loader
Foto

Нуржаҳон Бегим

Нуржаҳон Бегим (1577, Қандаҳор -1645, Лоҳур) - Бобурий малика, шоира. Жаҳонгиршоҳнинг хотини. Асл исми - Меҳриннисо. 1594 й. Акбарнинг Алиқули Исталжу исмли амирига турмушга чиққан. Эрининг вафотидан сўнг Руқиясултон Бегим хизматига қўйилган. 1611 й. Наврўз байрамида уни кўриб қолган Жаҳонгиршоҳ ўзига никохдаб олган ва Нурмаҳал (Сарой нури) деб атаган.

1616 й.дан Нуржаҳон деб атай бошлаган. Нуржаҳон Бегим ғоят гўзал, оқила аёл бўлиб, подшоҳнинг энг яқин маслаҳатчисига айланган, кейинроқ давлат ишларини Жаҳонгиршоҳ номидан бошқарган. Подшоҳ фармонларига унинг ҳам имзоси қўйилган, тангаларда ҳам Нуржаҳон номи зикр қилинган. Етим қизларнинг тўйини ўтказиб берган. Отаси Мирзо Ғиёснинг бош вазир, акаси Осифхоннинг саройдаги йирик мансабни эгал-лашига ёрдам берган. Жияни Аржуманд Бонуни (Мумтоз Маҳал, Тожмаҳал) шаҳзода Хуррам (Шоҳжаҳон)га турмушга берган. Жаҳонгиршоҳ вафотидан сўнг тахтни куёви Шаҳриёрга олиб беришга ҳаракат қилган. Шоҳжаҳон тахтни эгаллаганидан сўнг, Лоҳурда Жаҳонгиршоҳ мақбарасини ва Аграда отасига атаб Эътимодуд-Давла мақбараларини қурдирган. Нуржаҳон Бегим Лоҳурда дафн этилган.

"Бобур Энциклопедияси" китобидан