РАШИД АФАНДИ
Венгриялик Армин Вамберининг дарвиш қиёфасида Рашид афанди, Рашид ҳожи номлари билан бизнииг юртимиз бўйлаб қилган сафарига 125 йил тўлди.
Мана, ўтган 125 йилдан бери можаристонлик бу сайёҳнинг номи жаҳон халқлари энциклопедия, қомусларидан тушмайди, унинг ёзиб қолдирган китоблари ҳануз европаликлар томонидан қизиқиб ўқилади, ўрганилади. Унинг ўзи ҳақида ўнлаб китоблар ёзилган, филмлар қўйилган. Бунинг боиси нимада? Армин Вамбери ким бўлган?
Армин Вамбери 1832 йилнинг 19 март куни Дунай оролларидан бирига жойлашган кичик венгер шаҳри Дуна шердахелида яҳудий оиласида туғилган. 12 ёшгача қишлоқ мактабида ўқийди, сўнг Авлиё Георгий гимназиясига киради. 16 ёшида у можор, лотин тилларидан ташқари, франтсуз, немис, инглиз ҳамда скандинавия тилларини яхши билган, рус ва бошқа славян тилларидан хабари бўлган. Ота-онаси эрта вафот этганлиги сабабли, у ёшлигидан меҳнатдан қочмади.
Тил ўрганишга қизиқиш Вамберида эрта бошланган, Ғарб ва Шарқ тилларини ўрганиш унинг учун бир орзу бўлган. Вамберининг иккинчи яна бир орзуси бор эди - у венгер тилининг келиб чиқишики, унинг Шарқ тиллари билан алоқасини аниқламоқчи эди.
Ўша вақтлари ва ундан кейин ҳам, бир қанча олимлар венгер (можор) уруғи Ўрта Осиёдан ёки Бошқирд текислигидан кўчиб келган деган тахминни олға суришган. А. Вамбери ёшлигидан бу жумбоққа жавоб ахтариб, Ўрта Осиёни кўриб қайтганидан сўнг, унга жавоб топгандек бўлади. У ёзади: Биз Осиёда турғун бўлиб қолиб кетган уруғларимизни қидиряпмиз, деган фикр хатодир... Биз ўз тилимизнинг этимологик тузилишини аниқлашга ҳаракат қиламиз, аниқ маълумот олиш учун қардош шеваларга мурожаат этамиз (Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат, СПб., 1865, 1-бет).
Маълумки, венгер тили олтой тиллари оиласига киради. А. Вамберининг орзуи венгер тилини олтой тиллари оиласининг фин-угор гуруҳларигами ёки туркий тиллар гуруҳига киришини аниқлаш эди. Шу мақсадда, маълумотли бўлганидан сўнг, у 1852 йили Осиё мамлакатларидан энг яқини Туркияга йўл олади. У ўша йиллари Истанбулга кўчиб ўтиб, ўзига тўқ турк оилаларида ғарб тиллари, асосан франтсуз тилидан дарс бера бошлайди. Аввал Поша Ҳусайн Доим хонадонида, сўнгра дўсти ва маслаҳатчиси Мулла Аҳмад афанди таъсирида деярли усмонли турк қиёфасига киради ҳамда Фуод поша идорасига ишга ўтади. «Бир неча йил турк хонадонларида бўлишим, ислом мактабларига ва китоб дўконларига қатнаб юришим», деб эслайди А. Вамбери, «мени тезда туркка, ҳатто афандига айлантириб қўйди». Истанбулда А. Вамбери турк тили, эски ўзбек тилидан ташқари, араб, форс тилларини қунт билан ўрганади, ислом дини қонун-қоидалари билан мукаммал танишади ва натижада, ислом динидан олган билими бир мулланинг билимидан ортиқ бўлади. Буларнинг устига 1858 йили Немисча-туркча луғат (тахминан 14 минг сўзли), 1860 йили эса Чиғатойча (эски ўзбекча) - немисча луғат (тахминан 40 минг сўзли) тузиб, Истанбулдаги нашриётларда чоп эттиради.
А. Вамберининг бу ишлари Ўрта Осиёга режалаштираётган саёҳатининг бошланғич босқичи эди.
Тилларни ўрганишдаги менинг муваффақиятларим, деб хотирлайди у, Шарқ бўйлаб саёҳатни давом эттиришим учун мени руҳлантирди. Мен Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат қилишга бел боғлар эканман, афанди қиёфасини сақлаб қолишни ва Шарққа шу мамлакатларнинг табиий фуқароси сифатида кириб боришни тўғри деб ҳисобладим.
Ўз режасини амалга ошириш мақсадида А. Вамбери 1863 йилнинг бошида Теҳронга келади. Эрон пойтахтидаги Туркия элчихонаси бошлиғи уни яхши қабул қилади ва Ўрта Осиёга дарвиш қиёфасида амалга оширилади саёҳат режаларини ишлаб чиқа бошлайдилар. Бу режа бўйича, А. Вамбери Маккадан келаётган ҳожилар карвони билан Ўрта Осиёга кириб бориши лозим эди. Армин Вамберининг исм-шарифи ўзгартирилади, энди у Рашид афанди номи билан яшашга мажбур эди. Кейинчалик карвондагилар уни Рашид ҳожи деб ҳам атайдилар.
