XVI аср бошларида темурийлар давлати емирилганидан то ХIХ-асрнинг 60-70-йилларигача Ўрта Осиёда учта — Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари ҳукм сурди. Бу орада Ўрта Осиё Афғонистон, Ҳиндистон, Арабистон ва Хитой билан қадимий сиёсий-иқтисодий алоқаларини давом эттираверди. Вақт ўтган сари Россия билан бундай алоқалари кучайиб борди.
Чоризм XVI-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Аштархон, Қозон, Сибир ва Қрим хонликларини босиб олгач, рус давлати Ўрта Осиё ва Қозоғистонга қўшни бўлиб қолди. Натижада рус давлати ўзбек хонликлари билан бевосита барча соҳаларда муносабатга киришиш имконини қўлга киритди. У ўз қарамидаги чет ўлкаларнинг газлама, кийим-кечак ва бошқа турли-туман молларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида савдони ривожлантиришга қаратилган муҳим чораларни амалга ошира борди. Ўз навбатида ўзбек хонликлари Сибир, Волга ва Ўрол бўйида яшовчи халқлар билан тижорат ишларини кучайтиришдан манфаатдор эдилар. Чунки у ерларда ўзбек молларига талаб катта эди. Бу эса ҳар учала хонликда ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Рус давлати бирмунча илғор ва қудратли бўлганлиги учун ўзининг сиёсий-иқтисодий режаларини усталик билан рўёбга чиқара борди. У савдо-сотиқни, чегара хавфсизлигини таъминлаш байроғи остида аста-секин Қозоғистоннинг ички томонига силжий бошлади. Бунда, 1731 йилда Кичик жуз, 1731—1740 йилларда эса Катта жуз қозоқларининг аксарияти рус давлатининг тобелигига ўтиши жуда қўл келди. Худди шундай бўлишини бир замонлар Пётр I орзу қилган эди. «Шарқ билан алоқада, — деган эди у, — Қозоғистон тасарруфи калит ва дарвоза ҳисобланади. Шунинг учун миллионлаб сўм сарфланса ҳам Қозоғистонни бўйсиндириш ёки ҳеч бўлмаса у ерда Россия таъсирини ўрнатиш зарурдир»[1].
Шу нуқтаи назардан рус давлати Қозоғистонда кўплаб шаҳар ва қишлоқлар барпо этди. Масалан, Семипалатинск, Петропавловск, Усть-Каменогорск, Оренбург, Троицк ва бошқалар ана шу сирага киради.
XVIII асрда Қозоғистонда 46 та ҳарбий қалъа ва 96 кичик қалъалар қурилган эди. Руслар эгаллаган жойларда оврупоча тураржойлар, савдо марказлари, корхоналар ва кон саноати вужудга келди. Пировардида улар рус ҳукуматининг ўзбек хонликларига ҳарбий юриш қилишида муҳим таянч вазифасини ўтади.
Ўзбек хонликларини забт этиш нияти очиқдан-очиқ Пётр I даврида бошланган эди. 1717 йили А. Бекович-Черкасский бошчилигида яхши қуролланган, уч ярим мингдан ортиқ аскарлик қўшинини Хивани бостиришга юборган, бироқ бадният қўшин Хива хонлиги томонидан тор-мор қилинган эди. 1830 йили Оренбург генерал-губернатори Перовский қўмондонлигидаги қўшин Хива хонлигини босиб олиш учун йўлга чиқади. Аммо истилочилар сафардаги оғир шароитга бардош беролмай орқага қайтган эдилар.
XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб чор ҳукумати ўзбек хонликлари тасарруфидаги жойларни босиб олишга киришади. Чунончи, 1847 йили Сирдарёнинг Оролга қуйилиш жойи эгалланиб, Орол ҳарбий қалъаси барпо этилади. Бу вақтларда Оқ мачит (Қизил Ўрда), Туркистон, Чимкент, Авлиёота, Пишпек, Тўқмоқ ва бошқа мавзеларда Қўқон хонлигининг ҳарбий истеҳкомлари мавжуд эди. 1852 йили чор қўшини Оқмачитга ҳужум қилади, лекин уни қўлга киритолмайди. 1853 йилда генерал Перовский бошчилигидаги икки минг аскардан ортиқ қўшин яна Оқмачитга ҳужум уюштиради. Истеҳком мудофаачилари генерал Перовскийнинг таслим бўлиш ҳақидаги таклифига «Бизлар бир дона порох ва кўчада бир кесак қолгунча, ҳамма қуролларимиз тамоман синиб битгунча курашамиз», деб жавоб қайтаради[2]. Дарҳақиқат, генерал Перовскийнинг ўзи кейинчалик истеҳком ҳимоячилари охирги имконларига қадар қаҳрамонона жанг қилганини тан олади. 22 кунлик қуршов ва жангдан сўнг чор аскарлари истеҳкомни тор-мор этишга муваффақ бўлганлар. Қалъа ҳимоячиларидан бор-йўғи 74 киши тирик қолган, холос. Чор қўшинларидан эса 25 киши ҳалокатга учраган ва 46 киши ярадор қилинган. Истеҳком ўрнида «Перовский форти» деган ном билан рус ҳарбий қалъаси бунёд этилди. Оқмачитдаги мағлубият Қўқон хонлигини қаттиқ ташвишга солади. Дарҳол Тошкентда куч тўпланиб, ҳоким Сабдалхўжа бошчилигида 8 минг аскарлик қўшин ва кўнгиллилар Оқмачитни эгаллаш учун йўлга чиқади. Қирғин-барот жангдан сўнг улар 192 кишини йўқотади ва ярадорларни 92 туяга ортиб ортга чекинадилар.
1853 йилнинг декабрь ойида 13 минг кишидан иборат қўшин Ёқуббек қўмондонлигида Оқмачитга келиб душман билан тўқнашади. Натижада юрт ҳимоячиларидан икки мингга яқин киши ўлдирилади ва ярадор қилинади. Чор қўшинларидан 55 киши нобуд бўлади. Бироқ, бундай кетма-кет мағлубиятлар умидсизликка олиб келмади. 1855 йил январида 1500 кишилик қўшин ва кўнгилли қасосчилар яна Оқмачитга отланади, лекин улар душман сафларига янги куч қўшилганлигини эшитиб, орқага қайтадилар.
