҳмуд мирзо амакисининг ўғли ва ўзининг куёви эди; яна тўрт мирзони Кўксаройга чиқариб, иккисини қўйиб юбориб, Малик Муҳаммад мирзони ва яна бир мирзони шаҳид қилди. Буларнинг баъзисига аслида подшолик тегмас ҳам эди. Уларнинг бундай орзулари йўқ эди. Гарчи Малик Муҳаммад мирзода бироз гуноҳ бўлса-да, бошқаларининг ҳеч гуноҳи йўқ эди.

Султон Маҳмуд мирзо қаттиққўл ва тартибли, девонпараст, маҳкамада кўп ўтирадиган киши эди. Ҳисоб илмини бил ар, бироқ табъи зулм ва бузуқликка мойил эди. Самарқандга киргач, ўзгача тартиб ва тутум ўрнатди, янги солиқлар чиқара бошлади.

Бурун ҳазрати Хожа Убайдуллоҳга тегишли кишилар, пир ҳимояси боис, кўп фақир-мискинлар хирож ва солиқлардан халос бўлардилар, Султон Маҳмуд мирзо одамлари шуларга ҳам иззат-икром кўрсатиш нари турсин, зулм ва зўрлик кўрсата бошладилар. Бундай тазйиқлар Хожанинг авлодига нисбатан ҳам қўлланилди.

Бундан ташқари, ўзи қандай золим ва ахлоқсиз бўлса, беку кичик беклар ва навкару хизматчиларининг барчаси ҳам шундай золим эдил арки, Ҳисор эли, хусусан, Хисравшоҳга тааллуқли эл ҳамиша ичкилик ва бузуқчилик билан машғул бўлди. Бу шу даражага етдики, Хисрав-шоҳнинг навкарларидан бири бир киши-нинг хотинини тортиб олади. Хотиннинг эри Хисравшоҳга арз қилганда, у жавоб бериб: „Бир неча йил сен билан бўлган эди, энди бир неча кун унинг билан бўлсин", дейди.

Яна шуки, шаҳар ва бозор эли, турк ва сипоҳининг ўсмир ўғлонлари шоҳ бачча қилади, деган қўрқувда уйдан чиқмасдилар.

Самарқанд аҳли йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад мирзо замонида осойишта ва фароғат билан кун кечирган эди; аксар муҳим ишлар ҳазрати Хожа туфайли адолат ва шариат йўли билан амалга ошарди. Бундай зулм ва бузуқ-чиликдан халқнинг жону диллари озор чекиб, ранжидилар. Азиз ва шариф, фақир ва бечоралар нафрату қаргишга огиз очиб, қўл кўтардилар.

Хазар кун зи дарди дарунҳои реш,

Ки реши даруй оқибат сар канад.

Баҳам бармакун то тавони диле,

Ки оҳе жаҳоне баҳам бар канад.

(Таржимаси:

Дилни яралама, оҳидан чўчи,

Бу яра бирор кун сиртга тепади.

Бирорта кўнгилга бермагил озор,

Жаҳонни ўрташга бир оҳ етади.)

(Ғафур Ғулом таржимаси.)

Хуллас, зулм ва бузуқчилик касофатидан Султон Маҳмуд мирзо Самарқандда беш-олти ойдан ортиқ ҳукмронлик қила олмади.