27 март куни Туркиянинг Теҳрондаги элчиси Рашид афандининг Ўрта Осиё бўйлаб сафари олдидан катта зиёфат беради...
1863 йилнинг 28 март куни Маккадан қайтаётганлар билан бирга кечқурун Рашид афанди дарвиш қиёфасида ҳали бизга номаълум минг хил хаёллар, минг хил режалар билан юртимиз томон кела бошлайди.
ВАМБЕРИ ЎЗБЕКЛАР ЮРТИДА
1863 йил 29 май куни А. Вамбери қўшилиб олган карвон Хева хонлиги тупроғига қадам қўяди. 30 май куни Хева яқинидаги қишлоқда дам олишади. А. Вамбери: 30 май куни биз ўзбек қишлоғига кириб келдик. Бу қишлоқ аҳолиси мен кўрган биринчи ўзбеклар эди; «улар жуда ҳам ажойиб инсон эканлар», - деб ёзади дафтарига (63-бет).
Хевани кўрган Вамбери ҳайратда қолади. «Мен аввал Хеванинг шунчалик чиройлилигини саҳро билан қиёсдан бўлса керак, деб ўйлар эдим. Йўқ, йўқ! Хеванинг атрофидаги баланд тераклар, соя ташлаб турган кичик ҳовлилар (асл нусхада ҳам хавли сўзини ишлатади - Х. И.), кўм-кўк яйловлар ва тўкин-сочин далалар ҳозир ҳам, - Европанинг ғоят гўзал ерларини кўрганимдан кейин ҳам, - мен учун энг чиройли бўлиб туюляпти» (64-бет).
Амударёнинг суви ҳақида биз кўп ривоят ва ҳақиқатларни эшитганмиз. А. Вамберининг ёзганлари ҳақиқий далилларга қўшилган бир далилдир: «Дунёда бунга ўхшаш бошқа дарё йўқ, муборак Нил дарёси ҳам бундай эмас дейишарди. Мен бўлсам, бу дарё сувининг тотлилиги сувсиз чўлдан чиқиб, унинг қирғоқларида ором олиш натижасида бўрттириб айтилган гап бўлса керак, деб ўйлардим. Бироқ кейинчалик бунинг хатолигига ишондим. Аминманки, мен билган дарёлар ичида суви энг ширини, бу - Амударё сувидир» (78-бет), деб гувоҳлик беради можор сайёҳи.
А. Вамберининг ёзишича, «Хеванинг тупроғи бой, у буғдой, шоли, ипак, пахта қоғози, сифатли қизил бўёқ олинадиган рўён номли илдизи билан шуҳрат қозонган. Хеванинг мевалари шундай яхшики, унга тенг келадиган меваларни Эрон ва Туркиядангина эмас, балки Европанинг ўзидан ҳам топиб бўлмайди. Айниқса, Ҳазорасп олмалари, Хеванинг нок ва анорлари тенги йўқ, ажабтовур қовунлари жуда ҳам яхши. Унинг қовунлари Пекингача маълум. Айтишларича, Осмон салтанатининг султони вақти-вақти билан Урганч қовунларини хушлаб қолар экан. Бу қовунлар Россияда ҳам юқори баҳода сотилади. Бир арава қишки қовунга бир арава шакар тўлашади» (170-бет).
Яна бошқа бир китоб - Ўрта Осиё очеркларида А. Вамбери Хева қовунлари хусусида тўхталиб, уларни юқори баҳолайди: «Хева қовунларига ўхшаш қовунларни сиз Осиёдагина эмас, балки бутун ер юзида тополмайсиз. Уларнинг ширинлиги тўғрисида европалик ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди. Улар шу даражада ширин ва хушбўйки, оғизда эрийди; агар улар нон билан ейилса, бизга табиат инъом этган энг яхши таом шу бўлади» (226-бет). А. Вамбери 10 та тезпишар, 5 та қишки қовуннинг навларини санаб, уларни таърифлайди.
А. Вамбери ўзбек пахтасига алоҳида эътибор берган. Вамберининг 125 йил аввал чиқарган хулосасига кўра, Ўрта Осиё пахтасининг келажаги катта. «Туркистон пахтаси ҳинд, эрон ва миср пахтасидан яхши, кўплариинг фикрича, у машҳур америка пахтасидан қолишмайди» (229-бет). А. Вамберини ташвишга солган масала - Ўрта Осиё пахтасини фақат биргина Россия йилдан-йилга кўпроқ харид қилиши. Вамбери бу масалада ҳам ўта синчковлик билан иш тутган. У 1840-1860 йиллар давомида Бухоро амирлиги ва Хева хонлигидан Россия сотиб олган пахтанинг миқдори ва нархи билан қизиққан ва бунинг жадвалини тузган. А. Вамбери жадвалидан кўринадики, ўзбек пахтасининг Россияга чиқиши 1840-1850 йилларга нисбатан 1853-1860 йиллари икки марта ошган. Биргина Бухоро амирлигадан Россия 1840-1850 йиллари 2.065.679 фунт стерлинглик пахта сотиб олган бўлса, 1853-1860 йиллари 4.237.772 фунт стерлинглик пахта олган (231-бет).