1860 йилда Пишпекда ҳам душман қўшини билан тўқнашув бўлади. Бу жойни эгаллаш учун чор қўшинлари 954 та снаряд ва 13 мингга яқин ўқ отганлари маълум. Ҳимоячилардан анча киши ўлдирилади ва ярадор қилинади. Шу йили Тўқмоқ қалъаси ҳам чор қўшини томонидан забт этилади, бу ҳол бутун хонликни катта ташвишга солади. Ўзбек, қозоқ ва қирғизлар Тошкент ҳокими Қанаотшоҳ бошчилигида урушга отланишади. Уларнинг умумий сони 20 мингга борар эди. Пишпек остонасида ҳар икки томон ўртасида қонли тўқнашув юз бериб, ҳимоячилар қаҳрамонона жанг қиладилар, Мудофаачиларга қарши душман томонидан 2051 та снаряд, 31879 та ўқ ва 63 та тўп ўқи отилган. Бу жангда Қўқон қўшинларидан ва оломондан 1500 киши ўлдирилади ва кўпи яраланади. Душман аскарларидан атиги 13 киши ўлдирилади ва 29 киши жароҳатланади. 574 ҳимоячи асирликка олинади. Шунингдек, истеҳкомда 82 савдогар, 92 аёл ва болалар бор эди. Чор қўшинлари 1864 йил май ойида Авлиёота остонасида 1500 кишилик Қўқон қўшинлари ва халқ қасоскорлари билан яна тўқнашади. Бу сафар ҳам ҳимоячилар мағлубият аламини тортадилар: улардан 307 киши ўлдирилиб, 390 таси ярадор бўлган эди.
1864 йилнинг июнь ойида Туркистонда ҳам чор ҳукумати ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Бу суронли жангда маҳаллий халқ вакилларидан юзлаб киши ҳалокатга учрайди ва жароҳат топади. Айрим маълумотларга кўра, чор қўмондони агар шаҳар таслим бўлмаса, Аҳмад Яссавий мақбарасига тўп отилишини маълум қилган. Шундан кейингина ҳимоячилар урушни тўхтатишга мажбур бўладилар.
Авлиёота ва Туркистоннинг душман томонидан забт этилиши бутун Қўқон хонлигини оёққа турғазди. Тошкент чоризм босқинчиларига қарши кураш марказига айланди. Бу ерга Марғилондан Юсуфбек, Хўжанддан Мирза Аҳмад Қушбеги қўмондонлигида қўшинлар, шунингдек Андижон, Наманган, Ўш ва бошқа жойлардан ҳарбий қисмлар келтирилди. Қўшин ва халқ қасоскорларига Қўқон хонлигининг лашкарбошиси Алимқул бошчилик қилиб, Тошкентдан тонг отар пайтида, ҳар бир маҳалла олдида тўхтаб, халқдан дуо-фотиҳа олади-да, Чимкент томонга йўналади. Уларни шаҳар аҳолиси яхши ният ва йиғи-сиғи билан кузатиб қолган.
Чимкентда бир кеча-кундуз давомида ҳар икки томон ўртасида тўплардан отишув бўлади. «Сўнгра тўрт томондан, — деб ёзади ўша замон воқеанависларидан бири Муҳаммад Солиҳ қори ўзининг «Тарихи жадиди Тошканд» асарида, — аскарлар отдан тушди ва карнай садолари остида рус аскарларига қарши ҳужумга ўтилди. Ҳимоячилар 2—3 минг қадам югургач, душманнинг тўп ва милтиқларидан ёмғирдек ёғилган ўқлар остида қолдилар»[3]. Натижада, 12 минг киши ҳалок бўлади ва яраланади. Бироқ, генерал Черняев бошчилигидаги чор қўшини урушни давом эттиришга ботина олмай Туркистонга жўнайди. Жинай деган жойдаги урушда ҳам ҳимоячиларнинг қўли баланд келади. Шундан кейин Алимқул урушни давом эттириш мақсадида тайёргарлик ишларини кўраётган бир пайтда Қўқонга Бухоро амири Музаффархон ҳужум қилганлиги ҳақида хабар олади. Натижада лашкарбоши Алимқул Чимкентда қўшиннинг катта бир қисмини қолдириб Қўқонга қайтади. Бу, ўз-ўзидан аёнки, Чимкентда душманга қарши ҳаракатнинг сусайишига олиб келди. Вужудга келган вазиятдан фойдаланган генерал Черняев 1864 йилнинг 21 сентябрида Чимкентни жанг билан эгаллашга муваффақ бўлди. Анчагина мудофаачилар эса қириб ташланди.
Қаттол Черняев сўнг Тошкентни истило этиш пайига тушиб, 1864 йил 27 сентябрида йўлга чиқади. Бу вақтда Тошкент мудофааси умумхалқ ҳаракатига айланган эди. Шаҳар аҳолиси она юртини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб ҳисоблайди. «Шаҳар ғариблари, фуқаролари ва қариялари, — деб ёзилади ўша манбада, — ибодату намоздан кўра қўлларидан келгунча ёрдам бериш афзалроқ, савоб деб аскарларга сув, озиқ-овқат ташиб турдилар». Ўша замонда Тошкент қалин ва баланд девор билан ўралган бўлиб, 12 та дарвозаси бор эди. Девор устидан икки отлиқ киши бемалол юриши мумкин эди. Чор қўшинлари шаҳар яқинидан туриб тўплардан ўққа тутадилар. Ўз навбатида жавоб ўқлари ҳам отилади. Босқинчиларнинг бир гуруҳи шаҳар девори атрофида қазилган зовурга тушиб олади. Ҳимоячиларнинг уюшган ҳужумига чор аскарлари дош бера олмайди. Душман 72 кишини йўқотади ва бу ҳолни кўрган генерал Черняев Чимкентга қайтишга мажбур бўлади.