Туркистон ўлкасининг қазилма бойликлари тўғрисида ҳам А. Вамбери анча кенг ва ҳақиқатга яқин маълумотлар келтирган. «Мен шундай хулосага келдимки», деб ёзади у, «Туркистон бойлиги кам ўлкалардан эмас. Уни (Туркистонни - Х. И.) қум гардишли олмос, деб бежиз айтишмайди. Келажакда Ўрта Осиё ҳақиқатан ҳам муҳим аҳамият касб этади ва Шарқ мамлакатлари ўртасида энг кўзга кўринарли ўринни эгаллайди» (238-бет).
Янги Урганчда етиштириладиган пахта, А. Вамберининг ёзишича, энг сифатли, Ҳазорасп пилласидан олинадиган ипак бутун Хева хонлигида энг қимматли ҳисобланади, Гурланда энг яхши шоли ўстирилади. Бухоро ва Қўқонда ҳам шундай.
А. Вамбери Туркистоннинг ўсимлик дунёси таърифига катта эътибор берган. Ҳар бир ўсимликнинг навларини, қанчадан ҳосил беришини кўрсатиб ўтади ва Европа билан қиёслайди. Бухоро буғдойи энг сифатли саналади, у узун ва ингичка қизил рангли дон беради. Бу буғдой унидан Бухоро шаҳрида шуҳрат қозонган нон ёпишади. Бу буғдой ҳамма ерда ширмой номи билан шуҳрат қозонган. Гуруч бу ерларда жуда ҳам мўл; жўхори учала хонликда ҳам кўп экилади. Мойли экинлардан кунжут бу ерда яхши ўсади ва кўп мой беради. Зиғирдан олинадиган мой овқатга ишлатилади. Пахтанинг чигитидан олинадиган ёғ овқатга ишлатилмайди, деб таъкидлайди А. Вамбери (223-бет).
Бир нарсани олдиндан айтиб қўйишимизга тўғри келади: шаҳар-қишлоқларимиз, халқимиз, бизгача барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, юртимизнинг географик ва стратегик мавқеи ҳақида А. Вамбери ўз асарларида деярли ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилади. Унинг вазифаси Ўрта Осиёнинг географик, сиёсий, ижтимоий мавқеини тўғри баҳолашдан иборат эди. Уни Ўрта Осиёга юборганларга шу керак эди. У ўз вазифасини аъло даражада бажаради. Биз учун А. Вамбери ёзиб қолдирган халқимизнинг ўтмиш ҳаётига оид ҳар бир тарихий далил қимматлидир.
Бухоро дўконларида А. Вамбери чойнинг 16 хилини кўрган ва уларнинг номини ўз ён дафтарига туширган. Уларнинг айримлари мана булар: қирқма, ахбор, оқ қуйруқ, қора чой, сепет чой, ишбоглу, гулбўй, пошун, мушук кўз, лонка (94-бет).
А. Вамберининг ўлчовича, ўша вақтлари Самарқанд саҳни жиҳатидан Теҳронга тенг бўлган, лекин уйлар узоқроқ жойлашган, катта бинолар эса яхши ерларга қурилган (112-бет).
А. Вамбери Қарши шаҳрида фақат уч кун турган бўлса-да, у ердан ҳам кўп далиллар тўплаган. Қарши қадимги Нахшабдир, деб ёзади у, ўзининг мавқеи ва савдо аҳамияти жиҳатидан Бухоро амирлигида иккинчи шаҳар саналади. Агар сиёсий тўс-тўполон монелик қилмаганда эди Қарши, Бухоро, Қобул ва Ҳиндистон билан бўладиган савдо-сотиқда муҳим аҳамият касб этарди. Вамберининг саноғига кўра, ўша вақтда Қаршининг аҳолиси 25 минг, асосан ўзбеклар бўлган ва улар амир аскарларининг асосини ташкил этган (114-бет).
ВАМБЕРИНИНГ ЮРТИМИЗДАН ЧИҚИБ КЕТИШИ
Қарши А. Вамбери бўлган охирги бизнинг шаҳримиз эди. Бу шаҳарда уч кун тургач, у Амударёни кечиб ўтиб, Ҳиротга йўл олади.
1863 йил 15 ноябр куни Ҳиротдан 2000 кишилик карвон билан Машҳадга қараб жўнайди. Ўн икки кун йўл юриб, 27 ноябр куни Машҳадга етиб келади ва бу Эрон шаҳрида биринчи қилган иши - Машҳад шаҳрининг губернатори бўлиб турган инглиз полковниги Долмаж қабулида бўлади. Мана шу кундан бошлаб Рашид афанди ўзининг дарвиш ниқобини олиб ташлаб, яна Армин Вамбери қиёфасига киради. Инглиз полковниги Долмаж уни 1863 йил 25 декабр кунигача меҳмон қилади. Вамберининг ўзи иқрор бўлишича, янги йил - мавлудни меҳмондўст полковник билан ўтказиб, 1863 йил 26 декабр куни Теҳронга қараб юради. Бу сафар у карвонсиз, ўзбек йўлдоши мулла Исҳоқ билан отда йўлга чиқади. А. Вамберидан у тўплаган Ўрта Осиёга оид дастлабки маълумотлар билан танишган инглиз полковниги Вамбери ва мулла Исҳоқни икки яхши от ва етарли йўл анжомлари ва харажат билан таъминлайди.
1864 йил 20 январ Куни А. Вамбери ва мулла Исҳоқ Теҳронга етиб келишади: «Кўринишим кулгили ва аянчли бўлишига қарамай, мен Туркия элчихонасига шошилдим. Инглиз элчихонаси эса, мени хушмуомалалик ва самимият билан кутиб олди», деб хотирлайди А. Вамбери (146-147-бетлар). Чиндан ҳам, Буюк Британиянинг Эрондаги элчиси Алисон, унинг икки секретари Томсон ва Вотсон Вамберига илтифот кўрсатишади ва Англияга етиб бориши билан Ўрта Осиё хотираларини босиб чиқаришда ёрдам беражакларини билдиришади.
Бу ерда бир нарсага эътибор бериш керак: ҳеч бир элчихонадаги учрашувда Вамберининг йўлдоши мулла Исҳоқ иштирок этмайди. А. Вамберини элчилар, инглиз-ҳарбийлари қабул қилиб, унга илтифот кўрсатишаётганда, мулла Исҳоқ Маккага олиб бормоқчи бўлган ўз ҳамроҳини карвонсаройларда кутиб ўтирар эди.
Теҳронда А. Вамберини Эроннинг ёш шоҳи Назриддин ҳам қабул қилади. «Ёш Назриддиншоҳ мени боғда қабул қилди», - деб эслайди Вамбери. - «У мендан (Ўрта Осиёлик) ҳамкасблари, хонликлар ҳақида сўради. Мен уларнинг сиёсий аҳволи танглигини айтдим. Ёш шоҳ ёнида ўтирган вазирига ўн беш минг аскар билан биз уларнинг ҳаммасини енгардик», деди (147-бет).
А. Вамбери Теҳронда икки ой тургач, 1864 йил март ойида Истанбулга қараб йўлга тушади. Истанбулда ҳамаси бўлиб уч соат (!) бўлади, бироқ шу вақт ичида хам дипломат барон Фон-Прокаш-Остен билан учрашади ва ундан ўзи тўплаган маълумотларни қандай ишлаб чиқиш ҳақида маслаҳат олади. Истанбулдан сўнг ўз ватани Венгрия пойтахтига ўтади. Ўша вақтлари Венгриянинг пойтахти бўлган Пештда мулла Исҳоқни дўстлари қўлига топшириб, якка ўзи Лондонга - уни кутиб туришган шаҳарга йўл олади. А. Вамбери Лондонга 1864 йил 9 июл куни кириб келади. «Мен ватанимда ҳам кўп туролмадим, чунки Англия қироллик география жамиятига ўз ҳисоботимни олиб боришга шошилаётган эдим», дея ўзини оқлашга уринади А. Вамбери (148-бет).
Вамбери «Ўрта Осиёга қилган сафарининг асл моҳияти тўғрисида сафаримнинг асл сири, моҳияти фақат икки кишига аён эди», деб ёзади, лекин кимлар бу сафарнинг сиридан воқиф бўлганлиги ҳақида оғиз очмайди.
ВАМБЕРИНИНГ «ҲИСОБОТ»И
Тарихдан маълумки, ХИХ юз йилликнинг ўрталари инглизлар Ҳиндистонда ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олган, Афғонистон ва Ўрта Осиёга интилаётган бир давр эди. Бу йиллари рус армияси ҳам Оренбургга ўрнашиб олиб, келгуси юришларини Туркистонга қаратишни режалаштираётган эди. Инглизларга Ўрта Осиёнинг сиёсий аҳволи, географик мавқеи, аҳолиси, армияси ҳақида аниқ маълумотлар ҳаво билан сувдек зарур эди. Улар Ўрта Осиёга юборган бир неча сайёҳлар мақсадга эриша олмади: қатл этилди, чўлларда сувсизликдан нобуд бўлди, чегараларда ушлаб қолинди. Армин Вамбери инглизларнинг сўнгги умиди эди. У бу умидни тўла оқлади. Вамбери ақлли эди, илмли эди, айёр эди. У ҳар қандай қийинчиликка жисмонан чидади, чунки ёшлиги қийинчиликда ўтган эди; у ўз сафари давомида берилган ҳар қандай сўроқларга аниқ, тўғри жавоб берди, унинг илм доираси кенг эди.
А. Вамбери ўз ҳисоботига киришни Лондонда 1864 йил 28 сентябрда ёзиб тугаллаган.