1865 йилнинг 28 апрелида Черняев Чирчиқ ёнидаги Ниёзбек қалъасини жанг билан ишғол этади. Тошкентлик бир хоиннинг маслаҳатига кўра Черняев Кайкавус ариғи тўғонини бузиб, уни Чирчиқ дарёсига буриб юборади. Натижада, тошкентликлар сувсиз қолиб, оғир аҳволга тушади. Шунга қарамай, аҳоли мудофаани мустаҳкамлашга куч-ғайратини аямайди. Кўп ўтмай Кўқондан лашкарбоши Алимқул қўшини билан мадад бергани келади. Бу тошкентликлар руҳини кўтариб юборади. Улар қўқонликларни зўр хурсандчилик билан қаршилайди. Бу тўғрида «Тарихи жадиди Тошканд»да шундай баён этилган: «Тошканд амалдорлари, сардорлари, уламо, шайхлар, ғариблар, гадолар, эркак-аёллар аралаш уларнинг истиқболига чиқиб, шод-хуррам кутиб олдилар[4]».
Алимқул шаҳар саройида ўтказилган йиғинда Тошкент аҳли фуқароларининг кўрсатган ғайрат-шижоат ва қаҳрамонликларини айтиб, уларга ўз миннатдорчилиги ва хурсандчилигини изҳор қилган, бир томчи қони қолгунча курашишини баён этган. Шунингдек, у Бухоро амири Музаффархонни қоралаб, унинг чор қўшинларига қарши кураш ишига путур етказаётганлигини таъкидлаган.
Черняев қўшини билан ҳимоячилар ўртасидаги кураш Салор ариғи атрофида давом этади. Черняевчилар ҳимоячиларга қарата тўплар ва милтиқлардан ўқ ёғдиради. Лашкарбоши Алимқул бошчилигидаги қўшин ва халқ оломони душманга ҳужум уюштириб, истилочиларни чекинишга мажбур этади. Бу ғалаба шаҳарда катта хурсандчилик билан қарши олинади, ғалаба шарафига карнай-сурнай садолари янграйди. Шаҳар халқи «Етти ёшдан етмиш ёшгача эркак-хотин, ёшу қари хизмат камарини белларига боғлаб пишган таомларни бошларида кўтариб, қатиқ, сут, шарбат, иссиқ нонлар, ширин меваларни саватларга солиб, аскарлар турган жойларга олиб келиб илтижо, тавалло ва дилдорлик қилиб, кўзларидан ҳасрат ёшларини оқизиб, кўз ёшлари суви билан аскарларнинг юзларидаги чанг-ғуборни ювиб, артиб, кўзгудай тозалаб, овқатларни ейиб битиришларини илтижо қилдилар[5]». Бу сатрлар воқеалар шоҳиди бўлган Муҳаммад Солиҳ қаламига мансуб бўлиб, у кенг меҳнаткаш омманинг ватанпарварлик ҳаракатларини жуда жонли ва ёрқин баён этган. Шаҳар ҳимоячилари Шўртепага жойлашиб олган чор қўшинларига ҳужум қилади. Ўша жангда Алимқул қаттиқ яраланиб сафдан чиқади, кўп ўтмай ҳалок бўлади. Бу ҳолат ҳимоячилар руҳига салбий таъсир кўрсатади. Устига-устак сувсизлик ва ташналик ҳимоячилар ва умуман, аҳолининг тинка-мадорини қуритади. Тошкентликлар Бухоро ва Хива хонликларига ёрдам сўраб элчилар юборадилар. Аммо улар бу илтимосни инобатга олмайдилар.
Баён этилган оғир вазиятдан хабар топган Черняев 1865 йилнинг 14 июнида ўз қўшини билан шаҳар ичкарисига ёриб киришга муваффақ бўлади. Ҳимоячилар уйлар ва дўконлар ичига кириб олиб, душманга қарши урушни давом эттираверадилар. Ҳатто мачитларда ҳам жанг бўлганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Ҳар бир маҳалла жанг майдонига айланиб кетади. Айниқса, Қиёт маҳалласининг жангчилари қаҳрамонона курашадилар. Абдураҳмон Ясовул бошчилигидаги кўнгиллилар гуруҳи кунбўйи душман ҳужумини даф этиб турадилар. Мирюсуф Мирсултон боғбон ўғли, Нормуҳаммад ҳамда Мулла Шер мерганлар, Муллажон Муса Муҳаммад Али подачининг ўғли ва бошқалар катта жасорат кўрсатадилар.
Бу вақтда чор қўшини айрим кишилар кўмагида шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб, уни портлатишга эришадилар. Бу шаҳар тақдирини ҳал қилган омиллардан биридир. Ниҳоят, 1865 йил 17 июлда тошкентликлар душман ҳужумига бардош беролмай таслим бўлишдан ўзга чора тополмайдилар.
Черняев Шайхонтоҳур, Бешёғоч ва бошқа халқ гавжум яшайдиган жойларга тўпларни ўрнатиб, дарҳол сулҳ тузилмаса, шаҳарни ёндириб, култепага айлантиришини эълон қилади. Тошкент чор Россияси томонидан тамоман босиб олинади.
Шундан кейин Черняев шаҳарнинг Ҳаким Хўжа қозикалон, Абулқосимхон эшон, домулла Солиҳбек охун сингари нуфузли кишилари билан мажлис ўтказади. Музокара натижасида сулҳ тузилиб, ҳар икки томон аҳдномага имзо чекади. Бунда савдогарлар ва ҳарбий кишилар ҳам қатнашади. Аҳдномада шаҳар халқининг ўз динида қолиши ва барча ишлар «шариат» асосида олиб борилиши кўрсатилади. Шунингдек, ҳовли, боғ ва майдонлар аввалгидек ўз эгалари қўлида қолдирилади. Аҳдномага ҳар тўрт — Шайхонтоҳур, Бешёғоч, Себзор ва Кўкча мавзеларининг муҳрлари босилади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Черняев ўзбошимчалик билан Тошкентга юриш қилиб, уни эгаллаган. Бу ғалаба Петербургда зўр мамнуниятлик билан қабул қилинса-да, лекин давлат ишларидаги бундай ўзбошимчалик ҳукуматнинг айрим вакиллари норозилигига сабаб бўлган. Устига-устак Тошкентнинг босиб олиниши халқаро матбуотда шовқин-сурон кўтарилишига сабаб туғдирди. Шу боисдан Черняев ўз ҳаракатини оқлаш мақсадида гўё Тошкент ихтиёрий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги ҳақида хат уюштиришга киришади. У шаҳар катталарини тўплаб, аҳоли номидан қуйидаги мазмунда хат тайёрлашни буюради: «Неча замонлар ва йиллардан бери Туркистонда Фарғона хонлари ҳукмронлик қилиб фуқароларга кўп жабр-зулм ўтказган. Улар закот хирожларини шариат асосида олмасдан ортиқча олганлар ва ҳеч қачон марҳамат қилмаганлар, қадимги урф-одат, таомилдан воз кечиб, кўп йиллар мансаб учун катта кишиларни ўлдириб, фитначи ва иғвогарлар сўзига амал қилганлар. Ўртада ноҳақ қонлар тўкилиб, улар шариатга ва уламолар сўзларига амал қилишдан бош тортдилар. Фарғона ва Туркистон заминида кўп вақтлар ва кўпинча қипчоқ, қозоқ ва қирғиз авбошлари ва бебошлари ҳукмронлик қилиб келдилар. Шунинг учун фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамомила ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик»[6].
Кўриниб турибдики, тошкентликлар бўлиб ўтган жанг ва даҳшатли воқеаларни инкор этиб, ихтиёрий равишда чор аскарларига буйсунганликларини «тан олишлари» лозим эди. Ушбу хат мазмуни баён этилгач, шаҳар катталари ҳайрон қолиб турган пайтда Солиҳбек охун шундай жавоб қайтарган: «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмачитгача ва бу ердан Ғулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар — Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан муҳлатсиз ва сўзсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг ўн иккинчисигача, яъни қирқ икки кун давомида сувсиз, овқатсиз қолдирилди. Мулла Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм, ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкент фуқароси ватанлари ва дин учун қаттиқ туриб, уруш-талашни давом эттириб, сешанба куни ярим кеча ўтгандан кейин саҳарга яқин рус аскарлари хиёбон дарвозаси ва қалъанинг девори устидан кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб пайшанба кунгача икки-кеча кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб, оч-ташна, сувсиз яккама-якка уруш бўлиб, охирида ярашиш сулҳи тузилди»[7].
Мавжуд ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи бу жавоб генерал Черняевни ғазабга келтиради. У домла Солиҳбек охун сўзига қўшилувчи кишиларнинг бир тарафга ўтишларини буюради. Шаҳар катталаридан етти киши, жумладан, Ҳалимбой, Бердибой, Азимбой, Фозилбачча, мулла Мирзаолим охун, мулла Музаффархўжа ва мулла Файзилар домла Солиҳбек охун сўзини қўллаб-қувватлашади. Домла тарафдорлари шу заҳоти чор аскарлари томонидан ўраб олиниб, қамоққа жўнатилади. Кўрилган чоралар шаҳар катталарига таъсир этган бўлса керак, улар генерал Черняевнинг аҳдномасига розилик билдирадилар. Бу аҳдномани «безаш» ва «тузиш» Абдусаттор Қорабош ўғли деган кишига топширилади. Аҳдномага мажбурий суратда шаҳар катталари қўл қўйиб, муҳр босишгач, генерал Черняевга топширилади. Генерал Черняев домла Солиҳбек охун ва унинг ҳамроҳларини Сибирга сургун қилади. Генерал Черняев қалбаки аҳдномани Абдусаид ва Ҳодихўжа исмли савдогарлар қўлига тутқазиб, Петербургга элтиб подшога топширишни буюрган. Рус ҳукумати бу аҳдномани ўзининг босқинчилик сиёсатини бўяш ва халқаро матбуотдаги шовқин-суронни бартараф қилиш мақсадида чет мамлакатларга тарқатади. Жумладан, Туркиядаги рус элчихонаси қалбаки аҳднома нусхаларини кўпайтириб, Истамбулдаги кўчаларга, бозорларга, дўконларга, умуман кўзга ташланадиган жойларга ёпиштириб чиққан. Босқинчи генерал сулҳ шартлари ва ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи ҳамда мустамлакачилар сиёсатига хос бўлган қалбаки ҳужжатни ана шу тарзда тузишга эришган.
1866 йил январь ойи охирида генерал Черняев Жиззахга ҳужум бошлайди. Лекин ҳимоячиларнинг қаҳрамонона қаршилиги туфайли орқага қайтади. Бу ерда ҳимоячилар сони 8—9 минг кишига борар эди. Чор қўшинлари ва хонлик ўртасидаги навбатдаги жанг Сирдарёнинг чап қирғоғида жойлашган «Сассиқкўл» деган жойда кечади. Бу ерда 100 минг кишилик хон қўшини ва халқ қасоскорлари тор-мор этилади. 1866 йилнинг 11 октябрида чор қўшини генерал Кржижановский бошчилигида яна Жиззахни қуршаб олади. Жиззахдаги жанг шу даражада даҳшатли бўлганки, тўкилган одам қони бамисоли ариқ сувига ўхшаб оққан. Ҳимоячиларнинг қаҳрамонлиги ва жасоратини ҳатто чор қўшинлари ҳам тан олган. Бу жангда ҳимоячилардан 2 ярим минг киши ўлади ва кўплаб кишилар ярадор бўлади. Пировардида Жиззах душман томонидан эгалланади.
1866 йилнинг август ойида Тошкент рус давлати таркибига киритилганлиги ҳақида расмий Фармон эълон қилинади.