А. Вамбери Хева, Қўқон хонликлари ва Бухоро амирлигига оид тўла маълумотлар тўплай олди. Армин Вамбери ўз ҳисоботида сиёсий жабҳада бир неча йил кейин кечиши мумкин бўлган воқеаларни олдиндан башорат қила олди. Мана айрим далиллар:
а) А. Вамбери Хева хонлигига қарашли 32 шаҳар ва жойнинг Амударёдан қанча мил узоққа жойлашганлигини аниқлаб чиққан.
2) Унинг аниқлашича, Бухоро амирлигининг армияси 40 минг отлиқдан иборат, керак бўлганда 60 минг отлиққача ошиши мумкин (169-186-бетлар).
3) Россиянинг Ўрта Осиё билан алоқа қиладиган йўллари: 1) Хева - Астрахан - Оренбург; 2) Бухоро - Оренбург; 3) Тошкент - Оренбург ва Қизилжар (Петропавловск); 4) Наманган ва Оқсув - Пўлат (Семипалатинск) (201-бет).
А. Вамбери яна Ўрта Осиё хонликлари ўртасидаги йўлларни, уларнинг неча фарсахдан иборат эканлигини ҳам ҳисоботига киритган.
Вамбери Англияни Ўрта Осиёни Россияга бериб қўймасликка чақирган, рус армияси Ўрта Осиёга яқинлашиб келаётганлигидан огоҳлантирган. «Айрим одамлар Лондонда Ўрта Осиё бизга керак эмас, керак бўлса руслар олаверсин, деб юришибди», - ёзади ҳисоботида А. Вамбери. - Англиянинг ҳинд ерларига Россиянинг яқинлашиб келишига бефарқ қараши менинг ақлимга сиғмайди. Россиянинг Ўрта Осиёдаги хатти-ҳаракатининг муваффақият қозонишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин Россия фақат Бухоро билан чегараланадими? Ва у ўз интилишларини Амударё билан чегаралайдими? Мен Россия Туркистонни забт этганидан сўнг, бир кун келиб, Афғонистон ёки Шимолий Ҳиндистонга қараб юришдан ўзини тия олишини тасдиқлайдиган сиёсатдон билан учрашишни истар эдим. У ҳисоботини шу сўзлар билан тугаллайди: «Менинг камтарона фикрим шу. Британия шери рус айиғи билан бу мамлакатларда душманлик муносабатида бўладими ёки ака-укаларча ўз ўлжаларини тенг бўлиб оладиларми - бу шундай масалаки, ўзини филологик тадқиқотларга бағишлаган бир дарвиш сифатида мен бунга яқинроқ ёндоша олмайман» (221-бет). Тарих шунга аниқлик киритдики, бу масалага энг яқин ёндашганлардан бири мана шу дарвишнинг ўзи бўлиб чиқди. 1864 йили 10 сентябр куни чиққан сонида «Лондон Дейли телеграф» газетасининг Петербургдаги мухбири руслар Тошкентни ишғол этганлиги ҳақида хабар беради. А. Вамбери ўша кунги ҳисоботида бунинг тўғрилигига ишониб бўлмайди, бироқ руслар у ерда ҳаракат қилаётганликларига шубҳа йўқ, деб ёзади (221-бет). Вамбери бу масалада ҳам ҳақ бўлиб чиқади. Ҳақиқатан ҳам, генерал Черняев 1864 йил 1 октябр куни ўз аскарлари билан шаҳарга яқинлашади ва 2 октябр куни Қўқон йўлига чиқиб, шу томондан шаҳарга ҳужум уюштиради. Лекин бу ҳужум натижасида, унинг қўмондонлигидаги аскарлар талафот кўради, подполковник Обух ўлади, подполковник Лерхе ярадор бўлади. Бу муваффақиятсиз ҳужум туфайли, генерал Черняев аскарларидан 18 киши ўлади (2 таси офицер) ва 60 киши ярадор бўлади (2 таси офицер). Бу отряд 4 октябр куни Тошкентдан узоқлашиб, 7 октябр куни Чимкентга қайтиб боради (бу ҳақда қаранг: А. И. Макшеев. Исторический обзор Туркестана и наступателного движения в него русских. С. Петербург. Военная Типография в эдании Главного штаба, 199, стр. 227).
Тошкентни руслар 1865 йил 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси қаттиқ ҳужум билан забт этишади (ўша китоб, 223-бет).
Бу ҳисоботидан сўнг, А. Вамбери нимага эришди, деган савол туғилади. Рус совет ёзувчиси Н. Тихоновнинг анча юзаки битилган «Вамбери қиссаси»да (Тошкент, 1963) бу саволга Вамбери тилидан шундай жавоб берилади: «Тортган машаққатларим, оқарган сочларим учун ҳеч ким бир пақир тўламади» (шу китоб, 54-бет). Бу, албатта, ҳақиқатдан йироқ фикр. Кейинги йиллари топилган ҳужжатлар шуни кўрсатадики, алоҳида хизматлари эвазига Армин Вамбери, америкалик олим Ҳ. Б. Паксойнинг аниқлашича, Британия Ташқи ишлар идораси томонидан мунтазам ойлик, кейинчалик пенсия билан таъминланиб турган (бу ҳақда қаранг: Х. В. Паксой. Ўрта Осиёнинг янги достонлари. «Сентрал эйшан сервей» журнали 6-том, 1-сон, 1987, 91-бет). Агар . А. Вамбери 1913 йили вафот этганлигини эсласак, 49 йил давомида Британия можор сайёҳига пул тўлаб турган бўлиб чиқади. Инглизлар бекорга пул тўламаслиги барчага аён!