Шуни кўрсатиб ўтиш лозимки, маҳаллий юқори табақанинг айрим вакиллари ўзларининг шахсий манфаатларини ўйлаган ҳолда чор қўшинларининг босқинчилик юришларига кўмаклашган. Улар орасида савдогарлар, амалдорлар ва ҳатто дин пешволари бор эди. Ана шу тоифа сирасида тошкентлик бой савдогар Саидазимбой Муҳаммад ўғли жонбозлик кўрсатган. Рус маъмуриятининг таърифлашича, Саидазимбой «халқ орасида ўзининг бойлиги билан ажралиб турган, хонлик вақтида маҳкамада маслаҳатчи бўлиб, кейин иғво ва макр йўли билан ҳокимиятни олиш ва обрў орттиришга интилганлиги учун маҳкамадан четлатилган»[8]. Шуни таъкидлаш лозимки, Чор Россияси тарафдорларининг ҳамда улардан сиёсий-иқтисодий манфаатдорлик кутган бир гуруҳ шахсларнинг хатти-ҳаракати асло халқнинг истакларини ифода этмайди. Маълумки, муайян мамлакатга чет эл босқинчилари бостириб кирганда маҳаллий юқори табақанинг айрим вакиллари ўз ватанига хоинлик қилиши табиий ҳолдир. Бунга жаҳон тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
1867 йили чор ҳукумати босиб олган жойларда ҳамда Қозоғистонда ташкил топган Сирдарё ва Еттисув вилоятлари таркибида Туркистон генерал губернаторлиги барпо этилади. Бу мансабга генерал К. П. Кауфман тайинланади. Тошкент шаҳри генерал-губернаторлик маркази бўлиб қолади.
Генерал К. П. Кауфман баён этилган жойларда рус давлати мавқеини мустаҳкамлаш ва қонли урушларни ниқоблаш мақсадида бир гуруҳ маҳаллий табақа вакилларини, яъни рус давлати тарафдорларини марказий ҳукумат билан келишган ҳолда Петербургга юборишга қарор қилади. Бу вакиллар асосан «рус давлатига содиқ, рус қўшинларига ҳар томонлама ёрдам берган» кишилардан ташкил топган эди. Вакиллар рўйхатига шайх ул-ислом Носир Мулла Исоқ (Туркистондан), Қози Мирза Талашпан (Чимкентдан), оқсоқол Амин Суни Шайхов (Иқон қишлоғидан), Дуглат қабиласининг бийи майор Худойберган (Авлиёотадан), қора қирғиз қабиласининг бийи Байтиқ Канап (Авлиёотадан), Саидазимбой Муҳаммадбоев (Тошкентдан), Эшонхон Имомхонов (Тошкентдан), қозикалон Юсуфхўжа Абдуллахўжаев (Хўжанддан), оқсоқол Абдуғаффор Саримсоқов (Жиззахдан) ва бошқалар киритилган эдилар.
Туркистон вакиллари 1867 йилнинг март ойида Петербургга етиб келдилар. Бу ерда улар иззат-икром билан қарши олинадилар. Тузилган режага биноан ҳукумат нозирликларида, император саройида, Эрмитажда, халқ кутубхонасида, музейларда, Фанлар Академиясида, зоология боғида, Петропавловск қалъасида, фабрика ва заводларда, савдо биржаси, магазинларда, театр ва циркда, касалхоналарда, Император боғида (Царское село) ва бошқа диққатга сазовор жойларда бўладилар.
Кўриниб турибдики, режа кенг, мазмунли тузилиб, вакилларга рус давлати ҳақида катта таассурот ва тушунча бериши лозим эди. Бу билан уларнинг кўз олдида рус давлати қудратини намойиш қилиш эди. Ҳатто Туркистон вакилларини зўр эҳтиром билан шахсан император Александр II қабул қилган. Улар императорга гўё Туркистон аҳолисининг рус давлати тобелигига олинганлигидан бахтиёрлигини, мангу содиқлигини изҳор этувчи мактубни топширадилар. Бу мактубга Тошкент, Туркистон, Хўжанд, Чимкент ва бошқа жойларнинг катталаридан 59 киши имзо чеккан ва муҳр босилган эди. Вакиллар ўз вазифаларини адо этгач, ватанларига қайтганлар.
Чор ҳукумати ана шу тахлит Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги аҳоли гўё ўз ихтиёри ва истаги билан рус давлати фуқаролигига ўтганликлари ҳамда бундан мамнун эканликларини хорижий мамлакатлар кўз ўнгида намоён этишга уринди. Амалда эса у қонли урушларни давом эттира борди. Чунончи, 1867 йилнинг 7 июнида Жиззах ва Самарқанд ўртасида жойлашган Янгиқўрғонда 45 минг кишилик Бухоро қўшини ва халқ кўнгиллиларини қаттиқ жанг билан мағлубиятга учратади. 1868 йил 1 майида эса Самарқанд шаҳри остонасидаги Чўпонота тепалигида беаёв уруш бўлади. Бу чорпилчорда ҳимоячилардан кўп кишилар қириб ташланади ва ярадор қилинади. Чор аскарлари эртасига Самарқанд шаҳрига бостириб кирадилар. Ваҳимага тушган ерлик аҳоли душманга қарши тура олмайди. Бундан хабар топган Амир Музаффар қаттиқ даҳшатга тушиб, хабарчини «шум сўзлари» учун дарҳол осиб ўлдиришга фармон беради. Унинг васвасаси аста-секин йиғига айланиб «Худо мени Самарқанддан маҳрум қилгандан кўра жонимни олгани яхши эди», деб нола чекади. Амирнинг ношудлиги ва мағлубияти халойиқ орасида юрт соҳибига қарши норозилик ва ғазабни янада кучайтиради. Айниқса, унинг Чор ҳукумати билан сулҳ тузишга мойиллиги вазиятни ўта кескинлаштиради. Натижада, Бухоро атрофидаги аҳли жамоа амирдан «қандай бўлмасин урушни давом эттиришни» талаб қилиб қўзғолон кўтарадилар. Амир Музаффар халқ қўзғолонининг бутун Зарафшон водийсига тарқалиб кетишидан қўрқиб, дарҳол чоризмга қарши ҳарбий юриш уюштиради. Чўли Малик деган жой қўзғолон марказига айланади. Бу ерда ойболта, сўйил, найза ва шунга ўхшаш оддий нарсалар билан қуролланган қўзғолончиларнинг асосий кучлари тўпланган эди. Бироқ қўзғолон тор-мор этилиб бостирилади.
Талвасага тушган амир нима қиларини билолмай ўз атрофидаги беклар билан кенгаш ўтказиб сулҳ тузиш ёки урушни давом эттириш масаласини муҳокамага қўяди. Кенгашда биринчи бўлиб сўз олган лашкарбоши Усмонбек шундай дейди: «Хонлик халқи урушни давом эттиришни талаб этаётган бир пайтда кофирларга контрибуция (товон)[9] тўлагандан кўра бир томчи қон қолгунча курашиш афзалроқдир». Бу фикрни кенгаш қатнашчилари бир оғиздан қўллаб-қувватлайдилар. Шундан кейин 15 минг отлиқ, 6 минг пиёда ва 14 та тўпдан иборат Бухоро қўшини Зирабулоқ тепалигига келиб ўрнашади. Қўшинни руҳлантириш ва ғалабага чорлаш ниятида амир Музаффар уларга қуйидагича мурожаат қилади: «Содиқ мусулмон фуқаролари! Сизларнинг заҳматларингиз учун раҳмат, сизларни ишонтираманки, ғалаба биз томонда бўлғай. Самарқанд ва Каттақўрғоннинг қўлдан кетиши биз учун унчалик катта йўқотиш эмас. Биз темурийлар авлодимиз, биз ўз еримизни қандай қилиб қайтариб олишни кўрсатиб қўямиз. Мусулмонлар! Мен динимиз ва Ватанимиз учун мусулмон аҳлининг қаҳрамонона жанг қилишини кофирлар кўз ўнгида намоён этишингизга умид қиламан. Халқ биздан ғалаба кутаяпти, у жангдан сўнг сизларни қарши олганида дин ва Ватан ҳимояси учун курашган ва еримизни кофирлардан тозалаганлар деб айтишсин. Зирабулоқ жанг майдонида ҳалок бўлганлар шарафига шонли ёдгорлик ўрнатилади. Мусулмонлар! Туркистон генерал-губернатори талаб қилаётган 125 минг тилла (500 минг сўм) совға сифатида сизларга берилади. Ишончим комилки, сизлар менинг умидларимни рўёбга чиқариб, самарқандликлар тўнидаги қора доғни ювасизлар. Мусулмонлар, сизларга зафар ёр бўлсин!» Ушбу мурожаат тўп ўқлари овози остида ўқиб эшиттирилади. 1868 йил 2 майда генерал К. П. Кауфман қўмондонлигидаги қўшин ва ҳимоячилар ўртасида жанг бошланади. Бухоролик мудофаачилар «Олинглар, олинглар ахир…» дейишганча душманга қарши ҳужум қиладилар. Аммо кўп талофат кўриб мағлубиятга учрайдилар. Бу ҳақдаги хабар бутун Бухоро халқи ғазабини янада кучайтиради. Амир қўрқиб Қизилқум тарафга қочиб кетади. Зирабулоқдаги жанг вақтида Самарқандда чоризмга қарши халқ қўзғолони бошланади. Юрт ҳимоясига шаҳар атрофидаги қишлоқ ва овуллардан минглаб кишилар келиб қўшиладилар. Генерал-губернатор К. П. Кауфманнинг ёзишича, Каттақўрғондан то Самарқандгача бўлган ерларда кишиларни кам учратган. Бунга сабаб найманлар, қорақалпоқлар, хитойқипчоқлар, қирқ жузлар ва бошқа қабилалар Жўрабек ва Бобобек бошчилигида Шаҳрисабздан келаётган 20 минг кишилик қўшин ва қасоскорларга қўшилиб, Самарқанддаги қўзғолончилар сафини тўлдирган эдилар. Натижада Самарқанд чоризмга қарши умумхалқ курашининг ўчоғига айланади. Бир неча минг кишилик қўзғолончилар шаҳар қалъасида ўрнашган чор қўшинини қуршаб олиб жангга киришадилар. Аммо Шаҳрисабз беклари чор қўшинларига ёрдамчи кучлар келаётганидан хабар топиб, Самарқандни ташлаб чиқадилар. «Шундан кейин, — деб ёзади К. П. Кауфман, — шаҳар аҳли қишлоқлардан келган халқ кўнгиллилари билан биргаликда қалъага ҳужум қилишни давом этирдилар[10]». Бу вақт ичида ҳар икки томондан кўплаб киши қурбон бўлади ва ярадор қилинади. 8 июнда генерал К. П. Кауфман бошчилигидаги қўшинлар шаҳарга бостириб кириб қўзғолонни шафқатсизлик билан бостиради. Улар шаҳар бозорини, савдогар ва ҳунармандлар дўконларини ўтга тутадилар. Қўзғолон қатнашчиларидан 19 киши ўлимга ва 19 киши Сибирга умрбод сургунга ҳукм қилинади. Бунинг устига қўзғолончиларнинг аксарияти жангда ҳалокатга учраган. Чор қўшинларидан эса 275 киши ўлдирилади ва ярадор этилади. Бошқа жойларда босқинчилардан бунчалик кўп киши талофат кўрмаган эди. Шунинг учун генерал К. П. Кауфман «Самарқанд қалъасидаги талофатни жуда катта йўқотиш»[11], деб баҳолайди. Бу вақтда амир Музаффарнинг обрў ва мавқеи тобора тушиб тахтда зўрға илиниб турарди. Амир Карманага келиб, ўз амалдорлари иштирокидаги кенгашда чор ҳукумати билан сулҳ тузишдан бўлак чора қолмаганини маълум қилиб: «Эндиликда барча қўшин ва қурол-аслаҳаларни, тўпларни оқ подшоҳга топшириб, менга Маккага ҳажга боришга рухсат берилишини ундан сўрайман. Сезиб турибманки, менинг ўлимим яқин, тақдирим ва ҳаётим халқнинг қўлида»[12].