Лондонда бир йил туриб, А. Вамбери 1864 йилнинг охирида Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат китобини инглиз тилида чиқаради ва Европага машҳур бўлиб кетади. Бир йилдан сўнг- 1865 йили Париж орқали ўз ватанига қайтади ва Будапешт университетида шарқ тилларидан профессор лавозимида ишлай бошлайди.
А. Вамбери 1913 йил 15 сенгябр куни Будапештда 81 ёшида вафот этган.
ВАМБЕРИНИНГ АСАРЛАРИ
Армин Вамберига шуҳрат келтирган асар, сўзсиз, 1864 йили Лондонда инглиз тилида чиққан «Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат» китоби ҳисобланади. Бу китоб икки қисмдан иборат бўлиб. 1-қисмда унинг Ўрта Осиёга қилган саёҳати хотиралари ўрин олган, 2-қисмда эса туркманлар, Хева, Бухоро, Қўқон, Хитой, Туркистон тарихи, сиёсий аҳволи, географик мавқеи ўрганилган. Бу китобнинг 23, 24 боблари Англия учун керакли Вамбери чиқарган хулосалардан иборат. 23 бобда Ўрта Осиёнинг ички ва ташқи сиёсий алоқалари ўрганилган, охирги - 24 боб Ўрта Осиёда русларнинг инглизлар билан рақобати. Россия ва Англиянинг Ўрта Осиёга нисбатан тутган ўрни, деб аталади. Бу бобда А. Вамбери ўша давр Англия ҳукмрон доиралари учун тайёрлаган хулосаларини баён қилади. Бу китоб бир пайтнинг ўзида Россия учун ҳам аҳамиятли эди. Шунинг учун бўлса керак, у дарҳол рус тилига таржима қилиниб, 1865 йили С-Петербургда босилиб чиқади.
Мазкур китобни Ғарбдаги айрим мутахассислар жуда қисқаликда танқид қилишади. А. Вамбери бу танқидни тан олиб, 1868 йили «Ўрта Осиё очерклари» китобини нашр эттиради. Бу китоб биринчисини тўлдиради. У 17 бобдан иборат бўлиб, Ўрта Осиё халқлари тарихи ва ўша давр ҳаётининг турли масалаларини ёритишга бағишланган. Унда Хева саройи, уч хонликнинг ишлаб чиқариш кучлари, Ўрта Осиёдаги турон ва эрон қабилаларининг этнографик хусусиятлари, Ўрта Осиё адабиёти каби масалалар устида тўхтаб ўтилган. Бу китобнинг Ўрта Осиё адабиёти бобида Оллоёр, Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларининг таржималари, «Қиссаи Сайфулмулук» асаридан бир парча келтирилган. Хусусан, Алишер Навоий ҳақида А. Вамбери ушбу фикрларни баён қилади: Машҳур кишилар Навоий асарлари билан фахрланишади... «Навоий кам учрайдиган шеърият даҳосидир, у жуда ҳам маҳсулдор шоир бўлган. У ўзидан сўнг шеърият, тарих, одоб ва мантиққа оид 32 асар қолдирган... Унинг Ўрта Осиё туркий шевасини улуғлаганлигини, юқори даражага кўтарганлигини тан олмаслик мумкин эмас». (340, 341-бетлар). Бу китоби ёзилган йилларгача А. Вамбери Навоий асарлари билан тўла танишиб чиқмаганлиги сезилади. У «Лайли ва Мажнун»ни тескари «Мажнун ва Лайли» деб атайди. «Қиссаи Сайфулмулук»ни Навоий қаламига мансуб асар, деб ҳисоблайди.
1867 йили Вамберининг бошқа бир китоби чоп этилади. Бу унинг шу кунларгача ўз қадрини йўқотмаган «Чиғатой тилидан қўлланма» асаридир. Бу китоб немис тилида Лейптсиг шаҳрида босилиб чиқади. Асар уч қисмдан - илмий тадқиқот, матнлар ва луғат қисмларидан иборат. Китобнинг биринчи қисмида тилнинг грамматик қурилишига оид маълумотлар, 2-қисмида Тоҳир ва Зуҳра, Юсуф ва Аҳмад, Ҳурилиқо ва Ҳамро каби асарлар келтирилади. А. Вамбери бундан ташқари 112 ўзбек халқ мақолини ўзбек тилида келтириб (араб ва лотин ёзувларида), немис тилидаги таржимасини ҳам беради. Оллоёр, Насимий, Навоий, Фузулий ғазалларидан намуналар ҳам бу китобдан ўрин олган.