1868 йилнинг 23-июнида амир Музаффарнинг элчилари Самарқандга, К. П. Кауфман ҳузурига келиб, сулҳ тузишга розилик билдирадилар. Сулҳга кўра Самарқанд, Каттақўрғон ва Зарафшон дарёсининг юқори қисми хонликдан ажратиб олиниб, Россия таркибига киритилди. Амир товон сифатида 500 минг сўм тилла пул тўлашга ва хорижий мамлакатлар билан мустақил равишда алоқа ўрнатмасликка розилик беради. Шунингдек, Россия савдогарларига хонлик тасарруфида бемалол савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланишга ҳамда карвонсаройлар қуришга ижозат этилди. Улар тўлайдиган савдо божлари миқдори бухороликлар тўлайдиган божлардан ошмаслиги керак эди. Хуллас, шартнома тузилгандан сўнг Бухоро амири урушни расман тўхтатиб, рус давлатига тобелигини тан олади. Бу эса ватанпарвар, ҳур фикрли одамларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. Ҳатто амирнинг ўғли Катта тўра ва бир неча нуфузли беклар бирлашиб, Музаффархон ва чоризм истилочиларига қарши курашни давом эттирдилар. Улар амирнинг тахтдан маҳрум этилганини эълон қилиб, Шаҳрисабз ва Китобда катта куч тўпладилар. Шаҳрисабз беклари Катта тўрани хон деб эълон қиладилар. Натижада амир Музаффарнинг аҳволи ниҳоятда оғирлашади. Ота-бола қўшинлари ўртасида Самарқанд яқинидаги Жом қишлоғида содир бўлган жангда амир сарбозлари енгилади. Шундан сўнг амир чор маъмуриятига ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Буни инобатга олган генерал Абрамов 1870 йилда Шаҳрисабз ва Китобда Жўрабек ва Бобобек бошчилигидаги қўшин ва оломонни енгиб, у жойларни амир Музаффар ихтиёрига топширади. Бундан илгари, яъни 1868 йилда чор қўшинлари томонидан босиб олинган Қарши шаҳри ҳам амирга қайтарилади. Бу билан чор ҳукумати амир Музаффарнинг рус давлатига янада қулларча итоат этишини мустаҳкамлай борди. Амир эса сулҳ шартларини оғишмай бажараверди.
Чор ҳукумати Хива хонлигини босиб олиш учун катта тайёргарлик кўрди. Ваҳоланки, Хива хонлигида 1869 йилги маълумотларга кўра, 1500 кишидан иборат мунтазам армия бўлиб, ҳарбий техникаси ниҳоятда паст даражада эди. Шунга қарамай, чор ҳукумати хонликка қарши уч тарафдан, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги, Оренбург ва Каспий денгизи томонларидан ўз ҳарбий кучини ташлайди. Қўшин яхши қуролланган 12 минг кишидан иборат эди. Ҳатто қўшинга император хонадонидан буюк князь Константин Константинович ва князь Евгений Максимилианович Романовский ҳам қўшилади. Афтидан, бу билан ҳарбий юриш мавқеини янада ошириш мўлжалланган бўлса керак. Қўшинга генерал К. П. Кауфман умумий қўмондонлик қилади. Чор қўшинлари узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтиб, Хива хонлиги чегарасига етиб келадилар. 1873 йилнинг май ойида йўлма-йўл хиваликлар қаршилигини енгиб борган чор истилочилари 28 майда Хива шаҳри остонасига келиб тўхтайдилар. Бу вақтда Саид Муҳаммад Раҳимхон қочишга улгурган эди. Қўшин генерал Веревкин бошчилигида Хива шаҳрига ҳужум бошлайди. Пировардида уруш тўхтатилади ва генерал П. К. Кауфман Саид Муҳаммад Раҳимхонни қайтадан тахтни эгаллашга даъват қилади. Шундан сўнг Муҳаммад Раҳимхон Хивага келиб, рус давлатининг вассали сифатида ўз тахтини эгаллайди. 1873 йил 12 августда ўзаро сулҳ тузилиб, Хива хонлиги ўз сиёсий мустақиллигини йўқотади. Шунингдек, у товон тўлашни ва Россия савдогарларига хонликда бемалол иш юритиш учун шароит яратиб беришни бўйнига олади. Амударёнинг ўнг қирғоғи Россия ихтиёрига ўтказилиб, у ерда генерал губернаторликнинг Амударё бўлими ташкил этилади.
Шундай қилиб, Бухоро ва Хива хонликлари ўз мустақилликларини қўлдан бой бериб, чор Россияси таркибига киради. Гарчанд хонлик сақланиб қолган бўлса-да, улар рус давлати манфаатлари доирасида иш юритиши лозим эди. Чор ҳукумати минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритгани ва ногирон қилгани етмагандек, уруш харажатларини ундириш учун Бухоро хонлигини 500 минг сўм, Хива хонлигини эса 2 миллион 200 минг сўм товон тўлашга мажбур этади. Бу оғир жарима меҳнаткаш омманинг мушкул ҳаётини янада оғирлаштиради. Бироқ, икки хонлик жаримани вақти билан тўлаб борди.
Чор истилочиларининг галдаги нияти Қўқон хонлигини тугатиш эди. Улар Туркистон, Чимкент, Тошкент ва бошқа жойларни босиб олиб, Қўқон хонлигига қаттиқ зарба берган эди. Қўқон хони Худоёрхон қўрқоқ ва тадбирсиз бўлганлиги учун ватан ҳимояси йўлида бирон арзигулик иш қилмади. Аксинча, чор ҳукумати паноҳида ўз тахтида ўтиришни ўйларди, холос. У 1868 йили чоризм билан сулҳ тузиб, амалда Россияга қарам бўлиб қолади. Унинг итоаткорлигини тақдирлаган чор ҳукумати Худоёрхонни Россия давлати ордени билан мукофотлади ва унга «Аслзода» деган фахрий унвон берди. Худоёрхоннинг мазкур сиёсати аҳолининг ғазабини тошириб юборди. Бунинг устига хоннинг зулми тобора кучайиб борди. Натижада, 1872 йилда халқ қўзғолони кўтарилди ва у 1876 йилгача давом этди. Халқ нафратига учраган Худоёрхон ўзининг бой хазинасини 40 та аравага юклаб, Хўжандга қочиб кетади. Бу ердан у Тошкентга юборилади. Генерал Кауфман унинг бойликларини ҳукумат фойдасига мусодара қилиб, ўзини Оренбургга сургун қилади[13].
Қўзғолончиларга хонликдаги ҳукмрон доираларнинг вакиллари ҳам қўшилиб, чор ҳукуматига қарши кураш олиб бордилар. Бу ҳаракат шу даражада кенг қулоч ёйдики, бутун Фарғона водийсини қамраб олди. Қулай фурсатни кутаётган чор ҳукумати 1875 йил 6 августида Фарғона водийсига бостириб киради. Қўзғолончилар бу босқинчиликларга қарши қаттиқ жанг қиладилар. Шафқатсиз душман қўшинлари бир неча аҳоли тураржойларини ер билан яксон этади ва минглаб одамларни қириб ташлайди. Биргина Андижондаги жангда қўзғолончилардан 20 минг киши ёвузларча ер билан яксон этилади. Бу фожиа генерал Скобелевнинг буйруғи ва бевосита иштирокида рўй беради.
Халқ қўзғолони шафқатсизлик билан бостирилиб, 1876 йил 16 февралда Қўқон хонлиги тугатилади. Шундай қилиб, чор ҳукумати 1853—1876 йилларда, ўзбек хонликларига қарашли шаҳар ва қишлоқларни бирин-кетин босиб олиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг ҳокими бўлиб қолади. Минглаб оддий халқ вакиллари болта, таёқ билан қуролланиб, ўзидан ҳар жиҳатдан бир неча баробар кучли ва яхши қуролланган чор қўшинларига қарши мардонавор курашади. Улар аскарларнинг тўплар ва милтиқлардан отилган ўқ ёмғирларига кўкракларини тутадилар. Ўзбек хонлари эса мамлакат мудофаасини мустаҳкамлаш ва ҳарбий техникани такомиллаштириш ўрнига ўзаро келишмовчилик ва урушлар билан овора эдилар. Айниқса, Бухоро хонлигининг Қўқонга нисбатан олиб борган душманлик сиёсати чор ҳукумати учун катта фойда келтиради. Уруш ҳаракатлари шуни кўрсатдики, учала хонликнинг ҳукмдорлари ҳарбий жиҳатдан мутлақо саводсиз кимса бўлиб чиқди. Бундан Қўқон лашкарбошиси Алимхон мустаснодир. У чор ҳукуматига қарши курашда ўзининг юксак ҳарбий маҳоратини намойиш этиб, қўшинга ва халқ қасоскорларига билимдонлик ва жасорат билан бошчилик қилди. У жўшқин затанпарвар ва қаҳрамон шахс сифатида жанг майдонида ҳалок бўлади.
Ўзбек хонликлари ерларининг босиб олиниши чор Россиясининг юқори табақаси томонидан зўр хурсандчилик билан қарши олинди. Россия молия министри Вишнегородский бу жойларни «рус тожидаги энг қимматбаҳо дур» деб баҳолаган эди.
Туркистон генерал-губернаторлигининг чегараси вақт ўтиши билан кенгайиб борди. Пировардида Сирдарё, Фарғона, Еттисув ва Каспий орти ерларини ўз қарамоғига киритди.
Бухоро амирлигида 28 беклик-вилоят бўлиб, Чоржўй, Кармана, Зиёвуддин, Нурота, Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Ғузор, Бойсун, Қоратегин, Денов, Ҳисор, Дарвоз, Болжуван, Шўғнон, Рўшон, Кўлоб, Қўрғонтепа, Қободиён, Шеробод, Ҳалиф, Керки, Бурдалиқ, Қарши ва Норизим сингари жойларни ўз ичига олган.
Хива хонлиги эса Питнак, Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Қўшкўпир, Хозавот, Қиёт, Шоҳобод (Шовот), Тошҳовуз, Омбар, Маноқ, Гурлан, Манғит, Қилич, Ниёзбой, Қипчоқ, Порсу, Илёли, Кўҳна Урганч, Хўжайли, Шуманай ва Қўнғирот деган жойларни қамраган.
Бинобарин, икки хонликнинг илгариги чегараси анча торайди. Чор ҳукумати Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг бой ва бепоён ерларида мустамлакачилик сиёсатини ўрнатиб, кенг меҳнаткаш оммани қаттиқ эзди ҳамда табиий бойликларни аёвсиз талади. У миллий тиллар ва маданиятнинг ривожланишига доимо тўсқинлик қилди. Улкан, бой бир ўлка Россиянинг хомашё манбаига ва тайёр маҳсулотлар бозорига айлантирилди. Шунинг учун ҳам В. И. Ленин «Туркистон мустамлакачиликнинг энг ёрқин намунасидир», деб айтган эди.
Ҳамид Зиёев,
тарих фанлари доктори, профессор
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 8-сон
_________________________
[1] Б. П. Вежевский, Л. И. Неплюев. «Оренбургский край», Қозон, 1897 й. 1-жилд, 136-бет.
[2] Туркестанский сборник. 58-жилд, 22-бет.
[3] ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзма фонди, 474-бет.
[4] Ўша асар, 487-бет.
[5] Ўша асар, 501-бет.
[6] Ўша асар, 13-бет.
[7] Ўша асар. 18-бетнинг орқаси
[8] Унинг отаси асли қоратегинлик бўлиб, кейин Тошкент шаҳрига келиб ўрнашган экан.
[9] Сулҳ тузилган тақдирда Бухоро хонлиги Чор ҳукуматига товон сифатида 500 минг тилла пул тўлаши керак эди.
[10] ЎзССР Марказий Давлат архиви, Ф. 715, оп. 1, д. 37, 11-бет.
[11] Ўша жойда, 13-бет.
[12] Туркистон тўплами, 52-жилд, 434-бет.
[13] Айрим маълумотларда кўрсатилишича, Худоёрхон Оренбургда бир хусусий уйда яшаб, от савдоси билан шуғулланган. Кунларнинг бирида бир қозоқ киши ёрдамида ғойиб бўлиб, Афғонистон, Ҳиндистон, Арабистон ва ҳатто Лондонга борган. Бу ерда у Англия ҳукумат вакиллари билан суҳбатлашган ҳамда хонликни тиклаш учун ёрдам сўраган, сўнгра Афғонистонга қайтиб, кўп ўтмай вафот этган.