Вамберининг илмий жиҳатдан катта аҳамиятга молик асарларидан бири - унинг 1873 йили ёзилган «Бухоро ёки Трансаксония тарихи» китобидир. Муаллиф Мовароуннаҳр (икки дарё оралиғи)ни Трансаксония атамаси билан беради. Бу китобида у Бухоронинг энг қадимги даврларидан то ХIХ аср иккинчи ярмигача бўлган тарихини эълон қилинган ва эълон қилинмаган, ўзи Ўрта Осиёдан олиб кетган қўлёзмалар асосида баён қиладн. Унинг китоби икки қисмдан ташкил топган: «Қадимги ёки Мовароуннаҳр тарихи» ва «Янги ёки Бухоро амирлиги тарихи».
Вамберининг барча асарлари билан танишиб чиққан киши унинг бир хусусиятига эътибор бермасдан қолмайди: У олдинги асарларида йўл қўйган хатоларини кейинги китобларида эътироф этиб, уларни тўғрилашга ҳаракат қилади. Бир қанча Ғарб олимлари ўрта аср ўзбек тилини чиғатой тили атамаси билан номлаб келадилар. Вамбери ҳам ўзининг «Чиғатой тили қўлланмаси» китобида худди шу йўлдан борган. «Бухоро ёки Трансаксония тарихи» китобида бу хатосини тузатишга ҳаракат қилиб ёзади: «Кўпгина Европа олимларининг, уларга мен ҳам ўзимнинг «Чиғатой тилидан қўлланма» асаримда қўшилган эдим, фикрлари икки карра хатодир... Биринчидан, Ўрта Осиё аҳолиси ҳеч вақт ўз юртини ҳам, ўз тилини ҳам чиғатой деб атамаган. Бу ном Амударёнинг у томони Эронда форслар томонидан қўлланилган. Бу ўлканинг аҳолиси ўз юртини Туркистон, ўз тилини туркий тил, деб атаб келган. Иккинчидан, Чиғатой мусулмонлар томонидан нимага эришган бўлса эришган, лекин муҳаббатга, ҳурматга эришмаган» («Бухоро ёки Трансаксония тарихи», 158-бет).
Вамбери бу китобида Темур тузуклари ҳақида ҳам қизиқ маълумот беради: «Инглиз маёри Деви Европага Ҳиндистондан олиб келган Тузуки Темур 457 саҳифадан иборат бўлиб, унинг саккиздан бир қисми форс тилида эди. Чиғатой тилида ёзилган асл нусха Яман губернатори Жаъфар кутубхонасидан топилган. У аввал форс тилига, сўнгра 1830 йили маёр К. Стюарт томонидан инглиз тилига ўгирилган» (183-бет).
А. Вамбери Амир Темурга шундай таъриф беради: «Ҳирот ва Ҳалаб олимлари билан баҳсга киришиб, ўзига ўхшаб фикрламаганларини мукофотлаган одамни қаҳри қаттиқ ва ёввойи дейиш мумкинми! Бурсадан Самарқандга юк ҳайвонларига бутун бошли бир кутубхонани ортиб, кўчириб келтирган кишини қаҳри қаттиқ ва ёввойи дейиш мумкинми! Шунинг учун ҳам Темурни Чингиз билан тенг қўювчилар икки карра хато қиладилар» (219-бет). Вамберининг кўрсатишича, Темур саройида хорижий олим ва рассомлари кўп бўлишган, бироқ мамлакатнинг расмий тили доимо туркий бўлиб қолган. Темурнинг ўзи равон ва таъсирли туркий тилда ёзган «Тузуклар»и буни исботлайди.
Вамбери китобида Улуғбекни улуғлайди, унга тўғри, холис баҳо беради: «Улуғбек Ғарб дунёсида бир неча аср кейин ҳам номи ҳурмат билан тилга олинадиган ягона темурийлар сулоласидан эди... У ҳукм сурган давр темурийларнинг олтин даври саналади».
Темурий сулоласи ҳақида фикрларини А. Вамбери Бобурга берган баҳоси билан якунлайди: «Бобур Мирзо ўз асарида («Бобурнома» - Х. И.) бизнинг кўз ўнгимизда ҳам шоир, ҳам сиёсатдон, ҳам файласуф шаклида гавдаланади. Туркий ва форсий халқларнинг адабиётида ўзида шунчалик фойдали фикрларни оддий, равон тилда баён қилган биронта бошқа бунга ўхшаш китоб йўқ».
ҚЎНҒИРОТЛИК МУЛЛА ИСҲОҚ, ҚАЙДАСИЗ?
Вамберининг «Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат» китобидан маълумки, у Хеванинг Муҳаммадамин мадрасасида асли Қўнғиротдан бўлган мулла Исҳоқни учратиб қолади. Мулла Исҳоқ Маккага боришни орзу қилиб юрган. Вамбери билан танишгач, у ҳам Маккага боради, деб ўйлаб унга ҳамроҳ бўлган. Хевадан сўнг Бухоро, Самарқанд ва Қаршида бирга бўлишиб, А. Вамбери мулла Исҳоқ ва яна номаълум икки ҳожи билан Ҳирот томон кетишади. Мулла Исҳоқ сафар чоғида ҳақиқий дўстлик намунасини кўрсатади. Вамберининг тан олиб ёзишича, уни ҳамма тарк этган, бошқа ҳамроҳларининг бари ташлаб кетган, лекин бутун сафар чоғида биргина мулла Исҳоқ уни ёлғиз қолдирмаган. Бунинг устига, у ҳар вақт ёши улуғ бўлган Рашид Афанди - Вамбери билан бир косада овқат емаган, Вамбери овқатдан олиб бермагунча унга қўл тегизмаган, у билан бир қаторда, ёнма-ён, тенг туришни ҳам одобдан деб билмаган. «У энг ҳалол, очиқкўнгил инсон эди, унинг ғараздан йироқ, соф муносабати хавф-хатарга тўла ёлғиз йўлимда менга далда ва суянчиқ бўлди», деб эслайди сайёҳ.
Мулла Исҳоқнинг тақдири билан танишгач, нима сабабдан Вамбери уни Европага ўзи билан олиб кетган, деган савол туғилади. Бу саволга «Ўрта Осиё очерклари» китобида А. Вамберининг ўзи жавоб беради: «Билимга интилиш ва менга яқинлиги ёш мулладан, чиндан ҳам, бирор арзирли киши чиқишини ҳис этганимда сўнг, ўша заҳоти мен уни ташлаб кетмасликка ва иложи бўлса, ўзим билан Европага олиб кетишга қарор қилдим. Мен бу қарорга Ҳиротга етмасимиздан анча олдин келган эдим. Мен биринчи танишганимдаёқ унинг қалби софлигини сезгандим, бу масалада мен ҳеч қачон адашмаганман» (143-, 145-бетлар).
Истанбулга етиб келишганда, А. Вамбери мулла Исҳоқ қўлига пул бериб, Маккага бориладиган йўлни кўрсатади, лекин мулла Исҳоқ ундан ўзини танҳо қолдирмасликни, Фарангистонни (Европани- Х. И.) бир кўриб, яна Истанбулга қайтажагини илтимос қилади. Шундан сўнг Вамбери мулла Исҳоқни Венгрияга бирга олиб кетиб, у ерда дўстлари қўлига топширади ва ўзи Лондонга қараб йўл олади.
А. Вамберининг дўсти мулла Исҳоқни қишлоқдаги бир уйга жойлаштиради, Вамбери эса Лондондан бир йилдан сўнг қайтади. Бу вақт ичида мулла Исҳоқнинг тақдири нима кечди, деб ўйлаш мумкин. Бу ҳақда А. Вамбери ушбу маълумотни беради: «Бир йилдан сўнг Англиядан қайтиб келсам, қайси кўз билан кўрайки, муллам венгер либосида, салланинг ўрнида сўнгги модадаги причёска. Венгер тилини тез ўрганиб олган. Менинг мулламни ҳамма ёқтириб қолган. Бир сафар уни башанг кийинган, қўлларида қўлқоп, қайсидир хоним билан берилиб суҳбатлашиб турганини биринчи бор кўриб, рости, кулишга ҳолим қолмади. Икки йил аввалги Хева мадрасаси мулласининг ҳозирги башанг кўринишини қаранг» (150-бет).
Мулла Исҳоқ ҳақиқатан ҳам венгер тилида ўқиш ва ёзишни яхши ўзлаштириб олганидан сўнг, уни Д. Вамберининг дўстлари Венгрия Фанлар академияси кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимига ишга жойлаштириб қўядилар. Мулла Исҳоқ кейинчалик венгер тилидан ўзбек тилига айрим асарларни таржима қилган. Венгер ёзувчиси Янош Ареннинг «Ажойиб оҳу ҳақида афсона» достонининг мулла Исҳоқ қилган ўзбекча таржимасини можор олими Г. Кара нашр эттирган. Мулла Исҳоқ венгер олимларига ўзбек тили, Ўрта Осиё тарихи бўйича асар ёзишларида ёрдам берган, улар фактик далилларни мулла Исҳоқдан олишган.
Бу тарихий воқеанинг ачинарли томони шуки, мулла Исҳоқнинг сўнгги ҳаёти, қилган ишлари хусусида материаллар ҳали топилганича йўқ.
Венгриялик кинорежиссёр, Вамберининг мухлиси Жозеф Киш А. Вамбери билан мулла Исҳоқнинг бирга тушишган расмини топишга муваффақ бўлди. Бу расм қайси шаҳарда - Теҳрондами, Истанбулдами ёки Пештдами олинганлиги номаълум. Мулла Исҳоқ ўз устози олдида одоб сақлаб тик турибди, А. Вамбери шарқона ўтирибди.
Армин Вамбери ва унинг ҳамроҳи мулла Исҳоқ ҳақидаги тарих мана шулардан иборат.
Биз Армин Вамберига баҳо бераётганимизда, унинг дарвишлигини бўрттириб кўрсатиб, саёҳатининг фақат саргузашт томонларига эътибор берибгина қолмасдан, дарвиш кийимини кийишга уни қандай шароит ва ким мажбур қилганлигини ҳам эътибордан соқит этмаслигимиз лозим.
Хайрулла Исматуллаев
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.